loader
Foto

Имом Маҳдий чиқиши

Ҳадиси шарифларда айтилишича, қиёматдан олдин имом Маҳдий чиқиб, етти йил ҳукмронлик қилади. Унинг даврида фаровонлик бўлади, ер юзи адолатга тўлади. Маҳдий аҳли байтдан, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам оила аъзоларидан бўлади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Маҳдий менинг умматимдан чиқади. Беш ёки олти ёки етти яшайди”, дедилар. Биз: “У (беш, олти, еттилар) нима?” деб сўрадик. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу йиллардир. (Маҳдий) олдига бир киши келиб, “Эй Маҳдий, менга (бирон нарса) бер”, дейди. Маҳдий унинг кийимига (яъни, этагига) сиққанича нарса тўкади”, дедилар” (Термизий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ер жавру зулмга, адоватга тўлиб кетмагунича қиёмат бўлмайди. Сўнг аҳли байтимдан бир киши чиқиб, (олдин) қандай жавр-зулмга тўлган бўлса, шундай адолат билан тўлдиради” (Ҳоким ривоят қилган, санади саҳиҳлигини айтган).

Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Маҳдий мендандир. У пешонаси очиқ (яъни, бошининг ярмигача сочи йўқ), бургут бурун кишидир. Ер жавр-зулмга қандай тўлган бўлса, (уни) адолатга шундай тўлдиради. (Маҳдий) етти йил подшоҳлик қилади” (Абу Довуд – Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан – марфуъ тарзда ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).

Аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра, имом Маҳдий чиққанидан сўнг ҳамма мусулмонлар бир ҳукмдор байроғи остида тўпланади.

Имом Маҳдий Исо алайҳиссаломга Фаластиндаги Луд дарвозаси олдида дажжолни ўлдиришда ёрдам беради. Маҳдий мана шу умматга имомлик қилади. Исо алайҳиссалом унинг ортида намоз ўқийди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Орангизга Ибн Марям тушганида, сизларнинг имомингиз бўлганида ҳолингиз не кечади?” (Бухорий, Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).

“Файзул борий” китобида айтилишича, ҳадисда зикр қилинаётган киши имом Маҳдийдир.

Бундан чиқди, имом Маҳдий чиқиши, Исо алайҳиссалом осмондан тушиши, дажжол хуружи бир-бирига яқин вақтда содир бўлади.

Ибн Халдун айтади: “Асрлар давомида аҳли Ислом орасида машҳурки, охир замонда аҳли байтдан бир киши аниқ чиқади, Динни қувватлайди, адолат ўрнатади. Мусулмонлар унга бўйсунади. Ислом ерларига эгалик қилувчи бу киши “Маҳдий” номи билан танилади. Дажжол чиқиши, саҳиҳ ҳадисларда айтилган қиёматнинг бошқа аломатлари шундан кейин кўринади” (Муҳаммад Саламат Жабар, “Қиёмат аломатлари”).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан бир тоифа қиёматгача ҳақ устида курашиб доим ғолиб бўлади. Шунда Исо алайҳиссалом тушади. Амирлари унга: “Кел, бизга намоз ўқиб бер”, дейди. У: “Йўқ, Аллоҳ бу умматни мукаррам қилиши учун бир-бирингизга амирдирсиз”, дейди”, деб айтганларини эшитганман” (Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).

Ибн Можа нақл қилган ривоятда айтилишича, Исо ибн Марям тонгда тушганида Имом ортига сурилиб, Исо алайҳиссалом имомликка ўтишини кутади. Исо эса қўлини Имом елкасига қўйиб: “Ўт, намоз ўқи. Чунки, сенга иқомат айтилди”, дейди. Шунда Имомлари улар билан намоз ўқийди.

Ҳоким “Мустадрак”да Абу Назрадан нақл қилган ривоятда шундай дейилган: “Исо алайҳиссалом бомдод намози вақтида тушади. Шунда одамлар Имоми унга: “Эй Руҳулллоҳ, биз билан намоз ўқинг!” дейди. У: “Сизлар бу умматнинг жамоасидирсиз. Айримларингиз бошқаларингизга амирдир. Ўзингиз ўтинг, бизлар билан намоз ўқинг”, дейди. Имом (жамоат) билан намоз ўқийди”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аҳли байтимдан бир киши арабларга бошчилик қилмагунича дунё тугамайди. Унинг исми менинг исмимга тўғри келади” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Бундан чиқди, Имом Маҳдийнинг исми “Муҳаммад”дир.

Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар дунёдан фақат бир куни қолса ҳам, албатта, Аллоҳ аҳли байтимдан бўлган, (олдин) жавр-зулмга тўлганидек, (ер юзини) адолатга тўлдирадиган бир кишини юборади” (Абу Довуд, Аҳмад, Ҳоким ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Зиёвуддин Раҳимнинг

Ислом ақидаси(Аҳли сунна вал жамоа ақидаси)китобидан