loader
Foto

Қалбдаги қониқиш, илҳом ва тақлиднинг динлар ҳақида билим манбалари бўлолмаслиги

Юқоридаги асосларга кўра, сезгилар, хабарлар ва ақлнинг билим манбалари эканлиги исботлангач, айтамизки, динларнинг тўғрилигини ё нотўғрилигини кўрсатадиган ушбу нарсалардан бошқа сабаб йўқ.

Айрим кишилар: «Инсон қалбида бирор нарса бўйича қониқиш ҳосил бўлса, уни маҳкам ушлаши лозим», дейдилар. Бу амримаҳолдир. Чунки динларнинг кўп эканлиги маълум ва уларнинг бир-бирига зид эканлиги ҳам аниқ. Ҳар бир киши ўз динининг яхши эканлиги ва ўзга диннинг ёмон эканлиги ҳақида қониқиш ҳосил бўлганини даъво қилади. Бу бирор нарсани ўзига дин қилиб олган ҳар бир кишини ўша нарсадан қалбида қониқиш ҳосил бўлгани учун тўғри дин шу, деган хулосага олиб келади. Бунга кўра, оламнинг пайдо бўлганлиги ва унинг қадимий эканлиги, Яратувчининг борлиги ва Уни инкор этиш Уни ёлғиз деб билиш ва Уни иккита деб билиш, Яратувчининг сифатларини бор деб билиш ва у сифатларни инкор этиш тўғри бўлиб қолади. Ваҳоланки, бу амримаҳол (бўлиши мумкин эмас)дир.

Шунингдек, эътиқод қилган кишининг қалбида қаноат ҳосил бўлгани учун ҳар бир дин ҳақ бўлиши, эътиқод қилмаган ва бошқасига ишонган кишининг қалбида қаноат ҳосил бўлмагани учун ботил бўлиши лозим бўлиб қолади. Бу фикр нотўғрилиги мажнунларга ҳам маълум нарса. Аллоҳ муваффақ қилувчидир.

Айрим кишилар: «Илҳом динлар ва мазҳабларнинг тўғрилигини аниқлашда билим манбаидир», дейдилар. Бу ҳам қаноат ҳосил бўлиши кабидир. Чунки ҳар ким ўз гапининг тўғри эканлиги ва рақибининг мазҳаби нотўғрилиги илҳом қилинганини даъво қилиши мумкин. Бу эса исботлаб берганимиздек, қарама-қарши динларнинг тўғри эканлигини ва ҳар бир диннинг тўғри ё нотўгри эканлигини тасдиқлашга олиб келади.

Улардан: «Менга илҳом диннинг тўғрилигини билиш воситаси эканлиги фосиддир», деган гап илҳом қилинди. Менинг бу илҳомим тўғрими ёки нотўғрими?» деб сўралади. Агар: «Тўғри» деса, «Илҳом динлар ва мазҳабларнинг тўғрилигини билиш воситаси», деган гапнинг нотўғри гап эканлигини тан олган бўлади. Агар «илҳоминг нотўғри» деса, айрим илҳомлар нотўғри бўлишини тан олган бўлади. Илҳомнинг бир қисми тўғри, бир қисми нотўғри бўладиган бўлса, тўғрилигини тасдиқлайдиган далил бўлмагунича, умуман, илҳомнинг барчасини тўғри деб ҳукм қилиш мумкин бўлмайди. Шунга кўра, асос илҳом эмас, балки далил бўлади. Аллоҳ муваффақ қилувчидир.

Шу шаклда айрим уламолар муътазиланинг «Ҳар бир мужтаҳид ҳақиқатни топган бўлади» деган гапларига қарши: «Мен ижтиҳод қилган эдим, ижтиҳодим «Мужтаҳид янглишади ва тўғрини топади», деган хулосага келишди. Муътазилийларга: «Мен ушбу ижтиҳодимда тўғри топдимми ёки янглишдимми? Бунда агар «Янглишдинг», десанг, ижтиҳоднинг бир қисми нотўғри бўлишини тан олган бўласан ва сенинг «Ҳар бир мужтаҳид ҳақиқатни топади», деган гапинг бекор бўлади. Агар «Ижтиҳодингда ҳақиқатни топдинг» десанг, «Мужтаҳидлар ҳақиқатни топади ва янглишади ҳам», деган кишиларнинг гапини тасдиқлаган бўласан», дейилади. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Шунингдек, тақлид ҳам динларнинг тўғрилигини билиш воситаси бўла олмайди. Чунки айтиб ўтганимиздек, динлар бир-бирини инкор қилгани сабабли, ҳар бир диндор тақлид қилиши мумкин эмас. Агар дин вакили бирор динга тақлид қилса, ундан ушбу ихтиёри ва унинг бошқа динлардан устунлик жиҳати ҳақида сўралади. Агар далил келтира олмаса, ихтиёри (ҳақидаги гапи) бекор бўлади. Агар далил келтирса, тақлид қилгани (ҳақидаги гапи) ёлғон бўлади ва бунга (динни танлашдаги) асоси далил бўлади.

Ундан: «Тақлидни инкор этган кишига тақлид қилиб, ўзинг тақлидни инкор этмадингми?» деб сўралади. У қайси шаклда жавоб берса ҳам, тақлидни инкор этади.

Шунингдек, тақлидда кўпгина даъволардан бошқа нарса юзага келмайди. Чунки агар унга «Нима учун ўз динингни тўғри дединг?» деб савол берилса, у: «Чунки фалончи унга ишонар эди», деб жавоб беради. Унга: «Нима учун фалончининг дини тўғри эди деб айтдинг?» деган савол берилади.

Шу шаклда учинчи, тўртинчи ва чексиз (одам ҳақида) савол берилаверади. Тақлид қилинган кишининг исми кўпайиб борган сайин, даъволар ҳам кўпайиб бораверади. Даъво эса бировнинг даъвоси билан эмас, балки ҳужжат билан тан олиниши мумкин.

Шу билан умумийликнинг ўзини васф-нинг иллат васфи эканлигини кўрсатади, деб биладиган кишиларнинг гапи бекор бўлади. Чунки ҳукм мавжуд бўлган ҳар бир объектда бу васф ҳам мавжуд бўлади.

Ундан: «Нима учун «Ҳукм ушбу иллат сабабли юзага келади», дединг?» деб сўралади. Қачон ҳукм ва васф объектлари кўпроқ бўлса, даъволар ҳам кўп бўлади.

Фақат ўзи тақлид қилган кишининг дини тўғри эканлигига ҳужжат-далил келтирса, бундан мустасно. Агар ушбу далил унинг ўзида мавжуд бўлса, унинг гапи тўғри бўлади. Лекин мазҳабни фалончидан олганини баён қилишига ҳожат йўқ. Аллоҳни ёлғиз деб биладиган кишидан дини тўғрилиги ҳақида сўралганида буни устозидан олга-нини айтса ҳам, шундай. Агар унга: «Нима учун устозингнинг дини ҳақ эканлигини айтдинг?» деб савол берилганда у Яратув-чининг ягона эканлигига далил келтирса, устозининг дини тўғри эканлиги, яна ушбу далил иккаласининг ҳам динида мавжуд бўлгани боис унинг дини ҳам тўғри эканлиги аниқ бўлади.

Агар ушбу далил унинг ўзида мавжуд бўлмаса, ўзи тақлид қилган кишининг дини тўғри эканлиги аниқ бўлади. Аммо бу билан то ушбу дин ўзи тақлид қилган киши динининг айнан ўзи эканлигини очиқламагунича, унинг дини ҳам тўгри эканлиги аниқланмаган бўлади. Бунга шундай мисол келтириш мумкин: бир мусулмон кишидан ўз динининг тўғри эканлигига далил сўралса, у: «Диним тўғрилигининг далили шуки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу динга эътиқод қилар эди», деб жавоб беради. Унга: «Нима учун «У зотнинг дини ҳақ», дединг?» деб савол берилса, у: «Чунки у зотнинг расул эканлигига мўъжизалар келтирган. Мўъжизалар у кишидан содир бўлгани исботлангач, далил келгани боис, Расул Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дини тўғри экан деб, хулоса қилинади», дейди. Аммо ушбу далил муқаллиднинг ўзида мавжуд эмас. Зеро, унинг қўлидан мўъжиза содир бўлмаган.

Агар рақиб у эътиқод қилган нарсалар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътиқод қилган нарсаларнинг айнан ўзи эканлигини тан олса, ушбу диннинг тўғри эканлиги аниқ бўлади. Аммо рақиб буни инкор этиб, «Тўғри, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дини мўъжизалар келгани боис тўғри дин эди. Аммо сен нима учун айтган гапингни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган гап деяпсан?» деса, бу ҳолда далил билан эътиқоди ушбу диннинг айнан ўзи эканлигини исботлаш лозим бўлади. Агар далил келтира олса, эътиқоди тўғрилиги маълум бўлади. Акс ҳолда, тўғри бўлмайди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Абу Муин Насафийнинг

"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан

Убайдулла Уватов таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР