Абу Суфён ибн Хорис розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг амакилари бўлмиш Хорис ибн Адулмуталлибнинг ўғиллари эдилар. Абу Суфён ибн Хорис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам даъватга бошлашларидан олдин уларни жуда яхши кўрардилар. Ислом динига даъват бошлангач, Расулуллоҳдан қаттиқ ғазабланди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва мусулмонларнинг устидан кулиш учун ҳажвий шеърлар тўқиди.
Ўша пайтда мушриклар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўрган жойларида ўлдиришга амр берилганди. Абу Суфён Қурайш мушрикларининг Пайғамбаримизга етказган азиятлари ва қилган ҳужумларидан ҳеч бирисида қатнашмай қолмади. Мусулмонлар шоири Ҳасан ибн Собит розияллоҳу анҳуга:
– Қўлингдан келса, сен ҳам бизни ҳажв ила таҳқирла, – дер эди. Ҳасан ибн Собит розияллоҳу анҳ уларга шундай жавоб қайтардилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан изн олмасдан бундай қилолмайман.
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламдан изн сўраганларида:
– Мен сенга отамнинг укаси, амакимнинг ўғлини ҳажв билан устидан кул, деб қандай изн бера оламан? – деб жавоб бердилар.
Ҳасан ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Мен унинг шеърларидан сизнинг исмингизни хамирдан қил суғурган каби осонгина олиб, сўнг унинг ўзини ҳажв ва таҳқир қиламан.
* * *
Ойша розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Сиз ҳам Қурайш мушрикларини ҳажвий йўл билан таҳқирланг! Чунки шеър уларга ўқ ёғдиргандан кўра қаттиқ таъсир қилади! – деб буюрдилар ва Абдуллоҳ ибн Равоҳага “Уларни ҳажв қил!” деган хабар юбордилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу қурайшликларни ҳажв қилувчи шеърлар ёздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам кейинчалик Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу, сўнгра Ҳасан ибн Собитга қурайш кофирларини ҳажв этувчи шеърлар ёзиши учун хабар йўлладилар.
Ҳасан ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига кириб:
– Демак, ўзидан кетган мушриклардан шеър билан аламни олиш вақти келди. Сизни ҳақ дин билан юборган Аллоҳга қасамки, мен уларнинг шахсият ва обрўларини ер билан битта қиламан, – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Шошилма! Абу Бакр қурайшликларнинг қавмини жуда яхши билади. Менинг қавмим ҳам уларнинг орасида. Абу Бакрнинг ёнига бор, у сенга менинг қавмимни яхшилаб тушунтирсин.
Ҳасан ибн Собит розияллоҳу анҳу дарҳол Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ёнларига бориб қайтдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Сизнинг қавмингиз ҳақида етарли маълумотни олдим. Сизни ҳақ дин билан юборган Аллоҳга қасамки, ҳеч шубҳасиз, сизнинг қавмингизни уларнинг орасидан хамирдан қил суғурган каби осонгина чиқараман.
* * *
Ойша розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Ҳасанга: “Ҳеч шубҳа йўқки, сен Аллоҳ ва Расули томонидан ҳимоялангансан. Жаброил келиб сени қўллаб туради, деганларини ва яна “Ҳасан уларни ҳажв билан доғда қолдирди, ҳам мусулмонларни севинтирди, ҳамда ўзи севинди”, деганларини эшитганман.
* * *
Ҳасан ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг амакиваччалари Абу Суфён ибн Хорисга қарата турли ҳажвлар ёздилар. Бу шеърлар шу даражада оловли ва таъсирли эдики, уларнинг натижаси ўлароқ Аллоҳ таоло Абу Суфён ибн Хориснинг қалбида Исломга нисбатан муҳаббат уйғонди.
Бу ҳақда Абу Суфён ибн Хориснинг ўзи шундай дейди:
– Исломни қабул қилиб, иймон билан шарафланган шоирлар – Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Каъб ибн Молик ва Ҳасан ибн Собитнинг ёзган шеърлари қалбимга чуқур таъсир қилди. Биз ишонаётган бутларнинг сароб эканини англадим. Минг афсуски, обрўли кишиларимиз ва ёши улуғларимиз бутларидан ёрдам сўраб, Муҳаммадга қарши оёққа турганларида ва ота-боболарининг дини туфайли ундан ғазабланганларида биз ҳам уларга қўшилдик. Бир куни ўзимга-ўзим: “Мен кимларга шерик бўляпман? Кимларнинг ёнида юрибман? Ислом йўли фаровон ва келажаги бор экани аниқ бўлиб бормоқда-ку!” дедим.
Кейин аёлим ва ўғлимнинг ёнига бордим. Уларга шундай дедим:
– Йўл тадоригини кўринглар! Муҳаммаднинг ёнига кетишимизга оз вақт қолди.
Аёлим ва ўғлим менга хитоб қилишди:
– Жонимиз сизга фидо бўлсин! Араблар ва араб бўлмаган миллатларнинг Муҳаммадга тобе бўлганини кўриб турибсиз-у, бироқ ҳамон унга қарши душманлик қиляпсиз? Ҳолбуки, унга ёрдам қилиш бошқалардан кўра сизнинг бурчингиз саналарди. Унга биринчи бўлиб сиз ёрдам қилишингиз керак эди.
Хизматчим Мазкурга буюрдим:
– Бор, туя билан отимни тезда олиб кел.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан кўришиш мақсадида Маккадан йўлга чиқдик. Ёнимизда Абдуллоҳ ибн Умая ҳам бор эди. Абвога етиб, бироз дам олиш учун тўхтаган пайтимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қўшини Макка томон йўл олганди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ким мени кўрса, ўша жойда ўлдиришини буюргандилар. Шу сабабли ўлдиришларидан қўрқиб, беркиндим. Ўғлим Жаъфарнинг қўлидан тутиб, пиёда бир неча чақирим йўл босдик.
Тонгда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бордик. Халқ тўда-тўда бўлиб келарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уловларига минаётган пайтлари ўзлари билан кўришишни истадим. Юзларини бошқа томонга буриб олдилар. Юз бурган томонларига ўтдим. Яна мендан юз ўгирдилар. У зотнинг марҳаматларига эришолмагач, ўзимни ўликдек ҳис қилдим. Пайғамбар алайҳиссаломнинг яхшилигини, марҳаматини ва менга бўлган яқинлигини ўйлаб, “Мени кечирадилар”, деган эдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг яқин қариндоши бўлганим сабаб менинг мусулмон бўлишим уларни ва барча мусулмонларни қувонтиради, деб ўйлагандим, бунга заррача шубҳам йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мендан юз ўгирганларини кўрган барча мусулмонлар мендан юз ўгирдилар. Абу Бакрни учратдим, у ҳам мендан юзини ўгирди.
Ансордан бир одам келиб менга шундай деди:
– Эй Аллоҳнинг душмани! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва асҳобини ранжитган сенсан-а? Уларга душманлигинг ердан осмонга қадар бориб етди.
Дарҳол амаким Аббоснинг ёнига бордим. Уларга шундай дедим:
– Эй Амаки! Мен Расулуллоҳнинг яқин қариндоши бўлганим сабабли, мусулмон бўлишимдан улар севинади, деб ўйлагандим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан кутган илтифотимни кўрмадим. Мени кечириши ва қабул қилишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан илтимос қилинг. Амаким Аббос менга шундай деб жавоб берди:
– Йўқ! Уларнинг сендан юз ўгирганини кўриб туриб, бу ҳақда Расулуллоҳга бир оғиз ҳам сўз очолмайман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни ранжитиб қўйишдан қўрқаман.
– Эй амаки! Бўлмаса менга бош уриб борадиган бирор одамни кўрсатинг.
Шунда амаким “ана у”, деб қўли билан Алини кўрсатди. Алининг ёнига бориб гаплашдим. У ҳам менга худди амаким Аббос айтганларидек жавоб қайтарди.
* * *
Абу Суфён ибн Хорис билан Абдуллоҳ ибн Абу Умая Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига кириш чорасини излаб юрган бир вақтда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳу онамиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Бири амакиваччангиз ва эмикдош укангиз, бири эса аммангизнинг ўғли. Аллоҳ таоло сизнинг ёнингизга уларни мусулмон қилиб юборди. Улар сизнинг наздингизда энг ёмон одам бўлишлари керак эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар:
– Уларнинг иккиси ҳам менга керакмас. Амакиваччам менинг шахсиятим ва обрўйимни ерга уриб, масхараламоқчи бўлди. Аммамнинг ўғли, яъни ўз қариндошим менга ҳақоратли сўзларни айтди.
Ҳақиқатан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизга бундай дейишларида жон бор эди.
Маккада яшаётган пайтлари, бир куни Абдуллоҳ ибн Умая Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ортларидан пойлаб келиб шундай деганди:
– Эй Муҳаммад! Қавминг сенга бир қанча таклиф айтдилар. Сен уларнинг таклифларидан бирортасини қабул қилмадинг. Сўнг ўзинг айтганингдек, Аллоҳ сенга юклаган вазифани адо этиш йўлида бор нарсангдан воз кечишингни айтдинг. Мен сен осмонга бир нарвон қуриб ундан самога қадар юксалмагунингча ва у ердан ёнингда сен айтганингдек, Пайғамбар эканингни исботловчи тўрт фаришта олиб тушмагунингча асло сенга ишонмайман. Қасам ичаманки, сен шу ишларни қилган тақдирингда ҳам, барибир сенга ишонмайман.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Умму Салама розияллоҳу анҳу онамизга Абдуллоҳ ибн Умая ва эмикдош амакиваччаси Абу Суфён ибн Хорис ҳақида нозил қилинган:
أَوْ يَكُونَ لَكَ بَيْتٌ مِّن زُخْرُفٍ أَوْ تَرْقَى فِي السَّمَاء وَلَن نُّؤْمِنَ لِرُقِيِّكَ حَتَّى تُنَزِّلَ عَلَيْنَا كِتَاباً نَّقْرَؤُهُ قُلْ سُبْحَانَ رَبِّي هَلْ كُنتُ إَلاَّ بَشَراً رَّسُولاً
“Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича (сенга иймон келтирмаймиз). Яна бизларга ўқийдиган (бирор) китоб туширмас экансан ёки (осмонга) кўтарилмас экансан (сенга сира ишонмаймиз)”. Айтинг (Эй Муҳаммад!): “Эй Пок Парвардигоро, мен фақат пайғамбар бўлмиш бир одам эдим-ку!” (Исро сураси, 93-оят).
– оятини ўқиб бердилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Бу кишилар сизнинг қавмингиздан, улар айтган гапларни бутун Қурайш мушриклари ҳам айтганлар ва бундай оятлар бошқа мушриклар ҳақида ҳам нозил бўлган. Сиз уларнинг айбларидан оғир айбларини ҳам авф этгансиз. Улар яқин қариндошларингиз ахир, сиз эса халқ ичида уларнинг қилган айбларини кечиришга энг хақлисисиз!
* * *
Абу Суфён ибн Хорис шундай дейди:
– Жуҳфога етгунга қадар на Расулуллоҳ ва на мусулмонларнинг бирортаси мен билан гаплашдилар. Тунаш мақсадида тўхталган ҳар ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг чодирлари ёнида ўғлим Жаъфар билан оёқда тик турардик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам мени кўришлари билан юзларини ўгириб олардилар. Азоҳир тепалигидан Макканинг Абтоҳ водийсига тушгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам чодирлари эшигига келдим. Менга қарадилар. Бу боқиш ул зоти шарифнинг илк юмшоқ қарашлари эди. Уларнинг табассумларидан умид қила бошладим.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Абу Суфён ибн Хорисга шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига орқа тарафларидан бор. Юсуф алайҳиссаломнинг акалари Юсуфга қарата айтган шу сўзларни айт:
قَالُواْ تَاللّهِ لَقَدْ آثَرَكَ اللّهُ عَلَيْنَا وَإِن كُنَّا لَخَاطِئِينَ
(Улар) дедилар: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилибди. Биз эса, ҳақиқатан, хато қилувчилардан бўлдик”. (Юсуф сураси, 91-оят)
Бундан бошқа чиройли сўзлар қабул қилинмасди. Абу Суфён ибн Хорис шундай дегач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Юсуф алайҳиссаломнинг акаларига айтган:
قَالَ لاَ تَثْرَيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ يَغْفِرُ اللّهُ لَكُمْ وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ
У деди: “Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир”. (Юсуф сураси, 92-оят)
– оятини ўқидилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Суфёнга раҳмлари келди ва ҳузурларига киришга изн бердилар. У зот Пайғамбаримиз ҳузурларида мусулмон бўлиш шарафига эришдилар.
* * *
Абу Суфён розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгандан сўнг уятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг кўзларига қарай олмасдилар. Ўтмишда қилган номақбул ишлари туфайли доим узр сўрардилар.
Абу Суфён розияллоҳу анҳу Маккаи Мукарраманинг фатҳида иштирок этдилар. Ҳунайн жанггида кўрсатган ажойиб қаҳрамонликлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг илтифотларига сазовор бўлдилар.
* * *
Милодий олти юз қирқ тўртинчи йилда ҳаждан қайтаётган вақтларида вафот этдилар. Жанозаларини Умар розияллоҳу анҳу ўқидилар. Мадинадаги Бақий қабристонига дафн этилди.
Бир ҳадиси шарифда “Абу Суфён жаннат йигитларидандир” дейилган. Ҳа у зот шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг марҳаматларига эришдилар. Дарвоқе, Абу Суфён розияллоҳу анҳу кўриниши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга ўхшаган етти нафар кишидан бири эдилар.