loader

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу

Бу зот асҳобнинг илк фақиҳларидан ҳисобланади. Оталари Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу, онасининг исмлари Раита бинти Мунаббиҳдир. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу отаси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан олдин мусулмон бўлдилар. Кейинчалик отаси ҳам мусулмон бўлиб, ҳижрий еттинчи йили биргаликда Мадинага ҳижрат қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида доим қатнашардилар. Уларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шу эдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сўзларини қайд этиб, ёдлаб борарди. Асҳоб Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳар бир сўзни ёзаётганларини кўриб, у зотга танбеҳ берганлар:
– Сен Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир сўзингни ёзиб олаяпсан, ҳолбуки, Аллоҳнинг Расули ҳар хил вазиятда гапирадилар.
Бу гапни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга айтадилар:
– Ёзавер, жоним қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, оғзимдан ҳақдан ўзгаси чиқмайди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Амр бутун вақтини намоз ўқиш ва рўза тутиш билан ўтказар эдилар. У зот ушбу ҳолатини шундай изоҳлайдилар:
– Отам мени Абдуллоҳ ибн Аббоснинг қизи Умрага уйлантирди. Мен эса вақтимни намоз ўқиш ва рўза тутиш билан ўтказганим учун рафиқамга вақт ажратмасдим. Бир куни отам бизникига зиёратга келди. Мен уйда йўқлигим учун аёлимдан менинг қаерда эканимни сўрабди. Хотиним отамга шундай жавоб берибди:
– Эрим эркакларнинг энг шарафлиларидандир, бироқ бизни ҳеч изламайдилар.
Отам завжамнинг ушбу сўзларидан маҳзун бўлиб, мени излаб топди ва шундай деди:
– Ўғлим, сенга Қурайшнинг энг обрўли хонадонидан бўлган қизни олиб бердим, сен эса мени уялтирдинг.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига бориб мен тўғримда арз қилдилар. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам отамни тинглагач, мени чақирдилар. У зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Сен кундузлари рўза тутасанми? – деб сўрадилар.
– Ҳа тутаман, Расулуллоҳ, – деб жавоб бердим.
– Кечалари намоз ўқийсанми?
– Ҳа.
– Мен ҳам рўза тутаман, таомланаман, намоз ўқийман, ухлайман, завжаларим ҳаққини ҳам адо қиламан. Бу менинг суннатимдир. Суннатимдан айрилган мендан эмасдир.
Шунда сўнг Расулуллоҳ менга:
– Сен Қуръонни ойда бир марта хатм қил, – дедилар.
Мен эса кўпроқ хатм қилишга кучим етишини айтдим.
– У ҳолда ўн кунда бир марта хатм қил, – дедилар.
Мен яна бундан кўпроғига кучим етишини айтдим.
– Бўлмаса уч кунда хатм қил, – деб буюрдилар.
Кейин рўзага тўхталдилар:
– Ойда уч кун рўза тут, – дедилар.
Мен кўпроқ тутишга кучим етишини айтдим. Бироқ Расулуллоҳ бошқа рўза тутишимга изн бермадилар. Мен эса янада кўпроқ рўза тутишни сўраб ёлвордим. Кейин изн бердилар. Ҳар бир амалнинг кўпроғини сўраб олдим. Охирида Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Рўзанинг энг фазилатлиси Довуд алайҳиссалом рўзаларидир. У бир
кун рўза тутар, бир кун тутмас эди, – яна шуни ҳам қўшиб қўйдилар, – ҳар бир обиднинг ибодатни ҳаддан ортиқ кўп қилишни истайдиган пайти бўлади. Бироқ вақт ўтиб бундан чарчаб қолиши мумкин. Шундай пайт инсон ё суннатга томон кетади ёки бидъатга. Кўп ибодатдан безиш агар суннатга олиб борса, у ҳидоятга эришган бўлади, бироқ бошқа йўлни танласа у ҳалок бўлади.
Бу ҳадиси шарифнинг ровийси шундай дейди:
– Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бутун умри давомида Расулуллоҳнинг ушбу тавсияларидан четга чиқмаган ҳолда яшади.

* * *
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам даврларида бир қанча жангларга қатнашдилар. Асосан суворийлар билан бирга ҳаракат қилдилар. Жудаям сахий, қўли очиқ инсон бўлганликлари боис қўлига тушган нарсани тарқатар ва барчани мамнун қилардилар.
Амр ибн Хорис Аз-Забадийдан шундай ривоят қилинади:
Бир куни Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан сўрадим:
– Эй Абу Муҳаммад! Биз шундай жойдамизки, бу ерда на бир дирҳам,
на бир динор пулимиз бор. Бор бойлигимиз шу олдимиздаги молларимиздан иборат. Биз уларни алмаштириб савдо қиляпмиз. Бундан бирор зарар йўқмикан?
– Одамини топиб гапирдинг, – деди у ва давом этди, – Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир куни ёнимда турган туяларга аскарларни миндирарканлар, бир ерга боришимизни буюрдилар. Туялар аскарларга етмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга бориб, баъзилар пиёда қолганини айтдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга шундай дедилар:
– Садақалардан келган эркак туялар эвазига урғочи туялар сотиб ол,
пиёда аскарларни ҳам туя билан таъминла. Мен эса бир эркак туя эвазига учта урғочи туя сотиб олдим ва ҳеч бир аскар пиёда қолмади. Бироз вақтдан сўнг Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам садақаларга оид бўлган туяларни ёнларидан тўладилар.  
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳижрий олтмиш бешинчи йили етмиш икки ёшида Мисрнинг Фустат шаҳрида вафот этдилар ва ўша ерга дафн қилинди.

* * *
Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳу асҳоб орасида ўзининг илми ва фазилати ила танилган эдилар. Араб тилидан ташқари иброний ва сурёний тилларини билардилар. Шу сабаб, Таврот ва Инжилни ўқиб тадқиқ қилган эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳақида гапирарканлар, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг кўплаб ҳадисларни билишларини ва ёзиб олганларини, бироқ ўзининг ҳадисларни ёзиб олмаганини айтиб ўтади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитиб, ёзиб олган ҳадисларининг барчасини тўплаб китоб ҳолига келтириб, унга “Ас- Саҳифату Содиқа” деб ном берган эдилар. Улардан савол сўраганларга ушбу китобга қараб жавоб берар эдилар.
Абу Қубайлдан шундай ривоят қилинади:
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ёнида эдик. Ундан шундай савол сўрадилар:
– Қайси шаҳар биринчи фатҳ этилади?
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу саволни эшитгач, бир сандиқ олиб келди, ичидан бир китоб олиб уни ўқиди ва деди:
– Бир кун Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида ўтирар эдик. Расулуллоҳга худди шундай савол берилди. Аллоҳнинг Расули шундай жавоб бердилар:
– Аввал Гераклнинг шаҳри (яъни Истанбул).

* * *
Абдуллоҳ ибн Амр  розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан етти юз йигирма иккита ҳадис ривоят қилганлар. Буларнинг йигирма еттитаси Бухорий ва Муслим тўпламларида учрайди. Бухорийда саккизта, Муслимда йигирмага яқин ҳадис келтирилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини ривоят қилганлари каби, Умар, Абдураҳмон ибн Авф, Муоз ибн Жабал, Абу Дарба розияллоҳу анҳум каби бир қанча саҳобалардан ҳам эшитган ҳадисларини ривоят қилганлар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳақида Анас ибн Молик, Абу Умома, Саҳл ибн Ҳаниф, Абдураҳмон ибн Хорис ибн Навфал, Машруқ ибн Ажда, Саид ибн Мусавваб, Жубайр ибн Нуфайр, Собит ибн Ияд ал Аҳнаф, Қайсама ибн Абдураҳмон ал Жофеъ, Ҳумайд ибн Авф, Зир ибн Ҳубайс ўғли Муҳаммад, Солиҳ ибн Қайсан, Амир ибн Суроҳил, Саъбий, Ибн Абу Мулайка, Урва бинти Зубайр, Абдураҳмон ибн Жубайр, Икрима, Абу Салама ибн Абдураҳмон,  Абу Зура ибн Амр, Абу Зубайр ал Маккий, Амр ибн Динор Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳумлар каби кўплаб олимлардан ҳадислар ривоят қилинган. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ҳадис илмини ўрганиш учун ўзга ўлкалардан ҳам одамлар келишар эди.

* * *
Салафлардан бири шундай дейди:
– Масжидига кета туриб, жамоат билан бирга икки ракат намоз ўқидим. Бир одам келиб менга яқин жойда намоз ўқиди. Ҳамма шу одамнинг ёнига шошиларди. Бу зот Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос экан. У намоздан сўнг халққа дарс беришни истади. Бироқ Муовиянинг ўғли Язиднинг элчиси келиб уни чақирди. Шундан сўнг Абдуллоҳ жамоатга қараб:
– Бу одам мени сизларга Аллоҳ Расулининг ҳадисларини ўргатишимни истамаяпти. Унинг отаси ҳам буни хоҳламасди. Ҳолбуки, мен Аллоҳ Расулининг шундай деганларини эшитганман:
– Ё Роббий, тўрт нарсанинг ёмонлигидан Сенга сиғинаман: фойда бермайдиган илмдан, хушуъ бўлмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва қабул бўлмайдиган дуодан.

* * *
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг шогирдлари у зотни беҳад севар, атрофида ўтириб дарс ўрганаётган пайтларида бирортасининг келиб дарсни бузишини ҳеч ҳам исташмас эди.
Бир кун бир одам Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни кўришни хоҳлади. Бунинг учун сафларни ёриб ўтиши керак эди. Шогирдлари бу одамни тўхтатмоқчи бўлдилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эса:
– Қўйиб юборинглар келсин, – дедилар. Сўнг у сафларни ёриб ўтиб Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ёнига келди:
– Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитган бирор сўз айт, – деди. Абдуллоҳ ибн Амр соллаллоҳу алайҳи вассаллам унга шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Ҳақиқий мусулмон бошқа мўминларга тили ва қўли билан озор бермайдиган кимсадир. Муҳожир Аллоҳ таъқиқлаган барча нарсадан узоқ бўлган кишидир.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг энг кўп дарс берган шаҳри Басра эди. Басрада унинг дарсларига ҳаммадан кўпроқ амалдорлар келишарди. У зотдан ривоят қилинган ҳадисларга мусулмонлар ҳанузгача мурожаат қилмоқдалар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадислардан намуналар:
Дунёда адолат билан ҳукм юритувчилар, қиёматда бу ишлари учун мукофот сифатида инжудан қурилган минбарлар остида турадилар.   
Марҳамат кўрсатувчилардан Аллоҳ раҳматини аямайди. Ердагиларга марҳаматли бўлингки, кўкдагилар ҳам сизга марҳамат кўрсатсин.

* * *
Жаброил алайҳиссалом менга қўшнининг ҳаққини асраш ҳақида шу қадар кўп маслаҳат қилдики, қўшни қўшнига меросхўр бўлармикин, деб ўйлаб қолдим.

* * *
Аллоҳ илмни инсонлардан олимларнинг ўлими билан тортиб олади. Жамиятда олим қолмагач, жоҳиллар тахтга чиқади, савол берганларга илмсиз жавоблар берилади, ҳам ўзлари айнийди, ҳам бошқаларни йўлдан оздиради.

* * *
Умматимнинг золимдан қўрқиб, унга “Сен золимсан”, дейишдан тортинганини кўрсангиз қиёматни кутаверинг.

* * *
Қалбида заррача кибр бўлган инсон жаннатга кирмайди.

* * *
Пора олувчи ҳам, берувчи ҳам малъундир.

* * *
Сархуш қилувчи нарсанинг ози ҳам ҳаромдир.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадим:
– Баъзи кофирлар учун жаноза ўқилмоқда, у ерда бизнинг туришимиз жоизми? Аллоҳ Расули марҳамат қилдилар:
– Албатта турингиз, сиз майитга эмас, жонлар қўлида бўлган Зотга таъзим қилиш учун турасиз.

* * *
Намозда бардавом бўлганларнинг намози қиёмат куни уларга нур, ҳужжат ва қутилиш бўлади. Унда давом этмаганлар нурсиз, ҳужжатсиз ва ёрдамсиз қолади.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўрашди:
– Амалларнинг қай бири хайрли?
Шундай марҳамат қилдилар:
– Таомлантирмоқ, таниган танимаганига салом бермоқ.

* * *
Жамоат намозига бораётган одамнинг ҳар қадамида гуноҳлари тўкилиб бораверади ва шунинг баробарида ҳар қадамига биттадан яхшилик ёзилади.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай дуо қилардилар:
– Ё Роббий! Қарзнинг ғолиб келишидан, душманнинг ғолиб келишидан ва душманнинг севинишидан Сенга сиғинаман.

* * *
Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган меҳмонини сийласин. Аллоҳга ва охиратга ишонган қўшнисини ҳурмат қилсин. Аллоҳга ва охиратга ишонган ё яхши сўз айтсин ёки сукут сақласин.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар:
– Жаннатга олиб борувчи амал нима? Шундай марҳамат қилдилар:
– Тўғрилик. Инсон тўғри бўлса итоатли бўлади, итоатли бўлган мўмин бўлади, мўмин эса жаннатга киради.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар:
– Жаҳаннам аҳлининг амали нима? Шундай марҳамат қилдилар:
– Ёлғон! Инсон ёлғон гапирса фосиқ бўлади, фосиқ эса кофир бўлади, кофирнинг жойи  Жаҳаннам бўлади.

* * *
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида эдим.
– Ғариблар қандай бахтли! – дедилар.
– Улар кимлар? – деб сўрадик. Марҳамат қилдилар:
– Улар кўплаб ёмонлар орасида қолган озгина яхши одамлардир. Уларни тингламайдиганлар тинглайдиганлардан кўра кўпдир.

* * *
Агар тўрт сифат сенда бўлса, дунёда ҳеч нарсага эришмаган бўлсанг-да зарар кўрмайсан. Булар: Омонатни асраш, рост сўзлаш, гўзал феъл ва иффат.

* * *
Таомланинглар, ичинглар, садақа беринглар, исрофсиз ва камтарона кийининглар, зеъро Аллоҳ қулларига берган неъматларини уларда кўришни истайди.

* * *
Бизга қарши қурол кўтарган биздан эмас.

* * *
Кичикларимизни иззат қилмаган, буюкларимизни ҳурмат қилмаган бизлардан эмас.

* * *
Қиёмат куни менга энг яқин ва суюкли бўлганингиз ким эканини сизларга хабар берайми? Хулқи гўзал бўлганингиздир.

* * *
Зиммат аҳли (мусулмонлар яшайдиган ўлкаларда истиқомат қилувчи яҳудий ва насронинйлар) дан бирортасини ўлдирган одам жаннат ифорини ҳам хидламайди, зеро жаннат хиди қирқ йиллик масофадан ҳам келиб туради.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга буюрдилар:
– Сени кундузларингни рўза, кечаларингни намоз билан ўтказасан, – деб эшитдим. Бундай қилма. Чунки танангни сенда ҳаққи бор, кўзларингни сенда хаққи бор, завжангни сенда ҳаққи бор. Ойда уч кун рўза тутиш  билан кифоялан.

* * *
Бир кун бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг олдиларига келиб шундай деди:
– Сизга байъат бериш учун келдим. Ортимдан ота онам зор йиғлаб қолди.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Ортингга қайт, уларни қандай йиғлатиб кетган бўлсанг, шундай кулдир.

* * *
Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига келди ва улардан мушрикларга қарши жанг қилиш учун изн сўради. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўрадилар:
– Ота онанг ҳаётми? У одам: “Ҳа” – деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Ортингга қайт ва уларга ғамхўрлик қил.

* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам жамоатдан сўрадилар:
– Мусулмон деб кимга айтилади, биласизларми?
– Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади.   
– Мусулмон мусулмонларга қўли ва тили билан зарар бермайдиган кимсадир.
– Мўмин ким биласизларми?
– Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади.
– Мўмин барча мўминларнинг моллари ва жонларини ўзиники каби асрайдиган кимсадир.

* * *
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Саъд таҳорат олаётганларини кўриб қолдилар ва шундай дедилар:
– Саъд бу қандай исрофгарчилик? Саъд:
– Ё Расулуллоҳ таҳорат пайти ҳам исрофдан сақланамизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Оқаётган дарё ёнида бўлсангиз ҳам сувни исроф қилишдан сақланинг.

* * *
Бир кеча тушимда бир бармоғимда ёғ, бир бармоғимда асал кўрдим. Иккисини ҳам ялаётган эдим. Эрталаб Аллоҳ Расулига кўрган тушим ҳақида айтдим. Шундай марҳамат қилдилар:
– Сен икки китоб: Қуръонни ҳам, Тавротни ҳам ўқийсан.
Айтганларидек ҳар иккисини ўқидим.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар:
– Ҳижрат недир, эй Аллоҳнинг Расули? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам  шундай жавоб бердилар:
– Ҳижрат яширин ва ошкора барча гуноҳларни тарк этиш, намоз ўқимоқ ва закот бермоқдир. Агар шундай қила олсангиз, қаерда бўлманг муҳожир ҳисобланасиз.

Орқага Олдинга