loader

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу “Соҳиб-ул азон” унвони билан танилган саҳобидир. Ислом шоирларидан бўлиб, энг буюк аломат бўлган “Азони Муҳаммадий”нинг ўқилишини тушиларида кўрган саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан азон билан боғлиқ ҳадисларни ривоят қилишда машҳур бўлганлар.
Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу мадиналик бўлиб, Ҳазраж қабиласига мансуб эдилар. Ақобада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга байъат қилиб, Ислом билан шарафланган илк мадиналик мусулмонлардан бўлдилар. Оталари Зайд ибн Саълабадир. Икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинаи Мунавварага ташриф буюргач, ансорийлар билан муҳожирларни бир-бирларига биродар деб эълон қилдилар. Кейин саҳобалари билан бирга Исломнинг илк муассасаси бўлган масжидни барпо этдилар. Ҳижратнинг биринчи йилида “Масжиди Набавий” қуриб битирилгач, мусулмонларнинг қандай қилиб ибодатга чақирилиши барчанинг бошини қотирди. Намоз вақтлари қандай қилиб барчага эълон қилинади? Фахри Коинот соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу мавзуда саҳобаларини тўплаб, барчаларининг фикрларини сўрадилар. Хамма ўз фикрини билдирар, бири намоз вақти масжид устига байроқ ўрнатайлик деса, бири қўнғироқ чалайлик дер, яна бири гулхан ёқайлик деган турлича фикрлар айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга бу фикрлар маъқул келмади. Қўнғироқ чалиш насронийларнинг, қувурга уриш яҳудийларнинг, гулхан ёқиш мажусийларнинг иши эканлигини айтдилар. Шу сабаб билан бирор таклиф маъқулланмади.  
Садоси ва маъноси ила кўнгилларга ва қулоқларга хуш ёқадиган, иймонларни жўштирадиган бир нарса топиш лозим эди. Бир муддат сабр қилишга тўғри келди. Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир. Бир қарорга келинмай мажлис тарқалди. Музокаралар бир неча кун давом этди.

* * *
Абдуллоҳ  ибн Зайд розияллоҳу анҳу бир кеча тушларида бир-биридан фарқли  бир қанча сўзларни эшитдилар. Барчани ўйлантирган муаммо ҳал бўлгандек эди. Тонг саҳардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига келдилар ва кўрган тушларини батафсил сўзлаб бердилар:
– Устига икки қават яшил уст-бош кийган бир одам ёнимга келди. Қўлида битта қўнғироқ ҳам бор эди. Унга:
– Қўлингиздаги қўнғироқни менга сотинг, – дедим.
У эса:
– Нима қиласан? – деб сўради.
– Намоз вақтларини билдириш учун чаламан, – дедим.  
У одам менга:
– Мен сенга хайрлироғини ўргатман, – деди.
Қиблага томон ўгирилиб, баланд овоз билан “Аллоҳу акбар” деб  азонни ўқиди. Сўнг бироз тўхтади. Азон калималарини қайта ўқиди. Айни сўзларни такрорлади ва охирида икки марта “Қод қоматис солаҳ” деди. Шу сўзни илова қилди.
Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу шу тарзда кўрган тушини Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга айтиб бергач, у зот алайҳиссалом шундай марҳамат қилдилар:
– Бу содиқ тушдир. Ҳақ ва рост тушдир. Буни Билолга ўргат, унинг овози сеникидан жарангдорроқ.
Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуга бугунга қадар мусулмонларни намозга чорлаб келаётган азонни ўргатдилар. Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу масжид ёнидаги баланд жойга чиқиб, илк азонни айтдилар.
Умар розияллоҳу анҳу азон сасини эшитишлари билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хузурларига югуриб келдилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни хақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, Абдуллоҳ ибн Зайд кўрганини мен ҳам тушимда кўрдим. Бироқ у сизнинг хузурингизга мендан аввалроқ келди, – дедилар. Айнан мана шу сўзларни тушида кўрган Умар розияллоҳу анҳуга Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Аллоҳга хамд бўлсин, бизга ҳақни билдирди.   
Икки саҳобанинг бир кечада бир ҳил туш кўришлари билан азонни буюрган Аллоҳга хамд айтдилар. Шундай қилиб қиёматга қадар давом этадиган буюк даъват шакли юзага келди.  Бу эса Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу учун буюк саодат бўлди. Шундан сўнг “Сохиб-ул азон” деган улуғ номга эга бўлдилар.
* * *
Улар ҳижратнинг иккинчи йилида бўлган Бадр жангида иштирок этиб, катта қаҳрамонлик кўрсатдилар. Макка фатҳида, Видо хажида ҳам қатнашдилар. Хаж пайти қурбонликлар сўйиб, фақирларга садақа қилдилар. Ўзларига биргина бия қолдирдилар.  Сахий инсон эдилар. Ўзларини мухтожликда яшашга ўргатар, молларини Аллоҳ йўлида эҳсон қилардилар.
Сарвари Олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламдан Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу олтита ҳадиси шариф ривоят қилганлар.
Ҳижратнинг йигирма иккинчи йилида Усмон розияллоҳу анҳу даврларида, олтмиш тўрт ёшларида Мадинада вафот этдилар. Жаноза намозига Усмон розияллоҳу анҳу бошчилик қилдилар. 

Орқага Олдинга