Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳаётлик чоғларидаёқ жаннат билан муждаланган ўн саҳобадан бирлари ва илк мусулмонлардан. Қурайш қабиласидан бўлиб, жоҳилият даврида асл исмлари Абдулкаъба, бошқа манбаларга кўра Абду Амр бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Арқам ибн Абул Арқам розияллоҳу анҳунинг уйида фаолиятиларини бошлаган пайтлари Исломга кирган Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга шу исмни қўйдилар. Абу Муҳаммад куняси билан танилган Абдураҳмоннинг оналари Шифо бинти Авф бинти Одил Хорис бинти Зухра бинти Килоб эди. Манбаларга кўра Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу фил воқеасидан йигирма йил кейин дунёга келганлар.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу илк мусулмонлардан ҳисобланади. Қурайшлик золимларнинг азияти чидаб бўлмас даражага келгандан сўнг, Ҳабашистонга икки бор ҳижрат қилган мусулмонлар орасида улар ҳам бор эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинага ҳижрат қилган чоғларида, саҳобалар билан бирга улар ҳам ҳижрат этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинада ансорийлар ва мухожирлар ўртасида биродарлик эълон қилганларида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ансордан Саъд ибн Роби розияллоҳу анҳу билан биродарлик ришталарини боғладилар.
Ансорийларнинг катталаридан бўлган Саъд ибн Роби розияллоҳу анҳу “дин қардоши” бўлмиш Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга шундай дедилар:
– Менинг талайгина молим бор. Унинг ярмини сенга бераман. Икки аёлим бор. Уларнинг биридан ажрашиб идда муддати тугагач, ўзингга никоҳлаб оласан.
Бундай буюк олийжаноблик қаршисида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу лол қолдилар ва биродарига шундай жавоб бердилар:
– Аллоҳим молинг ва оилангни сенга муборак айласин. Сенинг бундай марҳаматингга лойиқ ажр берсин. Сен менга бозорнинг йўлинин кўрсат, мен учун шунинг ўзи кифоя.
* * *
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қурайшликлардан тижорат дарсини олиб улғайганлари сабаб, Мадина бозорида савдо сотиқ билан шуғулланиб катта бойлик орттирдилар. Улар савдо ҳаёти ҳақида шундай дейдилар:
– Аллоҳ менга шундай бир неъмат ато этдики, ҳатто биргина тошни бир ердан қўзғатиб бошқа жойга қўйсам ҳам олтинга айланарди. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам даврларида барча жангларга қатнашдилар.
* * *
Саҳобалардан Муғийра ибн Шуба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам жангларнинг бирига борар эканлар йўлда тўхтаб, саҳобалар турган жойдан бироз нарига бориб ҳожат қилдилар ва таҳорат олиб қайтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам асҳобнинг ёнига келганларида барча Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг орқасида намозга турган эди. Муғийра ибн Шуба розияллоҳу анҳу бориб Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга хабар қилишни истаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уни тўхтатдилар ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқидилар.
Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам намоз ўқиганларида биринчи сафда имомлик қилиш илк бор Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга насиб этди.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни етти юз кишилик қўшинга қўмондон қилиб, милодий олти юз йигирма саккизинчи йили шаъбон ойида думат-ул жандалга юбордилар. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу насронийлик ҳукм сурган бу ўлкага келиб одамларни Исломга даъват қилдилар.Халқнинг катта қисми Исломга кирмади, бироқ қабила раисларидан Ал-Асбоғ ибн Амр Ал-Қалбий насронийликни ташлаб Исломни қабул қилади. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Ал-Асбоғнинг қизи Тумозорга уйланиб, ундан Абу Салама деган ўғил кўрадилар.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам асҳоб орасидан ипак мато кийишга фақатгина Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга изн бергандилар. Чунки бошқа матодан Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг баданларига тошма тошар эди.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг, бир куни Мадинада одамлар тўпланиб, ниманидир хаяжон билан кутаётган эдилар. Бунинг сабабин сўраган Ойша розияллоҳу анҳога Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг карвони шаҳарга яқинлашганини айтишди. Ойша розияллоҳу анҳо шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилгандилар:
– Абдураҳмон сиротдан ўтаётган пайтда йиқилай деди, бироқ йиқилмади.
Ойша розияллоҳу анҳонинг бу сўзларидан хабар топган Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу беш юз туялик бир карвонини устидаги юклари билан бирга Аллоҳ ризоси учун эҳсон қилиб юбордилар. Туяларнинг устидаги моллари туялардан кўра қимматроқ эди. Асҳобнинг энг сахийларидан бўлган Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу бир қанча ғазотларда, хусусан Табук ғазотида Аллоҳ йўлида катта эҳсонлар берганлари маълум.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафотларидан сўнг ерларини қирқ минг динорга сотиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг завжаларига тарқатган эдилар. Ойша розияллоҳу анҳога улуши олиб келинганида ким юборганини сўрадилар, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу эканини билгач, шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам,
– Мендан кейин Аллоҳнинг сабрли қуллари сизга шафқат кўрсатадилар. Аллоҳ Абдураҳмон ибн Авфга жаннат булоқларидан қониб-қониб сув ичишни насиб этсин, деб марҳамат қилгандилар.
* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафотларидан олдин халифаликка Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳуни тайёрлаш хусусида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни чақиртириб ундан фикрини сўрадилар. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар:
– Умар сиз ўйлаганингизданда яхшироқдир. Бироқ ўта қаттиққўлдир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай жавоб қайтардилар:
– Умарнинг қаттиққўллиги менинг ўта юмшоқлигим сабаблидир. Бошқарувни ўз қўлига олса, ундаги бу қаттиққўллик аста йўқолади. Бир куни бир одамдан қаттиқ ғазабландим. Умар эса унга жуда юмшоқ муомалада бўлганди. Мен қанча юмшоқ муомалада бўлсам, у шунчалик қаттиққўл бўлади.
* * *
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Ислом давлати сарҳадларининг кенгайиши ва ишларнинг тинч йўл билан ҳал бўлиши учун ташкил қилинган давлат шўросида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг муҳим ўрин тутганларини кўриш мумкин.
Умар розияллоҳу анҳуга суюқасд уюштирилгач, ярим қолган намозни тугаллаб қўйиш учун Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга имомлик топширилди. Умар розияллоҳу анҳунинг тузалишидан умид қолмагач, янги халифани сайлаш учун ташкил қилинган шўрода Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Шўродагилардан Зубайр ибн Аввом, Талха ибн Убайдуллоҳ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумлар номзодликдан воз кечгач, халифаликка уч номзод қолди. Усмон, Али ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳумлар.
Абдураҳмон розияллоҳу анҳу ҳам номзодликдан воз кечгач, икки номзод қолди. Абдураҳмон асҳобнинг катталари билан узоқ маслаҳатлашгач, халифаликка Усмон розияллоҳу анҳуни муносиб кўрдилар ва барчанинг байъат қилиши билан Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар.
* * *
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу кексайгач, Усмон даврида сокин ҳаёт кечирдилар ва ҳижратнинг ўттиз иккинчи йилида Мадинада вафот этдилар. Жаноза намозини Усмон розияллоҳу анҳу ўқидилар, уларни қабрига олиб борар экан, Али розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Эй Авфнинг ўғли. Кулиб-кулиб абадий хаётга бор. Сен бу фоний хаётнинг энг гўзал кунларини кўрдинг. Бу сокин ҳаёт булғанмасдан охиратга йўл олаяпсан.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу унинг жанозаси ўқилаётган пайтда:
– Эй буюк тоғ! – дея Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг феъл атворидаги соғломлик ва матонатни ифода этгандилар. Абдураҳмон ибн Авфнинг қабрлари муқаддас Бақий қабристонидадир.
* * *
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан жуда кўплаб ҳадислар ёд олганлар, бироқ кўпини нақл этишдан тортинганлар. Ҳадиси шариф китобларида улардан олтмиш бешта ҳадис ривоят қилинган.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг мерослари оила аъзоларига берилмагани хусудаги ҳадисни Абу Бакр ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳумлар бир ҳил ривоят қилганлар. Сурия атрофларида тарқалган вабо касаллиги билан боғлиқ ҳадисни Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ривоят қилган эди:
– Бирор жойда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманг. Вабо сиз яшаётган худудда тарқалган бўлса, ундан қочиш мақсадида у ердан кетманг.