loader

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Асҳоби киромдан бўлиб, Ансорнинг буюкларидан ҳисобланадилар. Мадинадаги асли яҳудий бўлган Баъни Қайнуқа қабиласидан эдилар. Аждодлари Юсуф алайҳиссаломга бориб тақаларди.
Исмлари Ҳусайн бўлиб, мусулмон бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Исломни қабул қилишларидан олдин яҳудийларнинг йирик олимларидан эдилар. У зотнинг мусулмон бўлиш воқеаси жуда ибратлидир.
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Исломга киришларни ўзи шундай баён қиладилар:
– Отам яҳудийларнинг буюк олимларидан эди. Менга Тавротни ўргатар,  диндор бўлиб етишишим учун қўлидан келган барча ишни қиларди. Бир куни охирзамон пайғамбарининг аломатларини ва қиладиган ишларини ўрагатаркан, шундай деди:
– Агар охирзамон пайғамбари Ҳорун алайҳиссаломнинг наслидан, яъни ўз қавмимиздан бўлса ишонаман, бошқа қавмдан бўлса ишонмайман. Сен ҳам ишонма!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин отам вафот этди.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳали Мадина келмасларидан у зот олиб келган таълимот ҳақида эшитиб турардик. Шунда мен у зот алайҳисаломнинг  сифатлари ва қилаётган ишларига боқдим, худди отам айтган аломатларга мос келарди. Бироқ қавмимиз катталари пайғамбарнинг араб қавмига юборилгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга қарши чиқардилар. Тавротда келган аломатлар аниқ ва равшан эди.  
Бир куни яҳудийларнинг хурмозорига бордим. Улар ўзаро:
– Арабларнинг одами келди, – деб суҳбатлашар эдилар. Бу гапни эшитдиму вужудим титраб кетди. Ўзимга сиғмай:
–Аллоҳу акбар! – деб бақирдим. Менинг такбир айтганимни кўрган аммам Холида бинти Ҳорис ғазаб билан шундай деди:
– Аллоҳ сени истаганингга етказмасин, икки қўлингни бўш чиқарсин. Агар сен Мусонинг қайтиб келганини эшитганингда ҳам бундай суюнмаган бўлардинг.  
Мен унга шундай жавоб қайтардим:
– Эй амма! Аллоҳга қасамки,  Муҳаммад ҳам Мусо каби пайғамбардир. Мусо алайҳиссаломнинг тавҳид динидандир. Нега бунга қарши чиқяпсиз?
– Эй укамнинг ўғли! Қиёматга яқин келадиган охирзамон пайғамбари шу одам демоқчимисан?
– Ҳа.
– Ундай бўлса, севинишинг ҳақлидир.
Сабрим чидамай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўриш мақсадида у зот қўним топган жойига бордим. Илк кўрганимдаёқ ўзимга ўзим “Бундай гўзал юз соҳиби ёлғон сўзламайди” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам инсонлар орасида ўтириб, уларга насиҳат қилар эдилар. Илк эшитган ҳадиси шарифим мана шу:
– Саломни ораларингизда ёйинглар, оч кимсаларни тўйдиринглар, силайи раҳм қилинглар, яқин қариндошларингизни зиёрат қилинглар. Инсонлар уйқудалигида сизлар намозга туринглар. Шундай қилсангиз жаннатга саломат кирасизлар. Аллоҳ ягонадир. Сўнг менга қараб сўрадилар:
– Сен мадиналик яҳудий олим Ибн Саломмисан?
– Ҳа.
– Эй Абдуллоҳ, Аллоҳ учун сўзла, Тавротда келган менинг сифатларимни ўқиб ўргандингми?
– Ҳа ўқидим, ё Расулуллоҳ. Сиз ҳам менга Аллоҳнинг сифатларини айтиб берасизми? – деб сўрадим. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга:
قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ {1} اللَّهُ الصَّمَدُ {2} لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ {3} وَلَمْ يَكُن لَّهُ كُفُواً أَحَدٌ {4}

“(Эй Муҳаммад!)  Айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир”. (Ихлос сураси, 1-4-оятлар)
– деб айтдилар. Бу сўзларни эшитиб дарҳол:
– Шаҳодат қиламанки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Сиз Унинг қули ва Расулисиз, – деб иймон келтирдим.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу  мусулмон бўлганларидан кейинги воқеалар ҳақида шундай дейдилар:
– Мусулмон бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай дедим:
– Ё Расулуллоҳ! Яҳудийлар каби ёлғончи, инжиқ, золим қавм йўқ. Ҳар қанақа туҳмат қилишдан тап тортмайдилар. Ҳозир менинг мусулмон бўлганим ҳақида эшитсалар, турли хил бўҳтон қилишлари мумкин. Шу сабаб, менинг мусулмон бўлганимни уларга айтишдан олдин мени улардан яхшилаб суриштиринг.
Пайғамбар алайҳисалом бунга рози бўлдилар ва бир гуруҳ яҳудий олимларини ҳузурига чорладилар. Мен эса бир парданинг орқасида яшириниб турдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам улардан сўрадилар:
– Ораларингиздаги Ҳусайн ибн Салом қандай одам?
– Буюк олимимиз, унингдек хайрли  олимлар кам бўлади. У ҳақиқатгўйдир.
– Агар у мусулмон бўлса, сиз нима деган бўлардингиз?
– Аллоҳ уни бундай ишдан сақласин!
Шу пайт мен яширинган жойимдан чиқиб, уларга шундай дедим:
– Эй яҳудийлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Сизга юборганини қабул қилинглар. Аллоҳга қасамки, сизлар Расулуллоҳнинг ҳақ пайғамбар эканини биласизлар. Чунки аломатлари Тавротда очиқ-ойдин келтирилган. Бироқ бошқа қавмдан бўлгани сабаб ҳасад қилиб, иймон келтирмаяпсизлар. Мен шаҳодат қиламанки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Ва яна шаҳодат қиламанки, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расулидир.
Бу гапларимдан сўнг яҳудийлар:
– Бизнинг  орамиздаги энг ёмонимиз мана шу одам. Орамизда бундан
ёмонроқ кимса йўқ, – деб турли бўҳтонлар ёғдира бошладилар. Шунда Пайғамбаримиз Расули Акрам  соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларга қараб шундай дедилар:
– Биринчи гувоҳлигингиз бизга кифоя, иккинчиси эса кераксиз.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу дарҳол уйи томон йўл олдилар, оиласини ва қариндош-уруғларини Исломга даъват қилдилар. Аммаларидан ташқари барчалари мусулмон бўлишди.
Уларнинг иймон келтириши яҳудийларни қаттиқ ғазаблантирди. Шу сабаб, бу оилани қистовга ола бошладилар. Ҳатто яҳудий олимларидан баъзилари:
– Араблардан пайғамбар чиқиши мумкин эмас. Сен пайғамбар деяётган одаминг аслида бир ҳукмдор, – деб уларни Исломдан воз кечтиришга қаттиқ уринса-да, уддасидан чиқа олмади.
Абдуллоҳ даъватлари билан Саълаба ибн Соя, Усайд ибн Соя, Асад ибн Убайд ва яна баъзи яҳудийлар мусулмон бўлдилар. Шунда ҳам яҳудийлар фисқу фужурларида давом этиб:
– Исломга фақатгина бизнинг энг ёмонларимиз ишонди. Агар улар хайрли бўлишганда эди, ўз оталарининг динини ташлаб, ўзга динни қабул қилмас эдилар, – деб турли туҳматлар ёғдиришда давом этардилар.
Аллоҳ таоло улар учун шундай оят нозил қилди:
لَيْسُواْ سَوَاء مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ أُمَّةٌ قَآئِمَةٌ يَتْلُونَ آيَاتِ اللّهِ آنَاء اللَّيْلِ وَهُمْ يَسْجُدُونَ

“Уларнинг ҳаммаси баробар эмас. Аҳли китоблар орасида туни билан сажда (ибодат) қиладиган, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор”. (Оли Имрон сураси, 113-оят).

* * *
Муфассирлар Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг иймон келтиргани ва фазилатига қуйидаги оятни далил сифатида  келтирганлар:

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِن كَانَ مِنْ عِندِ اللَّهِ وَكَفَرْتُم بِهِ وَشَهِدَ شَاهِدٌ مِّن بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى مِثْلِهِ فَآمَنَ وَاسْتَكْبَرْتُمْ
إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ

“Айтинг: “(Эй Исроил авлоди!) Хабар берингиз-чи, агар (ушбу Қуръон) Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сизлар унга кофир бўлсангиз ва Исроил авлодидан бўлган бир гувоҳ ҳам у (Қуръон)нинг ўхшашига увоҳлик бериб, иймон келтирса-ю, сизлар (иймон келтирмай) кибр қилганингиз нимаси?! Албатта, Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этгмас”. (Аҳкоф сураси, 10-оят).
Тафсирчи олимлар оятда келтирилган Бани Исроил қавмидан гувоҳлик берган инсон Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу эканини айтадилар. Чунки улар ўз қавмига:
– Мусо алайҳиссаломга тушган Тавротни Аллоҳ каломи деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламни ва уларга нозил қилинган Қуръони каримни инкор этиш зулмдир, – деб мусулмон бўлганлар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу яҳудий олими бўлиб, Ислом дини билан шарафлангач, ўзини бутунлай Ислом динига бағишладилар. Яҳудийларнинг у зот ҳақидаги иғволарига парво ҳам қилмадилар. Қуръони каримни қаттиқ ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг этакларидан маҳкам тутдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зот ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
– Жаннатий кишини кўришни истаганлар Абдуллоҳ ибн Саломга боқсин.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келиб, кўрган тушини айтдилар:
– Ё Расулуллоҳ, тушимда ўзимни бир боғда кўрдим. Боғ ичида темирдан бир устун бор эди. Устуннинг бир учи ерда, бир учи кўкда эди. Устуннинг тепасида дастак ва арқон бор эди. Менга “бўлақол, устунга чиқ!” дейилди.  Мен эса “кучим етмайди”, дедим. Шундан сўнг ёнимга бири келиб, устимдаги кийимимни ечди. Шундан сўнг илдам устуннинг тепасига чиқдим ва дастакни тутдим. “Яхшилаб тут, қўйиб юборма”,  деган танбеҳ берилди. Ўша устуннинг арқони қўлимда қолган ҳолда уйғондим.
Пайғамбаримиз кўрган тушининг таъбирини шундай баён этдилар:
– Кўрган боғинг Ислом динидир. Устун эса Ислом асоси тавҳиддир. Дастак эса сенинг соғлом иймонинг. Сен вафотингга қадар Ислом динида яшайсан.

* * *
Яна бир ҳадисда шундай ривоят қилинади:
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобалари билан суҳбатлашиб ўтирарканлар, эшикка қараб шундай дедилар:
– Мана шу эшикдан илк кирган одам жаннат аҳлларидан биридир. Саҳобалар зўр қизиқиш билан эшикка тикиларкан, Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг кириб келганини кўрдилар. Сўнг бу муждани Абдуллоҳ ибн Саломга розияллоҳу анҳуга етказдилар ва ундан сўрадилар:  
– Эй Абдуллоҳ, сени бу даражага қайси амалинг етказди?
– Мен заиф кимса эдим. Энг катта умидим қалб саломатлиги, яъни ҳеч кимга нисбатан қалбимда ёмонлик истамаслигим ва кераксиз сўзларни тарк этганимдир. Бундан бошқа мени қутқарадиган бирор амални билмайман.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу нафсини ёмон нарсалардан ва турли истаклардан тозалаб, тарбия қилган эдилар. Давлати етарли бўлса-да, баъзан Мадина бозорида оғир юкларни ташиб турарди. Бир куни у зотни яна шу ҳолда кўрганлар сўрашди:
– Ахир сенинг фарзандларинг, хизматкорларинг бор-ку, нега бу ишларни уларга буюрмайсан?
– Тўғри, бу ишларни қиладиганлар бор, бироқ мен ўз нафсимни синамоқчиман. Бундай ишларни қилиш нафсимга оғирлик қилаяптими, йўқми... Мақсадим шуни англаш. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Қалбида заррача кибр бўлган кимса асло жаннатга кира олмайди, – деганларини эшитганман. Шунинг учун ўз юкларимни ўзим ташияпман, – деб жавоб бердилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳулари Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлиши арафасида ёнларида эдилар. Исёнкорларга қарата шундай дедилар:
– Тарихда ўлдирилган бир пайғамбар учун етмиш минг аскар ўлдирилган. Ўлдирилган ҳар бир халифа учун эса ўн беш минг киши ўлдирилади, демакдир. Келинглар, бу ишдан воз кечинглар. Йўқса охиратда бунинг учун жуда қаттиқ жазога тортиласизлар. Сизларда Усмоннинг ҳаққи кўп.
Бироқ осийлар уларнинг гапларига қулоқ солмай, ўз билганларича ҳаракат қилдилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу ҳақиқатан ахлоқ ва илм борасида барчага ўрнак бўла оладиган жаннатий саҳоба эдилар. Асҳоби киромдан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу олти юз ўттиз тўққизинчи йилда Сурияда тарқалган вабо хасталигига чалиндилар. Оламдан ўтаётганларида бошида йиғлаб ўтирган шогирди Язид ибн Амирга шундай дедилар:
– Нега йиғлаяпсан?
– Мен дунё учун йиғламаяпман. Илмни сиздан ўрганаётган эдим, мана шуни йўқотаётганимдан йиғлаяпман. Шундан сўнг  Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шогирдига буюрдилар:
– Илм ҳеч қачон йўқолмайди. Мендан кейин илмни шу тўрт одамдан
ўрган: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Умар, Салмон Форсий ва Абдуллоҳ ибн Саломдан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ ибн Салом ҳақида:
– У жаннат башорат қилинган ўн кишининг охиргисидир, – деганлар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Мадинада бир қанча яҳудий қавми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига келиб шундай дедилар:
– Cен келтирган динда тошбўрон қилиш борми?
Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассаллам улардан сўрадилар:
– Тошбўрон қилиш жазоси ҳақида Тавротда нима ёзилган?
– Тавротда  бу жазо ҳақида ёзилмаган, – деб жавоб қилдилар яҳудийлар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Салом уларга дедилар:
– Ёлғон сўзлаяпсизлар, Тавротда бу ҳақида  ёзилган.
Шундан сўнг Тавротни келтириб очдилар. Яҳудийлардан бири қўли билан тўсиб, тош бўрон қилиш ҳақидаги ҳукмдан олдинги ва кейинги гапларни ўқий бошлади. Абдуллоҳ ибн Салом унга:
– Қўлингни ол, – дедилар.
У  қўлини олгач, истаганлари кўринди. Кейин яҳудийлар шундай дейишди:
– Эй  Муҳаммад! Абдуллоҳ ибн Салом тўғри айтди, ҳақиқатан Тавротда бу жазо ҳақида гап ояти бор.

* * *
Бир куни Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Каъб-ул Аҳбордан сўрадилар:
– Олимлар илмни ўрганиб, зеҳнларига жойлаштиргандан сўнг уни хотирадан чиқишининг сабаби нима?
Каъб шундай жавоб бердилар:
– Таъма, ҳирс ва эҳтиёж ортидан югуришдир.

Орқага Олдинга