Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу милодий олти юз йигирма иккинчи йили Мадина яқинидаги Қубо деган жойда туғилдилар. Оталари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳаётлигидаёқ жаннат билан муждаланган ўн саҳобадан биридирлар. Оналари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизи Асмо розияллоҳу анҳо бўлиб, холалари мўминларнинг онаси бўлмиш Ойша розияллоҳу анҳодир. Ота тарафдан бувилари Сафия розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг аммалари эди.
Мадинада мухожирларнинг оиласида илк туғилган бола Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бўлган. Уларнинг туғилиши мусулмонларни қаттиқ севинтирган. Чунки Мадина яҳудийлари мусулмонлар орасида:
– Мухожирларни сехр қилдик, бола қўришмайди, – деган фитнали гап тарқатган эдилар.
Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу туғилгач яҳудийларнинг ёлғони ошкор бўлди. Боланинг туғилгани хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга етиб келганда, дуо қилиб исмларини Абдуллоҳ, куняларини Абу Бакр деб атадилар. Баъзи манбаларда Абу Ҳубайб деган куня ҳам келтирилган.
Етти ёшга тўлгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига келтирилди ва уларга байъат қилишдек шарафга эришдилар. Болалик чоғлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида тугаб, Умар розияллоҳу анҳу даврларида ўн икки ёшида оталари билан Ярмуқ жангига бордилар. Муҳорабада оталари уларни бир саҳобага омонат қолдириб, ўзи жангга кирдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу оталарининг от устида жанг қилишини томоша қилдилар.
Орадан тўрт йил ўтгач, милодий олти юз ўттиз тўққизинчи йили оталари билан бирга Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу қўмондонлигида Миср фатҳида иштирок этдилар. Милодий олти юз қирқ тўққизинчи йили Африкада Абдуллоҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳу билан бирга Тунис фатҳига қатнашдилар.
Бу жангда Византиянинг кўп сонли қўшинига қарши қаҳрамонларча жанг қилиб, Рим ҳукмдорларидан Грегорни ўлдирдилар ва Ислом лашкарининг зафар қозонишида буюк хизмат кўрсатдилар. Ўттиз ёшларида Саид ибн Ос розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги қўшин билан Хуросон сафарида бўлдилар.
Шу йили Усмон розияллоҳу анҳу томонларидан Қуръони Каримнинг ёйилиши учун бўлган илмий хайъатда иштирок этдилар. Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид қилинган кун, осийларга қарши мудофаада катта ғайрат кўрсатдилар. Кейинчалик Хусайн розияллоҳу анҳу билан бирга Маккага келдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу асҳобнинг тафсирчи, ҳадисчи ва фиқҳ олимларидан саналадилар. Болалик чоғларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг дуолари ила улғайган, Жаннат билан муждаланган отасининг ёнида жанг қилган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қахрамонлиги ва жасорати билан бирга ибодатга берилган инсон эдилар.
Кунларини рўза тутиб, кечаларини ибодат қилиб ўтказардилар. Намозни бутун вужуди билан адо этар, қиёмда узоқ муддат қолиб кетар эдилар. Отлари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу улар ҳақида:
– Инсонлар орасидан Абу Бакр Сиддиққа энг ўхшаганидир, дегандилар.
* * *
Улар соғлом эътиқод соҳиби, жасоратли ва кучли иймон эгаси эдилар. Ҳар бир кирган жангда қаҳрамонлик кўрсатиб, омад ва зафарга эришардилар. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга Ҳабашистон ҳукмдори ҳадя қилган кичик найзани доим қўмондон қиличи каби ёнларида олиб юрар, намоз ўқиётган пайтларида ёнига қўйиб қўярдилар. Тўрт халифа ҳам ушбу найзани ёнларида олиб юрганлар. Кейинчалик бу найза Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг омонати сифатида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қўлларига ўтди ва вафотига қадар ёнидан қўймадилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламдан тўғридан тўғри ҳадис ривоят қилганлар. Оталаридан, тўрт халифадан, Ойша розияллоҳу анҳодан, Суфён ибн Абу Зухайр Ас-Сақофийдан ҳадис нақл этганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан эса укалари Урво, Абу Зибон, Ато, Товус, Амр ибн Динор розияллоҳу анҳумлар ва бир қанча буюк Ислом олимлари ҳадис ривоят қилганлар. Улар томонидан ривоят қилинган ҳадислар “Саҳиҳайн” деб номланган. Бухорий ва Муслим китобларида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ўттиз учта ҳадис келтирилган.