loader
Foto

Бухорода III Халқаро Нақшбандия фестивали ўтказилди

Бутунжаҳон Сўфийлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда вилоятлар ҳокимликлари томонидан Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухоро вилоятларида "Зиёрат Туризми" Форуми бўлиб ўтмоқда.



Айни кунларда Бутунжаҳон Сўфийлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда вилоятлар ҳокимликлари томонидан Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухоро вилоятларида "Зиёрат Туризми" Форуми бўлиб ўтмоқда.

Бухорода ҳам ушбу Форум доирасида "III Халқаро Нақшбандия фестивали" ҳамда "Нақшбандия ўгитлари" анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманлар давомида сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми имкониятлари ва сўнгги йилларда соҳага инвеститсия жалб этиш, бу борадаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш самарасида эришилган ютуқ ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилган. Бундан ташқари, туризм соҳасида янги ё‘налишларни ўзлаштириш, қизиқарли сайёҳлик маҳсулотларини шакллантиришга доир кўргазмалар ташкил этилган, хорижлик меҳмонлар ва ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан музокаралар уюштирилган.

Анжуманга Индонезия, Малайзия, Россия, Хитой, Бангладеш, Франция каби қатор давлатлардан Нақшбандия тариқати намояндалари ташриф буюришган. Улар иштирокида Пойи Калон ансамбли, Мир Араб мадрасаси, савдо тоқлари, Лаби ҳовуз каби маданий мерос объектларида кўргазмалар, семинарлар, илмий-амалий учрашувлар ва маданий-ма’рифий тадбирлар ўтказилган.

Анжуманда сўз олган Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби Ғофур Раззоқов, хорижлик шайх Алаиддин Аторий, шайх Сайфул Аъзам ва бошқалар Баҳоуддин Нақшбанднинг илмий мероси, Нақшбандия тариқатида илгари сурилган ғоялар, унинг комил инсон тарбиясидаги ўрни каби мавзуларда муносабат билдиришган.

Бангладешлик сайёҳ Шибли Аҳмаднинг сўзига кўра, Бангладешда Нақшбандия тариқати мухлислари 1 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади.

"Улар Бухорога Нақшбанд юртига келишни орзу қилади. Аммо тўғридан-тўғри рейслар йўқлиги муаммо бўлиб турибди. Ўйлайманки, бу каби рейслар йўлга қўйилса, Бангладешдан келадиган туристлар оқими кўпаяди", — дейди Шибли Аҳмад.

Шундан сўнг таомилга кўра, кўплаб зиёратгоҳлар, шунингдек, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий қабрларига кетма-кетликда зиёрат уюштирилган.