Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Ислом оламидаги машҳур зотларнинг бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўғлидир. Оналари Қутайла бинти Абдулуззодир. У зот отасининг даъвати билан кичик ёшидан мусулмон бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга оталари Маккадан Мадинага ҳижрат қилаётган чоғларида душмандан бекиниб Савр тоғига яширинадилар. Ўшанда ақлли ва иқтидорли Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу уларга элчилик қиладилар. Яъни, кундузи Маккада қурайшликлар орасида юриб уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақидаги суҳбатларини тинглар, оқшом Савр тоғига келиб уларни бу гаплардан воқиф этардилар. Кечани улар билан ўтказиб, тонг отмасдан Маккага қайтардилар. Албатта, бу хизматлари у зотнинг номини Ислом тарихига муҳрлади.
* * *
Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижратдан сўнг Маккадан Мадинага келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга ҳижратнинг саккизинчи йилида Макка фатҳида қатнашдилар. Отика бинти Зайд ибн Амрга уйландилар.
Макка фатҳидан сўнг Ҳунайн жангида қатнашдилар. Ҳунайндан чекинган Сақиф ва Ҳавозин қабилаларини қўлга олиш учун улар яширинган Тоиф қалъасини қамалга олдилар. Қамал пайти душман тарафдан отилган ўқдан яраландилар. Мадинага яраланган ҳолда қайтдилар.
Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам учун тикилган кийимни етти олтинга сотиб олган эдилар. Сўнгра бу табаррук кийимни ўзига кафанлик учун асради. Жони чиқар пайти:
– Агар бунда бирор хайр бўлганда эди, Расулуллоҳ бу кийимни ўзлари киярдилар, – деб ўзига бу кийимни кафанлик қилдирмадилар. Абу Бакр халифалигининг бошларида, ҳижратнинг ўн биринчи йили, Шаввол ойида Тоифда олган яраси тузалмай вафот этдилар.
* * *
Жаноза намозига оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошчилик қилдилар. Қабрига эса Умар, Талҳа ва укаси Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳумлар қўйдилар. Шу тариқа Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Тоиф шаҳидларидан бирига айланди. Унинг вафотидан бироз муддат ўтгач, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнларига Сақиф қабиласининг етакчилари келишди. Шу пайтда Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ўлимига сабаб бўлган ўқ Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнида эди. Ўқни уларга кўрсатиб сўради:
– Орангизда ушбу ўқни таниганлар борми?
Ажлон ўғилларидан Саъд ибн Убайд шундай деди:
– Бу ўқни ясаган ҳам, отган ҳам менман.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг жавобидан сўнг шундай деди:
– Бу ўқ Абдуллоҳни шаҳид қилган ўқ. Сенинг қўлинг билан унга
шаҳидлик шарбатини ичирган, унинг қўли ила сени ўлдирмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳнинг карами кенг.
Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу асҳоби киромдан бўлиб, илк мусулмонлардан саналади. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо билан онаси бир опа-укадир. Туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ.