loader

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу энг кўп ҳадис ривоят қилган машҳур саҳобалардан биридир. Асл исмлари Абдураҳмон ибн Саҳр, Абу Ҳурайра эса куняларидир. Жоҳилия даврида исмлари Абдушамс бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотга Абдураҳмон (баъзи ҳадисларда Абдуллоҳ ва бошқа исмлар ҳам ривоят қилинади) деб исм қўйдилар. Нима сабабдан Абу Ҳурайра деган куня берилганини ўзлари шундай изоҳлайди:
– Бир мушукча топиб олгандим, уни доим ҳирқамнинг енгига солиб юрардим, шундан сўнг Абу Ҳурайра (мушукча отаси) куняси билан чақириладиган бўлдим.
Ҳайбар ғазоти арафасида Ямандан Мадинага келиб мусулмон бўлганлар. Шу кундан эътиборан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларига қадар у зотдан айрилмаганлар, ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хизматларига бағишлаганлар.
Бу тўрт йилга яқин саодатли муддат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг меҳмондўстликлари, сахийликлари соясида яшаган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу масжидда фақат ибодат ва илм билан машғул бўлган аҳли Суффаннинг бош сиймоларидан бири эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни жуда қаттиқ севдилар. Шунинг учун ҳам у зоти шарифнинг суннатларига уйғун ҳолда яшаб, юксак мартабаларга эришдилар. Кучли ҳаё эгаси бўлиб, қўли очиқ, сахий инсон эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилгандан кейинги фитналар сабаб узлатга чекиндилар.
Одамлар у зотдан нега бундай қилганини сўрашганда, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифини ривоят қилиб, уларга жавоб берган эдилар:
– Турли фитналар чиқади. Ўша замонда ўтирганлар тургандан, турганлар юргандан, юрганлар югургандан хайрли бўлиб қолади. Кимки уни кўриш учун ортга қараса, у ҳам ўшаларга шерик бўлади. Ким яшириниш учун жой ёки хилватроқ ер топса, ўша билан ўзини асрасин.

* * *
Хушсуҳбат, тоза ва соф қалбли инсон эдилар. У зот амир ва ҳоким бўлганларида ҳам  ҳеч қандай ғурур ва кибрга берилмадилар. Аксинча, бу улардаги сахийликни янада орттирди. Мадинада Марвон ҳоким  бўлган пайтда, устига тўқим боғланган эшак билан, хурмо пўстидан ўрилган бош кийимларини кийиб бозорга борар, “ҳимояланинг амир келяпти” деб  огоҳлантирар эдилар.
Имом Шофе раҳматуллоҳу алайҳ каби буюк олимларнинг маълумотига кўра, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўз замонидаги ҳадис ривоят қилганларнинг орасида хотираси энг соғломи эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу имонга келгач, қисқагина муддатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёнларида бўлдилар. Бироқ Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларининг сони ниҳоятда кўпдир. Бунинг сабаби эса шундай изоҳланади:
Биринчи сабаб:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан тез-тез учрашишлари ва тортинмасдан ҳар мавзуда савол беришлари. Бухорий ва Муслимларнинг ривоят қилишларича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Сизлар Абу Ҳурайранинг кўп ҳадис ривоят қилгани ҳақида гапирасизлар. Мен фақир одам эдим. Қорин тўқлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёнларида хизмат қилардим. Муҳожирлар бозорда савдо-сотиқ билан, ансорийлар ҳам ўз рўзғорлари ташвишида юрган кунларнинг бирида мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мажлисларида қатнашаётган эдим, улар шундай буюрдилар:
– Орангиздан ким жуббасини ерга тўшаб, мен сўзимни тугатишим билан йиғиб олса, мендан эшитганларини ҳеч қачон унутмайди.
Шундан сўнг мен эгнимдаги хирқамни ерга тўшадим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сўзлари битгач, дарҳол йиғиб олдим. Нафсим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, ўша  ондан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитганларимни ҳеч қачон унутмадим.
Иккинчи сабаб: Илмга бўлган қизиқишлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг уларни дуо қилишларидир. Ал-Ҳаким Нишопурий “Мустадрак” китобида шундай дейдилар:
– Бир одам Зайд ибн Собитнинг ёнига келиб бир масала ҳақида сўради. У эса Абу Ҳурайранинг ёнига боришини айтди ва шундай давом этди:
– Чунки бир куни мен, Абу Ҳурайра ва яна бир саҳоба масжидда дуо ва зикр билан машғул эдик. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам келдилар ва ёнимизга ўтирдилар, биз эса дуо ва зикрдан тўхтадик.
Шундай марҳамат қилдилар:
– Ҳар бирингиз Аллоҳдан бирор истагингизни сўранг!
Мен ва дўстим Абу Ҳурайрадан олдин дуо қилдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бизнинг дуоларимизга “омин” дедилар.
Навбат Абу Ҳурайрага келди ва у шундай дуо қилди:
– Аллоҳим, Сендан икки биродаримнинг дуолари ижобатини ва унутилмайдиган илм сўрайман.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу дуога ҳам “омин” дедилар. Шунда биз:
– Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳам унутилмайдиган илм истаймиз, – дедик.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Давслик одам сизлардан аввал улгурди, – деб марҳамат қилдилар.  
Имом Бухорий илм бобида Абу Ҳурайранинг шундай деганини ривоят қиладилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингизга қандай бахтли кишилар ноил бўлади? – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга нисбатан кучли қизиқишинг борлигини билганим учун, бу саволни сендан олдин ҳеч ким сўрамаса керак, деб тахмин қилгандим. Қиёмат куни менинг шафоатимга ноил бўлувчи бахтли кимса, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган кимсадир.
Учинчи сабаб: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг буюк саҳобалар билан кўришишлари, улардан кўплаб ҳадислар ўрганишлари ва бу соҳада илмлари ортиб, барчага танилишидир.
Тўртинчи сабаб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг узоқ муддат ҳаёт кечирганликларидир. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг яшаган 47 йиллик умри давомида халқ орасида ҳадис ёйиш ва ўргатиш ишлари билан машғул бўлдилар.

* * *
Юқорида кўрсатилган сабаблар туфайли Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида энг кўп ҳадис билганлар, ҳадис олиш ва ривоят қилиш борасида бошқалардан кўра устун бўлганлар. У зот ривоят қилган ҳадислар, бошқа бир қанча саҳобаларда чалкаш ҳолда учрарди. Шу сабабдан, улар Абу  Ҳурайрага мурожаат қилиб, ҳадис ривоят қилишда унинг фикрларига таянар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу унинг жаноза намозида, Аллоҳдан унга раҳмат сўраб:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларини мусулмонлар номидан муҳофаза қилар эди – дейдилар.

* * *
Имом Бухорий Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳудан саккиз юзга яқин саҳоба ва тобеъин олимлар ҳадис ривоят қилганларларини таъкидлайдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан 5374 ҳадис етиб келган бўлиб, улардан 325 тасини Бухорий ва Муслим биргаликда, 93 тасини Бухорий, 189 тасини фақат Муслим алоҳида Саҳиҳларига қўшганлар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳоба ва муҳаддислар наздида тўлиқ ишониш мумкин бўлган буюк шахс бўлганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:
– Абу Ҳурайра мендан хайрлироқ бўлиб, ривоят қилган ҳадисини мендан кўра яхшироқ биларди.
Жаннат билан муждаланган ўн саҳобадан бири бўлган Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:
– Шубҳа йўқки, Абу Ҳурайра биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитмаган ҳадисларимизни эшитган.
Марвоннинг котиби Абу Зуалзаъа ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ишончли ҳадис ривоят қилишдаги қобилиятларини шундай мадҳ этади:
– Марвон Абу Ҳурайрани саройда ҳадис ривоят қилиш учун таклиф этган эди. У менга Абу Ҳурайра ўтирган суянчиқ орқасига яшириниб, у нақл этган ҳадисларни ёзиб олишимни буюрди. Кейинги йил уни яна саройга таклиф этди. Менга эса у ҳадис ривоят қилаётганда бир йил олдинги ёзган ҳадисларимни текшириб боришимни буюрди. Натижада, унинг ҳатто бир сўзнинг ҳам ўрнини ўзгартирмасдан ривоят қилганини кўрдим.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижратнинг еттинчи йилида мусулмон бўлдилар. Ёшлиги фақирлик ва азобда ўтган эди. Мусулмон бўлган пайти ўттиз ёшдан ошган эдилар. Ямандаги Давс қабиласининг раиси ва машҳур шоир Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу воситасида мусулмон бўлдилар. Туфайл ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг дуолари ва амрлари билан қабиласини Исломга даъват қилганларида, биринчи бўлиб Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу мусулмон бўлдилар.
Шундан сўнг Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу иймон келтирганлар билан бирга Ямандан кетдилар. Етмишдан ортиқ мусулмон бир гуруҳ бўлиб, Мадинага келдилар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўриш, ул зоти  шарифнинг суҳбатларида бўлиш истаги билан ёнардилар. Йўлнинг узунлигидан сабрсизланиб, сиқилиб шундай мазмунда шеърлар ўқиб борардилар:
– Эй йўловчининг туни! Тўйдим йўлнинг узунлигию, азобидан. Бироқ мана шу йўллар мени куфр юртидан қутқармоқда.
Қабила одамлари Мадинага келган пайти, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ҳайбар фатҳига кетган эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ҳайбарга кетган пайтлари мен Мадинага муҳожир бўлиб келдим. Бомдод намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам вакил қилиб кетган Шибо ибн Урфутаннинг орқасида ўқидим. Биринчи ракатда Мариям сурасини, иккинчи ракатда Муттафифун сурасини ўқиди. Намоздан сўнг Шибо ибн Урфуннинг ёнига бордик. Бизга бироз емак келтирди.

* * *
Шундан сўнг Мадинага келган ушбу қабила, Ҳайбар томон йўл олди. У ерга боришларидан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қўшинлари Натат қалъасини фатҳ этган, Қатиба қалъасини эса қамал қилган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига борганларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга қараб:
– Сен кимлардансан? – деб сўрадилар.
– Давс қабиласиданман.   
– Давс қабиласига оид кимсалардан фақат хайр кўрдим.
Шундан сўнг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга байъат қилдилар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу йўлда кетаётган пайтда ёнидаги қулини йўқотиб қўйган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларида ўтирганларида қули чиқиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар:
– Ана қулинг келди.
Бунга жавобан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Шоҳид бўлинг, у энди озод. Аллоҳ розилиги учун уни озод қилдим.

* * *
Ҳайбар фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз Расули Акрам  соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга Ҳайбардан олинган ўлжадан улуш ажратдилар. Сўнг Мадинага қайтдилар. Шундан кейин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Яманга қайтмадилар, Мадинада қолдилар. Кеча-ю кундуз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёнларидан айрилмадилар.
Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларига қадар тўрт йил давом этди. Ямандан келган  оналари  ҳам ёнларида қолган эдилар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир куни енглари орасида мушукча олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буни кўриб, сўрадилар:
– Бу нима?
– Мушукча.
Шундан сўнг Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам уни: “Эй Абу Ҳурайра” (мушукча отаси) деб чақира бошладилар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларида доим бўлганлари сабаб, ул зоти шарифдан кўплаб ҳадислар эшитганлар ва  ривоят қилганлар. Бир куни Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Сиздан эшитганларимни хотиримда узоқ муддат сақлай олмаяпман.
Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Ёпинчиқни узат! – деб буюрдилар. Улар ёпинчиқни узатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларни дуо қилдилар. Икки марта муборак қўллари билан бир нарсаларни сочган каби ҳаракат қилдилар кейин:  
– Ёпинчиқни кўксингга сур, – деб буюрдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг айтганларини бажардилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло у зотга шундай бир хотира эҳсон қилдики, эшитган нарсасини унутмайдиган бўлдилар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билмаган ва ўрганмоқчи бўлган нарсаларини шахсан Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан сўраб ўргандилар. Умрларининг энг гўзал кечган мана шу тўрт йиллик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан кечаю кундуз айрилмай, вақтини, бор кучини Пайғамбар алайҳиссаломнинг буйруқларини бажариб, ҳадис ўрганишга сарф этдилар. Ҳаттоки бир неча кунлаб оч юрар, дин ўрганишга бўлган ғайратидан очликни ҳам ҳис этмас эдилар.
Бу хусусда ўзлари шундай дейдилар:
– Бир куни очликка чидай олмай масжидга бордим. Неча кунлардан бери бирор нарса тотмаган эдим. У ерга боргач, бир неча саҳобалар ўтирганини кўрдим. Ёнларига боргач, шундай дедилар:
– Нима учун бу пайтда келдинг, Эй Абу Ҳурайра?
– Очлик мени бу ерга бошлаб келди, – деб жавоб бердим.
– Биз ҳам очликка чидолмай бу ерга келдик.
Шундан сўнг барчамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига бордик. Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўрадилар:
– Бу пайтда ҳузуримга келишингизга сабаб нима?
– Очлик, ё Расулуллоҳ! – деб жавоб бердик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам идишда хурмо келтирдилар. Ҳаммамизга иккитадан хурмо бердилар. Мен бирини еб, бирини сақлаб қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўрадилар:     
– Нега бирини емадинг?
– Бирини онамга олиб қўйдим, – деб жавоб бердим.
– Уни ҳам е, сенга онанг учун яна икта хурмо бераман, – дедилар ва онам учун яна иккта хурмо бердилар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга бир коса сут ҳадя қилинди. Ўша куни мен жуда оч эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга буюрдилар:
– Бориб саҳобаларни дастурхонга чақириб кел!
Чақиришга бордим. Йўлда “Бу сут менинг ўзимга зўрға етарди”, деган хаёл кечди. Саҳобаларни таклиф қилганимда улар юзтача эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг амрлари билан косадаги сутни олиб барчасига бирма-бир тутиб чиқдим. Ҳаммаси сутдан тўйиб ичди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мўъжизалари билан сут ҳеч камаймас эди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Мен билан сен қолдик, сен ҳам ич!
Мен ҳам бироз ичдим. Яна “ич”, деб буюрдилар. Қайта ичдим, ичаётганимда яна “ич” дедилар. Шу қадар тўйиб ичдимки, ортиқ ича олмайдиган даражага келдим. Сўнг косани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам олдилар ва ичдилар.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгандан сўнг онасининг ҳам мусулмон бўлишини жуда хоҳлар, қўлларидан келганча шунга ҳаракат қилардилар. Бироқ ҳеч бунга эришолмадилар. Бу ҳақда уларнинг ўзлари шундай дейдилар:
– Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб шундай дедим:  
– Ё Расулуллоҳ! Онамни Исломга даъват қиляпман, бироқ қабул қилмаяптилар. Бугун ҳам улардан Исломни қабул қилишини сўрадим. Менга ёмон сўзлар айтиб, қаршилик билдирдилар, қабул қилмадилар. Илтимос, уларнинг ҳидоятга эришишини сўраб дуо қилсангиз.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Аллоҳим, Абу Ҳурайранинг онасига ҳидоят бер! – дея дуо қилдилар. Дуоларини олгач, севинганча уйга йўл олдим. Уйга борганимда онам:
– Эй Абу Ҳурайра, мен мусулмон бўлдим, – дедилар ва шаҳодат калимасини айтдилар. Мен севинчдан жойимда туролмасдим. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига югурдим ва онамнинг мусулмон бўлганини айтдим ва шундай дедим:
– Ё Расулуллоҳ! Онамни ва мени мўминлар севиши учун, бизлар ҳам мўминларни севишимиз учун бизни дуо қилинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Аллоҳим, шу қулингни ва онасини мўмин бандаларингга, мўминларни эса уларга севдир, – дея дуо қилдилар.

* * *
Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан ўзларидан ўрганган диний билимлари ва эшитган ҳадиси шарифларини Ислом дунёсига ёйилишида буюк хизмат қилганлар.
Ҳар жума куни намоздан олдин ҳадис илмидан дарс берардилар. Ҳадиси шариф ўрганиш мақсадида келганлар у зотнинг атрофида тўпланар эдилар. Уларнинг дарс мажлиси кенг бўлиб, бир қанча одамлар улардан илм ўрганиб, буюк олим даражасига етганлари ҳам бўлган.

* * *
Ибодатларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилардилар. Доим таҳоратли ҳолда юрардилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Таҳоратли бўлган тана аъзосига жаҳаннам оташи тегмайди”, деб марҳамат қилганлар, – дер эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўлими яқинлашганда йиғлагандилар. Сабабини сўраганларга шундай жавоб берган эдилар:  
– Охират озуқасининг озлигидан ва йўловчилик машаққати оғирлигидан.

* * *
Шакиё Ашоҳий шундай ривоят қиладилар: “Бир куни Мадинага Абу Ҳурайрани зиёрат  қилиш учун бордим. Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қиёмат кунига доир бир ҳадиси шарифларини ривоят қиларкан, бирданига фарёд кўтариб, ўзидан кетди. Бироздан сўнг ўзига келгач, нима учун бундай қилганини сўрадим. Шундай деб жавоб берди:
– Қиёмат куни Аллоҳ таоло инсонларни ҳисобга тортадиган кундир. Қуръони каримга, унинг амрларига амал қилганлар учун мақбул кун, амал қилмаганлар эса жазо кунидир. Қуръонни билиб ўқиган, ўрганиб ўргатганларга яхши, амал қилмаганларнинг ҳолларига вой!  
Қуръонда инсонлар учун буюрилган амрлар бор. Фақирни химоя қилиш, садақа бериш, қариндош-уруғларни зиёрат қилиш... Буларнинг барчасини бажариш лозим. Мана шулар учун қиёмат кунидан қўрқаман.  

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келиб савол берди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Кимга яхшилик қилай?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам жавоб бердилар:
– Онангга.
– Кейин кимга?
– Онангга.
– Кейин кимга?
– Яна онангга.
Савол эгаси яна “сўнг кимга?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу сафар: “Отангга ва қариндошларингга”, деб жавоб бердилар.

* * *
Бир одам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу олдиларига келиб шундай деди:
– Илм ўрганишни истайман, бироқ кейинчалик унутиб қўйишдан қўрқаман.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу унга шундай  деб жавоб берди:  
– Аслида илмни йўқотиш, қўрқувинг сабаб уни ўрганмасликдир. Шу боис илмга ғайрат қил.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Қуръони Карим ўқилган уйга барокот ва яхшилик келади. Фаришталар ўша ерга тўпланурлар, шайтонлар эса у ердан қочурлар. Қиёмат куни ўша банда Аллоҳнинг хузурига келтирилганда, Аллоҳ унга дейди:
– Эй бандам, сен мен учун дўстларимни севганмидинг? Токи мен ҳам ўша дўстларим учун сени севаман.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Аллоҳ гўзалдир. Фақатгина чиройли қилинган ибодатларни қабул қилади. Аллоҳ пайғамбарларига амр этганини мўминларга ҳам буюрди: “Эй Пайғамбарларим! Ҳалол нарсаларни енглар, солиҳ ва яхши ишларни қилинглар”. Мўминларга ҳам буюрди: “Эй иймон келтирганлар! Сизларга берган ризқимдан ҳалолларини енглар”.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга кўра, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қийматли бўлганлар тақво соҳибларидир. Олтмиш йил қолдирмай намоз ўқиб, бироқ намози қабул бўлмаган кимса, руку ва саждаларини тўлиқ бажармаган кимсадир.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу талабаларига дарс ўтишдан аввал:
– Ким билиб туриб менинг номимдан ёлғон гапирса, жаҳаннамдаги ерига таёргарлик кўрсин, – деган ҳадисни ўқир, сўнг ҳадис нақл этишни бошлар эди.

* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобалардан сўрадилар:
– Сизларга бир қанча калима ўргатайми? Орангизда унга амал қиладиган ва ўрганадиган борми?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:  
– Менман, ё Расулуллоҳ!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг қўлидан тутиб шундай дедилар:
– Аллоҳ таолонинг ҳаром қилган, таъқиқлаган нарсаларидан сақлан, инсонларнинг энг обиди ва энг кўп ибодат қилгани бўласан. Аллоҳнинг сенга берган неъматига қанчалик оз бўлсада рози бўл, Аллоҳ қалбига бойлик берган инсонларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга қалбинг ва феълинг билан эҳсон ва ёрдам қил, комил бир мўмин бўласан. Ўз нафсинг учун нени раво кўрсанг, барчага шуни раво кўр, комил бир мусулмон бўласан.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай нақл қилинади:
– Бир ғазотда оч қолгандик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам мендан сўрадилар:
– Тановул учун бирор нарса қолдими?
– Ҳа, ё Расулуллоҳ! Халтамда бироз хурмо бор.
– Менга келтир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга халтани олиб келдим. Муборак қўлларини халтага солиб, бир ховуч хурмо олдилар ва ерга тўшалган рўмол устига қўйиб, барокот учун дуо қилдилар.
Ўша ерда бўлган саҳобалар келиб хурмодан тўйгунча еб кетдилар. Охирида менга буюрдилар:  
– Эй Абу Ҳурайра! Сен ҳам рўмолдаги хурмодан бир ҳовуч олиб йўл халтангга сол.
Бир ҳовуч олиб халтамга солдим. Халтамдаги ушбу хурмолар ҳеч тугамади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам хаётлик чоғларида ҳам, уларнинг вафотларидан кейин Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг халифалик даврларида ҳам шу хурмолардан едим ва бошқаларни ҳам у билан сийладим, бироқ ҳеч тугамади. Усмон шаҳид этилгандан сўнг ўша йўл халтамни ўғирлатиб қўйдим.
* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Мадина ҳокими бўлган пайтлари, устига ўтин ортиб ташир эдилар. Муҳаммад ибн Зиёд уни таниб, ёнидагиларга шундай деди:
– Йўл беринглар, Амир келяпти!
Ёшлар ҳокимнинг бу қадар тавозесидан хайратландилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уларга шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Олдинги умматлардан кибрли бўлган бир одам этакларини ерга ишқалаб юрарди. Ғайрати илоҳияга тегиниб, уни ер ютди. Эшакка миниш, юнгли кийим кийиш ва қўйнинг сутини соғиш кибрсизлик аломатидир.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга ўтирган эдик. Орамиздан бир одам туриб кетди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай дейилди:
– Ё Расулуллоҳ! Бу одам нимадандир нотинч бўлиб кетди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларга шундай дашном бердилар:
– Шеригингизни ғийбат қилдингиз, гўштини едингиз.  

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бир одам келиб шундай деди:
– Бир олтиним бор нима қилай?
– Ўз эҳтиёжларинг учун сарф қил.
– Яна бир олтиним бор.
– Унга эса фарзандинг учун керакли нарсаларни ол.
– Яна битта бор.
– Уни оиланг эҳтиёжлари учун сарф қил.
– Яна бир олтиним бор.
– Хизматчингнинг эҳтиёжлари учун сарфла.
– Яна олтиним бор.
– Уни сарфлайдиган жойингни сен жуда яхши биласан.

* * *
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинган бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
– Шундай замонлар келадики, мусулмонлар бир-бирларидан ажралиб, бўлиниб кетади. Динларининг амрларини қўйиб, ўз тушунча ва қарашларига бўйсунадилар. Қуръони каримни чолғу ва созлар билан қўшиқ каби ўқийдилар. Аллоҳ учун эмас, кўнгилхушлаш учун ўқийдилар. Бундай ўқиганларга ва тинглаганларга ҳеч қандай савоб берилмайди. Аллоҳ уларни лаънатлайди ва азобга дучор қилади.

* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга тез-тез насиҳат қилиб шуни буюрардилар:
– Эй Абу Ҳурайра! Мен билан Арш соясида сояланмоқчи бўлсанг, ҳар куни юз марта саловат келтир. Маҳшарда менинг булоғимдан қонмоқчи бўлсанг, мўмин биродаринг билан уч кундан ортиқ хафалашма.
Эй Абу Ҳурайра! Мендан сўнг мўминларнинг буюги шундай кимсаки, Аллоҳ таоло унга давлат беради, у эса яширин ва ошкора Хақ йўлида сарф этади ва қилган яхшилигини ҳеч кимнинг юзига солмайди.
Эй Абу Ҳурайра! Рўза тутган пайтинг рўзангни тезроқ оч. Яъни шом бўлиши билан дарҳол ифтор қил! Менинг умматларим шундай кимсаларки, ифторга шошилурлар ва саҳарлик емагини кечроқ ер. Зеро саҳарликда кўплаб раҳмат ва барокотлар бор. Менинг умматим Рамазони шарифнинг рўзасини мукаммал ва чиройли тутса, Хақ таоло унга берадиган савобни, неъмат ва эҳсонни Унинг ўзидан ўзга билмайди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Рўза мен учундир, берадиган савобни ҳам ўзим биламан”.
Эй Абу Ҳурайра! Аллоҳдан ўзгадан ҳеч қачон умид қилма! Аллоҳга таваккул қил! Бирор истагинг бўлса, Аллоҳдан сўра! Аллоҳ таолонинг одати шундай; ҳар нарсани бир сабаб остида яратади. Бир иш учун сабаб излаш, сўнг Аллоҳнинг яратишини кутиш лозим. Таваккул ҳам шундан иборатдир.
Эй Абу Ҳурайра! Адашганга тўғри йўлни кўрсат, жоҳилга илм ўргат, шу билан сенга шаҳидлик мартабаси берилади.
Эй Абу Ҳурайра! Ҳар кимса кунда йигирма беш марта мана шу дуони ўқиса, Хақ таоло ўша кимсани обидлар тоифасига қўшади. Дуо шудир: “Аллоҳуммағфирли вали ҳокимия вали устазия валил муъминина вал муминат вал муслимина вал муслимат ал аҳяи минҳум вал амват бираҳматика я арҳамарроҳимийн”.

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Бир ғазотда кофирларнинг йўқ бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан дуо қилишларини сўрадик.
– Мен лаънат айтиш учун, инсонларнинг азоб чекишлари учун юборилмаганман. Мен барчага яхшилик қилиш, инсонлар ҳузурга эришишлари учун юборилганман, – деб марҳамат қилдилар ва қуйидагиларни ўқидилар:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
“(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси 107).

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳулари ибодатларига диққатли эдилар. Фарз намозларидан сўнг нафл намозларида давом этардилар. Туни билан намоз ўқиб чиққан кунлари ҳам бўларди. У зот шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Аллоҳ таоло айтади: “Бандам менга фарз намозлари билан яқинлашганидек бошқа амаллар билан бу қадар яқинлаша олмайди. Бандам нафл намозларини ўқиганда уни жуда яхши кўраман. Шундай бўладики, мен билан эшитади, мен билан кўради, мен билан ҳар нарсани тутади, мен билан юради. Мендан неники истаса бераман. Менга сиғингач, уни асрайман”.    

* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тўрт ўғил ва бир қизи бўлган. Қизи машҳур тобеъинлардан бўлган Саид ибн Мусаййиб раҳматуллоҳу алайҳ билан турмуш қурган, ўғиллари ҳам оз бўлса-да ҳадислар ривояти билан машғул бўлишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга божа бўлганлар.

* * *
Умрининг сўнгги кунлари хасталандилар. Хасталикларини эшитиб, уларнинг зиёратига келувчилар кўплигидан ҳаммаёқ одамга тўлди. Хасталаниб ётган пайти: “Аллоҳим, жамолингни кўришни насиб айла. Тезроқ ҳузурингга ол!” деб дуо қилдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу етмиш саккиз ёшларида, милодий олти юз етмиш олтинчи йили Мадинада вафот этдилар.

Орқага Олдинга