loader

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу

Амин-ул уммат (Умматнинг амини, ишончлиси) лақаби билан шуҳрат топган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу илк мусулмонлардан бўлиб, жаннат башорат қилинган ўн саҳобадан бири ҳисобланадилар. Асл исмлари Амир ибн Абдуллоҳ ибн Ал-Жарроҳдир. Қурайш қабиласининг Бани Фиҳр қавмига мансуб бўлиб, насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг насаблари билан буваларидан Фиҳрда туташади.
Абу Убайда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъватлари билан Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу бошчилигидаги гуруҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб мусулмон бўлганлар. Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат асносида мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилганлар. Мадинада улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг тавсиялари асосида Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳулари билан қардошлик алоқасини боғлаганлар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу Ислом оламида кўрсатган қаҳрамонликларидан ташқари “Амин-ул уммат” номи билан шуҳрат қозонишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари сабаб бўлган:
– Ҳар умматнинг бир амини бордир, бу умматнинг амини Абу Убайда ибн Жарроҳдир.
Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг барча асҳоблари омонат ва одилликда тенг, бироқ ҳар хил сифатларнинг бирор инсонда кўпроқ кўрилиши ва унга алоҳида нисбат берилиши бу табиий ҳолдир. Шу сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам асҳоблари орасидан “ишончли” нисбатини Абу Убайда розияллоҳу анҳуга беришлари, уларнинг энг ишончли инсонлар қаторидада эканларидан далолат беради. Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳу алайҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Умматимнинг энг марҳаматлиси Абу Бакр, энг шиддатлиси Умар, энг ҳаёлиси Усмон, ҳалол ва ҳаромни энг яхши танигани Муоз ибн Жабал, фароизни энг яхши билувчи Зайд ибн Собит, Қуръони Каримни нуқсонсиз ўқувчи Убай ибн Каъб, энг ишончлиси Абу Убайдадир, – деб марҳамат қилганлар.

* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам бошқа саҳобалар каби барча ғазотларда қатнашганлар. Бадр жангида мушриклар сафида жанг қилган ва кофир бўлган отаси Абдуллоҳ билан тўқнашадилар ва уни ҳалок қиладилар. Ислом динининг илк вужудга келган пайтларида бунга ўхшаш воқеалар кўп учрайди. Масалан, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўғли билан, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу укаси билан, Умар розияллоҳу анҳу тоғаси билан тўқнашганлар. Улар ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
لَا تَجِدُ قَوْماً يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ يُوَادُّونَ مَنْ حَادَّ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَوْ كَانُوا آبَاءهُمْ أَوْ أَبْنَاءهُمْ
أَوْ إِخْوَانَهُمْ أَوْ عَشِيرَتَهُمْ أُوْلَئِكَ كَتَبَ فِي قُلُوبِهِمُ الْإِيمَانَ وَأَيَّدَهُم بِرُوحٍ مِّنْهُ وَيُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي
مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ أُوْلَئِكَ حِزْبُ اللَّهِ أَلَا إِنَّ حِزْبَ اللَّهِ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилувчилар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндошлари бўлсалар ҳам – дўстлашаётган ҳолда топмассиз. Айнан ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйган ва уларни Ўз (томон)идан бўлмиш руҳ (иймон нури ёки Қуръон) билан қувватлантирган. У уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган (жаннатдаги) боғларга киритур. Аллоҳ улардан рози, улар ҳам (Аллоҳдан) рози бўлурлар. Айнан ўшалар Аллоҳнинг ҳизби (динининг ҳимоячилари)дир. Огоҳ бўлингки, албатта, Аллоҳнинг ҳизбигина нажот топувчидир!” (Мужодала сураси 22).
* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак юзларига ботган дубулға қолдиқларини тишлари билан суғуриб чиқараётганларида, олд тишлари синиб кетди. Хандақда, Баъни Қурайзада, Ридвон байъатида, Ҳудайбияда ва Ҳайбарда энг жасур жангчилардан бўлдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Абу Убайда розияллоҳу анҳу қўмондонлигида жангга юборилган саҳобалар гуруҳида фақатгина бир халта хурмо бўлган. Кун бўйи аскарлар озгина хурмо билан ёки дарахт япроқларини ивитиб очликларини кетказишга уринганлар. Абар тилида бундай барглар “ҳабат” деб аталгани сабабли, ушбу ғазотга “Хабат ғазоти” номи берилган. Шундан сўнг уч юз кишилик қўшин сохилга боришгач, катта балиқ билан қорин тўйдирадилар.

* * *
Бу воқеа саҳобаларнинг ҳар қандай қийин ҳолат ва шартлар остида Аллоҳ йўлида таваккул қилганларининг бир мисолидир холос. Яна Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг шахсиятида қўмондонлик билан  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга кескин итоаткорлик бўлганини кўришимиз мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Балий ва Узро қабилаларига Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги қўшин гуруҳини юбордилар. Амр ибн Оснинг оналари Балий қабиласидан эдилар. Улар Амр Жузам деган жойда тўхтаб,  олдинга юролмайдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан ёрдам сўраб хабар жўнатадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ичида Умар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳумолар бўлган қўшинга Абу Убайда розияллоҳу анҳуни қўмондон қилиб ёрдамга юборадилар. Қўшин кетаётган пайт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Убайда розияллоҳу анҳуга:
– Амр ибн Ос билан ораларингизда ихтилоф чиқмасин, – деб тайинлайдилар.
Ҳақиқатан Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ёнларига келганларида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу уларни ҳам ўзига итоат қилишини истаётганини кўргач:
– Аллоҳ Расули менга “Амр билан ихтилоф чиқарма”, дедилар. Шунинг учун сен мени тингламасанг ҳам, мен сени тинглайман”, – дейдилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу қўмондонликка лойиқроқ бўлишларига қарамай, Аллоҳ ва Расулига итоат қилишда бошқа барча манфаатларни четга суриб қўйган эдилар.

* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳижрий тўққизинчи йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг “Амин-ул уммат” деган илтифотларига сазовор бўлиб, Нажрон насронийларидан жизья олиш хизматига бош этиб тайинландилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Нажрон насронийларини Мадинага чақириб, Исломга даъват қилдилар, бироқ насронийлар Исломни қабул қилмай, жизья бера олишларини ва бунга ишончли одам юборишларини сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Сизларга ҳақни адо этадиган энг ишончли одамни юбораман, – деб Абу Убайда розияллоҳу анҳуни жўнатдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Баҳрайн билан сулҳ тузганларидан сўнг улардан ҳам жизья олиш вазифасини Абу Убайда розияллоҳу анҳуга топширдилар.

* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳу вазифасини жуда гўзал тарзда адо этган ва қайтишда хазинани олтин билан тўлдирган эдилар. Уларнинг келаётганини эшитган саҳобалар кутиб олиш учун чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам асҳобларини бу ҳолатда кўргач, кулиб шундай марҳамат қилдилар:
– Ўйлашимча сизлар Абу Убайдани кўпгина мол дунё билан келганини эшитдингиз, шунинг учун уни қувониб кутиб оляпсизлар!
– Ҳа, Ё Расулуллоҳ! – деб тасдиқлади саҳобалар.
Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар:
– Севининглар ва бундан сўнг доим сизларни хурсанд қиладиган неъматларни умид қилинглар! Сизларнинг фақир бўлишингиздан қўрқмайман. Бироқ қўрқадиган ягона нарсам, сиздан аввал келиб кетган қавмларнинг олдига дунё неъматлари тўкилгани каби сизларнинг ҳам олдингизга тўкилиб, улар бир-бирларига хасад қилиб нафс йўлига кирганларидек, сизларнинг ҳам бир бирингизга душманлик қилиб улар ҳалок бўлганларидек маҳв бўлшларингиздир.

* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Макка фатҳида, Тоиф муҳорабасида, Видо хажида фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг, Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда розияллоҳу анҳумлар бирга ҳаракат қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Абу Убайда ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг қўлларидан тутиб, иккисидан бирига байъат қилишларини сўрагач, иккиси ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилиб уларни халифа этиб сайлайдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этишларидан олдин бу воқеани одамларга эслатиб, Умар розияллоҳу анҳуни халифаликка, Абу Убайда розияллоҳу анҳуни вазирликка лойиқ кўришларини билдирганлар.

* * *
Абу Убайда ибн Жаррох розияллоҳу анҳу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотларидан сўнг, Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Сурия ҳудудидаги фатҳларда қўшинга қўмондонлик қилдилар.
Улар Бисан, Табария, Баалбак, Хумуш, Хама, Шайро, Марро, Лазкия, Антариус, Баняс, Саламия, Халаб, Антакя, Манбис, Делул фатҳларида қатнашдилар.
Олти юз ўттиз тўртинчи йилда Хумусда Рим императори Ҳераклитнинг катта қўшинига қарши Абу Убайда, Язид ибн Абу Суфён, Шураҳбил, Амр ибн Ос ва Холид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳум каби қўмондонларнинг қўшинлари бирлашиб, Ажнодинда жанг қилдилар. Мусулмонлардан уч минг киши шаҳид бўлиб, бу ерни фатҳ этдилар.

* * *
Шомни қамал қилганларида Абу Убайда розияллоҳу анҳу Жобия дарвозасидан шаҳар ичига ҳужум қилдилар. Холид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳу Шомнинг ўзига тегишли қисмини жанг билан қўлга оларкан, Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўз ҳудудларини сулҳ билан қўлга киритдилар ва насронийлар билан тузилган сулҳ ахдномаси бутун шаҳарга эълон қилинди.

* * *
Олти юз ўттиз бешинчи йилда Фаҳл жанги бўлиб ўтди. Рим қўшини сон жиҳатдан мусулмонлар қўшинидан уч тўрт баробар кўп эди. Римликлар сулҳ тузиш мақсадида мусулмонлар қароргоҳига элчи юбордилар.
Элчи Абу Убайда розияллоҳу анҳуни хашамат ичида ўтирганларини тасавур қилиб келарди. Бироқ бу ерда ҳамма бир ҳил оддий кийимда эканини, қўмондон ҳам улардан ҳеч фарқ қилмаслигини кўргач хайратда қолди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу элчининг мусулмонлар аскари агар уларнинг ерларидан кетсалар, уларга олтин бериш таклифини рад этди. Икки томон тўқнашди ва мусулмонлар римликлар устидан ғалаба қозонишди.

* * *
Юқоридаги жанглардан бирида шом намози ўқилаётган пайт, Рим қўшинидан бир элчи келади ва Абу Убайда розияллоҳу анҳудан сўрайди:
– Исо ҳақида сизнинг динингиз нима дейди?
Абу Убайда розияллоҳу анҳу шундай жавоб берадилар:
– Аллоҳ буюради:
يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لاَ تَغْلُواْ فِي دِينِكُمْ وَلاَ تَقُولُواْ عَلَى اللّهِ إِلاَّ الْحَقِّ إِنَّمَا الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ رَسُولُ
اللّهِ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِّنْهُ فَآمِنُواْ بِاللّهِ وَرُسُلِهِ وَلاَ تَقُولُواْ ثَلاَثَةٌ انتَهُواْ خَيْراً لَّكُمْ إِنَّمَا اللّهُ إِلَـهٌ وَاحِدٌ سُبْحَانَهُ أَن يَكُونَ لَهُ وَلَدٌ لَّهُ مَا فِي السَّمَاوَات وَمَا فِي الأَرْضِ وَكَفَى بِاللّهِ وَكِيلاً

“Эй аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз! Албатта, Исо Масиҳ ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга туширган “Калимаси” ҳамда Унинг томонидан (келмиш) руҳдир, холос. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! “(Илоҳлар) учта” демангиз! Қайтингиз – ўзларингизга яхши бўлур! Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир! У фарзандли бўлишдан покдир. Осмонлардаги-ю Ердаги нарсалар Уникидир. Аллоҳ вакилликка кифоядир” (Нисо сураси 171).
Римлик элчи бу оятни эшитгач, шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлади ва Ислом лашкарига қўшилади. Бу жангда мусулмонлар ўз ишонч ва ихлослари билан катта Рим қўшинини тор мор қилдилар. Ҳераклит бу мағлубиятдан сўнг Антокияни тарк этиб, Истамбулга йўл оларкан:
– Алвидо Сурия! –  деди.

* * *
Ниҳоят Қуддус олти юз ўттиз еттинчи йилди қамалга олингач, шаҳар халқи ва дин пешволари Умар розияллоҳу анҳуга таслим бўлишларини айтдилар. Умар розияллоҳу анҳу Жобияга келиб улар билан ахднома имзоладилар. Олти юз ўттиз саккизинчи йили Холид ибн Ҳокимни бош қўмондонликдан озод қилган Умаррозияллоҳу анҳу ўрнига Абу Убайда розияллоҳу анҳуни тайинладилар.
Бу орада римликлар яна катта қўшин билан мусулмонларга қарши лашкар тортдилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу бошчилигидаги лашкар римликларни Хумусда яна бир бора мағлубиятга учратишди.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Шом ва унинг атрофини эгаллаб бўлганларидан сўнг, римликлар орасида “Адолатли Шом амири” деган яхши ном орттирдилар.

* * *
Ҳижратнинг ўн саккизинчи йилида Ҳижоз ҳудудида қахатчилик юзага келгач, Абу Убайда розияллоҳу анҳу Мадинага катта миқдорда озиқ овқат ёрдами жўнатдилар. Шу йилнинг охирларида Сурия, Миср ва Ироқда вабо тарқалиб, у бир қанча саҳобанинг умрига зомин бўлди.
Тарихчиларнинг ривоятларига кўра, Умар розияллоҳу анҳу ва саҳобалар шаҳарга келиб вазиятни ўргангач, вабога чалинмаслик учун тезда ортга қайтмоқчи бўладилар, шунда Абу Убайда розияллҳу анҳу ҳалифага:
– Эй Умар! Аллоҳнинг тақдиридан қочаяпсанми? – дейдилар.
Умар розияллоҳу анҳу уларга:
– Ҳа, Аллоҳнинг фалокатидан унинг тақдири томон қочаяпман, – деб жавоб берадилар.
Абу Убайда розияллоҳу анҳуга Умар розияллоҳу анҳу Шомдан кетишларини илтимос қилса-да, улар шаҳарда қоладилар ва вабога чалинадилар.
Ўрнига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни қолдирган Абу Убайда розияллоҳу анҳу шундай васият қилдилар:
– Сизларга бир васиятим бор: Унга амал қилсангиз, хайрга эришасизлар. Намоз ўқинглар, рўза тутинглар, садақа беринглар, хажни адо қилинглар, бир-бирларингизга эътиборли бўлинглар, амирларингизга итоат қилинглар ва уларни алдаманглар. Дунё сизларни алдаб қўймасин.
Бир инсон минг йил яшаса ҳам охир оқибат шундай натижага эришади: Аллоҳ инсонлар пешонасига ўлим соатини битиб қўйган, шунинг учун уларнинг бари ўлурлар. Инсонларнинг энг ақллиси Аллоҳга энг кўп итоатда бўлгани, охират учун кўп ҳаракат қилганидир. Барчангизга Аллоҳнинг салом ва раҳматини, лутф ва барокотини тилаб қоламан. Қани Муоз, имомликка ўтиб, намозда жамоатга бошчилик қил.

* * *
Ўринларига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни тайинлаган Абу Убайда розияллоҳу анҳу эллик саккиз ёшларида ёшида вафот этдилар. Уларнинг вафотидан сўнг, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳулари жамоатга шундай хутба ўқидилар:
– Аллоҳга қасамки, Абу Убайда каби динига хизмат қилувчи, тоза қалбли ва марҳаматли инсонлар жуда оз. Дунёга ҳеч қачон майл кўрсатмаган, қўл остидагиларга фақат яхшиликни ва бир бирларини қадрлашни буюрган бу муборак зот Абу Убайдадан барчангиз рози бўлинг ва уни дуо қилинглар.  
* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳу зуҳд ва тақво соҳиби, жасур жангчи, адолатли қўмондон ва итоаткор саҳоба эдилар. Бошқа саҳобалар каби улар ҳам фатҳларда қўлга киритилган ўлжаларга майл кўрсатмай содда турмуш тарзини танладилар.
Умар розияллоҳу анҳу уларнинг хонасида фақатгина бир пўстак, меш ва бироз таом борлигини кўргач, шундай деб йиғлаган эканлар:
– Дунё ҳаммани ўзгартирди, фақат сенигина ўзгартира олмади.
Яна Умар розияллоҳу анҳу уларни:
– Аллоҳга ҳамд бўлсинки, дунёда шундай инсонлар ҳам бор, – деб мақтаганлар.

* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳудан бир мусулмон келиб ҳимоя қилишини сўраса, уни ҳимоя қила олишини айтганлар. Ашараи Мубашшара (жаннат билан муждаланган) ўн кишидан бири бўлган Абу Убайда розияллоҳу анҳулари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг доимий ёнларида бўлишига қарамай жуда оз ҳадис ривоят қилганлар. Уларнинг кам ҳадис ривоят қилишларига худди Абу Бакр, Зубайр ибн Аввом, Аббос ибн Абдумуталлиб розияллоҳу анҳумлар каби ҳадис ривоят қилиш борасида жуда катта масъулиятни хис қилганлари сабабдир.
* * *
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ва уларнинг дўстлари Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Хорис, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Салама розияллоҳу анҳумлар Абу Бакр розияллоҳу анҳу воситасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам хузурларида мусулмон бўлдилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу иймонга келганларнинг ўнинчиси бўлиб, улар ўша пайтда 31 ёшда эдилар. Ўша кундан бошлаб то вафотларига қадар Исломни ёйиш учун ҳам молини, ҳам жонини аямадилар.

* * *
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Маккада кофирларининг азияти ортиб кетгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг изнлари билан аввал Ҳабашистонга, сўнг Мадинага ҳижрат  қилдилар.
Бадр жангида душман сафида отаси ҳам бор эди. Бу ғазотда фаришталар ҳам инсон қиёфасига кириб мушрикларга қарши жанг қилдилар. Бадр жангида Абу Убайда розияллоҳу анҳу буюк қаҳрамонлик кўрсатдилар.
Абу Убайда Уҳуд жангида ҳам тенгсиз жасорат соҳиби эканликларини намоён этдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Убайда билан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумоларни ўнг сафда жанг қилаётганларга қўмондон этиб тайинладилар. Улар мушрикларни марказда бўлган суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёнларига яқин йўлатмаслик учун бор кучлари билан ҳаракат қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам душманни ортга кетказиш учун ёйлари, ўқлари ва қиличлари билан жанг қилар эдилар. Саҳобалар тиш тирноқлари билан душманга қарши курашиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг атрофларида парвона бўлардилар.
Хамза, Али, Абу Дужона, Саъд ибн Абу Ваққос, Мусъаб ибн Умайр, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Талха, Зубайр розияллоҳу анҳум каби саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни ҳар тарафдан ҳимояга олгандилар.
Жангда кўплаб саҳобалар мушриклар билан курашиб шаҳид бўлишди. Душман ортга чекиниб, ғалабага оз қолганди. Зафар севинчи билан ўлжа тўплашга киришган саҳобалар, туриши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам томонларидан таъкидланган жойдан изнсиз қўзғалдилар ва душман суворийлари ўша томондан бостириб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга қадар яқинлашди. Ибн Қамия деган мушрик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак бошларига қиличи билан урди, дубулғаларининг темири муборак бошларига қадалди.
Саҳобалар қайта тўпланиб мушрикларга ҳужум қилдилар ва  душманни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан узоқлаштирдилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак ёноқларидан темир парчаларини тишлари билан чиқариб олаётганда икта олд тишлари синиб кетди. Бу жанг саҳобалар томонидан душманнинг қувиб чиқарилиши билан якунланди. Тўқсон еттита мусулмон шаҳид берилди. Уларнинг орасидаги шаҳидлар сардори Хамза розияллоҳу анҳу жияни Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу билан битта қабрга дафн қилиндилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ҳам ушбу жангда шаҳид бўлганлардан эди.

* * *
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳаётлик чоғларидаёқ жаннат муждасини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ушбу хушхабарлари ила шарафланди:
– Абу Бакр жаннатдадир. Умар жаннатдадир. Усмон жаннатдадир. Али жаннатдадир. Талха жаннатдадир. Зубайр жаннатдадир. Абдураҳмон ибн Авф жаннатдадир. Саъд ибн Абу Ваққос жаннатдадир. Саъд ибн Зайд жаннатдадир. Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатдадир.  

* * *
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳижратнинг ўнинчи йили роби-ул аввал ойининг ўн иккинчи санасида душанба куни пешиндан олдин вафот этдилар. Саҳобалар қаттиқ тушкунликка тушиб қолдилар. Кўпчилиги тилдан қолиб, бир муддат гапира олишмади.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам оғир ғамга чўмган, кўз ёшларини тиндиролмас эдилар. Барча саҳобалар қон-қон йиғлаб, давосиз дардни бошдан кечираётган эдилар.
Ичкарида жанозага ҳозирлик кўрилаётган пайт эшик қаттиқ тақиллади. Келган одам деди:
– Абу Бакр ва Умар шу ердами?
Абу Бакр ва  Умар жавоб бердилар:
–    Ҳа, шу ердамиз.
– Мадиналиклар кимнинг халифа бўлишини масалаҳат қилмоқдалар. Аниқ бирор одамни ҳали тайинламадилар, ҳар ким ўз қабиласининг раисини сайлашни истаяпти. Бирор муаммо чиқмасидан бориб бу ишни ҳал қилинглар, – деди келган одам.
Мусулмонлар ўртасида тарафма тараф бўлиш юзага келадиган бир вазият ҳосил бўлиш арафасида эди. Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда розияллоҳу анҳумлар дарҳол ўша ерга етиб бордилар. Шу пайт ансордан бир одам туриб деди:
– Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга ёрдам бердик. Муҳожирлар биздан паноҳ топдилар. Халифа бизлардан бўлиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳар ерда ўнг тарафларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни, чап тарафларида Умар розияллоҳу анҳуни олиб юрар ва Абу Убайда рзияллоҳу анҳуга “Бу умматнинг амини” деб таъриф бергандилар.
Уччаласи бирданига кириб келгач, гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам туриб ўша ерга келандек бўлдилар. Ҳамма уларнинг нима дейишини кутарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу узоқ маъруза қилдилар, сўнг Умар розияллоҳу анҳу сўзладилар. Охири Абу Убайда шундай дедилар:
– Эй ансорийлар! Бошида бу динга хизмат қилган сизлар бўлдингиз. Энди динни илк бузадиган ҳам сизлар бўлиб қолманглар!
Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Сизларга мана шу икки номзоддан бирига овоз беришингизни сўрайман, – деб Умар ва Абу Убайда розияллоҳу анҳумоларни кўрсатдилар.
Ҳар иккиси ҳам эътироз билдириб, шундай дедилар:
– Расулуллоҳ танлаган кимсанинг ўрнини ким ҳам эгаллаши мумкин?
Умар дедилар:
– Эй Абу Бакр! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга сен барчамиздан кўра севимлироқ эдинг. Қўлингни бер! Мен халифа деб сени сайладим.
Сўнг Абу Убайда розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалар Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар.

* * *
Умарнинг ўғли Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Қурайш халқи орасида шу уч киши бордирки, юзлари энг гўзал юз, ақллари энг салим ақл, қалблари энг метин қалбдир. Улар Абу Бакр, Умар ва Абу  Убайдалардир.

* * *
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга тўрт минг дирҳам хадя қилдилар ва элчига тайинладилар:
– Кузатчи, у пулларни нима қиларкин?
Абу Убайда розияллоҳу анҳу пулни олишлари биланоқ, уни аскарлар орасида тақсимлаб бердилар. Элчи ортга қайтиб, бўлган воқеани Умар розияллоҳу анҳуга айтганда улар шундай дедилар:
– Аллоҳга хамдлар бўлсинки, мусулмонлар орасида шундай инсонлар бор.  

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам соҳил томонга бир сафар уюштириб, унга Абу Убайда розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинладилар. Бу сафарда уч юзта саҳоба қатнашаётганди. Жобир розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай дейдилар:
– Биз сафар учун йўлга чиқдик. Абу Убайда бор емакни келтиришларини буюрди. Тўпланган барча емак икки халтадан иборат эди. Абу Убайда аскарларга хурмодан оз-оз бўлиб берарди ва шу тарзда бир неча кун ўтказдик. Охири хурмолар тугаб, хақиқий очлик азобини тотдик.
 Сўнг денгиз соҳилига бордик. Не кўз билан кўрайликки, сохилда катта бир балиқ ётарди. Уни денгиз соҳилга чиқариб ташлаган эди. Абу Убайда бизга шундай деди:
– Бу денгиз жонзотининг гўштидан енглар.
Биз едик. Мадинага қайтгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга айтдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Азиз муҳожирлар енглар! Аллоҳ таоло уни денгиздан сизларнинг ризқланишларингиз учун чиқарган. Ёнларингизда бўлса бизга ҳам беринглар.  

* * *
Абу Убайда розияллоҳу анҳу эгаллаб олган шаҳарларида аскарларига шундай деб жар солдирар эдилар:
– Эй римликлар! Аллоҳ таолонинг ёрдами билан ва халифамиз Умарнинг амрларига мувофиқ бу шаҳарни олдик. Барчангиз тижоратингизни, ишингизни ва ибодатларингизни бемалол давом эттираверинглар!
Молингиз, жонингиз ва номусингизга ҳеч ким тегмайди. Исломнинг адолати сизларга ҳам татбиқ этилади ва барчанинг хаққи ҳимояга олинади. Ташқаридан келган душман ҳужумидан сизларни ҳимоя қиламиз. Бу хизматимиз учун Мусулмонлардан мол закоти ва ушр олганимиз каби, сизлардан ҳам йилда бир марта жизъя беришингизни талаб қиламиз. Сизга хизмат қилишимиз ва сиздан жизъя олишимизни Аллоҳ таоло буюрган.  
Одамлар жизъяларини ўзлари келтириб, Байт-ул мол амини Ҳабиб ибн Муслимга таслим этдилар.

* * *
Ўрта бўйли, ориқдан келган, истараси иссиқ, доно, марҳаматли деб танилган ушбу саҳоба Шомда қўмондон эканлар, бутун Шом халқи уларнинг одил эканликларидан мамнун бўлишган.

* * *
Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрардилар. Ҳатто бир куни дўстларига шундай савол бердилар:
– Аллоҳ таолонинг динига хизмат қилиш учун нима истардингиз?
Бири хизмат учун уй тўла олтин, бири қимматбаҳо ашёлар истайман, деб жавоб берди. Улар Умардан нима хоҳлашини сўраганларида, шундай жавоб олдилар:
– Мен Абу Убайда ибн Жарроҳ каби ишончли дўстларим бўлишини истардим. Улар билан бирга динни ёйиш учун хизмат қилардим.

* * *
Шом фатҳида мусулмонлар тарихнинг шарафли саҳифасига киришига арзийдиган ҳодиса бўлганди. Исломни азалий душман деб билган Ғарб олами учун ибратланарли бўлган бу воқеа қуйидагича:  
Шом фатҳида Холид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳу шаҳарнинг бир тарафидан кирдилар ва душмандан ҳимояланиш мақсадида қиличдан фойдаландилар. Мақсадлари ўша пайтдаги шаҳарнинг энг буюк черкови бўлган ҳозирги Жомий Аммавийни олиш эди.  
Шаҳарнинг нариги томонидан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги аскарлар келмоқда эдилар. Бу ернинг халқи уларга қарши чиқмади. Шунинг учун аскарлар тинч ҳолатда қилич ишлатмай келар эдилар.
Табиийки, уларнинг ҳам илк нишони мана шу буюк черков эди. Мусулмонлар Ислом динининг рамзи сифатида босиб олган ерларининг энг катта черковларини бузиб, ўрнига масжид қурар ва қолган черковларга тегинмас эдилар. Бу икки буюк қўмондон бир пайтда шаҳарнинг икки томонидан айни черков ёнига келдилар ва черковнинг ўртасида бир-бирлари билан учрашдилар.
Буюк зафардан қувонган икки қўмондон бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришдилар. Ҳолид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳу черковни бузиб ўрнига масжид қурилишини хоҳладилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу эса бу таклифга қарши чиқиб шундай дедилар:  
– Эй Холид! Билмайсанми, сулҳ ва тинчлик йўли билан олинган шаҳарларнинг черковларига тегинилмайди.
– Бироқ мен қилич ишлатиб бу ергача келдим.
– Мен эса қилич ишлатмай, тинчлик йўли билан бу ергача келдим.
– Хўш, унда нима қиламиз, эй Абу Убайда?  
– Черковнинг ярми черковлигича қолади, қолган ярми эса масжид бўлади. Чунки черковнинг ярми қилич билан,  қолган ярми эса сулҳ йўли билан олинди.
Энг машҳур Византия қўмондонларини ҳайбати билан титратган Холид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳудек қўмондон бу таклифни ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилдилар. Ҳатто Абу Убайда розияллоҳу анҳуга бунинг учун ташаккур айтдилар.
Ушбу ҳодисадан сўнг черковнинг ярмига масжид қурилди. Малик ибн Марвон давригача бино шундай ҳолатда турди, сўнг Малик ибн Марвон черковни бузиб тамоман масжидга айлантирди. Насронийлар мажбуран бунга рози бўлдилар.

Орқага Олдинга