loader

Абон ибн Саид ибн Ал-Ос розияллоҳу анҳу

Исмлари Абон, насаблари: Абон ибн Саид ибн Ал-Ос ибн Умая ибн  Абдушамс ибн Абдуманноф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Луай Ал-Қурайшийдир.
Исломдан аввал Абон розияллоҳу анҳунинг оиласи иккига ажралиб, улар ўртасида ихтилоф чиққан эди. Абон розияллоҳу анҳунинг оиласидагилар Исломга буткул қарши эдилар. Укалари Ҳолид билан Амр мусулмон бўлишди. Абон розияллоҳу анҳу эса уларнинг мусулмон бўлганидан қаттиқ ғазабландилар. “Қанийди Зарибада ўлганимда, Амр билан Ҳолиднинг диндан қайтганини кўрмасдим”, маъносидаги шеърларни ёзиб, ўз қаҳр-ғазабини шеърга тўкиб солдилар.
Абон розияллоҳу анҳу Бадр жангида мусулмонларга қарши курашаётган мушриклар билан бирга эдилар. Укалари Убайда ва Ос мусулмонларга қарши курашаётган пайт жангда ҳалок бўлиб, улардан фақат Абон розияллоҳу анҳу тирик қолди. Ҳудайбия сулҳи пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Усмон ибн Авфон розияллоҳу анҳуни Қурайш катталари билан кўришиш учун Маккага элчи қилиб юбордилар.
Усмон музокара учун Маккага борган пайти Абон розияллоҳу анҳунинг уйида меҳмон бўлдилар. Абон розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуни ўз ҳимояларига олдилар. Ҳақиқатан ҳам у зот Усмон розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрардилар.
Абон розияллоҳу анҳу мусулмон бўлишларидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга мухолиф бўлганларнинг бошида эдилар. Шу билан бирга, бу янги дин ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг пайғамбарликлари ҳақида маълумот олиб турардилар. Абон розияллоҳу анҳу Қурайшнинг катта савдогарларидан эди.
Бир куни Шомга сафар пайтида бир роҳиб билан учрашиб қолдилар. Уни Қурайшдан эканини билган роҳиб, яқинда бу қабиладан Аллоҳ таоло томонидан юборилган бир пайғамбар чиқишини ва у Аллоҳ йўлида Исо ва Мусо алайҳиссаломларнинг ишларини давом эттиришини билдирди. Роҳибнинг гапларидан сўнг Абон розияллоҳу анҳу ўша зотнинг исми нима эканини сўрадилар. Роҳиб “Муҳаммад” деди. Қадимий асарлар ва диний китобларда келтирилган унинг баъзи сифатлари ҳақида тўхталди. Бу сўзларни тинглаган Абон розияллоҳу анҳу роҳибга:  
– Айтган барча сифатларинг у зотда мавжуд, – дедилар.
Роҳиб бу зотнинг биринчи араб ўлкаларига, сўнг бутун дунёга танилишини айтди. Шуни ҳам қўшиб қўйди:
– Сен мамлакатингга қайтгач, унга бориб мендан салом айт ва у зотга нисбатан чексиз ҳурматда эканимни билдир.
Абон розияллоҳу анҳу Маккага қайтганларида буткул ўзгарган эдилар. Бир муддат шу ҳолда юрдилар, ота-боболари динининг ҳурмати ва рақибларининг ҳаракати ҳақида ўйлаб, роҳибнинг айтганларини ҳам бир четга суриб қўйдилар. Шунга қарамай, ҳақиқат ичини тилкалади ва Ҳайбардан олдин Ислом дини билан шарафландилар. Мусулмон бўлгач, озгина вақт ўтиб ҳижрат қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абон розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан сўнг, у зотни бир қўшинга амир қилиб тайинладилар ва Нажид томонга юбордилар. Абон розияллоҳу анҳу бу юришдан зафар билан қайтдилар, бироқ шу сафар туфайли Ҳайбар фатҳига қатнаша олмадилар. Ўшанда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам ҳабаш муҳожирлари билан бўлиб, Ҳайбар урушига қатнаша олмадилар. Натижада, Абон ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳолар Ҳайбардан келган ўлжадан улуш ололмадилар. Бироқ бу ўлжалардан фойдаланиш мақсадида ҳар иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга мурожаат этдилар. Ўша ердагиларнинг баъзилари бу иккисининг Ҳайбарда иштирок этмаганлари тўғрисида гапиришди. Абон розияллоҳу анҳу қаттиқ хафа бўлдилар. Лекин Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг ҳар иккисига ҳам илтифот кўрсатдилар.
Абон розияллоҳу анҳу Нажид юришида муваффақиятга эришгач, бошқа юришларга ҳам амир этиб тайинландилар. Абон розияллоҳу анҳу шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг амрлари ила денгиз ва қуруқликдаги солиқларни йиғиш ишлари бошқарувига тайинландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларига қадар шу вазифада қолдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам тайинлаган вазифалардан ҳеч кимни озод қилмадилар. Абон розияллоҳу анҳудан ҳам ўз вазифасида қолди.
Абон розияллоҳу анҳунинг вафотларии тўғрисида тур хил маълумотлар бор. Ишончли бир ривоятга кўра, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Ажнодин жангида шаҳид бўлганлар.

Орқага Олдинга