loader

Абу Рофе розияллоҳу анҳу

Абу Рофе розияллоҳу анҳу асли мисрлик бўлиб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг қуллари эдилар. Исломнинг илк даврида мусулмон бўлишларига қарамай, мушриклар азият етказмасликлари  учун мусулмонлигини ошкор қилмадилар. Чунки Макка мушриклари ҳимоячиси бўлмаган кимсаларга қаттиқ азият етказар, уларни турли қийноқларга солишар эди.

* * *
Абу Рофе розияллоҳу анҳу Бадр жангига қадар Маккада қолдилар. Бадр жанги тугади, мушриклар мағлуб бўлиб, Маккага қайтдилар. Бу пайтда Абу Рофе розияллоҳу анҳу Замзам қудуғи ёнидаги хонасида ўз ишлари билан машғул эдилар. Ёнларида Аббоснинг аёллари Умму Фазл розияллоҳу анҳо бор эди.
Умму Фазл розияллоҳу анҳо ҳам мусулмон эдилар. Улар ҳам мусулмонлигини яширардилар. Мусулмонлар Бадрда мушрикларнинг тор-мор этганларини эшитиб жуда севиндилар.
Абу Рофе билан Умму Фазл розияллоҳу анҳумолар бу хушхабар ҳақида суҳбатлашиб турганларида Абу Лаҳаб келиб қолди. Абу Лаҳаб жангга бормасдан, ўрнига Ос ибн Хишом ибн Муғийрани жўнатган эди. Ўша замон одатига кўра, жангга қатнашмаган одам ўрнига бошқасини йўллаши керак бўларди. Абу Рофе билан Умму Фазл Абу Лаҳабга Қурайшнинг енгилганини хабар қилдилар.
Абу Лаҳаб ўша ерга ўтирди. Шу пайт Абу Суфён кўринди.
– Мана, Абу Суфён келди!
Абу Лаҳаб Абу Суфёнга деди:
– Эй укамнинг ўғли, ёнимга кел!
Ундан Бадр жанги ҳақида сўради:
– Гапир, нималар бўлди? Жанг қандай ўтди?
Абу Суфён ҳам келиб унинг ёнига ўтирди. Бир нечта одам уй ичида туриб суҳбатга қулоқ тутишарди. Абу Суфён деди:  
– Сен сўрама, мен айтмай. Мусулмонлар билан тўқнашганимизда, гўёки иккала қўлимиз боғланган эди. Истаганларича ҳаракат қилдилар. Бир қисмимизни ўлдиришди, бир қисмимизни асир олдилар. Мен мағлубиятимизда бизникилардан ҳеч кимни айблай олмайман. Чунки ўша пайтда бизга шундай кимсалар ҳужум қилдиларки, ер билан кўк ораси қора ва оқ отларда ўтирган оппоқ хилқатга тўлиб кетган эди.
Жимгина уларни тинглаб ўтирган Абу Рофе розияллоҳу анҳу бирданига:
– Аллоҳга қасамки, улар фаришталардир, – деб юбордилар.  
Абу Лаҳаб ўрнидан туриб Абу Рофе розияллоҳу анҳунинг юзига бир мушт туширди ва ўрнидан турғазиб яна урди. Шундан сўнг уйда ўтирган Умму Фазл розияллоҳу анҳо Абу Лаҳабнинг бошига таёқ билан туширдилар ва дедилар:
– Ҳеч кими йўқ, унга нисбатан истаганимни қиламан, деб ўйладингми?
Абу Лаҳаб бошига келиб тушган таёқ туфайли, хорланган ва ҳақир бир ҳолатда қўлидан ҳеч нарса келмай, у ердан кетди.
Етти кундан сўнг Аллоҳ таоло унга жирканч бир хасталик берди. Бу хасталик унинг ўлимига сабаб бўлди. Ўғиллари унинг жасадидан жирканиб, икки уч-кунгача дафн этмай ташлаб қўйдилар. Охири халқнинг дашном ва айблови билан ўлик ёнига яқин келмай, узоқдан унинг устига сув сепиб, амаллаб чекка бир жойга кўмдилар.

* * *
Абу Рофе розияллоҳу анҳу Бадр жангида асир олинган Аббос розияллоҳу анҳунинг фидясини Мадинага олиб бордилар. Ўшанда Аббос розияллоҳу анҳу Абу Рофени Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хизматларига бердилар. Абу Рофе розияллоҳу анҳу шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан кетмадилар ва доимо у зоти шарифнинг хизматларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳимояларида, муборак суҳбатларидан доимо баҳраманд бўлиб, асҳоби суффа қаторига кирдилар.

* * *
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг аёллари Мория розияллоҳу анҳодан Иброҳим исмли ўғилнинг дунёга келишида Салма исмли жория доялик доялик қилдилар. Вақтики, Иброҳим дунёга келгач, бу хушхабарни Абу Рофе розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга етказдилар. Бу хабардан қувонган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Рофени озод қилдилар ва кейинчалик Салмага уйлантириб қўйдилар.
Абу Рофе розияллоҳу анҳу ундан Убайдуллоҳ исмли ўғил кўрдилар. Бу бола улғайгач, Али розияллоҳу анҳунинг котиби бўлишдек шарафга эришди.

* * *
Абу Рофе розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам томонларидан озод этилганда йиғлаб шундай деган эдилар:
– Ё Расулуллоҳ, мени озод қилганингиз билан мен ҳеч қаерга кетмайман, сизнинг ёнингизда қоламан.
Озод бўлганларидан сўнг ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан айрилмади, жанг ва сулҳ пайтларида ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хизматларида бўлиш шарафига эришдилар. Сафар чоғларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг чодирларини Абу Рофе қурардилар.

* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Арқам ибн Абул Арқам розияллоҳу анҳуни закот йиғувчиларга бошлиқ қилиб бир шаҳарга жўнатган эдилар. Арқам розияллоҳу анҳу Абу Рофе розияллоҳу анҳуга шундай дедилар:
– Менга бу ишда ёрдам берасан. Йиғилган закотдан закот тўплаганларга нима берилса, сенга ҳам шунча бераман.
Абу Рофе розияллоҳу анҳу бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга арз қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам  шундай марҳамат қилдилар:
– Эй Абу Рофе! Биз аҳли байтданмиз. Шу сабаб бизлар учун садақа, яъни, закот ҳалол эмас. Қавмнинг хизматчиси ўша қавмнинг ўзидан саналади.

* * *
Абу Рофе розияллоҳу анҳу Уҳуд ва Хандақ жангларида қатнашдилар, Али розияллоҳу анҳунинг қўмондонлигидаги қўшин билан Яманга жўнатилган гуруҳда уларга ёрдамчилик қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида муртадлар билан бўлиб ўтган жангларда қатнашдилар. Умар розияллоҳу анҳу даврларида ҳам кўплаб фатҳларда бўлдилар.
Абу Рофе Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ўз ҳолича сокин умр кечирдилар, илм билан машғул бўлиб, кўплаб шогирдлар етиштирдилар ва милодий олти юз олтмишинчи йилда йилда вафот этдилар.

* * *
Абу Рофе розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатлари ва юксак ахлоқларини яхши билар эдилар. Асҳоби киром бу ҳақда улардан кўп маълумот олишарди. Ҳатто Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир котиб жалб этиб, у зотнинг бу хусусдаги маълумотларини ёздириб олганлар. Абу Рофе розияллоҳу анҳудан олтмиш саккизта ҳадис ривоят қилинган.

Орқага Олдинга