loader

Абу Салама розияллоҳу анҳу

Абу Салама розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Абдуллоҳ эди. Оталари Абдуласад, оналари Абдумуталлибнинг қизи Барро эди. Абу Салама розияллоҳу анҳу ўқиш ва ёзишни яхши билар ва ўрганишни истаб келганларга ўргатар эдилар.
Аллоҳ таолонинг амри билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам мусулмонларга Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари учун изн бердилар. Шу сабабли, бир қанча саҳобалар ҳижратга ҳозирлик кўришни бошладилар.
Абу Салама розияллоҳу анҳу ҳам туяларини келтириб, аёлини миндирдилар. Ўғлини қучоғига олдилар. Туянинг юганини тортиб, турғазишга уриндилар. Шу пайт баъзи ғазабланган мушриклар келиб у зотнинг қўлидан туя жиловини тортиб олдилар. Абу Салама розияллоҳу анҳу бир зумда бўлиб ўтган ҳодисадан нима бўлаётганини англолмай қолдилар. Одамлар аёлига дўқ уришди:
– Туядан туш, тез бўл!
Бу одамлар Бани Муғийра қабиласидан, рафиқасининг қариндошлари эди. Абу Салама розияллоҳу анҳунинг аёлини зўрлик қилиб, тортиб олдилар.
– Сен бизларга қулоқ солмадинг, бутларимизни ташлаб мусулмон бўлдинг. Энди эса қабиламизнинг қизини олиб қочмоқчисан?! Уни қаерларга олиб бориб сарсон қиласан? Бунга асло йўл қўймаймиз! – дейишди.
Ўғиллари ҳам онаси билан бирга олиб эди. Она-бола ҳарчанд уринмасин уларнинг қўлидан чиқиб кетолмасдилар.  Чунки Муғира ўғиллари кўпчилик, уларга қарши курашишнинг сира имкони йўқ эди. Шунга қарамай баҳс узоқ давом этди. Воқеадан хабар топган Бани Асад уруғи ҳам етиб келишди. Улар Абу Салама розияллоҳу анҳунинг қабиладошлари эдилар. Нима бўлаётганини сўраб билдилар. Уларнинг кўпи мусулмон бўлмаса-да, Бани Муғийра одамларига шундай шарт қўйишди:
– Агар сизлар Абу Саламанинг аёлини қўйиб юбормасанглар, биз ҳам унинг ўғлини сизга бермаймиз.
Онасининг қўлидан куч билан юлиб олинган бола йиғлай бошлади. Чунки тортишув орасида унинг қўли чиқиб кетган эди. Узоқ давом этган баҳсдан сўнг болани Бани Асад, онасини эса Бани Муғийра олиб тарқалдилар.
Абу Салама розияллоҳу анҳу эса туялари билан ёлғиз ўша ерда қолдилар. Илк мусулмонлар бу каби азиятларга кўникиб қолгандилар. Бундай ҳодисалар қаршисида сабр ва матонатли бўлишга ҳаракат қилардилар. Чунки суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг амрлари шундай эди.
Абу Салама розияллоҳу анҳу ноилож ёлғиз ҳижратга отландилар. Аллоҳ розилигини қозониш умиди билан йўлга тушдилар. Кўз ёшларни тўка-тўка Мадинага етиб келдилар.
Маккада қолган рафиқаси эса ҳар тонгда шаҳар ташқарисидаги Абтоҳ тепалигига чиқар эди. У ерда Мадинадан келадиган йўловчиларни кутар ва эри қандай аҳволда эканини суриштиришга ҳаракат қиларди. Ёлғиз қолган пайтларида тўйиб-тўйиб йиғлаб оларди. Ўғли ва эрини ўйлаб сиқилар, уларнинг соғинчидан қалби ўртанарди. Бир амакиваччасининг унга раҳми келди. Паришон ҳолига эзилди. Тўғри қабиласидаги зўравонлар олдига бориб уларга бақирди:
– Бу бечора заифага қачонгача зулм қиласизлар?! Уни ҳам ўғлидан, ҳам эридан айирдинглар! Сизларда инсонийликдан асар ҳам қолмабди! Ахир бу бегона эмас, ўз қариндошингиз-ку!
Бу дашномдан сўнг зўравонлар инсофга келдилар. Сўнг ғамдан эзилган аёлга:
– Истасанг эринг ёнига кетишинг мумкин, – дедилар.
Бундан хабар топган Асад ўғиллари унга ўғлини олиб келиб топширдилар.
Она-бола зулматдан ёруғлик сари отландилар. Абу Салама розияллоҳу анҳунинг қилган дуолари қабул бўлган эди. Узоқ айрилиқ ва хасратдан сўнг улар ниҳоят, Қубода бир-бирларига етишдилар.

* * *
Ҳижратдан сўнг муборак Мадинада Абу Салама розияллоҳу анҳу оиласининг гўзал кунлари бошланди. Барча мўминлар Исломни ёйиш мақсадида жон-жаҳди билан ҳаракат қилардилар. Бадрда Макка мушриклари устидан илк ғалаба қозонилди. Бу зафарни қозонган мужоҳидлардан бири Абу Салама розияллоҳу анҳу эдилар.
Абу Салама розияллоҳу анҳу суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг яқин қариндошларидан бўлиб, уларнинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг аммалари бўларди. Абу Салама розияллоҳу анҳу жанг ва ғазотда бўлмаган пайтлар ибодат билан машғул бўлардилар.

* * *
Бир куни Абу Салама розияллоҳу анҳу Масжиди Набавиядан суюнганча уйига келдилар. У зотни кутиб олган аёлига шундай дедилар:
– Ҳозиргина Аллоҳнинг Расулидан севинчли хабар эшитдим.
Рафиқаси қизиқиб сўради:
– Тинчликми? Қандай хабар эшитдингиз?
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Мусулмонлар бошига ҳар қандай бало ёки мусибат тушса ва улар: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” деганларидан сўнг, “Эй Роббим! Бу келган мусибат ажрини эҳсон айла! Бизга ундан-да хайрлироғини бер!” деб дуо қилса, Аллоҳ уларнинг дуосини қабул қилади, деб марҳамат қилдилар.
Шундан сўнг анча вақтгача суҳбатлашдилар. Бир пайт аёли шундай деди:
– Эй Абу Салама! Келинг, сиз билан бир нарсага келишиб  олайлик.
Эри ҳайрат билан сўрадилар:
– Тинчликми, нимага келишиб олмоқчисан?
– Иккимиздан қай биримиз олдин ўлсак, тирик қолганимиз умримизнинг охиригача турмуш қурмай ўтамиз. Менга сўз берасизми?
Абу Салама розияллоҳу анҳу бу ҳақда бироз ўйладилар ва аёлидан сўрадилар:
– Эй рафиқам! Сен мени тинглаб, сўзимга итоат қиласанми?
– Ҳа, эшитаман ва итоат қиламан, – деган жавобни олгач, давом этдилар:
– Сен мени диққат билан эшит, агар мен ўлсам турмушга чиқ!
Абу Салама розияллоҳу анҳу шу сўзларидан кейин иймонли аёли ва барча мусулмонлар ҳаққига дуо қилдилар.

* * *
Бадрдаги мағлубият алами билан ёнган Қурайш мушриклари бор нафрати билан Уҳудга қўшин тортиб келдилар. Мадина атрофидаги яҳудийларни ҳам мусулмонларга қарши қайрадилар. Ушбу ғазотнинг ҳақиқий қаҳрамонларидан бири яна Абу Салама розияллоҳу анҳу бўлдилар. У зот бор куч-ғайрати билан душманга қарши жанг қилдилар ва бу маҳорабада яраланиб, кўп қон йўқотдилар. Ушбу жароҳат туфайли ғазотдан сўнг узоқ муддат уйида ётдилар. Аёли уларни яхшилаб парвариш қиларди. Бир ойдан сўнг тузалиб, оёққа турдилар.
Ислом ҳудудлари кенгайган сари душманлари ҳам кўпайиб борар эди. Қутн ҳудудининг баъзи қабила раислари ҳамон кибр ва улуғликка даъво қилардилар. У ерда бўлаётган исёнларга қарши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларни огоҳлантириш мақсадида элчилар жўнатишни муносиб кўрдилар. Абу Салама розияллоҳу анҳу ва уларнинг баъзи дўстларига ушбу вазифа топширилди.
Қўшин тезликда Қутн атрофидаги мушриклар ва осийлар қавмига ҳужум қилдилар, улар қочганларидан сўнг қолган ўлжаларни тўплаб Мадинага келтирдилар. Қайтишда Абу Салама розияллоҳу анҳу оғирлашиб қолди. Чунки Уҳуд жангида олган яралари очилиб кетган эди. Натижада, кўп қон йўқотиш ортидан Абу Салама розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо эри Абу Салама розияллоҳу анҳу шаҳид бўлгач, “Инна лиллаҳи ва илайҳи рожиун” деб, дуо қилдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб, шундай деди:
– Ё Расулуллоҳ! Абу Салама вафот этди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўрниларидан туриб, аммаларининг ўғлини кўриш учун бордилар. Муборак қўллари билан очиқ қолган кўзларини силаб ёпдилар ва шундай дедилар:
– Ҳақиқатан руҳ танани тарк этаётган пайтда кўз руҳнинг ортидан қараб қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўша ерда йиғлаб, фарёд қилаётган аёллар ва уй аҳлига:
– Сизлар энди ўзларингиз учун хайр тилашдан бошқа дуога ўтманглар, чунки фаришталар шу онда “омин” демоқдалар, – дедилар.
Бироздан кейин шундай дуо қилдилар:
– Эй Аллоҳим! Абу Саламани раҳматингга ол! Тўғри йўлдаги қулларинг орасида даражасини юксалтир. Ортида қолганлардан унга муносиб ворис эҳсон қил! Бизни ва уни мағфират қил! Уни қабр ичида фараҳлантир ва нурлантир!
Абу Салама розияллоҳу анҳу Мадинадаги Бақий қабристонига дафн этилди. Муҳтарам аёллари доимгидек сабр билан эрининг ҳаққига дуолар қилдилар. У зотдан етим қолган фарзандлари билан ҳаёт кечиришни бошлади.

* * *
Тўрт-беш ойлар ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир биродарларини Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ҳузурига йўлладилар. Келган зот шундай деди:
– Муждалар бўлсин, эй Умму Салама! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аллоҳ амри ила сени никоҳига олмоқчилар.
Бу буюк хушхабар қаршисида Умму Салама розияллоҳу анҳо ўйга ботдилар. Бироз вақт ўтгач, шундай дедилар:
– Эй Расулуллоҳнинг элчиси! Хуш келибсан, менинг арзларимни бориб  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга етказасан: биринчидан, менинг ёшим катта, бунинг устига рашкчиман. Бу феълим сабаб, Аллоҳ Расулини хафа қилиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишдан қўрқаман. Иккинчидан, етим болаларим бор. Уларга қараш ва уларни боқиш юк бўлмайдими? Учинчидан, никоҳимни ўқийдиган мулла ёнимда эмас.
Элчи бўлган гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга келиб айтди. Бир неча кундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзлари ташриф буюрдилар. Қаттиқ хаяжонда ўтирган Умму Салама розияллоҳу анҳога таклифларини ўзлари такрорладилар ва марҳамат қилдилар:
– Менинг ҳам ёшим катталиги ўзингга маълум. Ундан кейин сенинг рашкингни кетказиш учун Аллоҳга дуо қиламиз. Болаларингга келсак, улар бизнинг ҳам фарзандларимиз. Муллаларнинг орасида бизнинг турмуш қуришимизни истамайдиган киши чиқмайди, деб ўйлайман.
Шундан сўнг Аллоҳ амри ила никоҳлари ўқилди. Абу Салама розияллоҳу анҳунинг аёли Умму Салама розияллоҳу анҳо мўминларнинг онаси бўлишдек бахтга эришдилар. Абу Салама розияллоҳу анҳунинг муҳтарам аёлига қилган васиятларии ҳам адо этилди.

Орқага Олдинга