loader

Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу

Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Исломга илк даъватларини бошлаган пайтларидаёқ иймон билан шарафланиб, мусулмон бўлдилар. Макка мушрикларининг зулм ва азиятлари чидаб бўлмайдиган ҳолга келгач, мадиналик мусулмонларга Ислом дини асосларини ўргатиш мақсадида Мадинаи мунавварага ҳижрат қилди.
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг кўзлари ожиз, аммо  овозлари баланд эди. Бомдод намозидан олдин Билол розияллоҳу анҳу кейин эса Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу азон айтардилар. Мушриклар билан уруш бошланган пайтларда баланд овозлари билан душманни саросимага солардилар. Баъзи урушларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотни Мадинада бошлиқ қилиб қолдирардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам даврларида ўн уч марта Мадинада қолиб вақтинчалик бошлиқ ва имом бўлдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотга кўп илтифот кўрсатиб, доим кўнглини кўтарардилар. Мадинада кўзлари ожиз ҳоли билан имом бўлишлари, ҳамда сафар ва муҳорабаларга қатнашиши у зотнинг иймони қувватидан далолат беради.

* * *
Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам маккалик киборлар жамоасига дин асосларидан маълумот бераётгандилар. Шу пайт ёнларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига яқин келиб:
– Ё Расулуллоҳ, менга ҳам диндан таълим беринг, – дедилар.
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг кўзлари ожилиги боис бу ерда нима бўлаётганидан хабарлари йўқ эди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам эса зора бу мушриклар иймонга келсалар, деб жон куйдириб уларга насиҳат қилаётгандилар. Шу боис ёнларига келган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг сўзларига унчалик эътибор бермадилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу эса вазиятни англамай яна сўрадилар:
– Ё Расулуллоҳ, менга ҳам диндан таълим беринг!
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам яна сўзларида давом этдилар. Бу ҳол учинчи марта такрорлангач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам қавоғларини уйиб, тескари қараб олдилар ва яна ўз сўзларида давом этдилар. Айнан шу пайтда Аллоҳ таолодан янги оятлар нозил бўлди:
عَبَسَ وَتَوَلَّى {1} أَن جَاءهُ الْأَعْمَى {2} وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى {3} أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ الذِّكْرَى {4} أَمَّا مَنِ اسْتَغْنَى {5} فَأَنتَ لَهُ تَصَدَّى {6} وَمَا عَلَيْكَ أَلَّا يَزَّكَّى {7}
وَأَمَّا مَن جَاءكَ يَسْعَى {8} وَهُوَ يَخْشَى {9} فَأَنتَ عَنْهُ تَلَهَّى {10} كَلَّا إِنَّهَا تَذْكِرَةٌ {11}

    “(Муҳаммаднинг) қовоғи уюлди ва юз ўгирди. Зеро, унинг ҳузурига кўзи ожиз одам келган эди. (Эй Муҳаммад!) Сиз қаердан ҳам билурсиз, эҳтимол, у (Сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан) покланар ёки эслатма олар-да, сўнгра бу эслатма унга фойда берар?! Аммо (Сизни машғул қилган) бой кимсага эса, бас, Сиз (эътибор бериб) мутасаддилик қилмоқдасиз. Ҳолбуки, унинг (ўз куфридан) покланмаслиги Сизга зарарли эмас эди. Энди, олдингизга югурган ҳолда (Аллоҳдан) қўрқиб келган киши эса, бaс, Сиз ундан чалғимоқдасиз. Йўқ! (Бундай қилманг!) Албатта, улар (Қуръон оятлари) айни эслатмадир”. (Абаса сураси, 1–11-оятлар)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дарҳол Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг олдиларига бориб, сўраган саволларига жавоб қайтардилар. Кейинчалик ҳам у зотни кўриб қолсалар:
– Марҳабо, эй Роббимдан танбеҳ олишимга сабабчи дўстим, – деб чиройли муомала қилардилар.

* * *
Бир куни Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни зиёрат қилиш мақсадида уйларига келгандилар. Ҳузурларига кириш учун изн сўрадилар. Бу пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг аёллари ҳам у зотнинг ҳузурларида эдилар.
Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг киришига изн берарканлар, аҳли аёлларига кетишларини буюрдилар. Аёллари келган инсоннинг кўзи кўрмаслигини айтиб, уларнинг кетишларига нима сабаб эканини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай жавоб бердилар:
– Бу одамнинг кўзи кўрмаса, сизларнинг кўзларингиз очиқ-ку!

* * *
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу видо ҳажида қатнашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам хутбасини ўқир эканлар, баланд овозлари билан хутбани такрорладилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида муаззинлик қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу даврларида эса Ислом қўшини орасидан вазифа олдилар.  

* * *
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу Қуръони каримни ёддан билардилар. Саҳобаларга Қуръони карим қироатини ўрагатардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг буюрганларини унутиб қўймаслик учун, суҳбатларида доим ҳадиси шариф ривоят қилиб турардилар. Уйи Масжиди Набавиядан узоқда бўлишига қарамай, доим жамоат намозига келардилар. Масжидга келганларида Умар розияллоҳу анҳу ёрдам қилардилар.

* * *
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу ҳақидаги ривоятларнинг яна бирида шундай ҳикоя қилинади. Уларнинг кўзлари ожиз ва уйлари масжиддан узоқ бўлса-да, ҳар бир намозни жамоат билан ўқишни одат қилган эдилар. Буни кўриб-кузатиб юрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга ёрдам бериш мақсадида саҳобаларига қараб:
– Ораларингиздан ким Аллоҳга мақбул амал қилишни хоҳлайди? – дедилар. Савоб иш қилишда ўзаро мусобақа қилган саҳобалар бу ишнинг қандайлигини сўрадилар.
 – Биродаримиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум ҳар бир намозга уйидан қатнамоқда. Унинг қийналмаслиги учун уйидан масжидгача арқон тортиб қўйсак, жуда яхши бўларди, – деб марҳамат қилдилар.
Саҳобалар бундай савобли ишни қилиш учун дарров киришиб кетишди. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу жамоатга келишда йўлда қийналмайдиган бўлдилар.
Бироқ мушриклар Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга ғайрлик қилиб, қаттиқ гуноҳ ишга қўл уришди. Улар Абдуллоҳ ибн Умму Мактум йўлда ушлаб жамоатга келиб кетадиган арқоннинг бир неча жойига ўткир устара жойлаштирдилар.
Бир куни жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга кетаётган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг қўллари кесилиб, қон оққан ҳолда масжидга кириб келдилар. Бу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам масжидда ўтиргандилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни бундай ҳолда кириб келганини кўриб, олдига шошилдилар.
Нима бўлганини тушунган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотнинг қўлларини ушлаб қаттиқ йиғлаб юбордилар. Бундай даҳшатли ишни қилган мушрикларни лаънатладилар. Шу лаҳзада Аллоҳ таолонинг фариштаси Жабройил алайҳиссалом келиб:
– Ё Расулуллоҳ, Роббинггиз мушрикларнинг Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга қилган жоҳилликларини кўрди ва мени юборди. Унга таклиф етказингки, агар хоҳласа, Аллоҳ унинг кўзларини ҳозироқ очади. Агар рад қилса, қиёматда ҳаммадан илгари Ўз Жамолини Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга кўрсатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу хабарни Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга айтдилар. Бу таклифга у зот шундай жавоб қайтардилар:
– Ё Расулуллоҳ, кўзларим кўр бўла туриб, мушриклардан шунчалик ёвузликларни кўрдим. Агар кўзим очиқ бўлса, нима бўлишини тасаввур қилмоқдаман. Шу пайтгача кўрмаган ёруғ дунёни бундан кейин ҳам кўрмаганим яхши!

* * *
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу мушрикларга қарши жангларда қатнашишни истардилар. Бироқ кўзлари кўрмагани сабабли, душман билан қилич чопишолмаслигидан эзилардилар. Қатнашган жангларида эса баланд овозлари билан  такбир айтиб, душманни тушкунликка соларди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафотларидан тўрт йил кейин бўлган Қодисия жангида, қўлларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак байроқларини ушлаган ҳолда бир тепаликка чиқдилар. Баланд овозда такбир айтиб, душман ичига ғулғула солди. Ушбу жангда Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлганлари, баъзи манбаларда ортга қайтаётганларида вафот этганлари ривоят қилинади.

Орқага Олдинга