Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу илк мусулмонлардан бўлиб, Ҳабашистонга қилинган иккинчи ҳижратга қадар мусулмонлигини сир тутдилар. Сўнг Ҳабашистонга ҳижрат қилаётганлар билан бирга кетдилар. У ердан қайтаётганларида эса отаси ушлаб, мусулмонликдан воз кечтириш учун турли хил қийноқларга солди. Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу жуда катта азият ва қийноқлар ичида қолдилар. Чорасиз қолгач, ўзини отасининг сўзларига киргандек қилиб кўрсатди. Аслида иймонини яширишга мажбур бўлгандилар.
Бу пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинага ҳижрат қилган эдилар. Мусулмонлар тобора кўпайиб, Ислом кундан-кунга қувватланиб бораётганди. Макка мушриклари буни ҳеч ҳазм қилолмас, тез орада мусулмонларни қириб, Исломиятни йўқ қилишни истардилар. Шу сабаб Бадр муҳорабасига буюк бир интиқом ҳирси билан таёргарлик кўришарди. Бу эса Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳуга қўл келди. Ўзи мушриклар орасида бўлса-да, қалби ва руҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва мусулмонлар билан бирга эди.
Отаси унинг ҳар қадамини таъқиб қилганлиги, қаттиқ кузатув остига олганлиги сабабли Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу ички ҳиссиётларини, қалбларидаги иймон лаззатини атрофидагиларга умуман сездирмасликка ҳаракат қилардилар.
Шу тарзда анча кунлар ўтди. Отаси ўғлининг ҳолати бутунлай ўзгариб, Исломга нисбатан қалбида муҳаббат қолмагандек юрганини кўргач, ундан шубҳаланмай қўйди. Ҳолбуки, Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу мушрикларнинг кир ва инсонийликдан асар ҳам қолмаган дунёсидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг жаннат мисоли ҳузурларига, уларнинг муборак суҳбатларига, мусулмонларнинг шундай саодат ва бахтли дунёларига тезроқ етиш учун режалар тузардилар. Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу гўё бутунлай бошқа оламда яшар, қалбан мушриклардан жудаям узоқларда эди. У зотнинг асл ҳолатидан эса ҳеч кимнинг хабари йўқ эди.
Мушрикларнинг мусулмонлардан бир неча баробар ортиқ бўлган куфр ва ширк қўшини Бадрга бориб, барча қуролларини жойлаштирган ва жангга тайёр ҳолга келганди. Икки тарафдан биттадан лашкар чиқиб куч синашишди, сўнг қўшинлар бир-бирига қоришиб жанг бошланди.
Абдуллоҳ ибн Суҳайлнинг кўпдан бери орзиқиб кутаётган онлари келганди. У фурсатни қўлдан бой бермай, мусулмонлар сафига қўшилдилар. Шу билан қанчадан бери хаёлан яшаган дунёсининг ичига кирганди. Бир зум тин олди ва ўша ёқимли бўлган, анчадан бери муштоқ бўлган исни туйди. Бу майин ис руҳларга озиқ ва шифо эди. У Аллоҳ таолонинг севикли ҳабиби ёнларида жанг қиларди. Қандай буюк саодат эди бу! Ахир у қиёматга қадар исмлари дуо ила хотирланадиган бахтли кишилар орасига қўшилгандилар.
Отаси Суҳайл у зотнинг бу ҳаракатидан ғазабланиб, турли маломатлар ёғдирди. Абдуллоҳ эса отасига:
– Аллоҳ таоло мени жудаям хайрли ишга етказди, – деб жавоб қайтариб, ортиқ сабр қилмай, арслонлар каби дарҳол куфр лашкарига ташландилар. У зот энди олдинги Суҳайл эмасдилар. Буни кўрган мушрикларнинг кўпи саросимага тушди. Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу ўша пайтда йигирма етти ёшларда эди. Бошқа саҳобалар каби у зот ҳам қаҳрамонларча жанг қилдилар. Охири мушрикларнинг куфр қўшини паришон ортга қайтди. Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳунинг отаси эса асир тушиб, кейинроқ фидя эвазига озод қилинди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу Бадрдан кейин Уҳуд ва Ҳандақ ғазотларида ҳам қатнашдилар. Ҳудайбия аҳдлашувида ҳам ҳозир эдилар. Бироқ бу келишув Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳунинг қалбларини ҳанжар каби тилкалади, изтиробга солди. Чунки бу келишувга маккалик мушриклар унинг отаси Суҳайлни вакил қилиб юборишган, у эса келишувда “Аллоҳнинг Расули” ифодасининг ёзилишига эътироз қилиб:
– Биз сени Расулуллоҳ деб қабул қилганимизда жанг қилмаган бўлардик, – деган эди.
Отасининг бу қўпол ҳаракати Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳуни қайғуга солди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам унинг барча шартларини қабул қилдилар.
Айниқса, келишув имзоланишидан олдин бўлган бир воқеа барча мусулмонларга оғир ботди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам бундан маҳзун бўлдилар. Чунки Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳунинг укалари Абу Жандал мусулмон бўлган эдилар. Шу сабаб Маккада занжирбанд қилиниб, қамаб қўйилганди. Абу Жандал бир йўлини топиб у ердан қочдилар ва Ҳудайбия келишуви имзоланаётган пайт келиб ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак оёқлари остига ташлаб:
– Мени қутқаринг, ё Расулуллоҳ! – дедилар.
Бироқ мушриклар вакили бўлган отаси Суҳайл у ерда укасини кўргач, Абу Жандалнинг ёқасидан олиб, шундай деди:
– Эй Муҳаммад! Аҳдлашувимизнинг натижаси сифатида менга қайтарадиган илк инсонинг мана бу!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уни бериб юборишни истамадилар. Шунда Суҳайл оёқ тираб:
– Ундай бўлса келишувни имзоламайман, – деди.
Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу келишув имзоланишини хоҳлаётганларининг бир қанча сабаблари бор эди. Ҳар қанча уринишмасин мушриклар ўз талабларида қатъий туриб олдилар. Абу Жандал Суҳайлга қайтариб бериларкан, унинг айтган сўзлари барча мусулмонларни йиғлатди.
Аслида бошланиши мусулмонлар зарарига кўринган ушбу келишув, бориб-бориб мусулмонлар фойдасига натижа берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу келишувни “Фатҳи мубин” дея таърифлаган. Абу Жандал розияллоҳу анҳу ҳам охири эсон-омон қутилиб, Мадинага мусулмонлар билан бирга қайтдилар.
* * *
Ҳудайбия келишувидан икки йил кейин Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу Макка фатҳида ҳам қатнашдилар. Макка фатҳ қилингач, ўлдирилиши керак бўлган одамларнинг кимлиги аниқ эди. Улар орасида Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳунинг отаси ҳам бор эди. Отасининг ўлдирилишидан қаттиқ изтиробга тушдилар.
Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу отасини ўлдирмасликлари учун ҳаракатга тушди. Ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳунинг отаси учун сўраган авфини қабул этдилар. Отасига омонлик хати қилиб берилди.
Кейин Аллоҳнинг иродаси билан отаси Суҳайл ибн Амр ҳам мусулмон бўлди. Саҳоба шарафига ноил бўлдилар. Шу қадар ихлосли мусулмон бўлдиларки, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг охиратга сафарлари арафасида ўз нутқлари билан бир қанча адашган мусулмонларнинг тўғри йўлга қайтишларига сабаб бўлдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Суҳайл розияллоҳу анҳу Ямомада Жавош муҳорабасида шаҳид бўлдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қурайш ва Макканинг катталари билан бирга Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ёнларига ўғли учун таъзияга келдилар. Бир пайтлар диндан қайтариш учун ўғилларини турли қийноқларга солган Суҳайл уларга шундай деди:
– Қани энди мен ҳам шаҳид бўлсайдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга шаҳид кетган киши оиласидан етмиш кишини шафоат қилишини айтгандилар. Ўғлимнинг мендан олдин ҳеч ким учун шафоат сўрамаслигини умид қиламан.