Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу илк мусулмон бўлган саҳобалардан бўлиб, муҳаддис, фиқҳ илмининг устаси ва муфассир эдилар. Исмлари Абдуллоҳ, кунялари эса Абдураҳмондир. Оталари Масъуд, оналарининг исми Умму Абд. Оталари ҳақида деярли маълумот учрамайди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Маккадан эдилар. Кичиклигида Уқба ибн Абу Муайтнинг қўйларига чўпонлик қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан илк учрашган ва танишган онларини шундай ёдга оладилар:
– Мен Уқба ибн Абу Муайтнинг қўйларини боқиб юрган эдим. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир Абу Бакрни кўриб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам мендан сут сўрадилар. Мен қўйларнинг менга омонат эканини, уларга чўпонлик қилиш зиммамда эканини айтдим. Кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Болаламаган ва ҳеч қачон сут бермаган бирор қўйинг бўлса менга кўрсат! – дедилар. Мен қўчқор кўрмаган бир қўйни кўрсатдим. Шунда у зот муборак қўллари ила ана шу қўйнинг елинидан тутиб соғишни бошладилар. Ҳеч қачон болаламаган, сути йўқ қўйдан сут соғиб олдилар ва Абу Бакрга узатдилар. Абу Бакр сутни олиб ичди ва Расулуллоҳга қайтариб берди. Пайғамбар алайҳиссалом қолган сутни ичиб бўлиб, қўйни тўдасига қўшиб юбордилар.
* * *
Бўлиб ўтган ушбу воқеадан сўнг Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёнларидан айрилмадилар. Исломни қабул қилганларнинг олтинчиси бўлдилар. У зот мусулмон бўлган пайт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳали Арқамнинг уйига кўчиб ўтмаган эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач, нозил қилинган ҳар бир сурани ёдлаб борганлар ва етмишта сурани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларида ўқиганлар. Бу борада у зот билан саҳобалар орасидан ҳеч бири рақобатлаша олмасди. Кейинчалик Қуръон сураларининг барини ёдлашга муваффақ бўлдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломни қабул килган пайтларда мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга ошкора ибодат қила олишмас, бу билан барча мушрикларнинг диққатини тортишдан ва мусулмонлар оз бўлганликлари боис уларга зарар етказишларидан сақланишга мажбур эдилар. Мана шундай оғир вазиятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг жўшқин иймони Каъбада мушриклар олдида Қуръон ўқишга етаклади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва оз сонли асҳоблар бу ишнинг таҳликали эканини, уларни ҳимоясига оладиган обрўли оила йўқлигини, шунинг учун мушриклар бирор зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирдилар. Бироқ у зот Каъбага йўл олар экан, шундай деб хитоб қилдилар:
– Мени уларнинг ёмонлигидан Аллоҳ асрайди!
Айни пайтда Қурайш мушрикларининг катталари тўпланиб, Ҳарамда бир масалани муҳокама қилардилар. Улар мажлис қилиб турган пайтда юксак ва гўзал овоз ила Қуръони каримнинг “Ар-Роҳман” сураси ўқила бошланди:
الرَّحْمَنُ {1} عَلَّمَ الْقُرْآنَ {2} خَلَقَ الْإِنسَانَ {3} عَلَّمَهُ الْبَيَانَ {4}
“Ар-Роҳман. Қуръонни таълим берди. У инсонни яратди. Унга баённи ўргатди” (Ар-Роҳман сураси 1–4).
Бундан ҳайратланган мушриклар бу жасорат соҳибининг ким эканини билиш учун Каъба томон йўналди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бу ишидан ғазабланган Қурайш мушриклари у зотни Исломни тарк эттириш мақсадида қизиган қумга ётқиздилар. Бироқ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мушрикларнинг гап-сўзларига ҳам, қўллаган жазосига ҳам заррача эътибор бермади. Мушриклар бундан бирор иш чиқмаслигини билиб, охири қўйиб юборишга мажбур бўлишди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мушрикларнинг бешафқат ҳаракатидан сўнг хасталандилар, бироқ бу унинг қалбида ёнаётган иймон оташини заррача ҳам сўндирмади. Озгина ўзига келиб олганидан сўнг ушбу жасоратли ишини яна такрорладилар. Бу билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг каломини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўнг илк бор Каъбада баланд овоз ила ўқиб, мушрикларга етказдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудаги кучли иймон ва жасорат мушрикларнинг ғазабини қўзғади. Эндиликда унинг Маккада қолиши жуда хатарли эди. Натижада, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Бироз муддатдан сўнг Ҳабашистондан Мадинага ҳижрат қилиб, Муоз ибн Жабалнинг уйида меҳмон бўлдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу барча жангларда қатнашиб, ҳар бир жангда буюк фидокорликлар кўрсатдилар. Бадр жангида ансорийлардан икки ёш йигит Аллоҳнинг душмани бўлган Абу Жаҳлнинг ким эканини улардан сўраб билдилар ва куфр лашкари қўмондонини бошидан жудо қилдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Уҳуд, Ҳандақ, Ҳудайбия, Ҳайбар жангларида ва Макка фатҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида туриб жанг қилдилар.
Ҳунайн жангида мусулмонлар ортга чекинган аснода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан жилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг бу қаҳрамонлигини тақдирладилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар бир жангга Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш орзуси ила қатнашардилар ва жанг мусулмонлар фойдасига ҳал бўлгачгина енгил тин олардилар.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафотларидан сўнг бироз муддат узлатга чекиндилар. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Сурия томон йўл олди. Умар розияллоҳу анҳу ҳижрий йигирманчи йилда ибн Масъудни Куфа қозилигига тайинладилар. Қозиликдан ташқари, Байт-ул молнинг муҳофазаси билан шуғулланар ва халққа диндан таълим берардилар. Умар розияллоҳу анҳу Куфа халқига юборган мактубларида шундай ёзган эдилар: “Сизга Аммор ибн Ёсирни амир, Абдуллоҳ ибн Масъудни эса диндан таълим берувчи қилиб юбордим ва Байт-ул мол муҳофазасини ҳам унга топширдим. Уларнинг ҳар иккиси Бадр қатнашчиларидир. Уларни эшитинг ва итоат этинг. Абдуллоҳ ибн Масъудни ёнимда олиб қолиш ниятида эдим, бироқ сизни ўзимдан афзалроқ кўрдим”.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд зиммаларига юклатилган вазифани маъсулият билан чиройли тарзда адо этдилар. Куфа турли хил маҳсулотларга бойлиги билан танилган савдо шаҳри эди. Шунинг учун у ернинг Байт-ул моли катта аҳамиятга эга бўлиб, минглаб Ислом лашкарини моддий жиҳатдан қувватлантирар эди. Шу сабаб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг вазифалари ҳар томонлама қийин ва маъсулиятли эди. Аммо бу иш қанчалик қийин бўлмасин, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳуни дунёвий завқ ҳеч қачон чалғита олмасди. Чунки у зот ниҳоятда кучли иймон соҳиби эдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу олтмиш ёшида хасталаниб қолади. Бир кеча тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларни ёнларига чақирадилар. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кўп ўтмай вафоти этадилар.
Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу ҳижрий ўттиз иккинчи йили вафот этдилар. Уларни Зубайр билан ўғли ювиб кафанлашди. Саҳиҳ ривоятларга кўра, жанозага Усмон розияллоҳу анҳунинг шахсан ўзлари бошчилик қилганлар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломга кирган илк кунларидан бошлаб илм билан шуғулландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам улардаги бу хислатни сезиб:
– Сен муаллим бўласан, – деб марҳамат қилган эдилар.
Ҳақиқатан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар онини илм олишга сарф қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг денгиз каби чексиз илмларидан ўрганиш фурсатини ғанимат билдилар.
У зот Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг энг ишонган ва содиқ дўстларидан эдилар. У зотга хизмат қилишни севардилар, баъзан мисвокларини, баъзан асоларини олиб келардилар. Шунга ўхшаш бир қанча хизматларини адо этарди.
Бошқалардан фарқли ўлароқ, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сирдошлари эди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга шу қадар яқин эдиларки, мажлисларига изнсиз кирар, суҳбатлашар ва буйруқларини сўзсиз бажарардилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу илоҳий ваҳийни шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан эшитиб ўрганар эдилар. Шунинг учун Қуръонни энг яхши билувчи ва мукаммал ёд олган зотлардан эди. Барча унинг илмини ва қобилиятини эътироф этарди, асҳоби киром Қуръон илмида у зотнинг бошқалардан устунлигини тан олишарди.
* * *
Абу Аҳвос у ҳақда шундай дейди:
– Кунларнинг бирида Абу Мусо ал-Ашъарийнинг уйида йиғилиб ўтирган эдик. У ерда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг дўстларидан баъзилари Қуръон ўрганар эдилар. Бир киши туриб Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида шундай гаплар айтди:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан кейин илоҳий ваҳийни Абдуллоҳ ибн Масъудчалик яхшироқ биладиган бошқа зот йўқ деган фикрдаман. Абу Мусо уларга жавобан шундай деди:
– У доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бўлар ва биз ҳузурларига кира олмаган пайт у кирар эди.
Амр ибн Оснинг мажлисида қатнашган яна бир саҳоба Масрук уни шундай ёдга олди:
– Абдуллоҳ ибн Амрнинг уйига бориб суҳбатлашиб турардик. Бир кун Абдуллоҳ ибн Масъуддан гап очилди. Шундай бир одам ҳақида гапиряпсизки, мен уни жуда яхши кўраман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
– Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб ва Абу Ҳузайфадан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзларини биринчи бўлиб Абдуллоҳ ибн Масъуддан бошлаган эдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан қандай ўрганган бўлса, бошқаларга ҳам шу тарзда ўргатишга ҳаракат қилардилар. У зотнинг Қуръон бобидаги теран илми тафсир илмининг ривожига ҳам катта ҳисса қўшди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай ҳадис ривоят қилинади:
– Ҳабашистонга ҳижрат қилишимиздан илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга намоз пайти салом берардик, улар ҳам алик олардилар. Ҳабашистондан қайтгач, у зотга шу ҳолда яна салом бердик, бироқ алик олмадилар. Намоздан сўнг бунинг сабабини Расулуллоҳдан сўрадим:
– Аллоҳ таоло намозда гапиришни таъқиқлади, – деб марҳамат қилдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар: “Энг катта гуноҳ нима? Аллоҳга шерик қўшиш, ўз фарзандини ўлдириш, қўшнисининг аёли билан зино қилиш.
Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга қуйидаги ояти карима нозил бўлди:
وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهاً آخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا
يَزْنُونَ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَاماً {68} يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِمُهَاناً {69}
“Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (иймонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар. Қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур” (Фурқон сураси 68–69).
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръонни тафсир қилиш хусусида жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилардилар. Бу ҳақда у зотнинг ўзи шундай дейдилар:
– Масжидда эдим. У ерда Қуръонни ўзининг қараши билан тафсир қилаётган одамни кўрдим ва шу заҳоти кетдим. Бу одам:
فَارْتَقِبْ يَوْمَ تَأْتِي السَّمَاء بِدُخَانٍ مُّبِينٍ {10} يَغْشَى النَّاسَ هَذَا عَذَابٌ أَلِيمٌ {11}
“Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз осмон аниқ тутунни келтирадиган кунни кутинг! У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир” (Духон сураси 10–11).
– оятини тафсир қиларкан, қиёмат куни барчанинг нафасини бўғадиган туман келишини айтарди. Ҳолбуки, инсон ўзи билмаган нарсаси учун “Аллоҳ билгувчироқдир” дейиши унинг илмидан далолат беради.
Ваҳоланки, бу оят эса Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга бор кучлари билан тўсқинлик қилаётган бир пайтда нозил қилинган эди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан ўзларидан ўргангани учун қироатлари мукаммал эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотнинг қироатини қўп мақтардилар.
Бир куни масжидда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу гўзал овоз ила Нисо сурасини ўқиётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо билан бирга келиб қолдилар ва қироатни завқ билан тинглаб бўлгач, шундай дедилар:
– Абдуллоҳ ибн Масъуд нимани сўраса, ижобат бўлсин!
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан сўнг Умар розияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитганларини айтиб, уни қутламоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у зотга:
– Абу Бакр сиздан олдин келиб айтди, – деди. Умар розияллоҳу анҳу эса:
– Аллоҳ Абу Бакрдан рози бўлсин, унинг сенга айтганидан хабарим йўқ эди, – дедилар.
* * *
Ҳақиқатдан ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироати жуда ёқимли эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръоннинг бирор сурасини уларга ўргатсалар, албатта, қайта қироат қилишини сўрар эдилар.
Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай дедилар:
– Биз ахир Қуръонни сиздан ўрганганмиз-ку?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бунга жавобан:
– Ҳа, бироқ мен Қуръонни бошқалардан эшитишни хоҳлайман, – деб жавоб бердилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:
– Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларида Нисо сурасидан оятлар ўқиётган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг кўзлари ёшланди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу саодат асри ҳақида жуда эҳтиёткорлик билан сўзлашга ҳаракат қилардилар. Бу ҳақда Амр ибн Маймуннинг шундай сўзлари бор:
– Абдуллоҳ билан роса бир йил бақамти яшадим. Бу муддат ичида унинг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар” деганини деярли эшитмадим. Агар шундай сўз бошласа вужуди титраб, пешонасидан терлар оқарди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу талаба ва шогирдларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларини ривоят қилаётганларида жуда эҳтиёт бўлишларини такрорлашдан чарчамас, бирор ҳадис келтирганларида, у сўзнинг нубувват ва рисолат шаънига энг лойиқ, умматнинг ҳидоятига энг фойдали ва тақвога энг уйғун бўлганини топиб гапиришлари лозимлигини насиҳат қиларди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан жуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ҳадислари асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан ўрганган фарзларни изоҳловчи ва диний буйруқларнинг осон тушунилишига ёрдам берувчи таълимотлар эди. Саҳиҳ ҳадис китоблари ва муснадларда у зотдан ривоят қилинган ҳадислар сони умумий саккиз юз қирқ саккизтани ташкил этади. Булардан олтмиш тўрттасини Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу фиқҳ илмининг асосчиларидан саналади. Юқорида айтиб ўтилгандек, у зот бутун Куфа халқига қозилик қилганлар. Халққа фиқҳ масалалари ва ижтиҳодларини ўргатган, одамларнинг барча фиқҳий муаммоларни ҳал этиб берганлар.
Ўша пайтларда Ироқдаги барча олимлар у зотни ўзларига устоз деб билардилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан бўлган Алқама ибн Қайс ва Асвад ибн Язидлар фиқҳ илмидаги илму салоҳияти билан донг таратишган. Адуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг илми Нахоийдан Ҳаммод ибн Сулаймонга ўтди, сўнг улардан таълим олиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифадек забардаст фиқҳ олими вужудга келди. Ҳозирда ҳам Ислом оламининг асосий қисми Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг илмидан фойдаланиб келмоқда. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у зотни “Қуръоннинг буюк таржимони” деб атаганлар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Куфада шогирдларига Қуръони карим, ҳадис ва фиқҳ илмидан дарс берардилар. У зотнинг шогирдлари орасида буюк олим сифатида шуҳрат қозонганлар ҳам кўп.
Бир куни Ҳаббоб ибн Арот уларнинг дарсига келиб ёш толибларнинг кўплигидан севинди ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан энг зукко талабаси қайси эканини сўради. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Алқамани кўрсатди. Ҳаббоб Алқама билан бироз сухбат қургач, бунга ўзи ҳам амин бўлди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг талабалари дарсларни зўр иштиёқ билан тинглашарди. Илк шогирдларидан Шақиқ шундай дейди:
– Масжидда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг келишларини интизорлик билан кутардик. Бир куни уларни пойлаб ўтирган эдик Язид ибн Муовия Ан-Наҳоий келиб қолди:
– Истасангиз уйига бораман, агар уйида бўлса олиб келаман – деди ва олиб келди. Абдуллоҳ ибн Масъуд келгач шундай дедилар:
– Мен сизларни безор қилмаслик учун келмагандим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бизга ваъзларини танаффус ила берардилар. Чунки безиб қолишимизни хоҳламасдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу суннатга тўлиқ амал қилардилар. Улар ахлоқни ва яшаш тарзини шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан ўрганган эдилар. Доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бўлар, хизматларини бажарар, оёқ кийимларини тахлар, ювинадиган пайтлари парда тутиб турардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ ибн Масъудга:
– Мен монеълик қиладиган пайтлардан ташқари ҳар доим ёнимга киришинг мумкин, – дердилар. Шу сабаб ҳам уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам хулқлари билан хулқланиши табиий ҳолдир.
* * *
Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Абу Умайр деган дўстининг зиёратига келдилар ва уйида йўқлигини билгач, оиласига салом бериб бир пиёла сув беришларини илтимос қилдилар. Уй бекаси хизматкорни қўшнисиникига сув олиб келгани юборди. Қайтавермагач аёл уни лаънатлади. Буни эшитган Абдуллоҳ ибн Масъуд дарҳол у ердан кетдилар.
Йўлда дўсти Абу Умайрни кўриб қолдилар. Абу Умайр уларга шундай деди:
– Эй Абу Абдураҳмон! Нега ичкарида сув ичиб кутиб ўтирмадинг мени? Ибн Масъуд бунга жавобан:
– Кутиб ўтирган эдим. Бироқ завжангиз уйда сув қолмагани учунми, ёки уйдаги сув етарли бўлмагани учунми хизматкорни қўшнингизникига юборди. У ҳаяллагач ортидан лаънатлади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Лаънат кимга айтилса, унга боради. Агар бунга бирор йўл топа олмаса: “Ё Роббим! Мени фалончига юбордилар, туриб ахтардим, бироқ унга ҳеч қандай йўл топа олмадим. Энди нима қилай?” деб сўрайди. Аллоҳ таоло шундай жавоб беради: “Қаердан келган бўлсанг, ўша ерга қайт”.
Шу сабаб хизматкорнинг узрли сабаби бўлиши мумкинлигини ўйлаб, лаънатнинг ортга қайтишидан қўрқдим. Бунга сабаб бўлишни истамадим.
* * *
Бир куни бир одам вафот этди. Атрофдагилар у одамнинг ҳеч қачон хайрли ишга қўл урмаганини айтдилар. Буни эшитган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тезда бориб қўлидаги ҳамма нарсасини садақа қилиб юбордилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳеч қачон дунёни истамадилар. Доимо охиратни кўзлардилар. Жуда ҳам меҳмондўст эдилар. Куфада яшаган чоғларида уйларидан меҳмон ариган бирор кун бўлмаган.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу намозларини вақтида ўқишга қатъий риоя қилардилар.
Бир куни Куфа масжидида Волид ибн Уқба жамоатни бироз куттирди. Абдуллоҳ ибн Масъуд ўрниларидан туриб жамоат намозини бошлаб юбордилар. Волид бундан хафа бўлиб:
– Мўминлар амиридан буйруқ олдингми ёки бирор бидъат ўйлаб топдингми? – деб пўписа қилган эди, у зот шундай жавоб қайтардилар:
– Мен мўминлар амиридан буйруқ олмадим, бидъат ҳам қилмадим. Фақатгина сени бирор ишинг чиққандир, деб намозни бошладим. Зеро, намознинг кечиктирилишига Аллоҳ рози бўлмайди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу рамазондан бошқа ойларда ҳам рўза тутар, Ашуро кунларини рўза тутиб ўтказардилар. Абдураҳмон ибн Язид бу ҳақда шундай дейди:
– Абдуллоҳ ибн Масъуд кўп кунларини рўза тутиб ўтказарди. Намоз ва рўзадан бошқача завқ оларди.
Улар жуда оддий ҳаёт кечирар, энг оддий таомларни ер эдилар. Шогирди Алқама у зотнинг ҳаёт тарзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳаётларига уйғунлигини айтади.