loader

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Ақоба кунида Исломга кирган шоир саҳоба ҳисобланадилар. Насаблари Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба ибн Умри-ул Қайс ибн Амрдир. Кунялари Абу Муҳаммад, унвонлари “Шоири Расулуллоҳ”дир. Оталари Равоҳа, оналари эса Кабшадир.
Буюк саҳобалардан ва Ансорнинг илк мусулмонларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Мадинада туғилганлар. Ҳазраж қабиласига мансуб бўлиб, туғилган санаси аниқ эмас. Ақобанинг иккинчи кунида мусулмон бўлиб, қабиласининг номидан вакил сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга байъат қилганлар. Ҳижрат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни ўз уйларида меҳмон қилдилар. Муҳожирлардан Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу билан қардошлик ришталарини боғладилар. Шу билан бирга улар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг котибларидан эди.

* * *
Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ва Ҳайбар жангларида қатнашдилар. Ҳудайбия жанги ва Умрат-ул Қазо сафарларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бўлдилар. Бадр жангидаги зафар муждасини Зайд ибн Ҳориса билан бирга Мадинадагиларга етказишди. Бадр-ул Мовид ғазосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг буйруқлари билан уларнинг ўрниларига Мадинадаги мусулмонларга бош бўлиб қолдилар. Ҳижратнинг олтинчи йили уч кишилик лашкарга бош бўлиб, Ҳайбарга йўл олдилар. У ерда уч кун қолдилар. Ортга қайтганида бўлиб ўтган барча воқеаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга сўзлаб бердилар.

* * *
Ўша йилнинг шаввол ойида Ҳайбарга қайта элчи қилиб юборилди. Ўттиз кишилик лашкарга бош бўлиб Ҳайбарга бордилар. Усайр ибн Зарим билан кўришдилар. Усайрга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уни Ҳайбарга ҳоким қилмоқчи эканини ва ҳузурларига чақиртирганини ҳамда унга атаб қўйган ҳадялари борлигини айтдилар. Усайрга бу таклиф ёқиб тушди. Ёнидаги ўттиз одам билан йўлга отланди.
Йўлда саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳуга ташланиб уни ўлдирмоқчи бўлди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу бу ишни аҳдга вафосизлик эканини айтиб огоҳлантирдилар. Усайр яна шу ишни такрорлаб, Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳунинг қиличига ташланди. Шундан сўнг яҳудийлардан йигирма тўққиз киши қиличдан ўтказилди ва биттаси қочиб қутилди.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Басра амирига юборган элчилари Шом ҳукмдори Шураҳбил томонидан ўлдирилгани сабаб ҳижратнинг саккизинчи йили қўшин ҳозирланди. Бу қўшиннинг йўлга чиқиши олдидан Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларга шундай буюрдилар:
– Жангга кетаётган қўшинга Зайд ибн Ҳорисани қўмондон қилиб тайинлайман. Зайд ибн Ҳориса ўлдирилса, унинг ўрнига Жаъфар ибн Абу Толиб бўлсин, Жаъфар ибн Абу Толибга  ҳам бирор нима бўлса, унинг ўрнига Абдуллоҳ ибн Равоҳа қўмондон бўлсин. Агар Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳам  ўлдирилса, мусулмонлар ораларидан бирортасини қўмондон қилиб сайланглар.

* * *
Мусулмонлар бир муддат тараддудланиб қолдилар. Душман қўшинининг кучи ва сон жиҳатдан кўплиги мусулмонларни қўрқувга солди. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бунга чора кўриш мақсадида кенгаш билан маслаҳатлашдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу душма лашкарига ён томондан ҳужум қилиш кераклигини айтди. Мусулмонлар жангдаги ҳолатларини ўзгартирдилар ва уруш бошланди.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу танаси ўқлар билан илма тешик бўлгунга қадар жанг қилиб ва шаҳид бўлдилар. Байроқни Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдилар. Улар ҳам курашиб шаҳид бўлдилар. Жаъфардан сўнг туғни Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу олдилар ва бир ўқ туфайли у зот ҳам шаҳид бўлдилар.

* * *
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
– Муто шаҳидлари Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳаларнинг шаҳид бўлгани тўғрисидаги хабар келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам масжидда эдилар. Муборак юзларида маҳзунлик ва қайғу кўринарди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига бир одам келиб, Жаъфар ибн Абу Толибнинг аёллари фарёд қилаётганларини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам аёлларни товуш чиқармай йиғлашларини буюрдилар. Бу уларга етказилди, бироқ аёллар итоат қилмадилар. Ўша одам қайта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига келиб уларнинг қулоқ солмаётганларини айтди. Учинчи марта келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Бор, уларнинг оғизлари ва юзларига тупроқ соч! – дедилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Муътага кетаётганларида уйланган, бироқ ҳали фарзанд кўрмаган эдилар. Улар кучли нотиқ ва буюк шоир эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни мазах қилиб шеър ёзган кофирларга жавобан уларни шарманда этувчи гўзал шеърлар ёздилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Каъб ибн Молик ва Ҳасан ибн Собит розияллоҳу анҳумлар мусулмонларнинг шоирлари эди. Илк Исломий шеърларни улар ёзганлар. Бу шоирлар тўғрисида  Шуаро сурасида шундай дейилади:
وَالشُّعَرَاء يَتَّبِعُهُمُ الْغَاوُونَ {224} أَلَمْ تَرَ أَنَّهُمْ فِي كُلِّ وَادٍ يَهِيمُونَ {225} وَأَنَّهُمْ
يَقُولُونَ مَا لَا يَفْعَلُونَ {226} إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَذَكَرُوا اللَّهَ كَثِيراً وَانتَصَرُوا مِن
بَعْدِ مَا ظُلِمُوا وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ {227}
    
“Шоирларга йўлдан озганлар эргашурлар. Уларнинг ҳар водийда (мавзуда) дайдишларини кўрмадингизми? Ўзлари қилмайдиган нарсаларни гапиришларини ҳам? Аммо иймон келтирган ва эзгу ишларни қилган ҳамда доим Аллоҳни ёд этган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом равнақ топгач) ғолиб бўлган кишилар (мустаснодирлар). Зулм қилганлар эса, яқинда қандай оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар” (Шуаро сураси 224–227).
* * *
Аллоҳни энг кўп зикр қилувчи шоир саҳобалар юқорида номи зикр этилган уч кишидир. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу мушрикларнинг куфрини юзларига урувчи шеърлар ёзардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг шеърларини шундай мақтардилар:
– Қурайш мушрикларига ўқ ёғдиргандан кўра таъсирлироқ.

* * *
Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Муъта ғазосига йўл оларкан кўзлари ёшли эди. Йиғлашининг сабабини сўраганларга шундай деб жавоб бердилар:
– Менинг дунёга нисбатан севгим, сизларга нисбатан ортиқча орзуйим йўқ. Бироқ мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан:
وَإِن مِّنكُمْ إِلَّا وَارِدُهَا كَانَ عَلَى رَبِّكَ حَتْماً مَّقْضِيّاً

“Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир”. (Марям сураси, 71-оят).
– деганларини эшитдим. Оятда айтилган “жаҳаннамга борганимда ҳолим не кечади?” деб ўйлаганимдан йиғладим. Атрофидагилар унга тасалли бериш мақсадида:
– Аллоҳим сизларни паноҳида асрасин, душман шаррини сизлардан узоқ қилсин ва соғ саломат қайтишингизни насиб этсин, – дедилар. Уларга жавобан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу шу мазмундаги шеърни ўқидилар:
Гуноҳкорман фақат мен, авф истайман Роббимдан.
Ёки қонимни тўкадиган бир уруш истайман.
Қилич ва ўқдан тешилиб кетсин жигарим,
Токи мени кўрганлар самимий десин:
– Шу жангчини Аллоҳ раҳматига олсин!

* * *
Муъта жангида қўмондонлик қилаётган пайтда эса шундай мазмундаги шеър айтдилар:  
Нафсим бир истаксизлик бор сенда,
Жанг қиласан истасанг истамасангда,
Кўпдан бери йўқ эди-ку ўлим қўрқуви,
Жаъфар, қандай ёқимли ис келаяпти жаннатдан.

* * *  
Ҳижратнинг еттинчи йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Умра қилиш мақсадида Маккага кирдилар, ёнларида Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Улар шундай мазмунда шеър айтардилар:
Қочинг, эй кофирлар, Набийнинг йўлидан бугун,
Йўқса бошингиздан ажрагайсиз, инкор этгандингиз кечаги кун.
Бунга жавобан Умар:
– Эй Абдуллоҳ, Ҳарамда ва Аллоҳ Расулининг ҳузурларида душманни уруш қилишга чорлайдиган шеър айтаяпсанми? – деб дашном берган эдилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Умар розияллоҳу анҳуга шундай дедилар:
– Қўявер, эй Умар, айтсин, Абдуллоҳнинг сўзлари кофирларга ўқ ярасидан ҳам кучлироқ таъсир қилади.

* * *
Ҳижратнинг еттинчи йили эди. Севикли Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва саҳобаларнинг барчалари бирга Мадинадан йўлга отландилар. Ниятлари Маккага бориб муборак Каъбани тавоф қилиш ва у ерга юзларини суриш эди. Чунки ўтган йили мушриклар бунга тўсқинлик қилишган ва Маккага киритмаган эдилар. Шу боис бир йил кейин киришга аҳдлашган эдилар.
Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва саҳобалар умра ибодатларини ҳам адо этган бўлардилар. Маккага келаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Қасво номли туяларининг устида ўтириб келардилар ва туянинг юганларини ушлаганча Абдуллоҳ ибн Равоҳа келардилар.  Абдуллоҳ ҳам шеър айтар, ҳам туя билан бирга илгарилардилар.    
Улар Маккага яқинлашгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга:
– Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! У бирдир, шериги йўқдир! Ваъдасига
хилоф қилмайдиган Удир! Қулларига ёрдам қилгувчи Удир. Аскарларини қувватлантирувчи Удир! Йиғилган қабилаларни тўзитиб юборувчи ҳам ёлғиз Унинг ўзидир! – деб айтишини буюрдилар ва дуо қила бошладилар.
Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу барчага эшиттириб баланд овоз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзларини такрорладилар. Саҳобалар ҳам улардан эшитганларини такрорлашди.

* * *
Муборак бир жума куни севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам масжидда хутбага чиқдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу жумага етиб келиш мақсадида шошилиб келардилар. Оломон кўплиги сабаб ичкарига кириш мушкул эди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг:  
– Ўтиринглар! – деган буйруқларини эшитдилар. Дарҳол етиб келган жойига ўтирдилар. Икки жаҳон сарварининг хутбалари тугагунга қадар жойларидан жилмади. Бу ҳолни кўрган мусулмонлар ҳолатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга етказдилар:  
– Ё Расулуллоҳ! Равоҳанинг  ўғлига бир қаранг, анчадан бери шундай ўтирибди. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зот ўтирган жойга қарадилар.  
– Сизнинг “ўтиринглар!” деган амрингизни эшитди-ю турган жойига ўтирди ва ҳамон ўрнидан турмади, – дедилар.
Пайғамбаримиз Расули Акрам алайҳиссалоту вассаллам у зотнинг бу қилган ишидан мамнун бўлиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни шундай дуо қилдилар:
– Аллоҳим сени Ўзига ва Расулига бўлган итоатингни кўпайтирсин.

* * *
Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу шоирликдан ташқари машҳур Ислом жангчиси ҳам эдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга бўлиб ўтган барча жангларда қатнашдилар. Барчасида буюк қаҳрамонлик кўрсатдилар. Шулардан бири ҳижратнинг саккизинчи йилида бўлиб ўтган Муъта ғазосидир. Бу жангнинг сабаби Ислом элчисининг ўлдирилиши бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Византия императорига қарашли Басра амирига ҳам  мактуб жўнатдилар. Бироқ у амир Исломга даъват ила ёзилган муборак мактубни йиртиб, элчини ўлдиртирди. Бу воқеадан қайғуга ботган Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўша золимлар устига қўшин юборишга қарор қилдилар.
Уч минг кишилик қўшин тез орада йўлга отланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам пешин намозидан сўнг бу муборак қўшинни шахсан ўзлари кузатиш учун чиқдилар. Муборак туғларини Зайд розияллоҳу анҳунинг қўлларига топширдилар.
Ҳамма бир-бири билан қучоқлашиб хайрлашар, рози ризолик олишар эди. Шу орада дўстлари Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг йиғлаётганини кўрдилар:
– Нега йиғлаяпсан, эй Равоҳанинг ўғли, – деб сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар:
– Ё Расулуллоҳ, менга ёдлаб оладиган ва ҳеч қачон эсимдан чиқмайдиган бирор нарса айтинг.
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай буюрдилар:
– Сен Аллоҳга сажда қилинмайдиган ўлкага бораяпсан. У ерда саждаларингни кўпайтир!
– Эй Аллоҳнинг Расули! Менга яна бирор нарса насиҳат қилинг!
– Аллоҳ таолони зикр қил, чунки Аллоҳни зикр қилиш истакларингга
эришишингда сенга ёрдам беради.
Қўшин Мадинадан чиқишдаги хурмозорга етиб келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам охирги буйруқларини айтдилар:
– Болаларни, аёлларни ва кўрларни асло ўлдирманглар. Уйларни вайрон қилиб, дарахтларни ёқиб, ҳароб қилманглар.

* * *
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу шундай дейди:
– Мен етим эдим. Абдуллоҳ ибн Равоҳа ўз тарбиясига олиб боқди. Муъта сафарига чиққанимизда мени ҳам туясига миндириб олганди. Кечаси бироз йўл юрдик, унинг шеърларини эшитиб йиғладим. Буни пайқаган Абдуллоҳ ибн Равоҳа менга шундай деди:
– Агар менга бир кор-ҳол бўлса, сен менинг туямга ўтириб ортга қайтасан. Мен эса дунёнинг дард, қайғу, аламларидан қутилиб, ўзим соғинган Ҳаққа эришаман.

* * *
Шундай қилиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Муъта жанггида шаҳид бўлдилар. У зотнинг ўрнига Холид ибн Валид қўмондон қилиб сайланди. Мусулмонлар озчилик бўлсада, душманга қарши мардонавор курашишди. Душман қўшини ортига чекинди.
Мадинага қайтиб келган аскарларга Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай дедилар:
فَرِحِينَ بِمَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ وَيَسْتَبْشِرُونَ بِالَّذِينَ لَمْ يَلْحَقُواْ بِهِم مِّنْ خَلْفِهِمْ أَلاَّ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ

وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ

“(Мазкур қатл этилган шаҳидлар) Аллоҳ ўз фазли билан ато этган нарса (неъматлар)дан хушнуд, ортларида (тирик) қолиб, ҳали уларга қўшилмаган (ғозийлар)га (қиёматда) хавф ва ташвиш бўлмаслиги ҳақида башорат берган ҳолларида (яшайдилар)”. (Оли Имрон сураси, 170-оят)

Орқага Олдинга