loader

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу иккинчи ҳалифа бўлмиш Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли ва мўминларнинг онаси Ҳафса онамизнинг туғишган укаларидир. У зот фақиҳ ва муҳаддис саҳобалардан эдилар. Абу Абдураҳмон куняси билан танилган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Зайнаб бинти Мазъун Ал-Жумайҳадир.
Маълумотларга қараганда, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Исломнинг дастлабки йилларида дунёга келган. У зот отаси Умар розияллоҳу анҳу билан бирга кичик ёшидан Исломга кириб, Мадинага ҳижрат қилдилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Ислом жамиятида, Ислом тарбияси ила вояга етдилар. Кичик бўлгани сабаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашишига изн бермадилар. Ёшлари ўн саккизга етгач, Ҳандақ ғазосида ва шундан кейинги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам замонларида бўлиб ўтган барча жангларда қатнашдилар. Макка фатҳида, Муъта жангида, Табук сафарида ва Видо ҳажида ҳам иштирок этдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Ислом давлатининг юзага келишидаги турли хил тушунмовчиликлар ва келиб чиққан можароларга қатнашмадилар. Ўғлининг халифаликка оид бирор ишга тайинлашини тавсия қилганларга жавобан Умар розияллоҳу анҳу шундай жавоб берган эдилар:
– Бир оиладан битта қурбон етади.
Оталаридан сўнг халифаликка тайинланадиган номзодни кўриш учун маслаҳатчи сифатида қатнашди. Умар розияллоҳу анҳу ўғлининг бунга қатнашишини фақатгина унинг халифаликка номзоди қўйилмаслиги учун тавсия қилгандилар. Усмон розияллоҳу анҳу даврида ҳам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу давлат ишида ҳеч қандай вазифа бажармас эдилар.

* * *
Бир куни Усмон розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга қозиликни, яъни мусулмонлар орасидаги ҳуқуқий келишмовчиликларни диний йўл билан бартараф қилишини таклиф этганларида рад этдилар ва Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай ҳадисларини эслатдилар:
– Қозилар уч турли бўлади: биринчиси, жоҳиллар. Уларнинг жойи жаҳаннамдир. Иккинчи тоифа вакиллари олимлардир. Фақат дунёга майллари бор, илм ва амали бир эмас. Булар ҳам жаҳаннамийдир. Учинчи тоифа эса ҳам олим, ҳам дунёга майл қўймаганлардир.
Бу гапни эшитган Усмон розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга шундай деди:
– Бироқ сенинг отанг Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассаллам замонларида қозилик қилар эди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деб жавоб бердилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам замонларида отам бирор муаммоли масалага дуч келсалар, дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга мурожаат қилар ва улардан жавоб олар, агар уларда ҳам жавоб бўлмаса, ваҳий орқали жавоб келарди. Ҳозирда орамизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам йўқ, биз бориб кимга мурожаат қиламиз? Аллоҳнинг ўзи қўлласин!
Шундан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга бошқа сўз айтмадилар. Гарчи у зот давлат ва ҳукумат ишларидан узоқ бўлишларига қарамай, ҳақ йўлида Ислом фатҳларида қатнашдилар. Ҳижратнинг йигирма еттинчи йилида Африкада Тунис, Жазоир ва Марокаш юришларида иштирок этдилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳижратнинг ўттизинчи йили Хуросон ва Табаристон фатҳларида ҳам бўлдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилгач, илми, қаҳрамонлиги ва буюк халифа Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли бўлгани сабаб у зотга халифа бўлишни таклиф қилганларни қатъий рад этдилар. Али розияллоҳу анҳунинг тарафдори бўлдилар. Бироқ ҳеч бир можарога аралашмадилар. Сиффин ҳодисасидан сўнг ҳам халифалик таклифини рад этдилар.

* * *
Ҳаж мавсумида бир одам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуни учига заҳар суртилган ўқ билан оёқларидан яралайди. Тана заҳарланиб, ушбу ҳодиса у зотнинг ўлимига сабаб бўлди. Ҳижратнинг етмиш тўртинчи йили Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу саксон тўрт ёки саксон беш ёшида, баъзи манбаларда айтилишича, саксон олти ёшларида  вафот этадилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Мадинада вафот этишни орзу қилардилар. Чунки охирги пайтларда Маккада вазият яхши эмаслигини сезган эдилар. Шу боис яратганга дуо қилиб:
– Аллоҳим, жонимни Маккада олма, – деб ёлворарди. Ўғли Салимга шундай васият қилган эдилар:
– Агар Маккада жоним узилса, мени Ҳарам ҳудудидан ташқарига дафн қил, ўзинг ҳам у ердан кўчиб кет.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу васиятларидан бир неча кун ўтгач, вафот этдилар. Васиятига кўра дафн этишди. Жанозаларида жуда кўп одам иштирок этди. У зотдан ўн бир ўғил, тўрт қиз қолдилар.
 
* * *
Оиладаги Исломий муҳит ва доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бўлиб, у зотнинг хизматларини қилиш, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг тоза қалбга соҳиб бўлиши билан бирга барча илмларда моҳир бўлишларига ҳам сабаб бўлди.
Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳар бир ишда жуда эҳтиёткор эдилар. У зот учун дунёнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди. Саҳобалар у зотнинг мана шу жиҳатларидан ўрнак олишга интилардилар. Ҳаром ва шубҳали нарсаларга мутлақо яқинлашмас эдилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Қуръони каримнинг тафсири хусусида ҳам етакчилардан эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам асҳоби киромдан Иброҳим сурасининг йигирма тўртинчи оятида:
أَلَمْ تَرَ كَيْفَ ضَرَبَ اللّهُ مَثَلاً كَلِمَةً طَيِّبَةً كَشَجَرةٍ طَيِّبَةٍ أَصْلُهَا ثَابِتٌ وَفَرْعُهَا فِي السَّمَاء

“(Эй инсон!) Аллоҳ пок сўзга (яъни иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! (У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) ўрнашган, шохи эса осмондадир”. (Иброҳим сураси, 24-оят)
– дея келтирилган дарахтнинг қандай дарахт эканини сўрадилар. Бироқ бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмади. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзлари бу дарахтнинг хурмо эканини айтдилар ва барчалари тарқалди.
Йўлда кетаётган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу отасига шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дарахт ҳақида сўраганларида хурмо дарахти хаёлимга келганди.
Шунда Умар розияллоҳу анҳу:
– Хўш, нега унда айтмадинг? – дедилар.
Оқил ўғил бундай жавоб бердилар:
– Расулуллоҳнинг ҳузурларида Абу Бакр ва сиз бор экансиз, гапиришни маъқул топмадим, – деб жавоб қайтардилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳалол ва ҳаромга оид ҳадисларни энг кўп ривоят қилган ровийлардандир. Эшитган ҳар бир ҳадисини хотирасида сақлаш учун ёзиб борардилар. Эҳтиёж туғилмагунича ҳадис ривоят қилмасдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тафсирда бўлгани каби ҳадис илмида ҳам донг таратган саҳобалардан ҳисобланади.
Манбаларда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан икки минг олти юз ўттизта ҳадис ривоят қилинган бўлиб, Бухорий ва Муслимларнинг биргаликдаги ҳадис тўпламларида бир юз олтмиш саккизта ҳадис келтирилган.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сўзларини, феълларини шавқ-завқ ила кузатардилар. Кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хизматларида бўлардилар. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларида бўлмаса, у зот билан суҳбатда бўлганлардан Пайғамбаримизнинг сўзларини сўраб олиб қайд этиб борардилар. Бирор масалада шубҳаланса ёхуд яхши тушунмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига дарҳол борар ва тушунмаганларини сўраб ўрганардилар. Шу тарзда Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сўз ва феълларига оид ҳадисларни тўплаб, ёдлаган эдилар.

* * *
Ҳадиси шарифларнинг уммат орасида ёйилишида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг хизматлари катта. Улар ҳадисни яхши билар ва яхши изоҳлардилар. Билганларини бошқаларга ўргатишдан завқ олардилар. Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг олтмиш йил яшадилар. Умрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларини Ислом уммати орасида ёйиш билан умр кечирдилар. Ҳозирга қадар етиб келган ҳадисларнинг кўп қисми нақл қилиниш тарихи жиҳатдан Абдуллоҳ ибн Умарга бориб тақалади.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Мадинада одамларга ҳадис илмидан дарс берар, бундан ташқари, ҳар ҳаж мавсумида Маккага келган мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларини катта ғайрат билан ўргатардилар. Жуда кўплаб ҳадисларни билса-да, камтарлиги сабаб камдан-кам вазиятларда ривоят қилардилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу муҳаддисликдан ташқари фиқҳ илми соҳиби эдилар. Умрининг кўп қисмини фиқҳ илмига бағишлаганлар. Мадинанинг фиқҳ олимларидан бир қанчаси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг маълумотларидан фойдаланишган. Аҳли суннатнинг тўрт имомидан бири бўлган Имом Молик раҳатуллоҳу алайҳнинг фиқҳи Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг фатволари асосида юзага келган. Агар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг фиқҳдаги фатволари тўпланса, катта бир асар юзага келади.
* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу узоқ умр кўрдилар. Одамларга яхшилик қилишни, садақа беришни, қул озод қилишни жуда севардилар. Соғлом эътиқод эгаси бўлиш билан бирга гўзал аҳлоқли ва яхши хулқли эдилар, ёмонликлардан узоқда юрарди. Барча ишларини Аллоҳ ризолиги учун қилардилар.
Саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейди:
– Умар ва унинг ўғли Абдуллоҳдан бошқа орамизда дунёга майл қўймаган одам йўқ.

* * *
Илмда имомлик даражасига юксалган муҳаддис ва тобеъиннинг буюкларидан бўлган Нофеъ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу туфайли озод қилинган. Нофеъ қул бўлган пайти Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу уни ўн минг дирҳамга сотиб оладилар:
– Сени Аллоҳ розилиги йўлида озод этдим, – дейдилар.

* * *
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қулларнинг ибодат қилаётганларини кўрса дарҳол бориб озод қилардилар.
– Сизни озод қилишингиз учун ёлғондан ибодат қилаётганлар бўлса нима қилардингиз? – деб сўраганларга жавобан:
– Хайр йўлида алданишдан яхши нарса бор эканми, – дер эдилар.

* * *
Имом Нофеъ Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳақида:
– Ҳар доим ўзи дуоларида орзу қилганидек, мингта қул озод қилгач, вафот этди, – дер эди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кўпинча эгнидаги уст-бошини ечиб дуч келган фақирга эҳсон қилардилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг уйларида доим меҳмон бўларди. Оқшом таомини ёлғиз еган ҳолатлари жуда кам бўлган. Уйларида меҳмон бўлмаган кун чиқиб ахтариб топардилар. Ўзлари эса дўстларини уйида уч кундан кўп меҳмон бўлмасдилар.
Уйида эҳтиёжи учун энг зарур бўлган буюмларнигина олиб қолардилар. Жума намозидан олдин ғусл олар, хушбўйликлар сурарди. Ҳар бир намоз учун таҳорат олар ва кечаларини намоз ўқиб ўтказардилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли Ҳолид озод қилган Абу Ғолиб шундай дейди:
– Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Маккага келган пайти бизникида тез тез меҳмон бўларди. Кечалари таҳажжуд намозини ўқирди. Бир кеча бомдод намози яқинлашгач менга келиб:
– Бомдод намозини ўқимайсанми? Қуръоннинг учдан бирини хатм қилсанг етади, – деб айтди.
– Бомдодга оз вақт қолди, Қуръоннинг учдан бирини ўқишга улгурмайман, – дедим. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар:
– Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенгдир, – деб жавоб берди.

* * *
Имом Нофеънинг маълумотига кўра, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мусиқани севмасдилар. Муғанний ва сознинг овози келса, қулоқларини беркитиб олардилар. Бир куни бир одам келиб:
– Абдуллоҳ сени Аллоҳ учун яхши кўраман, – деди. Абдуллоҳ унга жавобан:
– Мен эса Аллоҳ учун сени яхши кўрмайман. Чунки сен азонни қўшиқ айтаётгандек ўқийсан, – деб жавоб бердилар.  

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳдан бошқа ҳеч кимсадан қўрқмасдилар. Ёмонликка қарши доим яхшилик билан жавоб қайтарардилар.
Зайд ибн Аслам шундай ҳикоя қилади:
– Бир одам йўлда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуни ҳақорат қила бошлади. Абдуллоҳ уйининг олдигача лом-мим демай уни сабр билан тинглаб борди ва уйига киришдан олдин шундай деди: Мен ва укам ҳеч қимни ҳақорат қилмаймиз.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу жуда оз таом ердилар. Қаттиқ очлик ҳис қилмагунича таомланмасдилар. Бир куни дўстларидан бири уларга ҳазмни қулайлаштирадиган дори ҳадя қилмоқчи бўлди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу унга шундай жавоб берди:
– Мен ҳеч бир таомдан қорним тўйгунича емайман. Шу сабаб бундай дорига эҳтиёжим бор деб ўйламайман.

* * *
Шу қадар кўзи тўқ одам эдики, ҳеч кимдан бирор нарса сўрамасдилар. Барча уларнинг хизматида бўлишни истар, бироқ улар буни қабул қилмасди.
Бир куни бир дўсти мол-мулкининг бир қисмини Абдуллоҳ ибн Умарга хадя қилади ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳадяни қабул қиларкан:
– Бизга хадя қилинган нарсаларни биз ҳам хадя қиламиз, Ҳақ йўлида тарқатамиз, – деб барча фақирларга тарқатиб берган эди.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг яшаш тарзлари жуда оддий эди. Бир ўтиришда минглаб дирҳамларни тарқатган ушбу одамнинг уйларида шолча ва ётоқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Уйидаги барча ашёлар қиймати юз дирҳамга ҳам етмасди. Жума кунларидан ташқари хушбўй суртмас ва яхши кийим киймасди. Бир куни жума намозидан кейин сафарга кетадиган бўлиб қолди, шунда уйига бориб кийимларини эскисига алмаштириб сафарга отланди.
* * *
Абу Салама Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳақида шундай дейди:
– Абдуллоҳ ибн Умар вафот этди. У фазилатда отаси Умарга жуда ўхшарди. Отаси Умар ўзига ўхшаганлар кўп бўлган даврда яшаган эди, бироқ Абдуллоҳ ўзига ўхшаган бирор кимса бўлмаган пайтда яшади.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган баъзи ҳадислар:
Банда агар Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаса, Аллоҳ таоло унинг бошига бошқа бирор нарсани бало қилмайди.

* * *
Насиҳат сифатида ўлимнинг ўзи кифоя қилади.

* * *
Истаганингни е, истаганингни кий. Одамзотни янглиш йўлга бошловчи нарса исроф ва кибрдир.

* * *
Соғлом пайтинг хасталигинг ва тирик пайтинг ўлиминг учун чора кўр.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай буюради:
– Эй инсон, тананг билан дунёда бўл, қалбинг ила охиратни топ.
– Ҳикмат шудир: тўққизи сукут, бири эса оз сўзлаш.
– Ҳаромдан қочилмагунча, ибодатлар қабул қилинмайди.

Орқага Олдинга