Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳижрий тақвимнинг юзага келишига сабаб бўлган саҳоба бўлиб, Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан ўзларидан ўрганиб, ёд олганлар. Бир неча йиллар давомида мансабдор бўлишига қарамай дунё молига қарамаган зоҳид киши эдилар. У зот Яманнинг Забид шаҳрида яшовчи Ашъар қабиласига мансуб бўлиб, исмлари Абдуллоҳ, кунялари Абу Мусодир. Оталари Қайс, оналари Забия бинти Ваҳб.
Исломга қандай кирганлари ҳақида уларнинг ўзлари шундай дейдилар:
– Биз Яманга борган пайтимизда охирзамон пайғамбари чиққани ва у халқни Исломга даъват қилаётганидан хабар топдик. Мен ва икки акам Ашъарий қабиласидан эллик икки кишилик бир ҳайъат билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўриш мақсадида кемада йўлга чиқдик. Ҳаво ёмонлиги туфайли кема бизни Ҳабашистонга туширди.
У ерда Жаъфар ибн Абу Толиб билан учрашдик ва янги дин, янги пайғамбар ҳақида ундан маълумотлар олиб, ўша ернинг ўзида мусулмон бўлдик. Уларни бу ерга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам юборганларини айтган Жаъфар ибн Абу Толиб бизнинг ҳам бир муддат ўша ерда қолишимизни истади. Биз ҳам улар билан бирга Ҳабашистонда яшадик. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг рухсатлари билан Ҳабашистон ҳукмдори Нажоший бизни Мадинага қайтарди.
Бу қабила Мадинага келаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ҳайбар фатҳида эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу жангда қатнашмаган саҳобаларга улуш ажратмаган бўлсаларда, Ашъарийларга улуш бердилар. Уларга нозик қалбли инсонлар дея илтифот кўрсатдилар.
* * *
Абу Мусо розияллоҳу анҳу Ҳайбар фатҳидан сўнг бўлиб ўтган барча ғазот ва кичик юришларда қатнашдилар. Ҳунайн ғазотида ортга чекинган душман аскарларини таъқиб этиш вазифаси берилган амакиси Абу Амир ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги гуруҳда улар ҳам бор эдилар. Амакилари шаҳид бўлаётган пайтлари гуруҳни Абу Мусо розияллоҳу анҳуга қолдирдилар. Зафар қозонган Абу Мусо розияллоҳу анҳу Мадинага қайтдилар. Икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бордилар. Ҳолатни уларга билдирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳар икки қўмондонни ҳам дуо қилдилар. Абу Мусо розияллоҳу анҳуни:
– Аллоҳим Абдуллоҳ ибн Қайснинг гуноҳларини авф эт ва қиёмат кунида унга гўзал мақом ато эт, – деб дуо қилдилар.
* * *
Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам замонларида Яманнинг Зобид, Адан, Маъриб ва соҳил тарафидаги қишлоқларининг закотини йиғиш вазифаси топширилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ҳам ўша ерда қолган Абу Мусо розияллоҳу анҳу диндан қайтган Асвад ал-Ансий билан курашдилар. Кейинчалик Мадинага қайтдилар.
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Қуръони каримнинг китоб ҳолига келтирилишида буюк хизматлари сингган. Абу Мусо розияллоҳу анҳу Қуръони каримни шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан ўрганиб ёд олган саноқли саҳобалардан бири саналадилар. Овозлари чиройли бўлиб, Қуръонни гўзал қироат қилардилар, эшитганлар рохатланарди. Абу Мусо розияллоҳу анҳу Қуръон қироат қилаётган вақтларида уйининг олдидан ўтаётганлар кета олмай, ўша ерда туриб эшитардилар.
* * *
Бир кеча Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ойша розияллоҳу анҳо онамиз билан бирга бир жойга кетаётган эдилар. Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг уйи яқинига келгач тўхтадилар. Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ичкаридан гўзал овоз ила Қуръон қироат қилаётаганлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва завжаларини мафтун этганди. Қироатни тўхтатгунга қадар кутдилар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳуни тонгда кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам оқшом бўлиб ўтган ҳодисани айтдилар ва:
– Сенга Довуднинг овозига ўхшаган гўзал овоз берилган, дея илтифот кўрсатдилар.
* * *
Абу Мусо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳаётлик пайтларида фатво берганлардан эдилар. Саффон ибн Сулаймон розияллоҳу анҳу бу мавзуда:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам замонларида Умар, Али, Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал Ашъарий розияллоҳу анҳумлардан бошқалар фатво бермас эди, деганлар.
Улар берган фатволар кичик бир жуз ҳажмида бўлиб, ўзлари фатво хақида шундай дейдилар:
– Куннинг хақиқий нури чиқмай туриб, бир хокимнинг ҳукм қилиши тўғри эмас.
* * *
Абу Мусо розияллоҳу анҳу узоқ йиллар давлат бошқаруви ишларини олиб бордилар, бироқ дунё молига ҳеч қачон назар солмадилар. Улар зуҳд ва тақвоси билан шухрат қозонгандилар.
Атрофидагиларга доим икки жаҳон сарвари бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг замонларида яшаган тавозеъли ҳаёти, ихлос ва самимияти, оддий яшашнинг гўзаллиги ҳақида гапирардилар. Нима бўлганда ҳам ҳар ишда ихлос лозим эканини, Аллоҳ таолодан қаттиқ қўрқиши лозимлигини айтардилар. Ҳар он сўнгги нафаси бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлардилар. Сўнгги нафасларини иймон билан олиш уларнинг буюк орзулари эди.
Яқинлари у зотнинг бу ҳолини кўриб:
– Ўзингга ҳам бироз раҳминг келсин, – дер эдилар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу уларга шундай жавоб қайтарардилар:
– Отлар югуриш учун чиққан вақтида охирги манзилга етиб келгунча қандай куч-қувват сарф этса, мен хам сўнгги нафасимни иймон билан чиқаргунимга қадар шундай куч сарфлашга мажбурман.
* * *
Абу Мусо розияллоҳу анҳуда зоҳир бўлган энг гўзал хусусиятлардан бири кучли ҳаё ва одоб эди. Ҳатто ювинган вақтларида ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, қоронғида икки букилиб ювинишини айтардилар.
* * *
Шогирдларига юмшоқ феълли бўлишларини тавсия қилардилар. Аллоҳдан қўрқиб йиғлашга ундардилар:
– Йиғлай олмасангиз йиғлаш учун куч топинг. Зеро, жаҳаннам аҳли кўз ёшлари қуригунга қадар йиғлайдилар. Сўнг ичида кемалар сузиб юра оладиган даражада қонли ёшлар тўкур, – дердилар.
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу даврида Басра ҳокими ва қозиси этиб тайинландилар. Ҳокимлик чоғида Нусайбин, Диновар, Қум каби шаҳарларнинг олинишида буюк хизматлари сингди. Аҳфоз ва Исфаҳонни забт этдилар. Тусторда Эроннинг машҳур қўмондони Хурмузни асир олиб, халифага жўнатдилар.
Кейинчалик Умар розияллоҳу анҳу уларни Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан сўнг Куфа ҳокимии этиб тайинладилар. Усмон розияллоҳу анҳу даврларида ҳам шу вазифада қолдилар. Шу орада Қуръон ва фиқҳ илмларидан талабаларга дарс бердилар. Жамол воқеасида бетараф эдилар. Сиффинда Али розияллоҳу анҳунинг вакили бўлдилар. Ҳакам воқеасида сулҳ учун кўп ҳаракат қилдилар, бироқ ҳеч нарсага эришолмагач, хафа бўлиб узлатга чекиндилар.
* * *
Абу Мусо розияллоҳу анҳу ҳокимлик пайтида ҳижрий тақвимнинг жорий этилишига сабаб бўлдилар. Ислом тақвимини асарларида илк бор у зот қўлладилар. Умар розияллоҳу анҳуга бу мавзуда дашном хати жўнатдилар:
– Бизга санасиз мактублар йўллаяпсиз.
Умар розияллоҳу анҳу дарҳол ҳайъатни тўплаб, ҳижратни Ислом тарихининг бошланиши сифатида қабул қилдилар.
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан уч юз олтмишта ҳадиси шариф ривоят қилингани айтилади. У зотнинг қандай мусулмон бўлгани ҳақида Бухорий ва Муслимда келтирилган ҳадиси шарифларда шундай дейилади:
– Биз Яманга борган пайтимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳақларида хабар эшитдик. Мен ва икки акам Абу Бурдо ва Абу Руҳам ва Ашъарий қабиласидан 52 киши бир кемага ўтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўриш мақсадида йўлга чиқдик. Бироқ кема ҳавонинг ўзгариши туфайли бизни Ҳабашистонда туширди.
Ҳабашистонда Жаъфар ибн Абу Толиб билан учрашиб, мусулмон бўлдик. Жаъфар шундай деди:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бизни бу ерга йўлладилар. Бизга шу ерда бир муддат яшаб туришимизни буюрдилар. Сиз ҳам биз билан шу ерда бир муддат яшаб туринглар!
* * *
Ашъарийлар Мадинага келишларидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобаларга шундай деган эдилар:
– Ёнингизга шундай бир қавм келурки, уларнинг қалблари Ислом учун сизникидан-да нозикроқ.
Улар орасида Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ашъарийлар Мадинага яқинлашган пайтда: “Эртага севганимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва у зотнинг асҳоблари билан кўришамиз” мазмунидаги шеърларни айтиб келар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ашъарийларни Мадинадаги Батҳом деган ерга жойлаштирдилар ва уларга шундай марҳамат қилдилар:
– Сизлар икки марта ҳижрат қилдингиз: бири Нажошийнинг ўлкасига, иккинчиси эса менинг юртимга.
* * *
Ашъарийлар ярим тунга қадар ибодат қилар, вақт топишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига югурар ва у зоти шарифнинг муборак қалбларидан отилиб чиқувчи хуш суҳбатларида бўлар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам уларнинг ёнларига келар, ашъарийлар билан бирга намоз ўқигач, уларга:
– Аллоҳимнинг сизга берган гўзал неъматларидан бири шуки, бу вақтда намозни сизлардан бошқа бирор кимса ўқимаяпти, – деб уларга рағбат берар эдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Моида сураси, 54-оятида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ مَن يَرْتَدَّ مِنكُمْ عَن دِينِهِ فَسَوْفَ يَأْتِي اللّهُ بِقَوْمٍ يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ أَذِلَّةٍ عَلَى
الْمُؤْمِنِينَ أَعِزَّةٍ عَلَى الْكَافِرِينَ يُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللّهِ وَلاَ يَخَافُونَ لَوْمَةَ لآئِمٍ ذَلِكَ فَضْلُ اللّهِ يُؤْتِيهِ مَن يَشَاءُ وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир” дейди. (Моида сураси, 54-оят)
Бу оят ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар:
– Улар мана бунинг, Абу Мусо Ашъарийнинг қавмидир.
Яна шундай марҳамат қилганлар:
– Сафарларда йўлдошлик қилган Ашъарий жамоасининг кечалари уйларида Қуръони каримни тиловат қилганларида уларнинг овозларини жуда яхши танийман. Сафарларда улар жойлашган ерни ўқиган Қуръонларидан биламан.
Аҳли суннат эътиқодидаги икки мазҳаб имомидан бири бўлган Абул Ҳасан Ашъарийлари ҳам ашъарий қавмидан ҳисобланадилар.
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг замонларида Зобид, Адан ва Яманга ҳоким бўлдилар. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу билан бирга иккисини Яманга юборар эканлар, шундай марҳамат қилдилар:
– Енгиллатинг, қийин қилманг! Хушхабар беринг, қўрқитманг! Бирлашинг, фирқаларга бўлинманг!
* * *
Халифа Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарийни ҳузурига чақириб, Басрага ҳоким этиб тайинлаганини билдирдилар. Улар халифага шундай дедилар:
– Эй мўминлар амири! Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг саҳобалари билан ёрдам беринг! Чунки улар таомдаги туз кабидирлар. Ишларимни фақатгина уларнинг ёрдами билан тўғри йўлга сола оламан.
Умар розияллоҳу анҳу уларга:
– Истаган кишингни ёнингга олишинг мумкин, – дея изн бердилар. Шундан сўнг ёнларига Анас ибн Молик, Имрон ибн Ҳусайн, Ҳишом ибн Амир розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан йигирма тўққиз кишини олиб Басра томон йўл олишди.
Ҳокимлик пайтларида Аҳвоз, Исфахон ва Нусайбин фатҳ этилди. Шаҳардан ўн беш чақирим узоқликдаги канал қаздириб шаҳарга сув олиб келдилар. Бу канал у зотнинг номи билан аталди.
Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида аввал Басра, кейин Куфага ҳоким этиб тайинландилар. Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам Куфа ҳокимлигини давом эттирдилар. Муовиянинг халифалик даврида олти юз олтмиш учинчи йили вафот этдилар.
* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Мусо ал-Ашъарийга дедилар:
– Сенга жаннат хазиналаридан бирига йўл кўрсатайми?
– Йўл кўрсатинг, ё Расулуллоҳ!
– Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳни кўп айтиб юр.
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий Қуръони каримнинг барча сурасини ёддан билардилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Қуръонни тўплаган ҳайъат орсида у зот ҳам бор эдилар.
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу аёлига:
– Таёргарлигингни кўр, жаҳаннам устидан ўтиладиган ҳеч қандай восита йўқ, – деб буюрар эди.
Қуръонни гўзал қироат қилиши, муфассир, мужтаҳид бўлиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг илтифотларига сазовор бўлган Абу Мусо ал-Ашъарийнинг ваъз-насиҳатларига кўплаб одамлар қатнашардилар. У шундай дейдилар:
– Қуръони каримга таъзим ила ҳурмат бажо келтиринглар. Зеро, Қуръон сизлар учун ажрдир. Қуръон таълимотига хос яшанглар. Уни ўзингизга мослаб олманглар. Ким Қуръонга амал қилса ва унга муносиб яшаса, Қуръон уни жаннат боғлари томон етаклаб боради.
Кимки Қуръонни ўзига мослаб олса, унга ақлига келганча маъно берса, жаҳаннамнинг тубига боши билан тушади. Инсон дунё учун шошилса, охиратдан узоқлашади. Одамларнинг кўпи мол-дунё топиш ҳирси билан ҳалок бўлдилар. Қиёмат куни қуёш одамларнинг устида бўлади ва яхши амаллар уларга соя бўлади.