loader
Foto

Истихора намози ва унинг дуоси

«Истихора» сўзи луғатда «хайрни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қай бирини қилишни билмай қолса, хайрлисини танлаш учун истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.



Бу умматга баъзи махсус намозлар берилган бўлиб, улар учун кўп яхшиликлар, улкан савоблар ваъда қилиниши ҳам бу умматга шарафдир. Шулардан бири - истихора намозидир.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан яхшилик сўраш, Аллоҳ ҳукм қилган ишга рози бўлиш Одам фарзандининг саодатидандир. Аллоҳдан яхшилик сўрашни тарк этиш, Аллоҳнинг ҳукмига ғазаб қилиш Одам фарзандининг бахтсизлигидандир», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан бир сурани ўргатганлари каби барча ишларда истихора қилишни ўргатиб, шундай дер эдилар: «Бирингиз бир ишга қасд қилса, фарз бўлмаган икки ракъат намоз ўқиб, сўнг шундай десин: «Аллоҳим, Сенинг илминг ила яхшилик сўрайман, қудратинг ила қодир бўлишни сўрайман, буюк фазлингни сўрайман. Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен биласан, мен билмайман. Сен ғайбни ҳам билгувчисан. Аллоҳим, агар бу ишни менинг диним учун, ҳаётим учун ва бу ишимнинг охирини (ҳозири ёки оқибатини) яхши деб билсанг, уни менга осон қилгин, сўнг унга барака бергин. Агар бу ишни менинг диним учун, ҳаётим учун ёмон деб билсанг, бу ишимнинг охири (ҳозири ёки оқибатини) ёмон деб билсанг, уни мендан, мени ундан буриб қўйгин ва қаерда бўлса ҳам, менга яхшиликни тақдир қилгин, сўнг мени ундан рози қилгин», деб, сўнг эҳтиёжини айтсин» (Имом Термизий ривояти).

Термизий «Сунан»да ушбу ривоятни келтирган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилмоқчи бўлсалар, «Аллоҳим, буни (ишимни) мен учун хайрли қилгин, менга (икки ишдан яхшироғини) ихтиёр этгин», дер эдилар. Бу дуо юқорида ўтган дуога зид эмас бўлиб, бу дуони ҳам айтиш мумкин.

Истихора дуосини бошлашда ва тугатишда Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту салом йўллаш, қиблага юзланиш суннатдир. Биринчи ракъатда Фотиҳа билан Кафирун сураси, иккинчи ракъатда Фотиҳа билан Ихлос сураси ўқилади. Бир неча муҳаддислар биринчи ракъатда Кафирун сурасидан олдин Қасас сурасидаги 69-70-оятларни, иккинчи ракъатда Ихлос сурасидан олдин Аҳзоб сурасидаги 36-оятни ўқишни мустаҳаб дейишган.„

Ибн Арабий айтади: «Киши қилмоқчи бўлган ҳар бир муҳим иш олдидан истихора қилиб, кейин ўзининг ҳожатига киришади. Агар ўша ишда яхшилик бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло унга ўша ишнинг сабабларини осон қилиб, ҳожати раво бўлади. Натижада ўша ишнинг оқибати яхшилик бўлади. Агар бу ишнинг сабабларидан биронтаси қандайдир баҳоналар билан амалга ошмаса, уларни осонликча бажариб бўлмаса, у ҳолда такдирга рози бўлади. Билсин

ки, Аллоҳ таолонинг наздида ўша ишда яхшилик бўлса, сабабларига тўсқинлик бўлмас эди. Демак, Аллоҳ таоло у кишининг ўша ишни қилмаслигини хоҳлаган. Бунга хафа бўлмасин, чунки қилмагани унинг учун яхшилик бўлади».

Имом Нававий айтади: «Истихора қилгандан кейин қалби ёришган, хотиржам бўлган томонга қараб юради».

Истихора қилгандан кейин ҳам ҳеч нарса равшан бўлмаса, яна бир неча марта истихора қилади. Бу ҳақда Дайламий ва Ибн Сунний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Анас, бир ишни қилмоқчи бўлсанг, Роббингдан у ҳақда етти марта яхшилик сўрагин, кейин қалбингга келган нарсага қара, яхшилик ана шунда бўлади», деганлар».

«Истихора» сўзининг маъноси бир ишда яхшиликни излашдир. Бунда Аллоҳ таоло яхшиликни одамнинг кунглига билдиради, кўнглингизни ўша ишга мойил қилади.

Баъзан Аллоҳ таолодан яхшилик талабида истихора қиласиз, лекин бошқа ишлар билан банд бўлганинги, вақт зиқлиги ёки кўнглингизда ҳеч бир аломат уйғонмагани учун бирон тарафга мойиллик сезмайсиз. Бундай ҳолатларда ўша ишни қилишқилмаслик тушда ҳам равшан бўлиши мумкин. «Ширъатул ислом» китобиниш муаллифи «Нафлларнинг фазилати» бобида шундай ёзади: «Машойихлар шундай дейдилар: «Мазкур дуони ўқигандан кейин қиблага юзланиб, таҳорат билан ухлайди. Тушида оқ ёки яшил рангни кўрса, ўша иш яхшиликдир. Қора ёки қизил рангни кўрса, ёмонлик деб билиб қилмоқчи бўлган ишидан сақланади».

Истихора қилмоқчи бўлган киши муайян вақтда, кундузи ёки тунда Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, намоз ўқиши керак. Ҳадисда келган дуони ўқиётганида «ҳожатини айтади» деган жойига ёки «Аллоҳим, агар бу ишни менинг диним учун, ҳаётим учун яхши деб билсанг, ишимнинг оқибатини яхши деб билсанг» деган жойга етганида шундай дейди: «Аллоҳим, ўзим учун, бошқалар учун қилаётганим барча саъй-ҳаракатларимни, бошқалар мен, оилам, фарзандим учун, мен эга бўлган нарсалар учун саъй-ҳаракат қилаётган барча нарсани диним учун, дунёим учун, ҳозирги ишим ва кейинги ишларим учун, шу пайтдан унинг охирги куни, охирги соатигача яхшироқ деб билсанг, уни менга осон қилгин, менга насиб қилгин ва мени ундан рози қилгин. Ўзим учун, бошқалар учун қилаётганим барча саъй-ҳаракатларимни, бошқалар мен, оилам, фарзандим учун, мен эга бўлган нарсалар учун саъй-ҳаракат қилаётган барча нарсани диним учун, дунёим учун, ҳозирги шпим ва кейинги ишларим учун, шу пайтдан унинг охирги куни, охирги соатигача ёмон деб билсанг, уни мендан, мгни ундан буриб юборгин, қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни насиб қилгин ва мени ундан рози қилгин».

Шу сўзларни қўшиб айтса, ўша кишининг ўзи бир иш қилмоқчи бўлса ёки унинг учун бошқа кимдир бир иш қилмоқчи бўлса, албатта яхшилик бўлади, яхшилик амалга ошади ёки амалга ошмагани яхшилик бўлади. Бу нарса кўп марта тажрибадан ўтган.

Эй дўстим! Ўзингиз учун бир вақтни тайин қилиб олинг. Куннинг бошида, пешин намозидан кейин, шом намозидан ёки хуфтон намозидан кейин икки ракъат истихора намози ўқиб, юқоридаги дуони айтинг, ҳар куни шукга одат қилинг, чунки унда кўп яхшиликлар бор.

Муҳаммад Ҳасанийнинг

"Энг шарафли уммат" китобидан

Ойбек Неъматуллоҳ, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржималари