loader

Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу

Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳудайбия сулҳидан сўнг Исломнинг бутун дунёга ёйилиши ва инсонларнинг жаҳаннам оташидан қутулиб, абадий саодатга эришишини истаб ҳукмдорларга элчилар юборишни мақсад қилдилар. Шу боисдан бир куни саҳобаларига юзландилар:
– Ораларингиздан баъзиларингизни ўзга юрт ҳукмдорлари ҳузурига элчи қилиб юбормоқчиман. Бани Исроил ўз пайғамбарларига қарши ҳаракат қилганидек сиз ҳам менга қарши ҳаракат қила кўрманг!
Саҳобалар жавоб бердилар:
– Ё Расулуллоҳ! Биз ҳеч қачон сизнинг истагингизга қарши бормаймиз. Сиз бизга истаганингизни буюринг ва истаган жойингизга юборинг!    
    Шундан сўнг Исломга даъват қилиш учун олтита мамлакатга олти нафар саҳоба мактуб билан жўнатилди. Ушбу олти саҳобадан бири Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотни Кисро, яъни, Эрон шоҳига юборган эдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳуга мактубни Кисрога беришдан аввал, Баҳрайн ҳокимига кўрсатишни буюрдилар. Кисрога ёзилган мактубда шундай дейилган эди:
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан, Форсларнинг шоҳи Кисрога! Ҳидоятга кир, тўғри йўлни тутганларга, Аллоҳга ва Расулига иймон келтирганларга, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ ва маъбуд йўқлигига, Унинг тенги ва шериги йўқлигига ва Муҳаммад Унинг қули ва Расули эканига шаҳодат келтирганларга салом бўлсин. Мен сени Аллоҳга иймон келтиришга даъват қиламан. Чунки мен қалблари тирик ва ақли жойида бўлганларни уйғотиш, кофирларга буюк азоб борлиги ҳақида огоҳлантириш учун Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган пайғамбариман. Шундай экан, мусулмон бўлиб, саломатликни танла. Даъватимдан юз ўгирсанг барча мажусийлар гуноҳи сенинг бўйнингда бўлади”.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг Эрон шоҳига йўллаган ушбу мактубининг асл нусхаси 1962 йил ноябрь ойи охирида Суриядан топилди. Терига битилган ушбу муборак мактуб яшил бир матога ёпиштирилган бўлиб, вақт ўтгач, эскирган, бўйи 28 см, эни 21,5 см.ни ташкил қилади.

* * *
Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мактубини Кисрога элтиш учун Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Саваъга мурожаат қилдилар. У эса Хузайфа розияллоҳу анҳуни Кисронинг ҳузуригага олиб борди. Абдуллоҳ ибн Хузайфанинг маълумотига кўра, Кисро қасрига бориб, унинг ҳузурига киришга изн сўраганлар. Кисро у зотга кириш учун изн берган.
Кисро мулозимларига мактубни элчидан олишларини буюрди. Хузайфа розияллоҳу анҳу бунга унамадилар ва шундай дедилар:
– Уни Расулуллоҳнинг амрлари ила сенга ўзим бераман.
Кисро шундан сўнг элчига ёнига келишини буюрди. Абдуллоҳ ибн
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Кисро ёнига келиб мактубни узатдилар. Кисро мактубни ўқитиш учун котибини чақирди. “Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Форсларнинг шоҳи Кисрога...” деб бошланган жумлаларни ўқигач, Кисро мактубда ўз исмининг ортда келганидан дарғазаб бўлиб, бақира бошлади. Бунга жавобан Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Эй, форслар! Сизлар ер юзининг фақатгина ўзингизга тегишли ҳудудигагина ҳоким бўлиб, Пайғамбарсиз ва китобсиз саноқли кунларингизни кечираяпсиз ва тушдаги каби яшаяпсиз. Ҳолбуки, ер юзининг сиз ҳоким бўлмаган чегаралари ҳам мавжуд.
Эй, Кисро! Сендан аввал ҳам қанчадан-қанча ҳукмдорлар яшаб ўтган. Улардан охиратни мақсад қилганлари бу дунёдан ҳам насибаларини олганлар, бироқ бу дунё учун яшаганлари охиратдан бенасиб қолганлар. Биз келтирган мактубни сен ҳозир назарга илмаяпсан, бироқ мана шу сен менсимаган нарса бир кун сенга шундай офат олиб келадики, сен ундан беркинишга жой топа олмайсан.
Кисро эса пинагини ҳам бузмай, ғурурланиб деди:
– Буларга қара, менинг қул ва хизматкорларим сони чексиз. Мулк ва салтанат меникидир! Бу хусусда мен на енгилишдан, на менга бирор шерик чиқишидан қўрқаман. Фиръавн Бани Исроил қавмига ҳоким бўлган эди. Сизлар улардан кўра қудратли эмассизлар. Сизларга ҳукмдорлик қилишим учун менга нима тўсқинлик қилади? Мен Фиръавндан ҳам буюкман!
Кисро мактубнинг қолганини ўқимасдан йиртиб ташлади ва Пайғамбар алайҳиссалом элчисини кўчага улоқтиришларини буюрди. Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳуни кўчага олиб чиқиб ташладилар. Шундан сўнг Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ортга қайтаркан, ўз-ўзига шундай дедилар:
– Валлоҳи, мен учун икки йўлдан қай бири бўлса ҳам ғам чекмайман.
Асосийси, мен ўз вазифамни адо этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг буйруқларини бажардим.
Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳулари Мадинага қайтиб бўлган воқеани Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга айтдилар. Кисронинг ғазаб билан муборак мактубларини йиртганини эшитгач, Пайғмбар алайҳиссалом шундай дедилар:
– Тор-мор бўлсинлар! У менинг мактубимни йиртди. Аллоҳ эса уларнинг мол-мулки ва салтанатини вайрон қилсин! У ўз қўллари билан ўз салтанатини вайрон қилибди. Эй Аллоҳим! Унинг мулки ва салтанатини вайрон қил!
Аллоҳ таоло Расулининг дуосини қабул қилди. Кисронинг ўз ўғли бир кеча ҳанжар билан отасининг танасини тилка пора қилди. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида эса Эрон ҳудуди Ислом лашкарлари томонидан забт этилиб, мусулмонлар қўлига ўтди.

* * *
Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Византияда бўлган жангда бир қанча мусулмонлар билан бирга душман томонидан асирга олиндилар. Византияликлар қўлларига олган асирларга насронийлик динига киришни таклиф этар, агар асир динни қабул қилса озод қилар, рад этса турли қийноқлар билан ўлдирар эдилар.  
Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу илгари бу ҳудудга элчи бўлиб келганликлари учун асирлар орасидан Қирол унга алоҳида эътибор қаратиб, насронийликни қабул қилишлари учун турли хил таклифлар юборди.  Бироқ Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу бу таклифларнинг ҳеч бирига қулоқ солмас, тилида фақатгина калимаи шаҳодатни такрорлардилар. Қирол эса ҳамон умид узмаган эди. Пайғамбарнинг яқин инсонларидан бири насронийликни қабул қилса, бу ҳол мусулмонларни қўрқувга солар ва насронийлар олами учун катта муваффақиятга эришиш ҳисобланарди. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳуга мулкининг ярмини бериш, вазир қилиш ва шу каби янги-янги таклифлар кун сайин кўпайиб борарди. Ҳукмдор охири шундай таклиф билан чиқди:
– Насронийликни қабул қилсанг, қизимни сенга бераман ва салтанатимга шерик қиламан.
Илк мусулмонлардан бўлган, Маккадаги мушрикларнинг қанчадан-қанча тазйиқларига дош берган Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу душманга шундай деб жавоб қайтардилар:
– Нафақат Византия ерларини, араб, ажам тупроқларини берсанг ҳам
динимдан бир сонияга ҳам воз кечмайман.
Ҳукмдор Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳуга пўписа қилди:
– У ҳолда ўлдириласан!
– Бунга кучингиз етиши мумкин, аммо иймонимни қалбимдан чиқара
олмайсиз.
Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳудан кутганларини ололмаган византияликлар уларни қўрқитиш мақсадида нишонга қўйиб оёқ-қўлларига яқин жойларга ўқ ёғдирдилар. Бу орада ҳукмдор ҳамон ўз таклифида давом этарди.  
Шу пайт қайнаб турган катта қозонга ташлаш учун насронийликни рад этган бошқа мусулмон биродарини олиб келдилар ва мусулмонларнинг кўз олдида қайнаган сувга ташладилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам ушбу аянчли манзарага гувоҳ бўлишди. Кейин эса қозоннинг ёнига Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келтирилди. Шу аснода Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қозондаги қайнаётган сувга қараб йиғлай бошладилар.  Ҳукмдор Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг йиғисини қўрқувга йўйди ва насронийликни қабул қилишни қайта таклиф қилди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эса яна таклифни рад этдилар. Бундан ҳайратланган ҳукмдор сўради:
– У ҳолда нега йиғлаяпсан?
– Мен қўрққаним учун йиғламадим. Биз мусулмонлар Аллоҳ йўлида ўлишдан қўрқмаймиз. Йиғлашимнинг сабаби шу: қани энди бошимдаги сочларимнинг ададича жоним бўлсаю, уларнинг ҳар бирини Аллоҳ йўлида фидо этсам. Мана шу ўй-хаёллар мени йиғлашга мажбур қилди.
Мусулмонлар ҳар қанча ўрнак олса арзийдиган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг сўзларига лол қолган ҳукмдор янги таклиф билдирди:
– Бошимдан ўпсанг, сени озод қиламан.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эса бу таклифга мусулмон биродарларининг барчаларини озод қилган тақдирдагина рози бўлишини айтдилар.  Шоҳ таклифга рози бўлди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу унинг бошидан ўпиш учун бораркан, шундай хаёл қилардилар: “Бу одам Аллоҳнинг душманларидан бири эканини яхши биламан, бироқ унинг бошидан мусулмон биродарларимни озод қилиш учун ўпаман”.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шу тариқа саксонта мусулмон асирнинг озод қилинишига сабаб бўлдилар. Уларнинг кучли иймони, Ислом йўлидаги фидокорлиги қанчалаб мусулмонларнинг иймонини қутқариши учун ўрнак бўлди.
Асирлар билан Мадинага қайтган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни Умар розияллоҳу анҳу қарши олдилар. Бўлиб ўтган воқеани эшитиб, шундай дедилар:
– Абдуллоҳ ҳукмдорнинг бошидан ўпиб саксонта мусулмоннинг озод қилинишига сабаб бўлибди.  Шундай экан, Абдуллоҳнинг бошидан ўпиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Унинг бошини биринчи бўлиб мен ўпаман, – дедилар ва бошларидан ўпиб қўйдилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу илк иймон келтирганлардан эдилар. Мусулмон бўлгач, маккалик мушрикларнинг тазийқлари остида қолдилар. Икки марта Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Бадр жангидан сўнг Мадинага келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга барча жангларда қатнашган Абдуллоҳ ибн Хазайфа розияллоҳу анҳу бир сафар эллик кишилик лашкарга қўмондон бўлиш вазифасини ҳам бажардилар.
Абдуллоҳ ибн Хузайфа розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Мисрда вафот этдилар.

Орқага Олдинга