Илк мусулмонлардан бўлган Абу Зар розияллоҳу анҳу Баъни Ғифор қабиласига мансуб бўлиб, туғилган йили маълум эмас. Абу Зар розияллоҳу анҳунинг исми ва отасининг исми манбаларда турлича қайд этилган. Баъзи китобларда исмлари Жундуб ибн Жунода ибн Сакан, баъзиларида Сакан ибн Жунода ибн Қавс ибн Бавоз ибн Умар эканлиги зикр қилинади. Оналарининг исми Умму Жундубдир.
Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Зар бўлиб, Ислом тарихида кўпроқ шу ном билан танилганлар. Лақаблари Масиҳ-ул Ислом бўлиб, бу лақабни у зотга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан ўзлари берганлар.
Абу Зар Ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг қабиласи ва оиласи жоҳилият даврида йўл тўсиш, карвонларни тунаб қароқчик қилиши билан ном таратган эди. Абу Зар розияллоҳу анҳу карвонларга ҳужум қилишдаги олғирликлари билан шундай донг таратган эдиларки, номини эшитганлар қўрқувдан титрар эдилар.
Абу Зар розияллоҳу анҳу иймонга келиб, қилаётган номаъқул ишларидан бутунлай воз кечдилар. Ислом ҳали кенг тарқалмаган вақтдаёқ Аллоҳнинг йўлини тутдилар. Мусулмон бўлгач атрофидагиларга:
– Аллоҳдан ўзгага ибодат қилинмайди. Бутларга сиғинманглар ва улардан ҳеч нарса сўраманглар, – дер эдилар. Шу тарзда Ҳақ йўлини топган ва унга амал қилганлардан эдилар.
Ўзлариининг айтишига кўра, мусулмон бўлишларидан уч йил олдин махсус бир тарзда Аллоҳга ибодат қилганлар. Шунинг учун ҳам Абу Зар розияллоҳу анҳу Ислом кириб келишидан аввал Ҳақнинг даъватига жавоб берган ва руҳан иймон келтирган буюк саҳобалардан бири бўлганлар.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳунинг Ислом билан шарафланишлари шундай рўй берган:
Бир куни Бани Ғиффор қабиласига мансуб бўлган бир киши Маккадан ўз қабиласига қайтаркан, Маккада бир зотнинг пайғамбар эканини иддао қилиб, инсонларни янги динга даъват қилаётганини, Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти ҳақида халққа таълимот бераётганини айтди ва бу ишни яхшилаб суриштириш керак эканлигини илова қилди. Қабиладошининг сўзларини диққат билан тинглаган Абу Зар унинг сўзлари тугагач, шундай дедилар:
– Аллоҳга қасамки, бу зот кишиларнинг бир-бирларига яхшилик қилишлари ва ёмонликдан қайтишлари учун халққа насиҳатлар қилмоқдалар.
Шундан сўнг оз вақт ўтиб Абу Зар розияллоҳу анҳу Маккага келдилар.
Бу пайтда Маккадаги вазият кескин бўлганлиги сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг асҳоблари у зоти шарифни қаттиқ қўриқлар, қаерда эканликларини ҳеч кимга билдирмас эдилар. Абу Зар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни кимдан сўрамасин жўяли бир жавоб ололмадилар. Чорасиз ҳолда Каъба ёнига бордилар ва Зам-зам сувидан ичиб, дам олдилар ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни излаш учун турдилар. Бу сафар ҳам ҳеч кимдан садо чиқмади.
Шу орада тасодифан Али розияллоҳу анҳуга дуч келдилар ва ундан ҳам жавоб ололмадилар. Орадан шу тарзда бир неча кун ўтди. Бу орада Абу Зарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни қидириб юргани хабари Пайғамбаримизга етиб келди. Натижада, саҳобалар Абу Зарнинг зарарсиз эканига ишонч ҳосил қилгач, Али розияллоҳу анҳу воситасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига олиб келдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан сўнг иймон келтириб, Ислом динига кирдилар. Шу кундан эътиборан, бутун куч-қударатини, бор муҳаббат-севгисини, жасоратини Ислом динини ёйиш ва ўргатишга сафарбар этдилар.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳу укалари Унайс (ёки Анис)нинг ҳам Ислом динига киришига сабаб бўлдилар. Қабиласини ҳам Ислом динига даъват қила бошладилар. У зот воситасида бир қанча қабиладошлари мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Мадинага қилган ҳижратларидан сўнг бўлиб ўтган Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ва бошқа ғазотларга қатнашдилар. Табук сафарига Ислом қўшини ҳозирлик кўраётган пайт Абу Зар розияллоҳу анҳу бироз кечикадилар, туясининг ҳолдан тойганига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ортларидан юриб, сафарда иштирок этадилар. Макка фатҳи пайтида ўз қабиласининг туғини кўтариб борадилар.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳу табиатан фақир, зоҳид ва тартибни севувчи зот эдилар. Дунё уларнинг наздида ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган бир матоҳ эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларга “Масиҳ-ул Ислом” деган лақаб бергандилар.
Абу Зар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг дунё билан алоқасини уздилар ва узлатга чекиндилар. Мадинадаги боғ-роғлар у зот учун харобадан бошқа нарса эмасди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотлари эса унинг бутунлай дунёдан этак силкишига сабаб бўлди. Юракларидаги ҳасратларига дош беролмай Мадинадан узоқлашиб, Шомга кетдилар.
* * *
Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларига келиб мусулмонлар кўплаб ўлкаларни фатҳ этиб, Ислом давлати қувватланиб, бойишни бошлади. Бунинг натижасида кўплаб амирлар содда яшаш тарзларини унутиб, ҳашаматли ҳаётда яшашни бошладилар. Саройлар, кўшклар, меҳмонхоналар барпо этилди. Ишларни ҳам хизматкорлар қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам, Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумоларнинг давридаги камтарона ҳаёт унутила бошланди.
Ушбу содда ва камтарона ҳаётни унутмаганлардан бири Абу Зар розияллоҳу анҳу эдилар. У зот ҳамон фақирона ҳаёт кечиришини давом эттираётган, мол ва бойлик тўплаш ҳирсидан буткул йироқда эдилар.
Дабдабали тарзда ҳаёт кечираётганларга керакли насиҳатларни берар, бу ҳаёт уларга ёмонликдан бошқа нарса келтирмаслигини, бир куни буларнинг ҳисоби сўралишини таъкидлар ва ҳар доим далил сифатида Қуръони каримдаги, Аллоҳ йўлида сарф қилинмаган олтин, кумушлар қиёматда фақат зарар келтириши ҳақидаги оятларни мисол қилиб келтирардилар.
* * *
Муовия ва амирларнинг яшаш тарзларини доимий танқид қилганлиги сабабли, “Шомда фитна чиқарди” деган даъво билан у зотнинг устидан Усмон розияллоҳу анҳуга шикоят қилинди. Шундан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Абу Зар розияллоҳу анҳуни Мадинага чақириб олдилар. Улар келганларидан сўнг Усмон розияллоҳу анҳуга:
– Менинг дунё молига ва бу дунё матоҳига ҳеч қандай эҳтиёжим йўқ, – деган хабар жўнатдилар.
Абу Зар розияллоҳу анҳунинг Мадинага қайтишлари мусулмонларни хурсанд қилиб юборди. Аммо Абу Зар розияллоҳу анҳулари Мадинада кўп қолмай, Макка атрофидаги Рабоза деган жойга кетиб, ўша ерда яшай бошладилар. У зотнинг бу ҳаракати Усмон розияллоҳу анҳуга ҳам маъқул келди. Усмон розияллоҳу анҳу у зотга бир нечта қўй ва битта туя бериб, шулар билан рўзғор тебратишини айтдилар.
* * *
Мадинада осийлар гуруҳи Усмон розияллоҳу анҳуга қарши фитналар чиқарар экан, Абу Зар розияллоҳу анҳудан фойдаланмоқчи бўлдилар. Бироқ у зот осийларга бундай фурсатни бермай, ўзини олиб қочдилар.
Абу Зар розияллоҳу анҳу Рабозада оғир кунларни бошдан кечирдилар. Яшаш жойларии хароб, ҳатто эгниларида кийишга уст-боши ҳам қолмаган эди. Охири қаттиқ хасталаниб қолдилар, у зотнинг вафот этишини англаган аёли қандай қилиб кафан топиш ва дафн этишини ўйларди. Баъзан бу ҳақда Абу Зар розияллоҳу анҳунинг ўзларидан сўрардилар.
У зот эса аёлига ғам чекмасликни, Маккадан бир қабила келмагунча ўлмасликларини, ўша қабиладан бир йигит кафан олиб келишини айтар экан, аёлидан сўрардилар:
– Қара-чи, уфқда тўзон кўтарилмаяптими?
Ниҳоят, ҳижрий ўттиз биринчи йилда, бир куни уфқда карвон кўринди. Карвон қўноқ учун тўхтаган эди ҳамки, Абу Зар розияллоҳу анҳу вафот этдилар. Ансордан бир ёш йигит келиб у зотни кафанлади ва жаноза намозини ўқиб, Рабозага дафн этди. Абу Зар розияллоҳу анҳудан харобагина бир уй, учта қўй ва бир неча эчкидан бошқа ҳеч нарса қолмади.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳуга саҳобалар томонидан “Илм дарёси” деган сифат берилганди. Чунки у зот илмга чанқоқ эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга илм ўрганиш учун тез-тез саволлар билан мурожаат қилиб турардилар.
Иймон, эҳсон, амр, таъқиқланган нарсалар, яхшилик ва ёмонлик, неки бўлса, барини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўраб ўрганган эдилар. Ҳар бир ҳаракати ва ишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга итоаткор эканликларини кўрсатар, бағоятда қаноатли бўлиб, фақирона, содда ҳаёт кечирардилар. Обид ва зоҳидлардан эди.
Ҳақни айтишдан тортинмас ва қўрқмас, Абу Мусо ал-Ашъарийнинг яшаш тарзи оддий бўлгани сабаб уларни жуда яхши кўрардилар.
– Сен менинг инимсан, – дердилар.
* * *
Уммат ўртасида юзага келган фитна-фасодлардан узоқда юрар ва ҳеч қачон аралашмасдилар. Абу Зар розияллоҳу анҳу жуда оз фатво берганлар, чунки у зот бу борада эҳтиёткорлик билан иш кўрардилар. Бироқ ҳақ борасида ким бўлса ҳам қарши сўз айтишдан, хатосини тўғирлашдан чекинмасдилар. Абу Зар розияллоҳу анҳунинг ўғиллари у зотнинг ҳаётлик чоғидаёқ вафот этган, ўғлидан биргина қиз қолган эди.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳу Ислом динига киргач, эртасига Каъбанинг ёнида шаҳодат калимасини баланд овозда айтиб бақира бошладилар. Шунда мушриклар у зотни ҳолдан тойгунча саваладилар. Аббос розияллоҳу анҳу уни қутқариб қолдилар. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга буюрдилар:
– Ҳозир қавминг ёнига қайт, уларга Ислом ҳақида маълумот бер. Сенга мендан хабар боргандан сўнг ёнимизга қайтасан.
У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан амр олиб, қабиласи орасига қайтдилар ва уларга Исломни ўргата бошладилар. Ҳижратга қадар шу хизматда давом этдилар.
* * *
Бир куни қабиласига Аллоҳнинг якка-ю ягоналигини, Муҳаммад алайҳассалом Унинг Расули эканини ва улар топинадиган бутлар ботил ва маъносиз эканини айтдилар. Бу гапни эшитиб ўтирган олмоннинг бир қисми:
– Бўлиши мумкин эмас, – деб бақира бошлади.
Шунда қабила раиси Ҳаффоф уларни тинчлантириб шундай деди:
– Жим бўлинг, эшитайлик-чи, яна нималар дер экан.
Шундан сўнг Абу Зар розияллоҳу анҳу сўзида давом этдилар:
– Мен мусулмон бўлишимдан аввал, бир куни Нуҳам бутининг ёнига бордим ва унинг олдига сут қўйдим. Бир пайт қарасам, бир кучук келиб сутни ича бошлади. Сутни ичиб бўлгач, бутнинг устига ҳожатини чиқариб кетди. Кўрдингизми, бут ўзининг устидаги ҳожатни ҳам тозалай олиш кучига эга бўлмаган оддий тош. Мана сиз илоҳ деб сиғинган нарса. Ҳаттоки ит ҳам ҳақорат қилаётган нарсага сизнинг топинишингиз ҳайратланарли ҳол.
Унинг гапини эшитганлар бошини эгганча ўйга ботган эди. Ораларидан бири деди:
– Хўш, сен пайғамбар деб ишонган одамнинг сўзлари ҳақиқат эканини қаердан билдинг?
Унинг саволига жавобан Абу Зар розияллоҳу анҳу баланд овозда шундай хитоб қилдилар:
– У Аллоҳнинг Бир эканини, Ундан бошқа илоҳ йўқлигини, жамики мавжудотни яратган, ҳар нарсанинг эгаси У эканини билдирмоқда. Инсонларни Аллоҳга иймон келтиришга чақирмоқда. Яхшиликка, гўзал ахлоққа, инсонларга ёрдам қилишга даъват қилмоқда. Қиз фарзандларни тириклай кўмишнинг, қилаётган ҳар турли ёмон ишларнинг, ноҳақликнинг, зулмнинг ёмон оқибатини билдириб, бу ишлардан қайтармоқда.
Абу Зар розияллоҳу анҳу қабиладошларига Ислом ҳақида узоқ гапирдилар. Қабиласидагилар қилаётган ёмон ишларни бирма-бир санаб, бу ишларнинг оқибатларини изоҳлаб бердилар. Уни тинглаганлар орасида биринчи бўлиб қабила раиси Ҳаффоф ва укаси Унайс, кейин эса барчаси иймон келтириб мусулмон бўлишди.
Қолганлари эса кейинчалик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларини кўриб, мусулмон бўлдилар. Абу Зар розияллоҳу анҳу бу хизматларни бажараётган пайт Ислом Маккадан ташқари ҳудудларга ҳам ёйилаётганди. Мушриклар зулми кундан-кунга ортиб борар, Ислом йўлида қонлар тўкилиб, илк шаҳидлар берилган эди.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳу ҳам Мадинага ҳижрат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобалар ўртасида қардошлик алоқаларини ўрнатар эканлар, Абу Зар розияллоҳу анҳу билан Мунзир ибн Амр розияллоҳу анҳу ўрталарида биродарлик ришталари боғланди.
Кейинчалик Исломни ўргатиш учун у зот яна қабиласи орасига юборилди.
Абу Зар розияллоҳу анҳу Ҳандақ ғазотидан сўнг Мадинага келиб, жойлашдилар.
Шундан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан айрилмадилар. Бор вақтларини дин ўрганишга сарф этаркан, у зотда илм ўрганиш учун буюк бир ғайрат жўш урарди. Ҳамма нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан сўраб ўрганар эдилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Зар розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрар, унга илтифот кўрсатардилар. Кўпинча кечгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларида қолиб кетар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сирдоши эдилар. Улар билан сирлашардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга байъат қилаётган вақтларида, ҳақ йўлида ҳеч қандай нарсага алданмай фақат тўғрисини сўзлашга онт ичгандилар. Умрларининг охиригача сўзида турдилар ва унга амал қилдилар. Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар:
– Дунёга Абу Зардан содиқроқ бошқа кимса келмади.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга беқиёс муҳаббати ва боғлиқлиги бор эди. Бир куни шундай деган эдилар:
– Ё Расулуллоҳ, менинг қалбим ёлғиз Аллоҳ таолонинг ва сизнинг муҳаббатингиз билан тўладир. Муҳаббатим даражаси шундайки, инсон қалби фақатгина шу қадар муҳаббат билан тўлиши мумкин.
* * *
Бир куни Абу Зар розияллоҳу анҳу Каъба ёнида туриб шундай дедилар:
– Эй аҳоли, сизлардан бир одам узоқ йўлга чиқмоқчи бўлса, озиқ олмасдан, йўл тадоригини кўрмасдан асло чиқмайди. Ёнига ейиш-ичиш ва йўлда ишлатиш учун керакли нарсаларни олади. Дунё ҳаётида оддий йўл учун шунча тайёргарлик кўрган инсон, охиратга бориш учун нега тайёргарлик кўрмайди?
Ўша ерга йиғилган аҳоли сўради:
– Бизнинг охиратга олиб борадиган озуқамиз нима?
– Дунёни икки қисмга бўлинг: бирини дунёда яшаш учун, иккинчисини охиратга ҳозирлик учун сарф этинг. Учинчиси сизга зарар келтиради, фойда бермайди.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлариига қадар Шомда қолдилар. Бир куни Шом ҳокими у зотни синаш учун хизматчисидан ўн минг дирҳам олтин бериб юборди. Абу Зар розияллоҳу анҳу олтинларни олгач, уйқуси қочди ва дарҳол туриб олтинларни фақирларга тарқатиб юборди. Ёнида бир дона ҳам олтин қолдирмади. Эртасига ҳокимнинг хизматчиси келиб деди:
– Узр афандим, кеча сизга келтирган олтинларим бошқа одамга тегишли экан, адашиб сизга олиб келибман, мумкин бўлса олтинларни қайтариб берсангиз, бўлмаса ҳокимнинг олдида жавоб беришим керак.
Абу Зар розияллоҳу анҳу бунга жавобан дедилар:
– Ўғлим, уларни фақирларга тарқатиб юбордим. Сен ҳокимдан икки-уч кун муҳлат сўра, мен пул тўплай, сўнг қайтариб бераман.
Ҳокимнинг одами бўлган гапни унга етказди. Ҳоким Абу Зар розияллоҳу анҳунинг сўзлари ростлигини билди.
* * *
Абу Зар розияллоҳу анҳу вафот этганларида карвонда келган йигит Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эдилар. У зот берган кафан билан кафанланди ва жаноза намозини ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўқидилар ва сўнгра Мадинага қайтдилар. Абу Зар розияллоҳу анҳунинг оиласини Усмон розияллоҳу анҳу ўз ҳимоясига олдилар.
Абу Лубоба
Ислом нурини сўндириш истагида бўлган Макка мушрикларига қарши ҳозирланганлар қўшинида туялар сони кам эди. Шу сабаб бир туяга уч саҳоба навбатма-навбат минардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам Абу Лубоба ва Али розияллоҳу анҳумолар билан бирга бир туяга навбатма-навбат ўтирар эдилар. Туяга биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўтирган эдилар. Абу Лубоба билан Али розияллоҳу анҳумолар эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг туядан тушмасликларини, ўз навбатларини ҳам уларга бериш ва пиёда кетиш орзусида эдилар. Ўзлари туя устида ўтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг пиёда юришларига чидай олмасдилар. Пиёда юриш навбати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга келгач, уларнинг иккиси ҳам шу таклифни билдирди:
– Ё Расулуллоҳ! Сиз тушманг, биз пиёда кетаверамиз.
Уларнинг чин қалбдан айтган, самимий таклифларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай жавоб бердилар:
– Сизлар пиёда юришда мендан кўра кучли эмассизлар. Менинг ҳам сизлар каби савобга эҳтиёжим бор.
* * *
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу жангни орзу қилар, мушриклар билан бир он бўлса-да, аввалроқ учрашишга интилардилар. Душманга қарши келмасларидан илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотни Мадинага – ўрниларига вакил қилиб жўнатдилар. Уларнинг вазифаси Мадинада қолган болалар ва аёлларни ҳимоя қилиш эди.
Жангдан қайтишгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотга ўлжадан улуш ажратдилар.
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан Баъни Қурайза яҳудийлари ўртасида бир келишув бўлган эди. Унга кўра, Макка мушриклари билан бўлган Ҳандақ муҳорабасида мусулмонлар билан бирга Мадинани муҳофаза этишлари керак эди. Бироқ улар бундай қилмасдан, жанг авжига чиққан паллада, мушриклар томонга ўтиб, уларга шерик бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам томонларидан вазиятни ўрганилиб, сулҳ тузиш учун юборилган ҳайъат аъзоларини ҳақорат қилдилар. Бу билан ҳам кифояланмай, Мадина устига босқинлар уюштиришди. Мусулмонларни ўлдириш режаларини туздилар.
Ҳандақ муҳорабасида ўн минг кишилик мушрик қўшинининг буюк талофатга учраб, ортга чекиниши, Қурайза яҳудийларининг умидини пучга чиқарди. Қўрққанлари сабаб, Мадинага икки соатлик масофада жойлашган қалъаларига чекиндилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг улар устига қўшин тортишларидан қаттиқ қўрқар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ҳандақдан қайтиб, уйларига келдилар. Устиларидаги қуролларни олдилар. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом келди. Эгнига зирҳдан уст-бош кийгандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга юзланиб дедилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Қуролларингизни ечдингизми? Биз қуролларимизни ҳали ечмадик. Душман сиз томонга келгандан бери фаришталар қуролларини ечмадилар. Туринг, қуролланинг ва уларнинг устига бостириб боринг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўрадилар:
– Кимнинг устига юриш қилай?
Жаброил алайҳиссалом:
– Мана бу тарафга, – деб қўли билан Бани Қурайза қабиласига ишора қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар:
– Саҳобаларим қаттиқ толиққанлар. Бир неча кун дам олсалар нима бўлади?
Жаброил алайҳиссалом деди:
– Ё Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло ҳозироқ Баъни Қурайза қабиласи устига юриш қилишингизни буюрди. Мен ҳозир ёнимдаги фаришталар билан бирга Баъни Қурайза яҳудийларининг қалъаларига кетяпман. Аллоҳ уларни ҳалок қилур.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Жаброил алайҳиссаломдан Аллоҳнинг амрини олгач, дарҳол Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳуга шундай деб жар солишини буюрдилар:
– Эшитиб итоат этган киши, пешин намозини Баъни Қурайза юртидан бошқа жойда ўқимасин.
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва саҳобалар қуролландилар. Жаброил алайҳиссаломнинг изларидан юрдилар. Баъни Қурайза яҳудийлари яшайдиган ҳудудга келиб, қалъа ёнига бордилар. Баъни Қурайза яҳудийлари қамалга олинди. Ташқаридаги вазият шиддатли тус олганини кўрган яҳудийлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан кўришиб, маслаҳатлашиб олиш учун олдиларига Абу Лубобани юборишларини сўрадилар. Абу Лубоба розияллоҳу анҳунинг оиласи, фарзандлари ва мол-мулки Баъни Қурайза юртида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Лубоба розияллоҳу анҳуни чақириб шундай дедилар:
– Яҳудийларнинг ёнига бор. Улар авсликлар орасидан сени истадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Лубоба розияллоҳу анҳуга уларнинг олдида ўзини қандай тутишини айтдилар.
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу уларнинг ёнига боргач, кутиб олдилар. Аёллар ва болалар фарёд қилар, ўзларига ачинтириш мақсадида ёрдам беришини кутар эдилар.
Яҳудийлар Абу Лубоба розияллоҳу анҳуга шундай дедилар:
– Эй Абу Лубоба! Жанг бизни маҳв этди. Муҳаммад бизни қўйиб юборгани билан бу ердан чиқиб Шомга ёки Ҳайбарга борган тақдиримизда, улар билан жанг қилишга кучимиз етмайди. Эй Абу Лубоба! Таслим бўлсак бизни нима қилишади? Бизга таслим бўлишимизни тавсия этасанми?
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу уларга шундай жавоб берди:
– Ҳа, таслим бўлишингизни тавсия этаман (шундай дер экан қўлини бўғзига олиб бориб, таслим бўлсалар бошларини олишларига ишора қилдилар).
* * *
Бу ҳақда Абу Лубоба розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай дейдилар:
– Валлоҳи, уларнинг ёнларидан кетмай туриб, бу ҳаракатим билан Аллоҳ ва Унинг Расулига нисбатан яхши иш қилмаганимни тушундим.
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу ўзлари билмаган ҳолда яшириш керак бўлган сирни уларга айтиб қўйган эдилар. Қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлдилар. Кўзларидан оққан ёшлар соқолларини ҳўл қилди. Қалъа орқасидан чиқадиган бир йўлни топиб, шу бўйи Масжиди Набавияга борди. Ўзини устунга боғлатди.
– Аллоҳ таоло қалбимни билур. Менга ҳақиқий тавба эҳсон этмагунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг юзларига қарашга бетим чидамайди. Аллоҳ таоло қилган гуноҳимни афв этмагунча мана шу жойдан жилмайман, деб қасам ичдилар. Абу Лубоба розияллоҳу анҳунинг қилган хатолари туфайли Анфол сурасининг 27-ояти нозил бўлди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَخُونُواْ اللّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُواْ أَمَانَاتِكُمْ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол сураси, 27-оят)
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муҳтарам аёллари Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизнинг Масжиди Набавияга очилган эшиклари ёнидаги устунга ўзларини боғлатган эдилар. Ҳаво жуда иссиқ, бир ҳафтадан бери туз тотмаган Абу Лубоба розияллоҳу анҳунинг очликдан силласи қуриб, қулоқлари эшитмас ҳолга келганди.
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу қилган ишидан пушаймон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг масжидларига келган пайтлари, мусулмонлар у зотнинг бу ҳолидан хабарсиз, яҳудийларнинг қалъасидан қайтишини кутар эдилар. Орадан бир қанча вақт ўтишига қарамай, улар қайтмадилар. Ниҳоят вазият ўрганилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга хабар қилинди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар:
– Агар тўғриликча ёнимга келсайди, Аллоҳдан унинг гуноҳини кечиришини сўрардим. Модомики, у ўзини боғлатган экан, энди Аллоҳ унинг гуноҳини авф қилгунига қадар ўша ерда қолади.
* * *
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу устунга боғланган ҳолда олти кеча қолдилар. Ҳар намоз вақтида аёли боғни ечар ва намоз ўқиб бўлгач, яна устунга боғларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизнинг хоналарида эдилар. Шу пайт Абу Лубоба розияллоҳу анҳунинг тавбасини қабул бўлганига доир оят нозил бўлди.
Оятда шундай дейилган эди:
وَآخَرُونَ اعْتَرَفُواْ بِذُنُوبِهِمْ خَلَطُواْ عَمَلاً صَالِحاً وَآخَرَ سَيِّئاً عَسَى اللّهُ أَن يَتُوبَ عَلَيْهِمْ
إِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {102} خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ
إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ {103} أَلَمْ يَعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ هُوَ يَقْبَلُ التَّوْبَةَ عَنْ
عِبَادِهِ وَيَأْخُذُ الصَّدَقَاتِ وَأَنَّ اللّهَ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ {104} وَقُلِ اعْمَلُواْ فَسَيَرَى اللّهُ عَمَلَكُم
وَرَسُولُهُ وَالْمُؤْمِنُونَ وَسَتُرَدُّونَ إِلَى عَالِمِ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ {105}
“Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларини тан олурлар. Яхши ишни бошқаси – ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини шояд қабул қилса. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир. Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир. Улар Аллоҳнинг бандалари томонидан (қилинадиган) тавбани қабул этишини, садақаларни олишини ҳамда Аллоҳ Таввоб (тавбаларини қабул этувчи) ва Раҳим (раҳмли) эканини билишмаганмиди?! Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”. (Тавба сураси, 102–105-оятлар)
Умму Салама розияллоҳу анҳу волидамиз саҳар вақти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг жилмайганларини кўриб сўрадилар:
– Нима учун куляпсиз, ё Расулуллоҳ?
– Абу Лубобанинг тавбаси қабул бўлди.
– Хабар қилайми, ё Расулуллоҳ?
– Албатта, хабар беришинг мумкин.
Хушхабарни эшитган барча Абу Лубоба розияллоҳу анҳуни устундан ечиб олиш учун у зотнинг олдига югурди. Абу Лубоба розияллоҳу анҳу эса буни хоҳламадилар ва шундай дедилар:
– Расулуллоҳнинг ўзлари келиб, мени қўллари билан ечмагунларича бу ердан кетмайман.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам намозга келган вақтлари уларни устундан ечдилар. Абу Лубоба розияллоҳу анҳу ўзини устунга мустаҳкам ва ингичка боғ билан боғлатган эдилар. Шу сабаб боғ уларнинг қўлларини кесиб юборганди. Бу излар унинг қўлларида умрларининг охиригача қолди.
* * *
Абу Лубоба розияллоҳу анҳулари бу ҳодиса ҳақида шундай дейдилар:
– Баъни Қурайза яҳудийларини қамалга олгандик. Шунда бир туш кўрдим. Тушимда Қурайза яҳудийлари жуда бадбўй қора балчиққа айланиб қолган эмишлар. У ердан узоқлашишга имконим йўқ эди. Оз қолса уларнинг бадбўй ҳидларидан ўлар эдим. Сўнг оқаётган бир дарёни кўриб унда чўмилдим. Топ-тоза бўлиб, хушбўйлар сурдим.
Тушимни бориб Абу Бакрга айтдим. У тушимни шундай таъбир қилди:
– Тилингдан тутуладиган, жуда ғамли бир ишга бошинг киради. Бироқ ундан қутуласан.
Устунга боғланган ҳолимда Абу Бакрнинг сўзлари хаёлимга келди. Тавбамнинг қабул бўлиши ҳақида оят нозил қилинишидан умидим бор эди.
* * *
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу гуноҳ содир этган юрти Баъни Қурайза элига қайтишни истардилар. Ҳолбуки, Аллоҳ ва Расулига қарши гуноҳ қилган бу мамлакатга бошқа қайтмасликка қасам ичгандилар. Ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга арз қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
– Молингнинг учдан бир қисми сенинг каффоратинг учун кифоя қилади.
Абу Лубоба розияллоҳу анҳу молининг учдан бир қисмини ажратиб, бериш керакли бўлган кимсаларга тарқатдилар. Шундан сўнг вафотларига қадар улардан хайр ва яхшиликдан ўзга нарса кўрилмади.