loader

Абу Талҳа розияллоҳу анҳу

Абу Талҳа розияллоҳу анҳу мадиналик мусулмонлар орасида ерлари ва боғлари энг кўп бўлган саҳоба эдилар. Масжиди Набавия қаршисида Байруҳа номли бир боғи бўлиб, хурмо дарахтлари ва мазали суви билан машҳур эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам тез-тез бу боққа кириб, сувидан ичиб турардилар.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бу боғни Аллоҳ розилиги йўлида амакиваччаларига эҳсон қилдилар. Улар Аллоҳ йўлида молини эҳсон қиладиган, жанг майдонларида эса жон-жаҳди билан курашадиган мард ва сахий кишилардан эдилар.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан ҳеч айрилмаган саҳобалардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни жон диллари билан севар, ул зотга хизмат қилишни шараф деб билардилар. Ҳузурларида одоб сақлаганча тиз чўкиб ўтирарди. Уларни соядек таъқиб қилиб юрардилар.
Барча жангларда қатнашдилар. Уҳуд жангидаги оғир паллада ҳам ёнларидан айрилмай, “Жоним жонингиз учун фидо, юзим юзингиз учун қалқон, ё Расулуллоҳ!” дея вужудларини қалқон қилдилар. У зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни шу қадар севардиларки, уйда пиширган овқатини ҳам ўзлари еёлмас, Пайғамбаримизга хабар йўллаб, уйларига таклиф қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг уйларига тез-тез борар, Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг тайёрлаган овқатидан ер ва шу уйда тушликдан кейин бироз мизғиб олардилар.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўша кунлар ҳақида шундай дейдилар:  
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уйимизга тез-тез келиб турар, болаларни севар, уларни эркалардилар. Бизлар билан суҳбат қурар ва латифалар айтиб бизни севинтирардилар. Бирга намозга турар, биз ҳам у зотнинг орқаларига тизилишиб, саф тортиб намоз ўқирдик.

* * *
Кунларнинг бирида Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг уйларида яхши таом тайёрланган эди. Анас розияллоҳу анҳуни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига таомга таклиф қилиш учун юбордилар. Пайғамбаримиз Масжиди Набавияда саҳобалар билан бирга ўтирардилар. Анаснинг келишидан уйга таклиф қилинганини англадилар ва етмишга яқин асҳоблари билан Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг уйларига йўл олдилар. Бундай кўп одамни келаётганини кўрган Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бироз шошиб қолдилар. Аёли Умму Сулайм розияллоҳу анҳо:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бор экан, ташвишга не ҳожат? – дея уларнинг кўнглига таскин бердилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам таомнинг барокотланиши учун дуо ўқиганларидан сўнг асҳобларини гуруҳ-гуруҳ қилиб дастурхонга таклиф қилдилар. Ҳаммаси тўйгунча еб, туриб кетдилар. Охирида яна ўшанча одамга етадиган таом дастурхонда қолди.

* * *
Бир куни Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолодан янги оят нозил қилганини эшитдилар:
لَن تَنَالُواْ الْبِرَّ حَتَّى تُنفِقُواْ مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنفِقُواْ مِن شَيْءٍ فَإِنَّ اللّهَ بِهِ عَلِيمٌ

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси 92).
Дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келиб, Масжиди Набавия қаршисидаги Расулуллоҳ доим кириб сув ичиб турадиган энг севимли боғини Аллоҳ ризоси учун эҳсон қилишини айтдилар.
Уларнинг бу ҳаракатидан мамнун бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам боғни ўз қариндошларига эҳсон қилса яхшироқ бўлишини айтдилар. Шундан сўнг у зот боғни амакиваччаларига эҳсон қилдилар.

* * *
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида жасорати, мардлиги ва йўғон овози билан машҳур эдилар. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг:
– Абу Талҳанинг лашкар орасидаги овози юз кишининг овозидан хайрлидир, – деган илтифотларига сазовор бўлганлар.

* * *
Умрининг кўп қисми жангларда ўтгани сабабли, нафл рўзаларини тутмас, “Жанг қилиш учун қувват лозим”, дер эдилар. Шу билан Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг:
– Рўзангизни очиб, душманга қарши қувватланинг, – деган амрларини бажарардилар. Бу ҳақда у зотнинг ўгай ўғли Анас розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Абу Талҳа жанг сабабли рўза тутмасди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг мен у зотнинг ўттиз ёки қирқ йилгача рўзасиз кун кечирганини кўрмадим. Фақат рамазон ва қурбон ҳайитларидагина рўзасини очарди.

* * *
Яна Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бир сафарда эдик. Биздан баъзилар рўзадор, баъзилар эса рўза тутмаган эди. Рўзадорлар қувватсизлигидан ҳеч қандай иш қилолмадилар. Рўза тутмаганлар эса минган уловларини сувга олиб бориб суғордилар, рўзадорларга хизмат қилдилар ва таом пишириб бирга едилар. Бу ҳолатни кузатиб турган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Бугун савобнинг каттасини рўза тутмаганлар олди, – деб марҳамат қилдилар.

* * *
Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг қўлидан кўп иш келарди. “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деганларидек халққа қўлидан келганча хизмат қилар ва ҳатто Мадинада гўрковлик вазифасини ҳам бажарар эдилар.
Икки жаҳоннинг қуёши бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафот қилганларида муборак қабрларини Мадина халқининг одатларига кўра қазиш шарафи Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга насиб бўлди.

* * *
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу жонидан ҳам ортиқроқ севган Фахри Коинот соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг изтироб ва ғамларга дош беролмай, кўплаб саҳобалар каби Шом тарафларга бош олиб кетдилар. У ерда узоқ муддат қолдилар. Ғамларини бироз енгиллатиш мақсадида қабри шарифларини зиёрат қилиш учун Умар розияллоҳу анҳу шаҳид этилганларидан сўнг Мадинага қайтдилар. Узлатга чекиниб, ибодат билан машғул бўлдилар.

* * *
Умар розияллоҳу анҳу у зотга қаттиқ ишонар эдилар. Халифа сайлаш учун ташкил қилинган шўро мажлисининг эшигига оғалик қилиш вазифасини уларга топширган эдилар. Халифа тайинлангунга қадар ҳеч кимни у ерга қўймасликни ва уч кун муддат ичида тинчлик йўли билан халифа сайланиши вазифасини уларга тпширдилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу ўзига топширилган бу улкан масъулиятни адоғига етказдилар. Ансорийлардан эллик киши билан эшикни қоровуллаб, уч кун ичида халифа сайланишини таъминладилар.

* * *
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу анча кексайган бўлишига қарамай, Ислом йўлида жанг қилиш ишқида ёнардилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
– Бир куни Қуръони карим ўқиб ўтирган эдилар. Тавба сурасининг қуйидаги оятига келгач:
انْفِرُواْ خِفَافاً وَثِقَالاً وَجَاهِدُواْ بِأَمْوَالِكُمْ وَأَنفُسِكُمْ فِي سَبِيلِ اللّهِ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ

“Енгил ва оғир ҳолатда (ҳам ёвга қарши) қўзғалингиз ва Аллоҳ йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилингиз! Агар билсангиз, ана шу (иш)ингиз сизлар учун яхшидир” (Тавба сураси 41).
– Роббимиз бизни ёшмизми, қаримизми жангга боришимизни хоҳлайди, – деди. Ўғиллари:
– Отажон, сиз кексайдингиз, жанг қилиш навбати бизларга етди. Сиз ўтиринг, мана биз борамиз, – деб қаршилик қилмоқчи бўлдилар. Бироқ отасини бунга кўндиролмадилар. Ўша кунларда римликларга қарши курашга ҳозирлик кўрилаётган эди. Абу Талҳа денгиз ёнидаги жангда қатнашди. Кемада хасталанди ва бир муддатдан сўнг вафот этди. Қуруқликка чиқилмагунча етти кун дафн қилинмади. Бироқ жасадда ҳеч қандай бузилиш рўй бермади.

* * *
Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан жами тўқсон иккита ҳадис ривоят қилинган. Улардан бирини ўзлари шундай ривоят қиладилар:
– Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб, уларни хурсанд ҳолда, табассум қилиб ўтирганларини кўрдим. Сабабини сўраганимда:
– Эй Абу Талҳа! Қандай қилиб хурсанд бўлмай, ахир бироз аввал Жаброил алайҳиссалом келиб, умматимдан менга бир карра саловат ва салом айтганга, Аллоҳнинг фаришталари ўн карра салоту саломлар келтиришини айтиб менга хушхабар берди, – деб марҳамат қилдилар.

* * *
Ислом қуёши Маккада порлар экан, Абу Талҳа йигирма ёшлардаги йигит эди. У Мадинанинг зодагон ва бой оилаларидан бирига мансуб бўлиб, ҳар куни уйларида зиёфат бўлар, келган меҳмонлар хамр ичиб, кўнгилхушлик қилар эдилар.
У ҳам бойлиги сабаб, бутун дунё неъматларини тотиб кўришни истарди. Энг ёмони, бошқа биродарлари каби бутга топинарди. Атрофида сон-саноқсиз қизлар ва аёллар ўралашар, бироқ у биттаси билан оила қуриш истагида эди. Унга хабар йўллаб, уйланиш таклифини билдирди.  
Умму Сулайм исмли бу аёлнинг эри бироз олдин вафот этгани сабаб, совчига шундай жавоб берди:
– Етим ўғлим улғайгунга қадар турмуш қуришни истамайман.
Умму Сулайм фақир бўлишига қарамай, ўғлини ўгай ота қўлига топширишни истамасди. Абу Талҳа чорасиз, кутишга мажбур эди.
Орадан анча вақт ўтди, бу сафар Абу Талҳанинг ўзи унинг ёнига борди. Назокат ила уйланиш таклифини билдирди:
– Ўғлинг анча улғайди, эй Умму Сулайм. Энди қарорингни айтарсан?
Унинг яхши ниятда келганини тушунган доно аёл бошқа нарсадан ҳайиқарди. Шу сабабли, очиқчасига гапиришни лозим топди ва деди:
– Эй Абу Талҳа! Афсуски, сен билан турмуш қура олмайман.
Бани Нажжор қабиласининг энг мард, келишган ва бой йигити унинг рад жавобидан ҳайратланиб сўради:
– Нима учун?
– Чунки сен мушриксан, бутларга топинасан.  
Абу Талҳанинг ҳайрати янада ортиб:
– Бутларимиз сенга бирор зарар келтирдими? – деб сўради. Умму Сулайм ғоятда сокинлик билан:
– Улар бирор кимсага на зарар келтаради ва на фойда, – деди ва сўзида давом этди:
– Чунки ўзингга маълум, тахта бутларни қуйи маҳалладаги дурадгор қуллар ясайди, тош ва тупроқлардан бўлган бутларни эса юқори маҳалладаги қуллар эсайди.
Абу Талҳа кўзларини катта-катта очганча, уйланишни истаётган аёлининг сўзларини диққат билан тингларди. Аёл сўзларини шундай тамомлади:
– Сиз топинган бутлар оташга отсанг ёнади, ерга урсанг чил-чил бўлиб, сочилиб кетади. Сен каби аслзода бўлган инсонга қўлидан ҳеч нарса келмайдиган ўйинчоқларга сажда қилиш ярашадими?
Абу Талҳа аёлнинг сўзларидан ҳайратланиб сўради:
– Хўш, сен нималарга ишонасан, нима деб ўйлайсан?
Аёл жавоб берди:
– Сени, мени, ерни, кўкни яратган ва ҳаёт берган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳдир! У бирдир ва буюкдир! Муҳаммад алайҳиссалом Унинг қули ва элчисидир. Мана мени ишонганим шудир.
Давлатманд йигитнинг ақли шошиб:
– Ўйлаб олишим учун вақт керак, – дея олди халос.
Ёлғиз қолганида бу ҳақда жуда кўп ўйлади ва яна Умму Суаймнинг
ёнига борди:
– Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад унинг қули ва расули эканига шоҳидлик бераман, – деб мусулмон бўлиш шарафига эришди.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгач, муслима хоним шундай деди:  
– Эй Абу Талҳа! Энди сенга ҳеч қандай қаршиликсиз турмушга чиқишга розиман.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо қувончдан ўзига сиғмасдилар. Чунки бир инсонни, бўлажак эрини бутларга топинишдек ахмоқона ишдан қутқарган ва мусулмон бўлишига сабаб бўлган эдилар.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан сўнггина, қалби тоза бўлган бу аёл билан турмуш қура олдилар ва шу билан икки дунё саодатини қўлга киритдилар.

* * *
Шу орада суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аллоҳ амри ила Мадинага ҳижрат қилдилар. Бундай буюк шарафга эришган Мадина халқи муҳожирларга ҳар тарафдан ёрдам кўрсатиб, уларни уйларида меҳмон қилар эдилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу ва аёли Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бордилар.
– Ё Расулуллоҳ! Биз ҳам сизга шу кичик ўғлимизни армуғон этамиз. Илтимос, уни қабул қилинг ва дуо қилингки, сизга хизматда қусурга йўл қўймасин, – дедилар. Бу кичик бола Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мамнун бўлганликлари кўзларидан кўринарди. Кичик Анас розияллоҳу анҳуни ўз тарбияларига олдилар. Шу тариқа Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг ўгай ўғилллари буюк шарафга ноил бўлдилар.

* * *
Оз муддатдан сўнг Аллоҳ таоло уларга янги ўғил фарзанд ато этди. Янги фарзанд уйларига шодлигу қувонч олиб келганди. Чунки севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг уйларига тез-тез ташриф буюрар, улардан ҳол-аҳвол сўраб турар ва жамоат бўлиб намоз ўқитар эдилар.
Афсуски, бу болача кунларнинг бирида хасталанди ва вафот этди. Бу пайтда Абу Талҳа розияллоҳу анҳу уйида йўқ эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо фарзандини ювиб, кафанладилар. Устини тоза бўз билан ёпдилар. Уйидагиларга:
– Отаси келганда унга бу ҳақда айтманглир, деб огоҳлантирдилар.
Оқшом пайти Абу Талҳа розияллоҳу анҳу уйига қайтдилар. Ҳар доимгидек ёнида дўстлари бор эди. Саломлашгач, сўрадилар:
– Ўғлимнинг аҳволи қандай?
Аёли жавоб берди:
– У ҳозир сокин ва ҳузурли ҳолда дам олаяпти.
Сўнг эрига ва дўстларига тайёрлаган таомидан келтириб, уларни
меҳмон қилдилар. Ҳаммаси хотиржам ўтириб таомландилар. Ҳеч нарсадан хабарлари йўқ эди. Меҳмонлар уйларига кеч қайтдилар. Шундан сўнг аёли гап бошлади:
– Эй Абу Талха! Пастимизда яшайдиган қўшнилар Омонатга нарса олибдилар. Бир муддат фойдаланишибди. Бироқ соҳиби омонатни истагач, эътироз билдирибдилар.
– Қандай эътироз билдиришибди?
– Ҳали пайти келмаганди, нега тез олмоқчисан, каби сўзлар.
– Ҳа, инсофсизлик қилишибди.
– Ҳа, иншааллоҳ, биз инсофсизлик қилмаймиз.
– Тинчликми? Нима бўлди, нега ундай деяпсан?
– Аллоҳ таоло ҳам биздаги омонатини қайтариб олишни истади, – дейишлари биланоқ эри гап нимада эканини англаб сўрадилар:
– Ўғлимиз вафот этдими?
– Аллоҳ сенга узоқ умр ато этсин, – дедилар рафиқалари.  
Абу Талха розияллоҳу анҳу илк фарзандининг ўлим хабарини эшитгач,
саросимага тушдилар, бироқ ўзини тутиб олиб дедилар:
– Инна лиллаҳи ва инна илайҳий рожиун (Биз барчамиз Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчилармиз).

* * *
Ўша кунларда мусулмонлар моддий томондан қийин аҳволда қолгандилар. Абу Талха розияллоҳу анҳу аёлига:
– Эй Умму Сулайм! Уйда егулик бирор нарса борми? – деб сўрадилар.
– Бор, нимага сўраяпсиз? – дедилар аёли.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак овозларида бироз очлик ва заифлик ҳис этдим. Уларга егулик олиб борсак яхши бўларди.
Умму  Сулайм розияллоҳу анҳо дарҳол бир нечта арпа нонини мато билан ўрадилар ва ўғли Анасга бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига йўлладилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу пайтда масжидда саҳобалар билан бирга ўтирардилар. Нон келтирган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўргач:
– Сени Абу Талҳа юбордими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули, – деб жавоб берди Анас розияллоҳу анҳу.
– Қўлингдаги нонми?
– Ҳа, худди шундай.  
Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобаларга:
– Туринглар! Абу Талҳанинг уйига борамиз, – деб марҳамат қилдилар. Буни эшитган Анас розияллоҳу анҳу оёғини қўлига олганча уйига югурдилар ва ҳолатни отасига билдирдилар. Улар эса:
– Эй Умму Сулайм! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам бутун жамоатлари билан бирга келаётган эканлар. Энди нима қиламиз, таом ҳаммага етармикан, – деб ташвишга тушдилар. Аёли ғоят сокин жавоб берди:
– Аллоҳ ва Пайғамбари яхшироқ билурлар, сиз ташвишланманг.
Ҳақиқатан ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва барча саҳобалар розияллоҳу анҳум Абу Талҳа розияллоҳу анҳуларининг уйларидан қорниларини тўйдириб кетдилар. Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мўъжизалари ва уй соҳибларининг таваккул қилишлари асосида амалга ошди.

* * *
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан жангда ҳам сулҳ пайти ҳам бир зумга айрилмасдилар. Энг кичик ишоратларини ҳам амалга оширишга ҳаракат қилардилар.
Улар Ҳунайн ғазотида жасорат билан бирга ўз сахийликларини кўрсатдилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Ким бир душманни ўлдирса, душманга тегишли барча ашёлар уники бўлади. Ўлжага ҳеч ким тегмайди, деб буюрдилар.
Жангда Абу Талҳа розияллоҳу анҳу йигирмадан ортиқ мушрикни ўлдирди. Уларнинг устидаги бутун ашёларни йиғдилар ва орасидан бирор нарса олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга келтириб бердилар. Уларнинг ягона мақсади Аллоҳ ва Расулининг розилиги эди.

Орқага Олдинга