loader

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида энг фақиҳларидан бири эдилар. Асл исмлари Саъд ибн Молик бўлиб, Адий ибн Нажжор қабиласидандир. Отаcи Мадинада Исломга даъват бошланган дастлабки пайтлардаёқ мусулмон бўлдилар. Шу боис Абу Саид розияллоҳу анҳу мусулмон оилада дунёга келадилар.
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилганлар. Шунинг учун ҳам у зот Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, мўминларнинг онаси Ойша, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий розияллоҳу анҳумлар сингари саҳобалар билан бир қаторда турадилар.
Маълумотларга кўра, ушбу етти саҳобадан ўн олти мингдан ошиқ ҳадис ривоят қилинган. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан бир минг бир юз етмишта ҳадис ривоят қилинган. Улардан қирқ учтаси бир хил тартибда Бухорий ва Муслимда, йигирма олтитаси Бухорийда, эллик иккитаси Муслимда ва қолганлари бошқа ҳадис китобларида қайд этилган.

* * *
Абу Саид розияллоҳу анҳу Мадинада Масжиди Набавия қурилишида қатнашганлар. Ёш бола бўлгани сабабли Бадр жангида иштирок этолмаган. Бироқ ўн уч ёшида Уҳуд жангига отаси билан бирга қатнашганлар ва Молик розияллоҳу анҳу ушбу жангда шаҳид бўлганлар. Оталарининг вафотидан сўнг оилага бошчилик қилиш у зотнинг зиммасига юкланади.
Абу Саид розияллоҳу анҳу ниҳоятда камбағал бўлгани учун кўп ҳолларда оч қолиб, қорнига тош боғлаб юрадилар.
Бир куни аёли Абу Саид розияллоҳу анҳуга:
– Расулуллоҳнинг ёнларига бориб ёрдам сўранг, ҳамма боряпти-ку, – деганларида, аввал боришни лозим топмайдилар, сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига борган пайтлари шундай хутба ўқиётганларини эшитадилар:
– Аллоҳдан ҳаё қилиб, иффатини муҳофаза этган инсонларнинг нафсини Яратган қаноатли қилиб қўяди.
Бу сўзларни эшитганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига киришдан ҳаё қилиб, ортга қайтадилар.
Шундан кейин бўлган воқеа ҳақида уларнинг ўзлари шундай дейдилар:
– Расули Акрамдан бирор нарса сўрамаган ҳолда уйга қайтганимдан сўнг, Аллоҳ бизга ризқимизни юборди. Ишимиз шу қадар яхшиланиб кетдики, ансор орасида биздан кўра бой кимса йўқ эди.

* * *
Абу Саид розияллоҳу анҳу Баъни Мусталиқ ва Хандақ ғазотларида қатнашиб, сафарларда ҳам қатнашганлар. Ҳудайбия, Ҳайбар, Макка фатҳи ва Табук сафарларида иштирок этганлар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга ўн иккита ғазотда қатнашганлар. Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумолар даврида Мадинада фатво берганлар, Али розияллоҳу анҳу даврларида Наҳравон жангида иштирок этганлар.

* * *
Абу Саид розияллоҳу анҳу ҳаворижлар ҳақида шундай ҳадис ривоят қилганлар:
– Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир нарсаларни тақсим қилаётган пайти бир одам келиб шундай деди:
– Ё Расулуллоҳ, адолат билан ҳаракат қилинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади? – деб марҳамат қилдилар.
Умар розияллоҳу анҳу ўша одамнинг калласини олиш учун изн сўради. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар:
– Йўқ ундай қилма, унинг шундай шериклари бўладики, улар сизнинг намозларингизни, тутган рўзаларингизни ёқтирмайди, бир ўқ камондан қандай отилиб чиқса, улар ҳам диндан шундай чиқадилар. Улар орасида бир одам бўлади, кўкраклари худди аёлларникидек бўртиб чиққан. Улар мендан сўнг ўзларини кўрсатадилар.
Шу пайтда ушбу одамлар ҳақида ояти карима нозил бўлди:
وَمِنْهُم مَّن يَلْمِزُكَ فِي الصَّدَقَاتِ فَإِنْ أُعْطُواْ مِنْهَا رَضُواْ وَإِن لَّمْ يُعْطَوْاْ مِنهَا إِذَا هُمْ يَسْخَطُونَ {58} وَلَوْ أَنَّهُمْ رَضُوْاْ مَا آتَاهُمُ اللّهُ وَرَسُولُهُ وَقَالُواْ حَسْبُنَا اللّهُ سَيُؤْتِينَا اللّهُ مِن فَضْلِهِ
وَرَسُولُهُ إِنَّا إِلَى اللّهِ رَاغِبُونَ {59}

“Улар ичида (тарқатиладиган) садақалар хусусида Сизга таъна қиладиганлар ҳам бор. Уларга у (садақа)лардан берилса, рози бўладилар. Борди-ю, уларга улардан берилмаса, унда улар бирдан аччиқланадилар. Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: «Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз», – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди) (Тавба сураси 58–59).
Абу Саид розияллоҳу анҳу бу ҳадисни нақл этгандан сўнг шундай дейдилар:
– Шаҳодат қиламанки, Расулуллоҳ мана шу ҳадисни айтдилар, яна шаҳодат қиламанки, бу одамни Али қатл эттирди. Ўша одам эканига ишонч ҳосил қилиш учун бордим, унинг Расулуллоҳ таъриф этганларидек эканини кўрдим.

* * *
Абу Саид розияллоҳу анҳу ҳижрий етмиш тўртинчи йилда саксон бир ёшида вафот этадилар. Саҳобаларнинг фақиҳ ва олимларидан бўлган Абу Саид розияллоҳу анҳунинг Абдураҳмон, Ҳамза ва Саид  исмли уч ўғли бўлган. Абу Саид розияллоҳу анҳунинг ривоятларини нақл этганлар орасида Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Қатода, Абу Туфайл, Саид ибн Ал-Мусаййаб, Тариқ ибн Шиҳоб, Ато, Мужоҳид розияллоҳу анҳум кабилар бор.

* * *
Абу Саид розияллоҳу анҳудан:
– Сиз бу ҳадисни шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан кўриб айтмоқдамисиз? – деб сўраган Қузога у зот шундай жавоб берадилар:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитмаган, кўрмаган нарсамни қандай қилиб нақл қиламан?! Ҳа, шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан эшитиб айтмоқдаман.

* * *
Мадина ҳокими Марвоннинг бир куни ножўя иш қилаётгани учун бир одам:
– Суннатга қарши иш қиляпсан, – деб унга қаршилик билдирди. Абу Саид розияллоҳу анҳу эса шундай дедилар:
– Бу зот ўз вазифасини бажарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Орангиздан бири бирор ёмонликни кўрса ва қўли билан унга қаршилик қила олса дарҳол уни қилсин. Қўли билан қаршилик қила олмаса, тили билан қаршилик қилсин, уни ҳам қила олмаса, ҳеч бўлмаса қалби билан қаршилик қилсин. Бу иймоннинг энг заиф даражасидир.

* * *
Абу Саид розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитганларини ҳар доим ҳам ривоят қилавермас, эҳтиёж сезган, суннатнинг янглиш бажарилганини кўрган пайтлари ҳадис ривоят қилардилар. У зот фақир ва етимларга ёрдам қилар, уларни уйига олиб келиб боқар ва тарбия қилардилар. Лайс, Сулаймон ибн Амр улар боқиб олган етимлардан саналади.

* * *
 Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган баъзи ҳадислар:
Хайрдан фақат яхшилик келади. Хайрни ҳақдан олган барокотга ноил бўлади, ноҳақ олган барокотдан маҳрум бўлади.

* * *
Мозор ё жаннат боғларидан бир боғ ёки жаҳаннам чуқурларидан бир чуқурдир.

* * *
Ётоққа кирганингда уч марта “Астағфуруллоҳ, ал азим аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”, деган кимсанинг гуноҳлари денгиз кўпиклари қадар ёки Тамим диёрининг қумлари қадар ёки дарахт япроқларининг сони қадар ёхуд дунё кунлари қадар кўп бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилади.

* * *
Қалблар тўрт турли бўлади: тоза ва нурли қалблар, пардали ва зулмат  қоплаган қалблар, ўзгарувчан ва қоришиқ қалблар. Тоза қалб мўминнинг қалбидир, бу қалбнинг асоси иймондир. Пардали ва зулмат қоплаган қалблар кофирларнинг қалбидир. Ўзгарувчан қалблар мунофиқларнинг қалбларидир. Улар ҳақни танийди, бироқ уни инкор этади. Қоришиқ қалб ичида ҳам иймон, ҳам нифоқ бўлади, бу қалбларда қон ҳам, йиринг ҳам бор. Булардан қай бири ғалаба қозонса, қалб ҳам ўзига мана шу ҳол ва моҳиятни олади.

* * *
Дунё ям-яшил ва тотлидир. Аллоҳ таоло сизларни дунёга халифа қилди. Сизларнинг қилган ишларингизни кузатади. Аллоҳдан узоқлаштирувчи дунёдан қўрқинг. Инсонларнинг энг хайрлиси тез ғазабланмайдиган ва ўзини идора қила оладиганидир. Инсонларнинг энг ёмони тез ғазабланадиган ва ўзини идора қила олмайдиганидир. Шафқатсизликнинг энг буюги бир бошлиқнинг қўл остидагиларга зулм қилишидир. Ҳақиқатни билган кимса, асло инсонлардан қўрқиб ёки тортиниб ҳақни айтишдан чекинмасин.

* * *
Бир қанча бошқарувчилар пайдо бўлади, уларнинг атрофини бир қанча одамлар ўраб оладилар. Улар зулм қилиб, ёлғон гапирадилар. Уларнинг ёнига кирган, уларнинг ёлғонларига ишонган ва уларга зулмларида шерик бўлган кимса мендан эмас, мен ҳам улардан эмасман. Уларга аралашмаган, уларнинг ёлғонларига ишонмаган, уларнинг зулмларига ёрдам қилмаган кимса мендан, мен ҳам уларданман.

* * *
Ҳандақ ғазотида мушриклар шиддат билан мусулмонлар устига ҳужум қилардилар. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларига келиб шундай дедилар:  
– Ё Расулуллоҳ! Мушриклар ҳужуми бизни тушкунликка солмоқда, қўрқувдан халос бўлиш учун ўқиладиган дуо борми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:  
– Албатта бор: “Эй Роббим, очиқ ва қўрқувли жойларимизни беркит, бизни барча қўрқувлардан ҳалос эт”, деб дуо қилинглар.
Барча мана шу дуони ўқиб Роббига ёлворишди. Кўп ўтмай шундай бир довул эсдики, душман қароргоҳини остин-устун қилиб юборди. Душман қўшини тор-мор бўлиб ҳар қаёққа тарқалиб кетди.

* * *
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Баъни Мусталиқ ғазотидан сўнг, Хандақ ғазотида қатнашдилар. Кўплаб қаҳрамонлик кўрсатдилар. У зот кўрсатган жасоратдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам севиндилар. Абу Саид розияллоҳу анҳу Хандақ ғазотидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан уйига кетиш учун изн сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам унга изн бериб, шундай дедилар:
– Ёнингга қурол ол! Баъни Қурайза яҳудийларининг сенга зарар келтиришларидан қўрқаман.
Абу Саид розияллоҳу анҳу қуролланиб, уйи томон йўл олдилар. Аёли эшик ёнида кутиб турарди. Уйда кутиб ўтирмай, ташқарида турганининг сабабини сўраганларида аёли шундай деди:
– Нима учун мендан жаҳлингиз чиқади? Ичкарига кириб кўринг.
Уйга кирганларида ётоқлари устида катта қора илон ётар эди. Абу Саид розияллоҳу анҳу найзасини олиб илонга санчдилар. Уни ётоқдан олган эдилар ҳамки, тушакда бир ёш йигит пайдо бўлиб қолди ва илон билан қўшилиб у ҳам жон берди.
Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳу дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган ҳодисани айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар:
– У Мадинадаги мусулмон жинлардан. Улардан бирортасини  кўрсангиз, ўша ердан кетиши учун уч кун муҳлат беринглар. Уч кундан сўнг ҳам сизларга кўринса, уни дарҳол ўлдиринглар, чунки у шайтон бўлади.

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу Алқама ибн Маҳраз билан  сафарга чиқдилар. Бу сафар ҳақида у зот шундай ҳикоя қилади:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Алқамани бир сафарга юборган эдилар. Мен ҳам ўша сафарда эдим. Ҳадафга яқинлашган пайтимиз қўмондон аскарларни иккига бўлиб, бир қисмини Абдуллоҳ ибн Ҳузайфага берди. Мен ҳам у билан бирга эдим.
Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа асҳобнинг қаҳрамонларидан бўлиб, жуда ҳазилкаш одам эди. Йўлда дам олиш учун танаффус берилди. Гулхан ёқилди, биримиз гулханда исинар, биримиз аланга ёруғида баъзи ишларимизни қилардик. Бир пайт Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа аскарларга шундай деди:
– Сизларнинг вазифангиз менга итоат қилиш шундайми?
– Ҳа, худди шундай!
– Ундай бўлса барча айтганларимни қилишга мажбурсиз, тўғрими?
– Айтганингизни қиламиз.
– Бўлмаса сизга буюраман, барчангиз ўзингизни ёниб турган мана шу гулхан устига ташланг!
Кўпчилик аскарлар буйруқни эшитишлари билан ўрниларидан туриб, ўзларини гулханга ташлашга тайёрландилар. Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа буйруқни бажаришга шайланган аскарларнинг итоаткорлигини кўриб севинди ва деди:
– Тўхтанглар! Мен сизларнинг қай даражада итоаткор эканингизни билиш мақсадида сизларни синадим.
Сафардан қайтгач, гулхан воқеасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга айтдик. Улар шундай марҳамат қилдилар:
– Сизларга гуноҳ қилишни буюрган кимсага итоат қилманглар!

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳулари шундай ривоят қиладилар:
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бир кимса келди:
– Укамнинг қорни оғрийди, нима қилсам бўлади? – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Асал шарбати ичир!
Сўраган киши қайтиб кетди. Эртасига қайтиб келиб, укасига асал шарбати ичирганини, аксинча, бундан сўнг хасталик ортганини айтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам яна буюрдилар:
– Бориб унга асал шарбати ичир!
Ҳалиги киши кетиб, эртасига яна қайтиб келди ва укасига асал шарбати ичирганини ва у яна-да оғирлашганини айтди.
Бу сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буюрдилар:
– Айб укангнинг қорнида. Бор, унга асал шарбати ичир!
Ўша одам бу сафар ҳам укасига асал шарбати ичирган эди, укаси тузалди.

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ўттиз кишилик гуруҳга қўмондон этиб тайинландилар. Бу гуруҳ Мадинадан йўлга тушишди. Йўлда мусулмон бўлмаган бадавийлар гуруҳига дуч келдилар ва уларга меҳмон бўлиш тилакларини билдиришган эдилар, улар қабул қилишмади.
Мусулмонлар уларга яқин бўлган ерда дам олаётган пайтда,  бадавийларнинг раисини чаён чақиб олди. Бадавийлар қанча уринишмасин, раисларининг аҳволи ўзгармади. Уларнинг баъзилари шундай деди:
– Қаршимизда дам олаётган қабиладан чаён чақишига қарши қўлланадиган чора ҳақида сўраб кўрайлик, балки ораларидан биладигани бордир.
Улардан бир нечтаси саҳобалар ёнига келиб сўрадилар:
– Эй инсонлар! Раисимизни бироз аввал чаён чақди, билганларимизни қўлладик, бироқ эплай олмадик. Ораларингизда бунинг давосини биладиган кимса борми?
Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳу дедилар:
– Сиз олдин бизнинг талабимизни рад этдингиз. Биз сизга ёрдам берамиз, фақат бунинг эвазига бир сурув қўй берасизлар.
Улар таклифга рози бўлишди. Абу Саид ал-Худрий қабила раисининг ярасини ўраб, етти марта Фотиҳа сурасини ўқидилар. Ўқишни битириши биланоқ бемор ўрнидан турди. Унда ҳеч қандай оғриқ қолмаган эди. Бадавийлар саҳобаларга келишилгандек бир сурув қўй бердилар.
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу “Сурувни орамизда бўлишамиз”, деган саҳобаларга шундай жавоб бердилар:
– Йўқ! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга бўлган воқеани айтамиз ва қўйларни у зотга тақдим этамиз. Пайғамбар алайҳиссалом нимани буюрсалар шуни қиламиз.
Сафардан қайтишгач, бўлиб ўтган ҳодисани айтиб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Саид ал-Худрийдан:
– Фотиҳа сурасининг бу қадар хайрли дуо эканини сен яхши англабсан, – деб бу суранинг бошқа яхшиликлари ҳақида ҳам сўзлаб бердилар.

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам хурсандчилик  билан кўнгилхушлик қилаётганларни кўрсалар шундай дер эдилар:
– Агар ўлимни ўйлаганингизда эди, лаззатлар сизга тотсиз туюлар, қилиб турган шу ишларингиздан дарҳол воз кечар эдинглар.

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар:
– Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг орқаларида намоз ўқиди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламдан олдин рукуга борар, яна у зотдан олдин бошини кўтарар эди. Пайғамбаримиз намоздан сўнг бу ишни қилган одам ким эканини сўрадилар. Жамоа ичидан бир одам туриб:
– Менман, ё Расулуллоҳ, – дегач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар:
– Намозда хато қилишдан сақланинглар! Имом рукуга борганда рукуга боринглар, бошини кўтарганда бошингизни кўтаринглар.

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бордик. Кўрпага ўраниб олгандилар. Ҳароратлари жуда баландлигидан, қўлимизни муборак баданларига теккиза олмасдик. Бундан ҳайратда қолдик.
Шунда дедилар:
– Энг ёмон дард ва қайғу пайғамбарларга берилади. Аммо пайғамбарларнинг дард ва қайғулардан севиниши, сизларнинг эҳсонларга севинишингиздан ортиқроқдир.

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан шундай ҳадис ривоят қилинган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай марҳамат қилганларини эшитдим:
– Инсонларнинг қилган ишларини ёзиб борадиган фаришталардан ташқари яна фаришталар бор. Улар йўлларда, кўча бошларида айланиб юрадилар. Аллоҳ таолони зикр этувчиларни излайдилар. Агар зикр қилаётганларни топса, бир-бирларини чақирадилар: “Бу ерга келинглар, мана бу ерга келинглар!” Қанотлари билан зикр қилаётган кишиларни ўрайдилар. Улар шу қадар кўпки, кўплигидан ҳаттоки кўкка қадар етади. Қулларининг ҳар ишидан воқиф бўлган Аллоҳ таоло фаришталардан сўрайди:
– Қулларимни қандай ҳолатда топдингиз?
– Ё Роббий! Сенга ҳамд ва сано айтиб, Сенинг буюклигингни
мадҳ қилаётган эдилар.
– Улар мени кўрдиларми?
– Йўқ кўрмадилар.
– Кўрганларида нима қилардилар?
– Янада кўпроқ ҳамд айтар, янада кўпроқ тасбеҳ айтар ва янада кўпроқ такбир айтардилар.
– Улар мендан нима истаяптилар?
– Ё Роббий! Жаннатни хоҳлайдилар.
– Улар жаннатни кўрдиларми?
– Кўрмадилар.
– Кўрганларида нима қилардилар?
– Янада кўпроқ истар ва Сенга кўпроқ ёлворар эдилар. Ё Роббий, бу қулларинг жаҳаннамдан қўрқиб, Сенга сиғинаяптилар.
– Улар жаҳаннамни кўрдиларми?
– Йўқ кўрмадилар.
– Кўрганларида нима қилар эдилар?
– Кўрганларида Сенга кўпроқ ёлворар ва ундан қутулиш йўлига кўпроқ тирмашардилар.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло фаришталарга буюради:
– Сизлар шоҳид бўлинглар, уларнинг барчасини афв этдим.
– Ё Роббий! Зикр қилганлар орасидаги фалон кимса зикр учун эмас, дунё манфаати учун келганди.
– Улар менинг меҳмонларимдир! Мени зикр қилганлар билан баробардир. Уларнинг ёнидагилар ҳам зарар кўрмайдилар.

* * *
Абу Саид ал-Худрийларидан ривоят қилинади:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитдим:
– Сиздан аввалгилар орасида бир одам бор эди. Тўқсон тўққиз кишини ўлдирган эди. Сўнг:
– Дунёнинг энг буюк олими ким? – деб суриштирди. Унга бир роҳибни кўрсатдилар. Ўша роҳибни излаб топди ва ёнига борди. Роҳибдан сўради:
– Тўқсон тўққизта одамни ўлдирдим, тавба қилсам қабул бўладими?
– Тавбанг қабул бўлмайди, – деб жавоб берди роҳиб.
Шундан сўнг ўша одам роҳибни ҳам ўлдирди. У билан ўлдирган одамлари сонини юзтага етказди. Кейин яна ер юзидаги энг буюк олимни излашга тушди. Унга бир олимни тавсия қилдилар. Бориб олимдан сўради:
– Юзта одам ўлдирдим, тавба қилсам, қабул бўладими?
Олим унга шундай деб жавоб берди:
– Албатта, сени тавба қилишингга ким монеъ бўла олади? Фалон жойга бор. Ўша ерда Аллоҳга ибодат қилиш билан машғул инсонлар бор. Улар билан бирга Аллоҳга ибодат қил, мамлакатингга қайтма! Зеро, у ер ёмон жойдир.
Шундан сўнг тавба қилган одам йўлга чиқди. Ярим йўлга етганда ўлди. Раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари бу одамнинг руҳини олиш учун келишди. Раҳмат фаришталари шундай дедилар:
– Бу одам бутун қалби билан тавба қилиб келди.
Азоб фаришталари дедилар:
– Бу одам ҳеч қачон яхшилик қилмаган.
Шу пайт инсон қиёфасида бир фаришта уларнинг ёнига келди. Фаришталар ўша фариштани ораларида ҳакам қилдилар. У фаришта шундай деди:
– Икки тарафдаги масофани ўлчаб кўринглар. Қайси тарафга яқин бўлса, ўша томонга оид бўлади.
Масофани ўлчаб кўрдилар. Одамни кетаётган жойига яқин ҳолда топдилар. Шундан сўнг уни раҳмат фаришталари олдилар.

* * *
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳайвонларига емиш берардилар. Уйларини супурардилар, қўйларининг сутини соғардилар. Оёқ кийимларининг ямоғини тикардилар. Кийимларини ювардилар. Хизматчилари билан бирга таом ердилар. Хизматчилари қўл тегирмонини юргазиб чарчаган пайтлари, уларга ёрдам берардилар. Бозорлиқ қилиб юкни халтада уйга олиб келардилар. Фақирми, бойми, каттами, кичикми кимни кўриб қолсалар ҳам аввал салом берардилар. Улар билан кўришиш мақсадида биринчи қўл узатардилар. Қулни, бекни, оқни, қорани бир кўрардилар. Ким бўлса бўлсин, чақирилган ерга албатта, борардилар.
Олдиларига қўйилган нарсани оз бўлса ҳам камситмасдилар. Гўзал феълли эдилар. Яхшилик қилишни севардилар. Барчага бирдек яхши гапирардилар. Кўзлари кулиб турар, сўзлари тотли эди. Сўзлаётганларида кулмасдилар. Ғамгин кўринардилар. Қошлари қалин бўлсада туташмаган эди. Мулойим табиатли эдилар. Ҳайбатли бўлганликлари учун кишиларда қўрқув аралаш ҳурмат уйғотар эди. Исрофдан чекинардилар. Раҳмдил бўлиб, муборак бошларини доим олдинга эгиб юрардилар. Ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмасдилар.
Саодат ва ҳузур истаган киши у зотнинг хулқлари билан хулқланиши лозим.

* * *
Абу Саид  ал-Худрий розияллоҳу анҳулари насиҳат сўраб келганларга шундай дер эдилар:
– Аллоҳдан қўрқ! Чунки ҳар ишнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир. Аллоҳ таолони зикр этиш ва Қуръони каримни ўқишда бардавом бўлгинки, сени кўкда фаришталар ва ерда инсонлар орасида яшатадиган шудир. Ҳақни сўзла, бошқа пайт сукутни афзал бил! Шуларни бажарсанг, шайтонни енгасан!

Орқага Олдинга