Шу вақт ичида қанча мусулмон ҳалок бўлган деб ўйлайсиз? Умумий ҳисоб бўйича миллиондан ошиқ: эркагу-аёл, ёшу-қарилар ўлдирилди. Ўлган мусулмонларнинг аниқ сони бўйича тарихчилар орасида ихтилофлар бор. Баъзилари 800 минг деса, бошқалари бир миллиондан ошиқ дейди, учинчилари эса бир миллион саккиз юз минг дейишади. Икки миллиондан ошиқ мусулмон ўлганлиги ҳақида айтганлар ҳам бор. Қирқ кун ичида бир миллиондан ошиқ мусулмонлар ўлдирилди. Тушуняпсизларми, қирқ кун ичида умматимиз бир миллион мусулмондан айрилган. Бу жуда катта фожиа – катастрофадир.
Ўша мудҳиш кунларда шиалар ёрдамида шаҳарнинг сунний аҳолисининг аксари қириб ташланди. Ибн Алқамий ўзи биладиган суннийларнининг ҳаммасини шахсан ўзи буйруқ бериб ўлдириб юборади. Хунрезлик қирқ кун давом этди. Жуда кам одам омонда қолди.
Бироқ бу нарсалар, мусулмонларни синдира олмади, алҳамдулиллаҳ. Улар фожиани мардона енгиб ўтдилар ва Аллоҳ таолонинг иродаси туфайли мусулмон умматининг аввалиги шуҳратини қайтара олишди.
Мўғулларнинг Бағдод маданиятини йўқ қилиши
Мўғул қўшинларининг бир қисми шафқатсиз тарзда Бағдод аҳолисини қириш билан оворо бўлиб турган бир вақтда уларнинг бошқа бир қисми бундан ҳам батдар жиноят билан машғул эди. Бу шундай жиноятки, унда на бир мантиқ на бир эҳтиёж бор эди. Балки бу жиноятларда мағулларнинг қалбида яширинган Ислом тамаддуни ва маданиятига нисбатан ёндирувчи бир нафрат ва адоват бор бўлиб, бу нарса уларнинг кўзларини кўр қилиб, бундай жирканч жиноятни қилдираётган эди.
Мўғуллар мусулмонлардан маданият ва бошқа жиҳатдан анча қолоқ бўлганига чидай олишмади. Мусулмон уммати узоқ ва бой тарихга эга эди. Ислом дини ва дунёвий илм-фаннинг турли соҳалари бўйича ўн минглаб олиму-уламоларни берган эди. Бу олимлар Ислом маданиятини ўзларининг илмий асарлари билан бойитган бўлса, мўғулларда ҳеч қандай маданий мерос йўқ эди. Хитой далаларида пайдо бўлган бу халқ ўрмон қонуни бўйича яшар эди, худди йўлда кимни кўрса ўлдирадиган вахший ҳайвонлар каби.
Мўғуллар Бағдодда қилган жиноятлари
Мўғул қўшинининг катта бир гуруҳ бадбахт аскарлари Бағдоднинг энг катта кутубхонасини вайрон қилиш мақсадида у тамон қараб юра бошлади. Бу кутубхона ўша даврнинг энг йирик кутубхонаси бўлиб, кутубхонанинг китоб фондида олти асрлардан бери Исломнинг олиму-уламолари тарафидан тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, одоб, тиббиёт, астраномия, геометрия, кимё, физика, жуғрофия, сиёсатшунослик, иқтисод, социология, адабиёт, тарих, фалсафа ва бошқа илмлар бўйича ёзилган ва асрлар оша кўз қарочиғидек асраб, йиғиб келинаётган бебаҳо ва дурдона асарлар жамланган эди.
Бундан ташқари Бағдоднинг йирик кутубхонасида юнон, форс, ҳинд ва бошқа тиллардан таржима қилинган илмий асарлар ҳам жуда кўп эди. Бошқача айтадиган бўлсак, мазкур кутубхона ўша даврнинг энг йирик бир катта мўъжизаси эди.
Бағдоднинг катта кутубхонаси барча ўлчовларга кўра йирик иншоот эди. Бу маскан билан фақат Андалусиянинг Қуртубадаги Ислом кутубхонаси тенглаша оларди. Бироқ афсуслар бўлсинки, Қуртубадаги Ислом кутубхонасининг бошига Бағдод кутубхонасига тушган кунлар тушди. Бағдод йиқилишидан йигирма йил олдин, насронийлар Қуртубани босиб олгач кутубхонанинг кулини кўкка совирган эди.
Умуман олганда, мўғулларнинг бу уруши маданият ва тамаддунга, Ислом ва динга қарши эди. Бошқача айтганди, бу уруш бутун инсониятга қарши уруш эди.
Бағдоднинг улкан кутубхонаси
Мўғуллар Бағдоднинг катта кутубхонасини қандай йўқ қилганини ҳақида гапириб беришдан олдин кутубхонанинг ўзи ҳақида қисқача тўҳталиб ўтсак.
Бағдоднинг катта кутубхонаси Ислом академияси “Байтул ҳикма” қошида ташкил қилинган бўлиб, беш аср мабойинида ҳеч қандай муболағасиз дунёнинг энг йирик илмий маркази бўлган. Ҳозирги кутубхоналар билан қиёс қиладиган бўлсак ҳам мазкур кутубхона жуда катта эди. Илм-фаннинг барча соҳаларида ёзилган китоб, асарлар билан доим тўлдирилиб турилар эди.
Бу кутубхонага аббосийлардан бўлган Хорун Рошид тарафидан 170-193 ҳижрий йилларда асос солинган. Айниқса халифа Мамун даврида кутубхона янада ривожланди. Кейинги Аббосий халифалар ҳам мазкур кутубхонани янги китоблар ва илмий асарлар билан бойитиб борди. Шу тарзда Бағдод кутубхонаси энг йирик илм масканига айланди. Миллион-миллион жилд қимматбаҳо китоблар ва илмий асарлар жамланди. Тасаввур қилиб қўринг-а, ўша даврда на нашриётлар, на китобларни босадиган босмахоналар бор эди.
Кутубхона махсус бинода жойлашган бўлиб, унда барча илмларга оид китоблар жамланган эди. Кутубхона вестибюл ва катта гумбазсимон хонадан иборат эди. Бу хонага туташ бошқа кўп хоналар ҳам қурилган эди. Улар асосан ўқув заллари вазифасини бажариб, ҳар қайсини мўян бир махсус илм учун ажратилган эди.
Деворларда махсус сандиқлар ва китоб жавонлари жойлашган эди. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида сандиқ бор эди ва маълум тартида тузилган китоблар номи ёзилган рўйхат турарди (каталог). Масалан, фиқҳ, тиббиёт, кимё, ижтимоий фанлар учун алоҳида сандиқлар бор эди.
Кутубхонада юздан ошиқ хожимлар хизмат қиларди, улар тартиб-интизомга, кутубхона фондини бойитишга ва ўқувчиларга хизмат қилиш билан банд эдилар. Баъзи ҳодимлар китоблардан нусха қилар, чунки ҳар қайси китобдан бир нечта нусха бўлиши керак эди, баъзилари эса, хорижий тиллардаги китобларни арабчага таржима қилар, бошқалари эса китоб излаб келганларга китобларини топишда ёрдам берарди.
Бундан ташқари қироатхона ва дарс олиш учун алоҳида хоналар, илмий бахслар, мажлис ва анжуманлар олиб бориш учун барча шароиталар муҳаё эди. Кутубхоналар қошида дам олиш ва ошхоналар учун махсус хоналар мавжуд эди. Мусофир ва талабалар учун ҳам алоҳида хоналар ажратилган эди. Умуман олганда бу масканни кутубхона дейишнинг ўзи камлик қилади, бу маскан ҳеч бир муболағасиз йирик бир илмий университет эди.
Таржима ишларининг яхши йўлга қўйилгани сабаб, қадимги юнон ва бошқа тилларда битилган илмий асарлар араб тилида гаплашувчи олимларга ҳам фойдаланиш учун қулай ва осон бўлган. Қадимги Эрон ва Ҳиндистон маданиятининг ютқулари билан ҳам танишиш имкони бор эди. Қадимги Юнон ва Рум олимлари ва файласуфларининг асарлари араб тилига таржима қилинганилиги учун ҳам бизларга етиб келган.
Мусулмон олимлар юнон, форс ва ҳиндларнинг илмий меросларини ўздаштиришдан ташқари ўзлари ҳам жуда кўп илмий кашфиётлар қилишди. Оламни илмга тўлдириб ташлашди.
Византия устидан қозонилган ғалаба ортида тузилган Халифа Мамун ва Византия императори ўртасидаги битимда Константиопол кутубхонасидаги барча китоблардан мусулмон олимлари ва таржимонлари тўлиқ фойдаланиши учун рухсат берилиши ҳақида банд бор эди.
Мусулмонлар илмларнинг қадрини жуда яхши билишар эди. Улар ниҳоят даражада катта диққатлик билан математика, астрономия, тиббиёт ва бошқа илмлар бўйича қадимги юнон тилида битилган китобларни йиғишар, таржима қилиб, ўрганишар эди. Бу ишлар айниқса, халифа Мансур даврида ўз авжига чиқди. Халифа Мансур Византия императоридан математикага оид қўлёзмаларни юборишини сўраб мактуб ёзганлиги ҳақида маълумотлар бор. Юнон тилидан таржима қиладиган бош таржимонлардан бўлган ибн Исҳоқ икки йил Византияда таҳсил олиб келди. У Бағдодга қуруқ қўл билан келмаган, аксинча у ўзи билан бирга жуда кўп қўлёзмаларни ҳам олиб келган. Аббосий ҳукмдорларнинг қошида махсус ходимлар бўлиб, уларнинг асосий вазифаси қайси тилда бўлишидан қатъий назар дунё бўйлаб, илмий китобларни йиғиш бўлган. Сўнг, бу китоблар таржима қилиниб, ислом уламоларининг кўригидан ўтказиб Бағдоднинг катта кутубхонасига жойлаштирилар эди.
Шу тарзда юнон, ассурия, ҳинд, санскрит, форс, лотин ва бошқа тиллардан жуда кўп китоб ва илмий асарлар таржима қилинди. Бағдод кутубхонаси ана шу китоблар билан тўлдирилган бўлиб, ўша давр илм-фанининг ҳар бир йўналишига оид китоблар билан бой эди.
Мўғуллар аввалига Бағдод кутубхонасининг барча китобларини ташқарига олиб чиқишди. Кўпчилик улар китобларни мўғуллар давлатининг пойтахти Қорақумга олиб кетишади ва сўнг ўзларининг фойдалари ва манфаатлари учун фойдаланса керак деб ўйлашди. Чунки мўғулларда ҳали тамаддун деган нарса йўқ ва тамаддун ҳали барпо қилиниши керак эди. Бироқ мўғуллар вахший ва ёввойи халқ эканини яна бир бор исботлашди. Уларнинг на ўқишга на ўрганишга иштиёқи бор эди. Улар фақат еб-ичиб, нафслари ва шаҳватларини қондирса бўлди эди. Уларнинг бирдан-бир мақсади йўлида учраган нарсаларни бузиш ва талон-тарож қилишдан иборат эди. Миллиондан ошиқ китоб ва асарлар Дажла дарёсига отилди. Ўткан асрлардаги Ислом уламоларининг шунча меҳнатлари мўғуллар тарафидан сувга оқизилди. Суга отилган китоблар шу даражада кўп эдики, дарёда китоблардан тўсиқлар (кечувлар) пайдо бўлди. Улардан одамлар бемалол ўтадиганлари ҳам бор эди. Сувга отилган китобларнинг сиёҳларидан дарё суви қора рангга бўялди. Умуман олганда мўғулларда бунёд қилиш, такомиллаштириш ва ниманидир ислоҳ қилиш нияти бўлмаган. Уларнинг асосий мақсади кўзларига кўринган барча нарсаларни вайрон, толон-тарож қилиш эди. Булар ислом уммати ва бошқалардан тўлиқ фарқ қиларди.
Уларнинг бу қилмишлари нафақат мусулмонларга қарши, балки бутун инсониятга қарши қаратилган эди. Бунга ўхшаш жиноят босқинчилар тарафидан мусулмонларга нисбатан биринчи марта қиланаётгани йўқ эди. Худди шу тарзда салбчилар Қуртубанинг кутубхонасини йўқ қилишган эди. Ғарнота (Гранада) шаҳри ҳам таслим бўлганида унинг кутубхонаси ҳам йўқ қилинди. Салбчилар миллионга яқин қитобларни шаҳар майдонларининг бирига олиб чиқиб, уларни ёқиб юборган. Валенсия, Сарагос, Севиля, Толедо ва Андалусиянинг бошқа шаҳарларидаги йирик кутубхоналарнинг тақдири ҳам шу каби аянчли эди.
Салбчилар Шомнинг Траблусидаги кутубхонасини ҳам шу тарзда йўқ қилган. Умумий ҳисоб билан ўшанда Траблусда уч миллионга яқин китоб ёқиб юборилган. Ғаззо, Қуддуси шариф ва фаластиннинг бошқа шаҳарларидаги китоблар ҳам салбчилардан омон қолмаган.
Исломий кутубхоналарни йўқ қилишнинг янги босқичи 19 асрда давом этди. Бироқ бу сафар босқинчилар ўзларининг салафларидан анча фарқ қиларди. Улар энди бу китобларни йўқ қилмасдан уларни Европага олиб кета бошлади ва асрлар оша мусулмонлар топган ва ёзган бу илмий китоблар билан ўзларининг кутубхоналарини бойитиб олишди. Шунинг учун ҳам бизнинг китоблар ўзимизга қараганда, уларда анча кўп...
Барча даврларда босқинчиларнинг асосий мақсади умматимизни илм билан боғлиқ бўлган жойига китобларини йўқ қилиш, сувга оқизиш, ўғирлаб кетиш билан қаттиқ зарба беришми экан деб қоламан. Менга кўра, босқинчилар атайин шундай қилишар эди, чунки улар Исломда илмнинг аҳамиятини қанчалик юқори эканини жуда яхши билишган ва мусулмонлар илм-фанга қанчалик кўп эга бўлишса, шунчалик кучли бўлишидан қўрқишган.
Абу Муслим
"Бағдоднинг қулаши" китобидан