Йўқ, албатта. Ҳар ҳолда 2002-NT7 астероиди туфайли эмас.
Гап шундаки, олимлар ушбу коинот объектини топганда, унинг 2019 йил Ер сайёраси билан тўқнашиб кетиш эҳтимоли ҳақида гапиргандилар. Лекин кейинчалик, ўша 2002 йилнинг ўзидаёқ, астрономлар маълумотларни аниқлаштириб, бу тўқнашув ҳақидаги маълумотни инкор қилган.
2002-NT7 астероиди 2019 йил 13 январь куни Ердан 61 миллион километр масофада бешикаст ўтиб кетиб бўлди, хабар беради riatomsk.ru.
2018 йил охирзамон бўлиши ҳақида бир неча марта башорат қилинган. Турли фитналар назариялари ишқибозлари турлича вариантларни айтган: гўёки сирли Нибиру Ерга келиб урилармиш, X сайёраси аллақачон Ерга яқинлашган бўлиб, ўзининг гравитация майдони билан бизнинг сайёрамизда ҳалокатга сабабчи бўлармиш. Лекин охирзамон ҳақида бу тахминларнинг барчаси ёлғон бўлиб чиқди. Бундан 7 йил олдин қуйидаги мақолани тайёрлаган эдим. Мазкур мақолани яна бир ўқиб чиқиш фойдадан ҳоли эмас, Инша Аллоҳ...
***
2012 йилнинг 21 декабрида кутилаётган ва оммага кенг эълон қилинган «замон охири» интернет оламида, кино саноатида ва адабиётда сон–саноқсиз фикрлару даъволарга йўл очиб берди. Тижоратда кўзи пишганлар замон охирлашидан хавотирдагиларга бункер ва бошқа «зомбилардан яшириниш» жойларини мўмайгина пулларга сотиб юришибди. Бу зомбилар эса, ўз–ўзидан маълум, ҳар охирзамондан кейин дунёни босиб кетади. Масалан, АҚШнинг Канзас штатида ядро ракеталаридан яшириниш учун мўлжалланган бункер ишга солинди ва унда бадавлат инсонлар учун ҳар бир жойи 7 млн доллар турадиган бассейнли, кинотеатрли ва кутубхонали шундай бир «бошпана» қурилди.
Мазкур жойларнинг аксар қисми ҳозирда сотиб олинган. Интернет оламида эса зомбилардан паноҳ топишнинг энг яхши йўллари бўйича мусобақалар уюштирилмоқда. Шу билан бирга, ўта қизиқувчанлар Мексикага авиачипта сотиб олишмоқда. Улар мазкур ҳамоқатнинг манбаи бўлган Майя календари тузилган ўлкада (ҳозирги Мексика) туриб, замон охирини ўз кўзлари билан кўришмоқчи экан. Дарвоқе, Мексикада сайёҳлик бизнеси гуллаб яшнамоқда. Мексика саёҳлик вазирлиги эса хурсандликдан ўзини йўқотай деяпти, чунки уларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу йили 52 миллион, яъни ўтган йилгига нисбатан 12 миллионга кўпроқ сайёҳ кутилмоқда экан.
Кутилаётган охир замон сценарийси турличадир: кино саноати ҳамда кўплаган бозори чаққон китоб муаллифлари ҳам ўз талқинларини тақдим қилишмоқда. Жумладан, "2012: Кетцалкоатлнинг қайтиши" деб номланган китобнинг муаллифи Даниэл Пинчбекнинг ҳисобига кўра, Ер сайёраси кучли вулқон отилишлари, юксак тўлқинлар хуружи ва зилзилалар гирдобида қолар, натижада сайёрамизнинг ярми барбод бўлар эмиш.
Саровлик Федерал ядро марказининг муҳандиси Александр Филатовнинг даъвосига кўра, Х сайёраси номи билан ҳам танилган Нибиру сайёраси Ер шарига яқин масофада ўтади ва қутбларнинг ўзгаришларига сабаб бўлади. Натижада буюк тўфон ва муҳитнинг тўла ўзгариши юз берармиш.
Умуман олганда Нибиру ҳақида назариясини олға сурган Филатов ёлғиз эмас.
Яна кўпчиликни яқинда тарқалган бир тибетлик ламанинг қоронғу кунларга тайёргарлик кўрилиши лозимлиги ҳақидаги хабари довдиратиб қўйди. Унга кўра, 21.12.2012 куни Ер “нолга тенг чизиққа” келармиш, яъни бу борлиқда ҳеч қандай қувват (энергия) бўлмасмиш. Бутунлай зимистон ва сукунат ҳукм суриб, алоқа воситалари ва электр қуввати йўқолар эмиш. Боз устига ёрқин нурлар аҳён–аҳён таралиб, Ер шари худди кучсиз зилзила пайти каби титраб турар экан.
Лама одамларни аввалдан ҳужжатларни тайёрлаб қўйишга ва бирон бир қишлоққа кетишга чақиради. У ерда эса одамлар мазкур воқеалар давомида кўчага чиқмаслиги ва тоат–ибодатда бўлишлари лозим эканини уқтиради.
Тўртинчи ўлчамга ўтиш ҳақида гаплар ҳам юрибди. “2012 йил инқилоби: Тайёрланиш” деб номланган китобнинг муаллифи Эндрю Смитга кўра, инсоният дунёқараши ўлчови бутунлай ўзгаради ва физика, биология ва кимё каби фанлар кераксиз бўлиб қолади. Баъзи эзотерикларнинг айтишича, “тўртинчи эфир ўлчами бошқа юқори оламларга ўтиш дарвозасининг вазифасини бажаради. У тебраниш ёрдамида амалга оширилиб, унинг резонанс тўлқинлари жисмоний, зич материяли дунёдагидан кўра баланддир”. Улар наздида, Исо алайҳиссалом 2000 йил олдин келганининг сабаблардан бири айни шу Тўртинчи ўлчамга ўтиш йўлини (портал) очишга эҳтиёж бўлган эмиш.
Ислом нуқтаи назаридан қарасангиз масала анчагина жўн ва оддий. Қуръон фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмаган нарсалар борлиги ҳақида хабар беради. “Аллоҳ таоло Қуръони каримда Луқмон сурасининг 34–оятида: “Албатта, Соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир” дейди.
“Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт.
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар. Баъзи ҳолларда қиёмат бўлишига шак келтирганларидан, ўз фикрларини тасдиқлаш, қиёмат бўлади, деган ақидадагиларни ожиз қолдириш учун сўрайдилар. Баъзи вақтларда синаш учун сўрайдилар ва ҳоказо.
Қурайш мушриклари ҳам вақти-вақти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат ҳақида, айниқса, унинг қачон собит бўлиши ва келиши ҳақида сўрар эдилар.
«Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар».
Яъни, бўладиган бўлса, қачон бўлишини айтиб бер, деб даъво қилардилар. Бу саволдан, қачон бўлишини айтиб бера олмасанг, қандай Пайғамбарсан, шуни ҳам билмайсанми, деган ғаразгўйликнинг ҳиди келади.
Аслида, қиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Унинг қачон рўй беришини фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Агар ҳар бир сўзни Аллоҳдан қабул қилиб оладиган ҳақиқий Пайғамбар бўлмаса, бунга турли жавоблар бериш мумкин. Хусусан, Пайғамбарликни даъво қилувчи табиатан телба ва бузуқлар одамлар эътиборини жалб қилиш учун уларнинг қиёматга нисбатан бўлган эҳтиросли қизиқишидан фойдаланишга ҳаракат қилишлари кейинги пайтларда ошкор бўлди. Қиёмат фалон вақтда бўлади, деб қўйиб, сўнг шарманда бўлганлари ҳам жуда кўп.
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволга қандай жавоб беришни Аллоҳнинг Ўзи сўзма-сўз уқдиряпти:
«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одам, у киши ҳеч қачон^ ғайб илмини биламан, деб даъво қилмаганлар. У зот:
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», дейдилар. Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат бир зот–Роббим билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди. Мен ҳам билмайман.
«Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир».
Қиёматни юзага келтирувчи Зот ҳам ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмайди.
«У осмонлару ерда оғир иш бўладир».
Унинг ҳақида билганим шу: Қиёмат осмонлар ва ер қанча улкан бўлмасин, уларга ҳам оғир келадиган даражада улуғ ҳодисадир. Шунинг учун ўша кунга тайёрланиш керак.
«Сизларга фақат тўсатдан келадир».
Билмай қоласизлар. Аввал эълон қилиб, вақтини тайинлаб келмайди. У содир бўлмасдан бир оз олдин ўзини ўнглаб, у ер-бу ерини тозалаб, ҳеч нарсани кўрмагандек мўмин-қобил бўлиб туришга имкон йўқ. Унинг келишига доим тайёр туриш керак. Унинг қачон содир бўлишини сўраб юришдан самара йўқ. Бунинг устига, бу саволга жавоб берадиган зотнинг ўзи йўқ. Мушрикларнинг саволи эса ноўрин.
«Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг дахллари йўқ нарсаларни Аллоҳдан сўрамайдилар.
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт.
Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири Ҳилол”)
Яратган бу илмни (қиёматнинг қачон бўлишини) яралганлардан Ўз ҳикматига мувофиқ яширган. Агар инсон бу ҳақида фикр юритса, бу нарсаларни билмаслик аслида инсоният учун буюк фойда эканлиги аён бўлади", дейди мутахассиси Риёз Мустафо.
«Бироқ, дейди у, Қуръону суннатни ўрганган одам Аллоҳ ва Унинг элчиси (алайҳиссалом) охир замон масаласини четлаб ўтмаганини билади.
Ҳадисларда охирзамон аломатлари
Қуйида Суат Арусан тўплаган пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн тўрт аср олдин марҳамат қилганлари - охирзамон аломатларига доир ҳадис маъноларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Инсонларнинг бошига шундай бир замон келадики, ораларида фоиз емаган қолмайди, емаса ҳам, чанги уларга урилади.
- Фоизга савдо-сотиқ, порага совға дейилади, судхўрлик ортади, ҳалол-ҳаром унутилади; “Пул қаердан бўлса ҳам, келсин", дейилади.
- Кўплар оз бир дунёни эвазига динини фидо этади.
- Ҳийласиз иш бажариб бўлмайди, тожирлар ва ёзувчилар кўпаяди, қалам мўл бўлади.
- Киши кўйлагини асраганчалик динини асрай олмайди ва камбағаллар намоз ўқимай кўяди.
- Ақраболик ришталари узилади ва фақат танишларга салом берилади.
- Иймонни дилда сақлаш олов қўрини қўлда тутиб туришдек қийин бўлади; мўмин эрталаб кофир бўлиб туради ва бунинг тескариси...
- Ажнабийлар кўпаяди ва мусулмонлардан устун келадилар.
- Бойлар тижорат учун, ҳофизлар (қорилар) риё ва кўз-кўз учун ҳажга боришади.
- Даромад маълум кишилар ўртасида айланади; кам даромадлилар очлик ва қийинчиликка дуч келадилар.
- Қабрлар безалади ва Қуръон даромад келтирувчи бир мато ҳолига келади...
- Фитна ҳар уйга киради, тажрибасиз ёшлар бошга ўтиб оладилар.
- Қуръондан бир расм, Исломдан бир исм, мусулмондан бир жисм қолади.
- Уч нарса танқислашади: ҳалол пул, амалдаги суннат ва жондан яқин бир дўст.
- Мол кўпайиб, сел каби оқади, мол эгаси молига сиғинади ва тужжорларнинг кўплари ҳийлакор бўлади.
- Киши хотинига итоат этиб, онасига осий бўлади ва ўртоғига яқинлашиб, отасидан узоқлашади.
- Кўнгиллар бир-бирини севмайдиган бўлади, динда ва дунёвий ишларда ҳар хил қарашлар ўртага чиқади, ҳатто ака-укалар динда ва мазҳабда ихтилофга тушишади.
- Иймор этилган нарсалар хароб этилади, хароб бўлганлари иймор қилинади.
- Катталар марҳаматсиз, кичиклар ҳурматсиз бўлади. Болаларни тарбиялаш кўппакларни тарбиялашдан ҳам қийинлашади. Инсонлар ёмонликлардан бир-бирларини сақламайдилар (қайтармайдилар) ва яхшиликка буюрмайдилар.
- Вақт қисқаради. Бир йил бир ойдек, бир ой бир ҳафтадек, бир ҳафта бир кун каби ўтиб кетади, бир кун эса, худди бир япроқнинг ёниши қадар тезлашади, ҳеч нарсада барака қолмайди. Араб майдонининг чўллари наҳрларга ва яшилликларга қовушади.
- Юлдузлар (фол) тасдиқланади ва тақдир ёлғонга чиқарилади.
- Аллоҳу таоло очиқ-ойдин инкор этилади.
- Олижаноблик, иззат-икром, жўмардлик туйғулари йўқолади ва ҳуқуклар пул эвазига сотиладиган ҳолга келади.
- Миноралар кўпаяди, масжидлар безалиб-зийнатланади (черков ва синагоглар каби) ва ичларидан баланд овозлар келади. Хоинларга амин (ишончли), аминларга хоин дейилади ва “шу ерда бир амин инсон бор“ дейиш даражасида амин инсон сони камаяди.
- Кишига унинг ёмонлигидан кўрқилганлиги учун лутф қилинади.
- Кўринишда дўст, бироқ аслида душман бўлган инсон сони ортади.
- Сўзлар ҳамиша ёлғон ва бир-бирига мухолиф бўлади.
- Амир ва хизматчи кўп, дуруст иш бажарадиган оз қолади.
- Қишлоқдагилар шаҳарларга оқин-оқин келишади ва кимлиги номаълум сигирбоқарлар бино қуришда бир-бирлари билан мусобақага киришиб кетадилар.
- Жамоатнинг ишончи заиф, ибодати тақлид бўлади, ҳофизлар кўп, аммо олим топилмайди.
- Яхшиликлар ва ёмғирлар озаяди, зилзила ва сув тошқинлари кўпаяди.
- Бойларга эътибор берилади, хасислик ортади, закот оғир бир қарз ўлароқ қабул этилади.
- Олимлар пул ва мол-дунё эвазига илм ўргатади, охират амали билан дунёлик талаб қилинади.
- Диндан ғайрихусуслар учун таълим олинади.
- Эркаклар ўзларини аёлларга, аёллар эса, эркакларга ўхшатишади.
- Эркаклар билан эркаклар, аёллар билан аёллар муносабатсиз алоқалар қуришади.
- Ҳар тарафда кўшиқчи ва чолғучи аёллар зуҳур этади.
- Ҳукмронлик хотинларда бўлади ва зино ёйилади.
- Аёллар сочларини туя ўркачлари каби қабартириб кўчаларда кезишади.
- Ҳаром иш қилишни қулайлаштирадиган имконлар ортади, ёшлар гуноҳга ва ёмонликка кучли майл кўрсатадилар.
- Машаққат, бало, мусибат ортади, роҳат ва ҳузур қолмайди, ҳеч кимса қўли билан буларни олдини ололмайди.
- Кейин келган насллар олдин келганларни сўкиб-ҳақоратлайдилар.
- Ичкиликни давлатлар ташвиқ қилади ва ҳар хил номлар билан ичилади.
- Дунё ишларига толиб, охират унутилади; Аллоҳнинг китоби билан ҳукм этмоқ айб ҳисобланади.
- Бир мусулмон қўйдан-да ожиз бўлади, хўрланади ва ҳақир кўрилади.
- Илм озаяди, жаҳолат, бузғунчилик ва жиноятлар ортади, одам ўлдириш оддий бир жиноят ҳисобланади.
- Умматимнинг эркаклари семираб кетишади.
- Миш-миш кенг ёйилади.
- Ҳар ким “пул топа олмаётгани“дан ва “кун кечира олмаётгани“дан шикоят этади.
- Ёлғон гувоҳлик ва ажралишлар ортади, ногаҳон ўлимлар кўпаяди.
- Йиртқич ҳайвонларнинг терилари тобоқланиб, турли хил кийим ашёлари тайёрланади.
- Эрталаб кийилган кийим бошқа, оқшом кийилган кийим бошқа, бўлади. Олдингизга овқатлардан бири келиб, бошқаси кетади ва Каъбага ёпинилган каби, уйларингизнинг деворлари гиламлар ила безанади.
- Катта ва ҳашаматли бинолар қурилади ва бундан кўчалар тораяди.
Аллоҳнинг расули бизга ўргатганларидек, замон охири тўсатдан юз беради ва бу воқеа қачон бўлишини ҳеч ким билмайди. Биз мусулмонлар учун Қиёматнинг катта аломатлари ҳали зоҳир бўлмагани сабабли таъкидлашимиз мумкинки, охир замон ҳақидаги гаплар қуруқ сафсатадан бошқа ҳеч нарса эмас.
Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади