loader

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу мадиналик мумсулмонлардан бўлиб, ҳижрат пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг уйларида меҳмон  қилиш шарафига эга бўлган саҳобадирлар. Абу Айюб розияллоҳу анҳу ансорийларнинг Ҳазраж қабиласи Бани Нажжор қавмидан эди. Оналарининг исмлари Заҳро бинти Саъддир.
Абдумуталлибнинг волидаси Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг аждодлари билан қариндош бўлгани сабабли, Абу Айюб ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан узоқ қариндош ҳисобланадилар. Абу Айюб розияллоҳу анҳу иккинчи Ақоба байъатида қатнашиб, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга байъат қилдилар.
Мадина мусулмонлар учун ишончли жой бўлгани сабаб, Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга бир неча мусулмон қолишган эди. Кўпчилик Мадинага ҳижрат қилишганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳам ҳижрат қилишлари хабари келгач, Абу  Айюб розияллоҳу анҳу ҳар куни у зотнинг йўлларига кўз тикиб ўтирардилар.
Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам кўрингач, Нажжорийларни йиғиб, Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламни кутиб олдилар. Барча мусулмонлар у зот алайҳисалломни ўз уйларида меҳмон қилиш истагида эдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам туяларини қўйиб юбордилар. Қасво номли бу туя Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйлари ёнида чўкди.
Абу Айюб розияллоҳу анҳу бу воқеани шундай ривоят қиладилар:
– Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам уйимизнинг остки қаватига жойлашдилар. Бир куни юқоридан ерга бир миқдор сув тўкилди. Сув шипдан сизиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг устиларига тушмаслиги учун сувни мато билан арта бошладим. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига тушиб шундай дедим:
– Ё Расулуллоҳ, сиз яшаётган жой устида бизнинг яшашимиз тўғри иш эмас. Илтимос, юқоридаги хонага ташриф буюрсангиз. Шундан сўнг Расулуллоҳ устки қаватга чиқдилар.

* * *
Абу Айюб билан унинг аёли Умму Айюб розияллоҳу анҳумолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга таом ҳозирлар эдилар. Бир куни пиёз қўшилган таом келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам таомни емадилар ва шундай дедилар:
– Таомда пиёз борлиги сабаб емадим, чунки пиёзни ёқтирмайман. Бироқ сизлар еяверинглар, чунки пиёзнинг ҳеч қандай зарари йўқ.
Абу Айюб  розияллоҳу анҳу у зотга жавобан:
– Ё Расулуллоҳ! Сиз ёқтирмаган нарсани биз ҳам емаймиз, – дедилар.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ансорийлар билан муҳожирлар ўртасида бўлган қардошлик алоқасида Абу  Айюб розияллоҳу анҳуга биродар сифатида Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни танланган эди. Уйларида етти ой давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни меҳмон қилган Абу Айюб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёнларида Бадр, Уҳуд, Ҳандақ каби барча ғазотларда қатнашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг бўлган бошқа жангларда ҳам иштирок этдилар.
Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Ҳаворижларга қарши у зот билан бирга жанг қилдилар.
Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг Холид, Муҳаммад исмли икки ўғли ва Умра исмли бир қизлари бор эди.

* * *
Али розияллоҳу анҳу шаҳид этилгач, Муовия даврида Мисрга кетдилар. Миср ҳокими бир куни шом намозига кеч қолди. Ўша пайти барча саҳобалар каби намозга талабчан бўлган Абу Айюб розияллоҳу анҳу ундан:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг “Умматим шом намозини юлдузлар кўкни қоплагунларига қадар кечиктирмас эканлар, демак, улар хайр устидадир”, деганларини эшитмаганмисан? – деб сўрадилар.
–  Эшитганман, – деб жавоб берди ҳоким.
– У ҳолда нима сабабдан шом намозини кечиктирдинг? – деб сўрадилар.
– Зарур иши чиқиб қолганди.
– Сенинг бу ишингни кўрган халқ “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам шундай қилганлар”, деган фикрга боришларидан қўрқаман, деб дашном бердилар.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Истамбулнинг фатҳ этилиши тўғрисида саҳобаларга:
– Истанбул албатта фатҳ қилинади! Уни фатҳ этган аскар қандай яхши, қандай гўзал аскардир, – деб хабар берган эдилар. Ҳижрий эллик иккинчи йилда Муовиянинг ўғли Язид қўмондонлигидаги мусулмонлар Истамбулни қамалга олдилар. Ислом ақидасини дунёнинг тўрт томонига ёйиш орзусидаги мусулмонлар Истамбулни тезроқ фатҳ этиш истагида эдилар.
Абу Айюб ал-Ансорий бу сафарга чиқиш учун кўп ҳаракат қилган эдилар. Аллоҳ таоло у зотни ниятига етказди. Бироқ узоқ йўл азоби кексайиб қолган Абу Айюб розияллоҳу анҳуни Истамбулга яқин қолганларида хасталикка дучор қилди ва шу дард билан оламдан ўтдилар. Абу Айюб розияллоҳу анҳу ўша ерга дафн қилинди ва мусулмонларнинг Истамбулдаги рамзига айландилар.

* * *
Абу Айюб розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида мана бу ҳадисни нақл этганлари ривоят қилинади:
– Бир инсон Аллоҳга ҳеч қандай шерик қўшмасдан, руҳини таслим этса, Аллоҳ уни жаннатга киритади.

* * *
Абу Айюб розияллоҳу анҳу фазилат жиҳатдан юксак мақомга эга бўлган шахс эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан ўзларидан таълим олган саҳоба суннатга катта аҳамият берар, бирор янглишлик кўрса дарҳол тўғирлар ва суннатга уйғун иш қилишга шошилардилар.

* * *
Абу Айюб розияллоҳу анҳу Ҳайбар жангидан қайтаётганларида кечаси билан ухламай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг чодирлари ёнида ўтириб чиққан, шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотни:
– Аллоҳим мени кечаси билан муҳофаза қилиш учун ухламай чиққан Абу Айюбни Сен ҳам асра! – дея дуо қилган эдилар.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан Абу Айюб розияллоҳу анҳу шу ҳадисни ривоят қилганлар:
– Мусулмон кишининг мусулмон биродарида олти ҳаққи бор. Агар булардан бирортасини бажармаса, барчасини бажармаган бўлади:
1.    Учрашганда салом бериш;
2.    Уни меҳмонга чақирганда бориш;
3.    Аксирган пайти уни дуо қилиш;
4.    Хасталанган пайт зиёрат қилиш;
5.    Вафот этганда жанозасига бориш;
6.    Тўғри йўл кўрсатишини истаган пайт унга насиҳат қилиш.

* * *
Зафар қозонилган денгиз бўйидаги бир жангдан сўнг Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг асирлар орасида қандайдир аёлнинг йиғлаётганига кўзлари тушди. Соқчилардан сўрадилар:
– Бу аёл нима учун йиғлаяпти?
– Билмаймиз, эй Абу Айюб, – дейишди соқчилар.
Абу Айюб розияллоҳу анҳу аёлнинг тилини биладиган бир одамни топиб келтиришини буюрдилар. Ундан сабабини сўраттириб, фарзандининг ёлғиз қолиб кетганидан хабар топдилар ва дарҳол аёлнинг боласини топиб келтиришга амр бердилар. Бундан ҳайратланган аскарлар сўрашди:
– Эй Абу Айюб, бу аёлни танийсизми?
Улар жавоб қайтардилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Кимки бир аёлни фарзандидан айирса, охират куни Аллоҳ уни барча севганларидан айиради.

* * *
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва Абу Бакрга етадиган таом ҳозирлаб, ҳузурларига олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
–  Эй Абу Айюб! Ансорий саҳобалардан ўттиз кишини таклиф эт!
Мен емакнинг озлиги, уни ўттиз кишига етмаслиги ҳақида ўйлаб турган эдим, такрор буюрдилар:     
– Эй Абу Айюб! Ансорий саҳобалардан ўттиз кишини таклиф эт.
Минг ўй билан ансорийлардан ўттиз кишини чақириб келдим, уларнинг барчаси келди. Ўша таомдан едилар ва қоринлари тўйди. Мўъжизани ҳис этиб, иймонлари қувватланди ва қайта байъат қилиб кетдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам такрор буюрдилар:
– Олтмиш кишини таклиф қил!
Мен кўрган мўъжизамдан севиниб, олтмиш кишини уйга таклиф қилдим. Барчаси келди, яна шу таомдан едилар. Ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мўъжизаларини тасдиқ этиб, уйларига қайтдилар. Сўнг яна буюрдилар:
– Ансорийлардан тўқсон қишини чақир!
Чақириб келдим, уларнинг бари таомдан еб, мўъжизага шоҳид бўлиб ортга қайтдилар. Таом ҳамон қўл теккизилмаган каби турарди.

* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам, Абу Бакр ва Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳумо билан бирга Абу Айюб ал-Ансорийнинг уйларига боришди. Боғда ишлаётган Абу Айюб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак овозларини эшитиб, уйига югурганча етиб келдилар.
– Биродарларингиз билан хуш келибсиз, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам, – дедилар. Унинг қўлидаги идишда уч-тўрт дона хурмо бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Эй Абу Айюб! Идиш ичидан қуриган хурмоларни ол.
– Ё Расулуллоҳ! Амрингиз бош устига. Мен ҳозир сизларга бирор ҳайвон сўйиб, меҳмон қиламан.
– Агар бирор ҳайвон сўйсанг, сут берадиган ҳайвонни сўйма.
Абу Айюб розияллоҳу анҳу улоқ сўйдилар. Аёли Умму Айюб розияллоҳу анҳо гўштни қозонга солиб пиширди, сўнг иссиқ нон пиширди. Пишган гўштни нон устига қўйиб, дастурхон тузадилар. Кейин эса Абу Айюб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга:
– Дастурхонга марҳамат қилинг, ё Расулуллоҳ, – дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Айюбга буюрдилар:
– Эй Абу Айюб! Бу нон билан гўштдан бир бўлак қизим Фотимага ҳам олиб бор. Биламан, анча пайтдан бери у бундай таом емаган.
Буйруқ бажарилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва биродарлари таомландилар, сўнг дастурхон йиғилгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Бу неъматлар қандай яхши: нон, гўшт, хурмо. Улар шукур сўрайди, – деб йиғладилар. Сўнг марҳамат қилдилар:
– Жоним қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, бу неъматлар туфайли қиёмат куни сиз саволга тортиласиз. Бироқ соғ пайтингиз қўлингизга келган бирор неъматни ейишни бошлашдан аввал “Бисмиллоҳ”, тўйганингизда эса “Алҳамдулиллаҳ” деб Аллоҳга шукр ила дуо қилинг. Зеро, Аллоҳ таоло берган ризқ ила сиз қорин тўйдирурсиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам кетишлари олдидан:
– Эй Абу Айюб! Эртага сен бизникига бор! – деб уйларига таклиф қилдилар.
Абу Айюб Ансорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам учун ҳар куни дастурхон тузарди. Бу иззат-икром эса у зотнинг даражасини юксалтириб борарди.

Орқага Олдинга