loader
Foto

Истихора намози ва дуоси

Амалга ошган ва ошадиган барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг хоҳиши деб билиш мусулмон кишининг муҳим одобларидан саналади. Бу одоб билан зийнатланган инсон бирор ишга киришиш олдидан ўзининг ожизлигини; Роббининг қодирлигини ёдга олиб У зотга таваккул қилиб иш бошлайди. Роббига таваккул қилар экан қўлидан келганча ишларнинг муваффақиятли бўлиши учун ўрнатилган сабабларни бажаришга ҳаракат қилади. Ана шундай сабаблардан бири истихора қилиш ҳисобланади.

Истихора - бир ишни бошлашдан аввал шу ишнинг хайрли ёки хайрсиз эканлигини билиш учун ўқиладиган намоздир. Аллоҳ таоло ҳар ишнинг оқибатини билувчи Зотдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ҳар бир ишни бошлашдан аввал ис-тихора намозини ўқишни тавсия қилганлар.

Динимиздаги барча кўрсатмаларда бўлгани сингари истихора қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Истихора одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:

Биринчи одоб: Истихорани ихлос билан қилиш. Мўмин киши бирор ишга қўл урар экан қилаётган иши том маънода манфаатли бўлиши учун аввало бу ишни ихлос билан бажариши лозим. Шунга кўра истихора Аллоҳ таолога ихлос билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш муҳаббати билан ва бу амалнинг баракасидан умидворлик билан қилиниши керак. Ана шунда бу амал дунё ва охират учун манфаатли ишга айланади.

Иккинчи одоб: Барча ишларда истихора қилиш. Истихорадан асосий мақсад, қилмоқчи бўлаётган ишида яхшилик сўраш ва Аллоҳга таваккул қилиш бўлганидан, барча ишларда истихора қилинади. Мўмин кишининг ҳар бир ишида истихора қилиши, яъни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраши Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи васаллам таълим берган одоб ҳисобланади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай деган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга барча ишларда истихорани Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатар эдилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишларда истихорани Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатишлари бу ишнинг мусулмон киши учун ўта аҳамиятли эканини билдиради. Аммо шариатда буюрилган ёки яхши саналган ишларга, шунингдек, шариатда ҳаром қилинган ё қилмаслик тавсия қилинган ишларга истихора қилиш мумкин эмас. Чунки мазкур ишлар аниқ бўлгани учун уларда мўмин кишининг иккиланиши асло мумкин эмас. Шунга кўра Жобир розияллоҳу анҳунинг «барча ишларда» деган сўзларидан барча мубоҳ ишлар тушунилади.

Учинчи одоб:Бирор тарафни қасд қилишдан олдин истихора қилиш. Мўмин киши рўпарасидаги ишлардан қайси бирини танлашни билолмай иккиланиб қолганда Роббига илтижо билан истихора қилади; яъни ўзи учун манфаатлисини ато этишини сўрайди. Аммо ишларнинг бирортасига мойил бўлиб унга азму қарор қилганидан сўнг истихорага ўрин қолмайди. Чунки истихора қилиш аслида ишларнинг хайрлисини Аллоҳ таолодан сўраш бўлгани учун қалб ҳали бирортасига ҳам боғланмаган пайтда истихора қилинади. Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:

1.Кўнгилга келиш;

2.Истак пайдо бўлиш;

3.Ўй-фикр келиш;

4.Ният қилиш;

5.Қасд қилиш;

6.Азму қарор қилиш.

Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди. Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.Истихора ҳадисидаги деган сўздан кўнгилга келадиган мазкур нарсаларнинг биринчиси кўзда тутилган. Демак, ана шундай ҳали қалб бирор тарафга ҳам боғланмаган пайтда истихора қилинади ва иншааллоҳ ўқиган намози ва қилган дуоси баракотидан ўзи учун хайрли бўлганига муваффақ қилинади.

Тўртинчи одоб: Туш кўришни шарт деб билмаслик. Истихора қилувчи ўзига тушида бирор ишора бўлишини шарт деб билмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушида унга билдирилади, демаганлар, балки намоз ўқиб дуо қилишни таълим берганлар. Шунинг учун истихорадан сўнг туш кўришни кутмасдан сўраган ишига уриниши керак.

Бешинчи одоб: Истихорадан сўнг ишга киришиш. Истихорадан сўнг мазкур ишларнинг қайси бирини Аллоҳ таоло қулай қилиб қўйгани тафаккур қилиб кўрилади ва ўша тарафга ҳаракат қилинади. Агар енгил ва осон бўлса хайрлиси шу бўлади, бордию ундай бўлмаса хайрлиси бошқасида бўлади. Бу эса қилинган истихоранинг самараси ҳисобланади.

Олтинчи одоб: Фарздан бошқа икки ракъат намоз ўқиш. Истихора қилувчи фарздан бошқа  икки ракъат намоз ўқиши керак. Ушбу кўрсатмага кўра истихора дуоси фарздан бошқа икки ракъат намоздан кейин ўқилиши керак. Ушбу икки ракъатни баъзи уламолар:«Энг камида икки ракъат намоз ўқисин маъносида айтилган, шунинг учун ҳар икки ракъатида салом бериб, икки ракъатдан кўп ўқиса ҳам жоиз бўлади», деганлар.Икки ракъат намоз ўқигандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуо ўқилади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот:«Бирортангиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг:«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингни сўрайман. Чунки Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни яхши билувчи Зотсан.

Аллоҳим! Агар ушбу иш менга динимда, ҳаётимда ва (ҳозиргию ишимда-ю келгусида) оқибати хайрли бўлса, уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, ҳаётимда ва (ҳозирги ишимдаю келгусида) оқибати хайрсиз бўлса, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил», десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадисда баён қилинган дуони ёд олиб, унинг маъноларини англаб дуо қилишга уриниш зарур. Аммо ёд олмаган киши китобга қараб ёки уни ёзиб олиб ўқиши ҳам жоиз ҳисобланади. Энг муҳими истихора Аллоҳ таолога дуо қилиш эканини, дуонинг энг муҳим одобларидан бири эса рағбат билан астойдил сўраш эканини унутмаслик зарур. Шунинг учун истихора қилувчи ўзининг ожизу бечоралигини, Роббисининг раҳматига доимо муҳтож эканини изҳор қилиб истихора дуосини ўқиши керак.

Агар тушида оқ ёки яшил ранг кўрса, ўйлаган нарсаси хайрли, агар қора ёки қизил ранг кўрса, ўйлаган нарсаси хайрсиз бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳуга шундай: «Эй Анас! Бир ишни бошлашдан аввал Роббингга етти марта истихора қил! Сўнг қалбингда нимани қилиш ва қилмаслик ҳисси олдин келса, уни қил. Чунки яхшилик фақат Ундандир» дедилар.

Хуфтон намозидан сўнг икки ракъат нафл намози ўқилади. Биринчи ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин Кафирун сураси, иккинчи ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин Ихлос сураси ўқилади. Ухлагунча истиғфор, салавот айтилади. Агар истихорасида ҳеч нарса билинмаса ёки туш кўрмаса, бу ишни етти марта такрорлаш керак.Сўнг Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юрилади. Кейин кўнгилга тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, ўша иш қилинади. Бу ҳақда туш кўриш ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай, туриб қолса, истихора намози яна қайтадан ўқилади. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Бу иш мустаҳаб амаллардандир.Кўриниб турибдики, Истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, илтижо қилиб, яхшилик йўлини кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса мусулмон инсон ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон инсон ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидан маслаҳат сўраш имконига эга. Намоз ўқимайдиганлар эса, бу улуғ саодатдан бебаҳралар, улар шайтоннинг маслаҳати билан иш қилишга мажбурдирлар.

Фотимахон Сулаймон қори кизининг

"дуо ибодатнинг мағзидир"китобидан