loader

Абу Қатода розияллоҳу анҳу

Абу Қатода розияллоҳу анҳу “Фарис-ул Расулуллоҳ” (Расулуллоҳнинг суворийси) номи билан машҳур бўлганлар. Чунки у зот ғазотларда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан илтифотларига сазовор бўлганлар.
Исмлари Ҳорис, кунялари Абу Қатода бўлиб, Ҳазраж қабиласининг Салама уруғига мансуб эдилар. Отаси Робе ибн Балдаҳа, онаси Кабса бинти Мазҳар. Аёли саҳоба Сулофа бинти Барро розияллоҳу анҳо бўлиб, уларнинг Абдуллоҳ, Маъбад, Абдураҳмон, Собит исмли тўрт нафар ўғли бор эди.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу иккинчи Ақоба байъатидан сўнг мусулмон бўлдилар. Бадрдан кейинги барча ғазотларда қатнашдилар. Уларнинг жасорати ва қаҳрамонлиги Зуқарод ғазотида босқинчи мушрикларнинг бошлиғи Масода билан рўпара келганларида яна-да ёрқинроқ намоён бўлди. Бу ҳақда у зотнинг ўзлари шундай дейди:  
– Мадинада бир от сотиб олгандим. Масода отни кўриб, “Эй Абу Қатода, бу отни нима учун олдинг?” деб сўради. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида жиҳод учун от керак бўлишини айтдим.
Шунда Масода менга қараб:
– Ҳа, сизларни ўлдириш осон бўлмайди, – деди.
Унга жавобан мен:
– Мана шу от устида сен билан олишишни Аллоҳдан сўрайман, – дедим.
Зуқарод деган жойда босқинчи мушриклар устига бостириб борган пайтимиз, юзимга бир ўқ келиб тегди. Ўқни юзимдан юлиб чиқардим, сўнг энди жангга кирмоқчи бўлиб турсам, рўпарамда бир отлиқ пайдо бўлди. У дубулғасини тушириб, юзини очди.
– Эй Абу Қатода! Мана учрашдик, – деди.
У Масода эди. Мени менсимаcдан:  
– Қилич билан чопишамизми ёки курашга тушасанми? Танла! – деди.  Мен эса унга шундай дедим:
– Бу имконни сенга бераман!
– Ундай бўлса кураш! – деди ва отидан тушиб қиличини бир дарахтга осди. Мен ҳам отимдан тушиб, қиличимни бошқа дарахтга осдим. Сўнг бир-биримизга ташландик. Аллоҳ менга қулайлик берди ва мен уни бир ҳамладаёқ ерга қулатиб, кўкрагига ўтирдим. Шу пайт бошимга бир нарса урилди, қарасам Масоданинг дарахтга осилган қиличи экан. Дарҳол қилични олиб, қинидан чиқардим.
– Сени соғ қўйиб юбормайман, – дедим. Масода менга ёлворди:
– Эй Абу Қатода! Ўтинаман мени ўлдирма!
Уни ёлворишига қарамай ўлдирдим.

* * *
Ислом суворийлари босқинчи мушрикларни енгиб ортга қайтаркан, суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам Зуқародга келиб, у ерга чодир қургандилар. Икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳуни кўргач, уни деб дуо қилдилар.
– Масодани сен ўлдирдингми? – деб сўрадилар.
– Ҳа.
– Юзингга нима қилди?
– Юзимга ўқ тегди, ё Расулуллоҳ, – Абу Қатода розияллоҳу анҳу.
Меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотга буюрдилар:
– Ёнимга кел.
Муборак тупукларини олиб Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ярасига сурдилар. Ҳеч қандай оғриқ ва из қолмади. Шундан сўнг Масоданинг оти билан қиличини унга бердилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир кеча, бир кундуз Зуқародда қолдилар. Тонг отгач, шундай марҳамат қилдилар:
– Бугун суворийларимизнинг хайрлиси Абу Қатода, пиёда жангчиларимиз хайрлиси эса Абу Салама бўлди.

* * *
Абу Қатода розияллоҳу анҳу Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг гўзал суҳбатларидан олган файзлари ила ҳаётини Аллоҳ йўлига бағишлаган эдилар. У зотдан бир юз етмишга яқин ҳадиси шариф нақл қилинган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилишда катта эътибор ва диққат билан ёндашар эдилар. Бир куни ўғли Маъбаднинг ака-укалари билан ўзаро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар, ундай буюрганлар, деб суҳбатлашаётганларини эшитиб қолдилар. Шунда уларнинг ёнига бориб:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг: “Менинг номимдан ёлғон гапирганлар жаҳаннамдаги ерига ҳозирлик кўрсинлар”, деганларини эшитганман, – деб ўғилларига дашном бердилар.

* * *
Абу Қатода розияллоҳу анҳу Ислом йўлидаги дўстликка борини сарф этардилар. Юксак ахлоқ ва назокат соҳиби эдилар. Яқинлари учун Аллоҳ йўлида молини аямасдилар. У зот учун мол-дунё қийматсиз эди.
Бир куни жанозасини ўқиш учун бир майитни олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўлган одамнинг қарзи бор-йўқлигини сўрадилар. Икки динор қарзи борлигини айтган эдилар, бирор нарса қолдирган қолдирмаганини сўрадилар. Ундан ҳеч нарса қолмагани маълум бўлгач:
– У ҳолда олиб бориб, жанозасини сизлар ўқинглар, – деб буюрдилар.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу дарҳол чиқиб:
– Ё Расулуллоҳ! Унинг қарзини тўлашни мен бўйнимга оламан, – дедилар.
Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам туриб майитнинг жанозасини ўқидилар.

* * *
Абу Қатода розияллоҳу анҳу нақл қилган бир ҳадиси шарифда шундай дейилади:
– Бирортангиз мусулмон кишининг жаноза ишларига қатнашсангиз, кафанини чиройли қилинглар! Чунки улар қабрлари ичида бир-бирларини зиёрат қилурлар.

* * *
Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир қанча юришларда иштирок этдилар. Буларнинг баъзиларида қўмондон бўлдилар, баъзиларида суворий бўлиб қатнашдилар.
Ҳижратнинг саккизинчи йилида ўн беш кишилик гуруҳга бош этиб Ҳадра томон юборилди. Ҳадра деган жойда Ғатафон қабиласи яшар эди. Улар тез-тез мусулмонлар яшайдиган жойларга босқинлар уюштирар ва молларини талон-тарож қилардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳуни юборар эканлар, шундай тавсиялар бердилар:  
– Кечалари юриб, кундузлари яширининглар! Тўрт гуруҳга бўлиниб, бирдан уларнинг устига ҳужум қилинглар. Аёлларни, болаларни ўлдирманглар.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳар бир сўзларига қатъий амал қилдилар. Ҳадрага етиб боришгач, Ислом аскарларини иккитадан қилиб гуруҳларга бўлдилар. Аллоҳ буюрганларига амал қилиб, унинг таъқиқлаганларидан узоқда бўлишни аскарларга тавсия этдилар ва шундай дедилар:
– Ўлмагунча ҳеч ким шеригидан ажрамайди. Қайтганимиздан сўнг менга шериги ҳақида маълумот беради. Шериги ҳақда сўралганда: “У ҳақда билмайман”, демайди. Мен такбир айтган пайтим сиз ҳам такбир айтасиз. Қочаётган душманнинг кетидан қувлаб тўдадан ажрамайсиз.
У зот аскарларга шу сўзларни айтгач, такбир айтганча ғатафонликлар устига ҳужум қилиб, уларни қамалга олдилар. Ғатафонликларни ҳар тарафдан сиқувга олиб, охири қочишга мажбур қилдилар.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу қўлга киритган ўлжалари билан ортга қайтди. Ўлжанинг бешдан бир қисми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга ажратилиб, қолгани қўшинга тарқатилди.

* * *
Уҳуд жангида Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг бир кўзи чиқиб, ёноқлари устига тушди. Уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам эса муборак қўллари билан у зотнинг кўзини жойига қўйиб дуо қилдилар:
– Ё Раббий! Унинг кўзларини соғлом қил!
Шундан сўнг кўзлари олдингидан ҳам кўра чиройли ва соғлом бўлди. То умрининг охирига қадар кўзлари тиниқ кўрди.

* * *
Абу Қатода розияллоҳу анҳу Видо ҳажига Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга бордилар. Мадинага қайтганларидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам  охиратга рихлат қилдилар.
Пайғамбаримиз давридан сўнг Хулофои Рошидун (тўрт халифа) даврларини ҳам кўрдилар. Умар розияллоҳу анҳу даврларида Эронга юришда қатнашиб, Форс ҳудуди ҳокимини ўлдирдилар. Ўшанда унинг устидаги зирҳ Абу Қатода розияллоҳу анҳуга ўлжадан улуш сифатида берилди.
Али розияллоҳу анҳу даврларида бироз муддат Макка ҳокими бўлдилар, сўнгра ўрнига Қусам ибн Аббосни тайинладилар.

* * *
Бир муҳорабада саҳобалар сувсизликдан жуда толиқиб қолдилар. Бироқ шундай вазиятда ҳам Абу  Қатода розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан айрилмадилар.
Пайғамбар алайҳиссалом туяда борардилар. Толиққанлари сабабли вужудлари олдинга бироз эгилган эди. Абу Қатода розияллоҳу анҳу ёнларига бориб, муборак вужудларини тўғирладилар. Бироздан сўнг яна муборак вужудлари эгилиб, йиқиладиган ҳолга келди. Абу  Қатода розияллоҳу анҳу яна бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўтарган эди, у зот алайҳиссалом сўрадилар:
– Кимсан?
– Абу Қатодаман.
– Эй Абу Қатода! Сен Аллоҳ Расулининг муҳофазаси ила машғул бўлдинг, Аллоҳ сени муҳофаза қилсин, – деб дуо қилдилар.

* * *
Абу Қатода розияллоҳу анҳу ушбу дуолар ижобати билан етмиш ёшларида ҳам бақувват ва соғлом эдилар. У зот тўрт халифа даврида ҳам яшадилар. Али розияллоҳу анҳу даврларида Наҳравон юришига қўмондонлик қилдилар. Олти юз етмиш тўртинчи йили Куфада вафот этдилар.

Орқага Олдинга