Жавоб: Биринчидан: Мени мўътадил йўлга ҳидоят қилиб, ҳар хил ғулувлардан сақлаган Парвардигоримга ҳамду сано айтаман. «Исломда ҳалол ва ҳаром» номли китобимнинг биринчи сўзбошисида бу ҳақда батафсилроқ ёзганман.
Бир қарашда, Исломда ҳалол ва ҳаром мавзуси унчалик қийин эмасдек туюлиши мумкин, бироқ аслида бу ғоятда қийин мавзудир. Ҳеч қачон – аввал ҳам, ҳозир ҳам – бундай таҳлил қилинмаган эди. Бу масалалар азалдан Ислом фиқҳига доир асарларда, шунингдек, Қуръони Карим тафсирларида ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари тўпламларида ўрганилар эди.
Мазкур мавзу муаллифдан дастлабки уламолар ўртасида ихтилофга сабаб бўлган масалаларни ҳам, бугунги уламолар ўртасида ҳар хил қарашларга сабаб бўлаётган масалаларни ҳам чуқур ўрганишни тақозо этади.
Бинобарин, бизни қизиқтираётган масалалар бўйича бир фикрни бошқасидан афзал кўриш учун буюк сабр қилмоғимиз ва қўлимиздаги манбаларни батафсил таҳлил қилиб чиқиш зарур бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, ҳақиқатни аниқламоқчи бўлган тадқиқотчи олим Аллоҳга чуқур иймон келтирган киши бўлиши лозим.
Бугунги Ислом тадқиқотчиларининг кўпчилигини икки гуруҳга бўлиш мумкин.
Биринчи гуруҳ вакилларининг кўзини ғарб цивилизацияси қамаштириб қўйган. Улар бу «буюк» санам олдида бош эгадилар, кўзларини ерга қадаб, унинг пойига қурбонликлар қиладилар. Ғарбнинг қадрият ва анъаналари улар учун йўлчи юлдуздир. Исломнинг қайси бир жиҳати улар бузилмас деб ҳисоблайдиган ана шу ғарбий қадриятларга тўғри келиб қолса, уни мақтаб, кўкларга кўтарадилар, унга зид келиб қолса, бир амаллаб мослаштиришга уринадилар, турли йўллар топадилар, ҳийлага ўтиб, исломий таълимотларни ўзгартиришга тиришадилар.
Четдан туриб кузатаётган ва бу демагогияни тушуниб олишга ҳаракат қилаётган кишида Исломнинг ғарб цивилизациясига бўйсунишдан бошқа чораси йўқ экан, деган тасаввур ҳосил бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу ёндашув Ғарб тарафдорларининг Исломда ҳайкаллар, лотереялар, судхўрлик, никоҳсиз алоқалар, эркакларнинг олтин ва ипак истеъмол қилиши, аёлларнинг ўз аёллик табиатига қарши чиқиши кабиларнинг ман қилинганлиги ҳақидаги фикрларида ҳам учраб туради. Баъзан эса Исломда рухсат берилган талоқ ва кўпхотинлик ҳақидаги фикрлар ҳам учраб қолади, гўё Ғарбда одат бўлиб қолган нарсалар ҳалол, у ерда ман қилинган нарса эса ҳаром эмиш.
Тадқиқотчиларнинг мазкур гуруҳи вакиллари Исломнинг Аллоҳнинг каломи эканлиги, Унинг каломидан улуғ нарса йўқлигини унутиб қўйган кўринадилар. Ислом кимнингдир кўнглига мослаштириш учун эмас, балки унга эришишлари учун нозил қилинган, бўйсуниш учун эмас, балки устун бўлиш, азиз бўлиш учун нозил қилинган. Қандай қилиб одамларнинг Робби бўлган Зот яна ўша одамларга бўйсуниши, бизларни яратган Ҳолиқимиз Ўзи яратган бандаларнинг истак ҳоҳишига, ҳою ҳавасларига мослашиши мумкин?
«Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди. Йўқ! Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса, шарафларидан юз ўгирмоқдалар.» Муъминун сурасининг 71-ояти
«Сен:«Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми?» деб айт. Сен:«Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қилади. Эргашишга ҳаққа ҳидоят қиладиган зот ҳақлироқми ёки ҳидоят қилмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож кимсами? Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?!» деб айт.» Юнус сурасининг 35-ояти
Иккинчи гуруҳ вакиллари эса ҳалол ва ҳаромга оид масалаларда ўзларининг қотиб қолган фикрларига маҳкам ёпишиб олганлар, улар Қуръони карим ва суннатнинг матнига, диний китоблардаги жумлалага айнан, фикр-мулоҳаза қилмай, тор маънода эргашадилар ва шуни Ислом деб ҳисоблайдилар. Бу ўжарлар ўз сўзларидан қилча ҳам қайтмайдилар, суҳбатдошларининг далилларини рад қиладилар, маълум фикрларни қиёслаш ва танқидий баҳолаш йўли билан ҳақиқатга яқинлашишни мутлақо истамайдилар. Уларнинг бирортасидан мусиқа, қўшиқ айтиш, шахмат, аёлларнинг ўқиши, қўл ва юзларини очиб юришлари ва шу кабилар ҳақида сўрасангиз, оғзидан чиққан биринчи сўзлари «ҳаром» бўлади.
Бу кишилар жиддий ёки қатъий далил-ҳужжати бўлмаса, ҳеч қачон «ҳаром» сўзини тилига олмаган солиҳ аждодларимизнинг таълимотларини унутиб қўйганлар. Бир масалада заррача шубҳа туғилса, улар «Биз буни маъқулламаймиз» ёки «Бизга бу марғуб эмас» ёки шунга ўхшаш бирор фикр билдиришар, бироқ шунда ҳам ғоятда эҳтиёт бўлар эдилар.
Мен бу гуруҳларнинг бирортасига ҳам мансуб эмасман. Мен Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбарим деб қабул қилгач, Ғарбни маъбуд деб, илоҳ деб қабул қила олмайман. Айни пайтда, ҳаёт олдимизга қўяётган саволларга жавоб топишга уринганимизда, ўз фикрларим эркинлигини мазҳаблардан бирининг доираси билан чеклаб қўйишни ҳам истамайман.
«Кўр-кўрона эргашувчи киши, - деб таълим берган эдилар ибн ал-Жавзий, - ўзи эргашаётган нарсага қатъий ишониши мумкин эмас. Кўр-кўрона тақлид қилиш – бу ўз онгини, ақлини «ўчириб қўйиш» демакдир, ваҳоланки ақл инсонга мантиқий фикрлаш ва онгли равишда амал қилиш учун берилгандир». Зулматда қолмаслик учун қўлига шам берилган кишининг уни ўчириб, қоронғида қолиши ақлсизликдир (ибн ал-Жавзий. «Талбис Иблис», 81-б.)
Шунинг учун ҳам, мен ўзимни Ислом дунёсида кенг тарқалган машҳур мазҳаблардан бирортасига мансуб деб ҳисобламайман. Ҳақиқат бу мактабларнинг бирортасига батамом тегишли эмас. Бу мазҳабларнинг имомлари бутун умрларини ҳақиқатни излашга бағишлаган бўлсалар ҳам, ҳеч қачон ўз йўлларини бекаму-кўст, ягона, мукаммал тўғри деб даъво қилмаганлар.
Агар бирор ижтиҳодларида хато қилган бўлсалар ҳам, барибир уларнинг бу буюк меҳнатлари муносиб қадрланади, агар ижтиҳодлари тўғри бўлса, уларни икки баравар ажру мукофотлар кутади.
Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эдилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳар қандай кишининг сўзи олиниши ҳам, олинмаслиги ҳам мумкин».
Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳининг доно сўзларига қулоқ тутайлик: «(Менинг наздимда) менинг фикрим тўғри, ваҳоланки, мен адашаётган бўлишим ҳам мумкин. Менинг фикримга қарши фикр нотўғри (деб ўйлашим мумкин), бироқ, айнан мен адашаётган бўлишим ҳам мумкин».
Таҳлилий ёндашув, қиёсга ва танлаб олишга мойиллик хос бўлган Ислом олимига бирор муайян мазҳаб билан ёки муайян фақиҳнинг раъйи билан чеклаб қўйиш тўғри бўлмайди. Аксинча, далилларни ким келтирган бўлишидан қатъи назар, қиёсда фақат кучли ҳужжат ва далиллар билангина чекланиб қолиш, уларни афзал кўриш тўғри бўлади.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай насиҳат қилар эдилар: «(Бирон нарсанинг) ҳақлигини (шу нарсани айтаётган кишининг) шахсига қараб баҳоламанглар. Аввал ҳақиқатни билинглар, сўнг унга ким даъво қилаётганлигини (баҳоланглар)».
Иккинчидан: Аллоҳга ҳамдлар айтаманки, Ислом дунёси бу китобни кенг қабул қилди ва мен буни Аллоҳнинг менга раҳматидан бир кўриниш деб биламан. Адашмасам, бу китоб араб тилида тахминан қирқ марта нашр қилинди. Бундан ташқари, дунёнинг кўплаб тилларига – турк, малай, форс, бенгал, инглиз, олмон, хитой ва бошқа тилларга таржима ҳам қилинди.
Учинчидан: Шак-шубҳа йўқки, муҳтарам шайх Носируддин Албоний ҳазратларининг китобимдаги ҳадисларнинг саҳиҳлигини таҳлил қилишлари у кишининг мазкур китобга ва унинг муаллифига бўлган ҳурмати ва эҳтиромини кўрсатади.
Ҳадисшунослик мустақил илм сифатида ривожлана бошлаган даврдан буён, ҳеч қачон муҳаддислар томонидан номи чиқмаган ёки мазмунсиз китоблардаги ҳадисларнинг саҳиҳлиги таҳлил қилинмаган. Шунинг учун ушбу таҳлилнинг олиб борилганлигининг ўзи мазкур китобнинг нафақат уламолар ўртасида, балки бутун мусулмонлар орасида илмий қийматга эга эканлигидан далолат беради.
Масалан, ал-Ҳофиз аз-Зайлаий «ал-Ҳидоя» китобини ўрганиб чиқиб, бу ҳақда алоҳида «Насб ар-райя» номли китоб ёзганлар. Чунки, бу китоб нафақат ҳанафий фиқҳига бағишланган, балки шу мазҳаб уламолари томонидан тан олинган ҳам. Ал-Ҳофиз ибн Ҳожар «Фатҳул азиз», «аш-Шарҳул кабир», «ал-Важиз», «Талхис ал-хабир» ҳамда Замахшарийнинг «ал-Кашшоф» китобларини тадқиқ қилганлар. Ал-Ҳофиз ал-Ироқий имом ал-Ғаззолийнинг «Иҳяу улумид дийн» китобларини ҳам худди шундай тадқиқ қилганлар.
Бу эса, ўз навбатида, мени шайх Албоний томонидан «Исломда ҳалол ва ҳаром» ҳамда «Ислом қашшоқлик муаммосини қандай ҳал қилади» деб номланган китоблар устида олиб борилган тадқиқотларда баҳолиқудрат иштирок этишга ундади. Зеро, у киши Муҳаммад ал-Ғаззолийнинг «Фиқҳус сира» китобларини ҳам худди шундай таҳлил қилган эдилар.
Албатта, мен китобим юзасидан олиб борилган тадқиқотни ўқиб чиқдим, айниқса, машҳур ҳадисшунос шайх Албоний баъзи ҳадисларни заиф деб топганларидан хабардор бўлдим ва менинг бу масаладаги изоҳим қуйидагича:
1. Дарҳақиқат, мен баъзи «заиф» ҳадислардан фойдаланганман, бироқ бу ҳадислар ҳужжат-далил сифатида эмас, балки ўқувчини мавзу билан янада батафсилроқ таништириш мақсадида келтирилган. Ва кўпчилик ҳолларда маълум бир мавзуларда Қуръон ва Суннатдан олинган ҳужжат ва далиллар, ёки уламоларнинг «усули дин» соҳасидаги фатволарини келтирганман ва фақат шундан кейингина баъзи ҳолларда «заиф» ҳадисларни улар билан умумий таништириш мақсадидагина келтирганман.
Бу усулни шайхулислом ибн Таймийя, у кишининг шогирдлари ибн Қайюм каби ўрта аср Ислом уламолари ҳам кенг қўллаганлар, бу сўзларнинг исботини уларнинг китобларидан топишингиз мумкин. Ҳадисларнинг саҳиҳлигини аниқлашда ўзининг кескин шартлари билан машҳур бўлган имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳам ўз китобларида баъзи ҳадисларни фақат «дейилган», «келтирилган», «зикр қилинган» каби сўзлар билан, яъни келтирилган ҳадисларни таҳлил қилмай келтириб ўтганлар.
Дарҳақиқат, баъзи ҳолларда биз «Покликни лозим тутинг, зеро Ислом покликдир» каби ҳадисларни келтирамиз, ҳатто бу ҳадис «заиф» бўлса-да, ундан ҳеч қандай шаръий ҳукм ёки қоида келтириб чиқарилмайди, чунки поклик ҳақидаги қоида бу ҳадис билан эмас, балки умуман Қуръон ва Суннатдан келиб чиқиб белгиланган.
2. Мен машҳур ҳадисшунослар томонидан аввал таҳлил қилинган ҳадислардан фойдаланганман, уларнинг таҳлил қилишга ҳақлари борлигини инкор этмай, балки уларнинг у ёки бу ҳадиснинг саҳиҳлиги тўғрисидаги фикрларига эргашганман, холос. Ва қонуншунос Ислом олимининг ҳадисшунос олимга мурожаат қилишида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ, чунки барча илмларни мукаммал қамраб олишга қодир олимнинг ўзи йўқ. Ва баъзан шундай бўладики, бир ҳадиснинг заифлиги бир олим томонидан сезилмаган бўлса, анча кейин яшаб ўтган бошқа бир олим томонидан кашф қилинади.
Масалан, мен «Ким узум ҳосилини хамр ишлаб чиқарадиган яҳудий ёки насронийга сотиш учун сақлаб турса, у билиб туриб ўзини жаҳаннамга отибди» деган ҳадиснинг саҳиҳлигида ал-Ҳофиз имбн Ҳожарнинг нуфузига суянганман. Ибн Ҳожар бу ҳадисни «Булуғул маром мин адиллатил аҳком» деб номланган китобларида келтириб, бу ҳадис ат-Тобаронийнинг «ал-Авсат» китобларида яхши иснод билан келтирилган деб қўшиб қўйганлар.
Ибн Ҳожар – ҳадис илмида мўминларнинг пешқадамидирлар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тушуниш ва ёдлаб олиш борасида энг иқтидорли кишилардан биридирлар. Шунинг учун ҳадисларнинг саҳиҳлигида ибн Ҳожарга эргашиш ҳар қандай олим учун мақбулдир, табиий ҳолдир. Бироқ, бу - ибн Ҳожар ҳаммада ҳам учраши мумкин бўлган хатолардан мутлақо холи бўлганлар, дегани эмас, албатта.
Мен бу ҳадисни шайх Синъонийнинг «Субул ассалом» китобларининг шарҳида учратганман, бироқ у зот ибн Ҳожар бу ҳадисни «ҳасан», яъни анчагина саҳиҳ деб ҳисоблаганларини айтмаганлар. Содиқ Ҳасан Хон «Равдатун надия» китобларида бу ҳадиснинг ровийлар санади ибн Ҳожар айтганларидек, мақбулдир, деб зикр қилганлар. Ал-Байҳақий шу ҳадисга «ёки ундан кейинчалик хамр тайёрланиши билган киши» деган лафзини қўшимча қилганлар.
Ат-Тирмизийнинг тўпламларида Абу Амомадан ривоят қилинган ҳадис келтирилади: «Кинот (хамр тайёрлашда ишлатиладиган узум нави) сотманглар, сотиб олманглар, (ундан хамр тайёрлашни) ўрганманглар, унинг савдосидан ҳеч қандай яхшилик йўқ, чунки унинг фойдаси ҳаромдир».
Ибн Моликдан ривоят қилинишича, бир куни Ироқ аҳли ибн Умар розияллоҳу анҳудан: «Эй Абу Абдурроҳман, биз хурмо ва узум сотиб оламиз, сўнг уларнинг шарбатини ачитиб қўйиб, хамр бўлгунча қолдирамиз, сўнг сотамиз» деб сўрашибди. Ибн Умар шундай жавоб берибдилар: «Аллоҳнинг ва Унинг малоикаларининг олдида, мени эшитиб турган инсонлар ва жинлар олдида гувоҳлик бераманки, мен (хамр тайёрлаш мақсадида узум) сотиб олишга, ундан (ачитиш учун) шарбат сиқиб олишга ва айниқса уни ичишга амр қилмайман. Албатта, бу шайтоннинг амалларидан бўлган рижс, яъни ифлос ишдир».
Юқорида келтирилган маълумотлар туфайли мен Ибн Ҳожарга эргашиб, бу ҳадисни қабул қилдим. Мен кўпгина бошқа мавзулар бўйича ҳам тадқиқот ўтказмай, бошқаларнинг шу мавзуга доир фикрлари билан қаноатландим.
Шунингдек, шайх Албоний ушбу ҳадис ровийлари санадини таҳлил қилишда давом этиб, улардан бири – Ҳасан ибн Муслим ал-Марузий туфайли бу ҳадисни жуда заиф деб ҳисоблабдилар. Аз-Заҳабий ҳам ўзининг «ал-Мезон» китобларида бу кишидан хамрга оид ёлғон хабарлар келганлигини айтганлар. Абу Хотим эса унинг сўзи ёлғонга ўхшайди, деганлар. Ибн Хаббон эса шундай ривоят қиладилар: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жанид бизга Абдулкарим ибн Абдулкаримдан, у киши эса Ҳасан ибн Муслимдан бизга бу ҳадис ҳақида ҳамда ибн Ҳожар уни саҳиҳ деб топганлари ҳақида хабар берганлар».
Бироқ, энг қизиғи шуки, мен ўзим Ибн Ҳожарнинг кўпчилик мазкур ҳадиснинг заифлигига сабаб қилиб кўрсатаётган ушбу ровий ҳақидаги фикрларни ўқиганман, ибн Ҳожарнинг ўзлари ҳам бу кишининг хабари ишончли эмаслиги ҳақидаги уламоларнинг юқорида келтирилган сўзларини келтирганлар!
3. Мен шайх Носируддин Муҳаммад Албонийни замонамизнинг кучли ҳадисшунос (муҳаддис) олими деб ҳисоблайман. У кишини айниқса келтириб чиқариш, тасдиқлаш ва ҳадиснинг «заиф»лигини таҳлил қилиш соҳасида кучли деб биламан. Бироқ, шунга қарамай, шайх Албонийнинг сўзлари ҳам ҳадиснинг саҳих ёки саҳиҳ эмаслиги масаласида узил-кесил ҳукм бўлишга даъво қила олмайди. Бу кишининг фикрлари баъзан шайх Ҳабиб ар-Раҳмон ал-Аъзам, шайх Шуъайб ал-Арнаут, шайз Абдулфаттоҳ Абу Гадо ва бошқа шу каби бошқа уламоларнинг фикрларига мос келмайди. Бироқ, бунинг ҳеч қандай ҳайрон қоладиган жойи йўқ, уламолар ўртасидаги ихтилофлар ҳар доим бўлиб келган, чунки турли олимлар у ёки бу ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлигини аниқлашнинг турли усул ва услубларидан фойдаланиб келганлар.
Шунинг учун ҳам, аввал айтганимдек, шайх Албонийнинг бирорта ҳадис ҳақидаги фикрлари якуний ва шак-шубҳасиз ҳукм бўла олмайди. Ҳатто, айтишим мумкинки, баъзан шайх Албоний, Аллоҳ у кишининг умрини узоқ қилсин, ўз китобларининг бирида бир ҳадисни заиф деган бўлсалар, бошқа бир китобларидан худди шу ҳадисни саҳиҳ деб ҳам келтирган пайтлари бўлган.
Масалан, ушбу ҳадисни олайлик: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ҳатто бир чумчуқ ёки бошқа бир жониворни ҳам ҳақсиз ўлдириб қўйса, бу амали учун Аллоҳнинг олдида жавоб беради» дедилар. Одамлар сўрашди: «Ҳақли ўлдириш қандай бўлади?» Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг калласини узиб олиб, ташлаб юбориш учун эмас, балки қорнини тўйдириш учун овласа». Бу ҳадисни ан-Насоий ва ал-Ҳоким ибн Умардан яхши иснод билан ривоят қилганлар. Бироқ, шайх Албоний бу ҳадисни «Тахрижул ҳалол вал ҳаром» китобларида 47-рақам билан келтириб, уни заиф деганлар.
Ёки яна бир ҳадисни кўрайлик: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Ким бир чумчуқни бекордан бекорга ўлдирса, ўша чумчуқ қиёмат куни Аллоҳнинг олдида қотилига қарши гувоҳлик бериб: «Аллоҳим! Бу одам мени мендан фойдаланиш учун эмас, эрмак учун ўлдирди» дейди». Бу ҳадисни Ан-Насоий ва Ибн Хаббонлар ривоят қилишган, бироқ шайх Албаний бу ҳадисни заиф деганлар. Мен Албонийнинг бу икки ҳадис ҳақидаги фикрларига қўшилмадим ва имом Мунзирийнинг «ал-Мутанаққо минат тарғиб ват тархиб» китобларига шарҳ ёзиб, «Мен учун бу ҳадиснинг Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилингани ва уни имом Насоий тасдиқлагани кифоядир» дедим.
Ҳофиз ибн Ҳожар «Қозиликка рози бўлган киши ўзини пичоқсиз сўйибди» деган ҳадис ҳақида шундай деганлар: «ибн Жавзий бу ҳадисда бироз заифлик кўрган бўлсалар ҳам, ан-Насоийнинг фикри бу ҳадисни саҳиҳ деб ҳисоблашга етарлидир». Ал-Ҳоким ва аз-Заҳабийлар ҳам бу ҳадиснинг саҳиҳлигига рози бўлиб, уни келтиришган. Худди шу ҳадисни имом Аҳмад ҳам ўз тўпламларида 6551-рақам билан келтирганлар. Шайх Шокир эса бу ҳадиснинг исноди тўғри эканлигини айтганлар. Бироқ, шайх Албоний бу уламоларнинг фикрларига қўшилмай, ўзининг «Исломда ҳалол ва ҳаром» китобидаги ҳадислар таҳлили» деб номланган китобида бу ҳадиснинг заифлигини зикр қилган. Бунга сабаб шуки, шайх Албоний ушбу ҳадиснинг ровийларидан бири - Суҳайб Мавло ибн Амир ал-Хузони номаълум ровийлар (яъни ровий сифатида ишончли деб ҳукм чиқариш учун керак бўлган таржимаи ҳоллари муҳаддисларга номаълум бўлган кишилар) қаторига киритган. Бироқ, шунга қарамай, ибн Хаббон айнан шу Суҳайб Мавлони ишончли ровийлар қаторига киритганлар, имом Бухорий эса ровийлар рўйхатини айтиб ўтаётиб, юқорида исми зикр қилинган Суҳайб Мавлони ҳам санаб ўтганлар, у киши ҳақида ҳеч қандай шубҳали ёки номаълум нарса айтмаганлар.
Абу Ҳотим эса Суҳайб ҳамда Абу Мусо ал-Хузоларнинг бошқа-бошқа одам эканликларини хабар қилганлар, бироқ Суҳайб ҳақида ҳеч қандай шубҳали фикр айтмай, балки Абу Мусонинг уламоларга номаълум бўлган ровий эканлигини хабар қилганлар. ас-Саврий томонидан Ҳабиб ибн Собитдан ривоят қилинган ҳадис ровийлари ичида ҳам Суҳайб Мавлонинг исмлари бор. Бу ҳадисни имом Заҳабий ҳам ўзларининг «ал-Мезон» китобларида келтирганлар ва бу ҳадис ровийлари санадида анча машҳур ва ишончли ровийлар борлигини айтганлар. Ровийларни танлашда жуда талабчан олимлардан бири Шаъаба ҳам Суҳайб Мавлодан ривоят қилинган ҳадис келтирганлар.
Ат-Тиялиси ҳам ўз тўпламларида бу ҳадисни 2279-рақам билан келтириб, Шаъба ва ибн Аййиндан ривоят қилганлар. Байҳақий бу ҳадисни «Сунанул кубро» деб номланган китобларига 279/9 рақами билан киритганлар. ад-Доримийнинг тўпламида эса бу ҳадис 84/2 рақами билан келтирилган. Бу ҳадис ал-Ҳомийдийнинг китобларига ҳам 587-рақам билан киритилган бўлиб, унинг саҳиҳлигини шайх Ҳабиб ар-Роҳман ал-Аъзамий таҳлил қилганлар.
Жониворни эрмак учун ўлдириш ман қилинган ҳадисга қўшимча қилиб айтмоқчиманки, бу ҳадис Насоийнинг тўпламига 239/7 рақам билан «Маворидуз замон» (1071) китобида жониворларни бекорга ўлдириш ман қилинганлиги ман қилинганлиги ҳақидаги бўлимга киритилган. Имом Аҳмаднинг тўпламида эса бу ҳадис 389/4 рақам билан ёзилган. Жониворларни бекорга ўлдиришни тақиқловчи бу икки ҳадиснинг бирини Ибн Хаббон ва ал-Мунзирийлар тасдиқлашган. Бироқ, аввал айтганимдек, Албоний бу ҳадисни айнан унинг исноди, яъни уни Амир ал-Аҳвол Солиҳ ибн Динордан ривоят қилгани туфайли заиф деб топган. Албонийнинг айтишича, Солиҳнинг кимлиги номаълум, Амирнинг эса хотираси суст бўлган.
Бироқ ибн Хаббон уларнинг биринчисини, яъни Солиҳни ишончли ровийлар қаторига киритган. Шунингдек, Абу Довуддан хабар қилинишича, у киши Муаммардан ҳадис ривоят қилган бўлиб, Муаммар эса Солиҳ ибн Динордан ривоят қилган экан. Солиҳ ибн Динорнинг куняларидан бири Абу Шуъайб экан. Имом Заҳабий бу кишини ишончсиз, заиф ровийлар рўйхатига киритмаган.
Иккинчи киши – Амир ал-Аҳвол ҳақида имом Аҳмад ҳеч қандай шубҳа билдирмаган, бироқ Насоий у кишини кучли (шак-шуҳасиз, бекаму-кўст) ровийлар рўйхатида эмаслигини айтганлар. Ибн Муайяме эса у кишида ҳеч қандай шубҳа йўқ деганлар, Абу Ҳотим ҳам худди шундай деб, уламолар бу кишига ровий сифатида ишонч билдирганларини қўшимча қилган. Ибн Удай ҳам бу фикрга қўшилган. Ибн Хаббон у кишининг тобеъинлардан бўлганлигини, у кишидан ҳадисларни қабул қилиш мумкинлиги ҳақида ёзганлар. Ас-Сажий ўзининг «Тахаззубут тахзиб» китобида бу кишининг сўзларида ҳаққонийлик бор, деганлар. Ал-Ҳофиз ўзининг «Ат-Тақриб» китобида у киши ҳақда: «У ҳалол инсон, бироқ адашиши мумкин» деганлар, бироқ у кишини доим адашади ёки унинг хатолари жиддий оқибатларга олиб келади, деб айтмаганлар.
Айтиб ўтилган ушбу фикрлардан бу кишидан ҳадисларни қабул қилиб мумкин эмас, деган хулоса келиб чиқмайди. Балки, «У кучли ровийлар рўйхатида эмас» деган имом ан-Насоий каби, уларни танлаб олиш ва текшириб кўриш керак. Шунингдек, бу кишидан ривоят қилинган ҳадис «ал-Мужтаба» китобида ҳам келтирилган бўлиб, бу китобнинг ҳадис қабул қилиш шартлари имом Абу Довуд ҳамда Термизийларнинг шартларидан кўра кучлироқ бўлган. Бироқ, имом Заҳабий «Унинг хабарини имом Аҳмад ва бошқалар қабул қилар, Абу Ҳотим ва Муслимлар эса унга ишонардилар», деб, уни заиф ровийлар қаторига қўшганлар.
Бироқ, энг ажабланарлиси шуки, кейинчалик мен худди шу ҳадисни шайх Албонийнинг «Ас-Сахихут-тарғиб ват-тархиб» номли китобларида (1084) ибн Умардан ривоят қилинган, бироқ энди «ҳасан», яъни мақбул ва ишончли ҳадислар қаторига киритилган ҳолда кўрдим!
Ҳадисларнинг ишончлилигига доир бундай ўзгарувчан фикрларни шайх Албонийнинг кўпгина китобларида кўриш мумкин. У кишининг бирорта ҳадиснинг саҳиҳлиги ҳақидаги фикрлари бир нашрда бошқа, бошқа нашрда яна бошқа бўлиши, баъзи ҳадислар бир тўпламдан бошқасига кўчиб ўтиб юриши мумкин. Бироқ, бу шайх Албонийга ва у кишининг нуфузларига салбий таъсир кўрсатмайди, аксинча, бу ҳол шайхнинг тинимсиз изланишда эканлигини, ҳадисларни синчиклаб текшириб, тадқиқ этаётгани, ҳақиқатни қидираётганидан далолат беради, зеро ҳадисларни текширишнинг турли илмий-тадқиқот ёндашувлари мавжуддир. У ёки бу ҳадиснинг саҳиҳлиги борасида уламоларнинг фикрларида ихтилоф бўлиши бу илмда мақбул воқеъликдир.
4. Китобни тузишда мен фойдаланган «заиф» ҳадисларнинг кўпчилиги ўз моҳиятига кўра ҳукм чиқариладиган, асосий ҳадислар эмас, балки исбот-далилларга қўшимча равишда келтирилган ҳадислардир. Асосий манба доим ё Қуръони каримдаги оятлар, ёки саҳиҳлигига шак-шубҳа бўлмаган ҳадислардир.
Энди ушбу ҳадисни олиб қарайлик: «Албатта, Аллоҳ фарзларни фарз қилди, бас уларни зое қилманг. Ҳадларни белгилади, улардан ошиб ўтманг. Ва баъзи нарсаларни ҳаром қилди, бу тақиқни бузманг. Ва баъзи нарсаларни Сизларга унутиб эмас, балки раҳмат ўлароқ айтмади, шунинг учун уларни қидирманг».
Шайх Албоний бу ҳадисни таҳлил қилиш давомида уни заиф деб топганлар, ҳолбуки имом Нававий бу ҳадисни «ҳасан», яъни яхши, мақбул деб ҳисоблаганлар ва ўзларининг «Арбаъин» китобларига киритганлар. Бироқ, шайх Албонийнинг фикри инобатга олинган ҳолда ҳам, бу нарса «ҳамма нарсанинг асоси ҳалолдир» деган умумий қабул қилинган қоидага ҳеч қандай таъсир этмайди.
Бу қоида Қуръони карим оятлари ва саҳиҳлиги уламоларнинг ҳеч бирида шубҳа уйғотмайдиган «Аллоҳ нимага рухсат берган бўлса, у ҳалолдир, нимани ман қилган бўлса, у ҳаромдир. Нимани зикр қилмаган бўлса, бу сизларга раҳматдир» кўпгина ҳадисларга асослангандир.
Шунинг учун, юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиқадики, баъзи «шоввозлар» ўйлай бошлаганидек, шу биргина ҳадис ўзининг «заиф»лиги туфайли умумий қоидани инкор қила олмайди.
Масалан, эҳтикорни (монополияни) қораловчи бир нечта ҳадислар бор.
Бунга имом Муслимнинг «Саҳиҳ тўплам»идаги ушбу ҳадис асосдир: «Эҳтикорга йўл қўйган киши хато қилади». Энди шу мавзуга оид бошқа барча ҳадислар, ҳатто улар заиф бўлса ҳам, бу мавзуни ўзгартира олмайди. Масалан, «Ким озиқ-овқат бозорини эҳтикор қилса, Аллоҳдан ва Унинг Росулидан узоқлашибди», деган ҳадис каби. Шайх Албоний бу ҳадисни заиф деб топганлар, ваҳоланки ибн Ҳожар бу ҳадисни ўзларининг «ал-Фатҳ» китобларига киритиб, унинг иснодини тўғри деганлар. Ас-Суютий эса бу ҳадисни ўзларининг «ал-Олиюл маснуъа» китобларига киритганлар.
5. Шайх Албоний бирор-бир ҳадисни заиф деб хулоса чиқарсалар, бу ўша ҳадиснинг маъносини инкор қилиш дегани эмас, чунки бу ҳадис бошқа лафзда ёки бошқа иснод ёки бошқа саҳоба (ровий) орқали саҳиҳ бўлиб келиши мумкин. Шайх Албоний баъзан бу ҳақда ҳадиснинг изоҳида эслатиб ўтадилар, бироқ баъзан бундай изоҳ берилмай ҳам қолади.
Масалан, 347-рақамли ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ Таолога дуо қилаётиб: «Парвардигоро! Мен Сендан қарзларнинг юки ва одамларнинг зулмидан паноҳ сўрайман» деганлари ривоят қилинади. Шайх Албоний бу ҳадисда маълум бир заифлик бор, деганлар. Абу Довуд бу ҳадисни Саид Худрийдан ривоят қилганлар. Бироқ, баъзилар шайх Албонийнинг ушбу раъйларини узил-кесил ва шак-шубҳасиз деб ҳисоблаб, уни қабул қилиб оладилар.
Бироқ, айнан шу ҳадис бироз бошқача лафзда, ҳазрати Анасдан ривоят қилинган ҳолда имом Бухорийнинг «Жомеъ»ларида келтирилган. Унга кўра, ровий Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Парвардигоро! Мен Сендан ғам-қайғудан, ожизлик ва дангасаликдан, бахиллик ва қўрқоқликдан, қарзлар ва одамларнинг зулмидан паноҳ сўрайман» деган дуони тез-тез ўқиб турганларини эшитганлар. Ваҳоланки, айнан шу 347-рақамли ҳадис ҳам айнан шу сўзлар билан – «Парвардигоро! Мен Сендан ғам-қайғудан…» деган сўзлар билан бошланади. Бироқ шайх Албоний бу ҳадис имом Бухорийда саҳиҳ, Абу Довудда эса заиф деганлар. Ажабо, Абу Довуд келтирган ҳадис имом Бухорий келтирган ҳадиснинг бир қисми-ку ахир!
6. Бироқ, шайх Албонийнинг барча бундай сифатларини эътироф қилган ҳолда, у кишини фақат ҳадисларни чиқариш ва уларнинг саҳиҳлигини текшириш бўйича мутахассис деб тасаввур қилиш мумкин.
Аксинча, шайх Албоний олим сифатида илмнинг у ёки бу соҳасида ўз ўрнига эга, фиқҳда эса ўз йўналишига эга бўлган зотдир. Бу нарсани кўп жиҳатдан шайхнинг бирор ҳадис ҳақидаги, бирор муаллиф ёки унинг китоби ҳақидаги хулосаларидан кўриш мумкин. Масалан, шайхнинг мусиқадан, чолғу асбоблари билан ёки уларсиз фойдаланиш масаласига оид хулосалари шулар жумласидандир. Бундай масалаларда шайх Албоний ҳадисшунос эмас, кўпроқ фиқҳшунос олим сифатида намоён бўладилар. Шунинг учун ҳам, шайх Албонийнинг изоҳларига тўлақонли жавоб бериш учун қандайдир мунозарали мавзу ҳақида бутун бошли бир асар ёзиш, унда бу амални ёқловчи олимларнинг ҳам, қораловчи олимларнинг ҳам исбот-далилларини тўлиқ санаб ўтиш, сўнг энг ишонарли далиллар тўғрисидаги ўз изоҳларимни ҳам беришим керак. ИншаАллоҳ, келгусида, Аллоҳнинг мадади билан, мен шундай қилишга уриниб кўраман.
Менинг бу ёзган изоҳларим муҳим бўлиб, шайх Албонийнинг китобларини ўқиганлар ва у ёки бу ҳадиснинг саҳиҳлиги ҳақида ўйланиб қолганлар учун мўлжаллангандир. Яна бир бор айтиб ўтмоқчиманки, менинг барча айтганларим шайх Албонийнинг ҳадисшунос олим сифатидаги обрўсини тўкишга қаратилмаган.
Шайх Юсуф Қарзовий, Уламолар Халқаро Ассоциацияси раҳбари
Абу Муслим таржимаси