Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг амакилари Абу Толибнинг ўғли, қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг эри ва тўртинчи халифадир.
Оталари Абу Толиб, оналари Қурайш қабиласидан Фотима бинти Асъад, бувалари Абдумуталлибдир. Кунялари Абул Ҳасан ва Абу Туроб (тупроқнинг отаси), лақаблари Ҳайдар, унвони Амир ал-мўмининдир. Баъзан Аллоҳнинг Арслони унвони билан ҳам тилга олинади.
Али розияллоҳу анҳу болалик чоғларидан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида улғайдилар. Ўн ёшларида мусулмон бўлганлари маълум. Хадича розияллоҳу анҳо онамиздан сўнг Исломни илк қабул қилган инсон Али розияллоҳу анҳудир, дейилади.
У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан Хадича розияллоҳу анҳони бир кун ибодат қилаётган ҳолда кўриб қоладилар. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам унга ширкнинг ёмонлиги ва тавҳиднинг маъносини тушунтирганларида Али розияллоҳу анҳу дарҳол мусулмон бўладилар.
* * *
Маккадалик пайтлари ҳар доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида эдилар. Каъбадаги бутларни синдирганлари ҳақида шундай дейдилар:
– Бир куни Расули Акрам билан бирга Каъбага бордик. Расули Акрам елкамга чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам елкамга чиққач ўрнимдан тура олмаслигимни билиб, елкамдан тушдилар. Сўнг мени елкаларига чиқардилар ва ўрниларидан турдилар. Ўзимни гўёки уфққа етар даражада ҳис этдим. Каъбанинг устида бир бут турарди, уни чапга, ўнгга силжитиб, сўнгра пастга итариб юбордим. Бут йиқилиб парчаланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг елкаларидан тушдим. Иккаламиз ортга қайтдик.
* * *
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам энг яқин қариндошларини тўплаб Ҳаққа даъват қилиш хусусида Аллоҳ таолодан илоҳий амр олдилар ва уларни Сафо тепалигига йиғиб, илоҳий амрни етказдилар. Буни кўрган Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни масхара қилиб кулдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам иккинчи марта зиёфат қилиб, қариндошларини чақиришни режалаштирди ва бу ишни Али розияллоҳу анҳу зиммасига юкладилар. Али розияллоҳу анҳу барини ҳозирлаб, зиёфатга Бани Ҳошимийларни таклиф этдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам таомдан сўнг:
– Эй Абдумуталлиб ўғиллари! Мен сизларга ва бутун инсониятга юборилдим. Орангиздан қай бирингиз менга қардош ва дўст бўлиб байъат қиласиз? – деб сўрадилар.
Фақатгина Али розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб Расулуллоҳ айтган сўзларини қайтариб, у зотга байъат қилдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Укам ва вазирим сенсан, – деб Али розияллоҳу анҳуга марҳамат қилдилар.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳижрат қилишларидан олдин қўлидаги омонатларни эгаларига қайтаришга Али розияллоҳу анҳуни вакил қилиб қолдирган эдилар. Ҳижрат кечаси Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ётоқларида қолиб, мушрикларни доғда қолдирдилар. Шу кеча Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни ўлдириш мақсадида келган мушрикларни чалғитиш мақсадида ўз ҳаётини хавф остида қолдириб, мушриклардан узоқлашишларига сабаб бўлдилар.
* * *
Али Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг омонатларини эгаларига қайтариб бергач, Мадинага ҳижрат қилдилар. Мадинада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёнларидан айрилмадилар, барча жиҳодларда қатнашдилар, Уҳудда ғозий бўлдилар. Бадрда мусулмонлар байроғини кўтардилар ва айни пайтда душман қўшинининг заиф нуқталарини ўрганиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга хабар қилдилар. Бу билан Бадрда мусулмонлар ғалабасига катта ҳисса қўшдилар.
* * *
Бадр жанги бошланишида икки тарафдан учтадан жангчи куч синашди. Мусулмонлар томонидан чиқиб жанг қилган ўша уч кишидан бири Али розияллоҳу анҳу эдилар. Бу жангда рақиби бўлмиш Ҳоким ибн Муғийрани ўлдириб, қийин аҳволда қолган Абу Убайда розияллоҳу анҳуни душман чангалидан қутқариб қолган эдилар. Шундан сўнг у зотга “Аллоҳнинг арслони” лақаби берилди ва Бадрдан тўпланган ўлжадан бир қилич, бир қалқон ва битти туя улуш сифатида берилди.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Бадр жангидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг суюкли қизлари Фотима розияллоҳу анҳо онамизга уйландилар. Никоҳларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзлари ўқидилар. Шу пайтга қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг уйларида яшаб келган Али розияллоҳу анҳу никоҳдан сўнг рафиқалари билан бирга бошқа уйга кўчиб ўтдилар. Али ва Фотима розияллоҳу анҳумолар уч ўғил ва икки қиз кўрдилар.
* * *
Ҳижратнинг учинчи йили бўлиб ўтган Уҳуд жангида бир қанча мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг буйруқларига амал қилмай жойларидан қўзғалганликлари сабабли, жангда мушриклар қўли баланд баланд кела бошлади. Бунинг устига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг яраланганини кўргач, мушриклар “Муҳаммад ўлди” деб гап тарқатиб, мусулмонларни саросимага солдилар.
Ҳолбуки, бу пайтда Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида мислсиз фидоийликлар кўрсатиб, мўминларга далда бўлиб турарди. Иккала томон ҳам ғалаба қила олмаган ушбу жангда буюк қаҳрамонликлар кўрсатган Али розияллоҳу анҳу бир қанча жойидан яраланди.
Уҳуд жангидан сўнг Али розиялоҳу анҳу “Бани Надир” яҳудийларининг хоинликлари сабаб, ушбу қабила билан бўлиб ўтган жангни шахсан ўзи идора қилдилар. Аслида ҳам барча жангларда Али розияллоҳу анҳу қаҳрамонларча жанг қилиб, мушрикларнинг энг машҳур жангчиларини ўлдирдилар. Ҳудайбия келишувидаги сулҳ шартларининг ёзилишида Али розияллоҳу анҳу ҳам иштирок этдилар. Улар келишув аҳдномасининг бошига шундай ёзган эдилар: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм! Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир”. Бироқ мушриклар бунга эътироз билдирдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам “Расулуллоҳ” калимаси ўрнига “Муҳаммад ибн Абдуллоҳ” калимасини ёзишни Али розияллоҳу анҳуга буюрдилар.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Макка фатҳида мусулмонлар байроғини кўтардилар. Макка қон тўкилмасдан қўлга киритилди. У зот Пайғамбаримиз билан бирга Каъбадаги барча бутларни синдириб, вайрон қилдилар.
Макка фатҳидан сўнг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ҳолид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳуни Бани Ҳузайма қабиласига юбордилар. Бу қабила жоҳилликлари туфайли Исломни қабул қилмади. Шунда Холид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳу бундан ғазабланиб, уларнинг устига қўшин тортди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам воқеани эшитгач, қаттиқ хафа бўлдилар. Вазиятни юмшатиш мақсадида у ерга Али розияллоҳу анҳуни юбордилар. Али розияллоҳу анҳу Бани Ҳузаймага бориб, ўлдирилганлар ва зарар кўрганлар учун товон тўладилар.
* * *
Ҳунайн ғазотида мусулмонлар ораси бузилиб, улар ҳар ерга тарқала бошладилар. Бу вазиятда минглаб мусулмонлардан бир қанчасигина сабр қилиб, жойларидан жилмадилар. Али розияллоҳу анҳу ушбу ғазотда сабр билан ҳаракат қилиб, ўз атрофига Ислом лашкарини йиғиб бирлаштиришга муваффақ бўлдилар.
* * *
Яман ўлкасини Исломга мойил қилиш жуда қийин кечди. Ушбу вазифа яна Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширилди. Али розияллоҳу анҳу бу ишнинг мушкул эканини айтиб, дуо қилишларини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Ё Роббим! Сен Ўзинг Али дилининг таржимонисан, унинг қалбини ҳидоят нурларининг манбаига айлантир, – деб дуо қилдилар.
Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу байроқ кўтариб Яманга кетдилар. Кўп ўтмай Яманнинг бутун Ҳамадон қабиласи мусулмон бўлишди.
* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотлари арафасида ҳужраларидагилардан бири Али розияллоҳу анҳу эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланаётган пайтда Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кафанлаш билан машғул эдилар.
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида давлатнинг барча ҳуқуқий ишлари билан машғул бўлиб, Ислом давлатининг бош қозиси лавозимида фаолият юритдилар. Умарнинг вафотидан сўнг давлат бошқарувига номзод танлаш учун олти кишилик ҳайъатдан жой олдилар ва охирида қолган икки номзоддан бири ҳам улар эдилар.
Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида уларга маслаҳатчи бўлиб, қўлларидан келганича ёрдам кўрсатдилар.
* * *
Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлгач, саҳобаларнинг асосийлари Али розияллоҳу анҳуга байъат қилишди. Бироқ ушбу давр Аллоҳнинг тақдири билан Исломнинг энг аянчли даврларидан бири бўлди. Али халифа бўлгач, бир қанча қарама-қаршиликлар юзага келди. Бу қарама-қаршиликлар Жамол ва Сиффин каби ички урушларни келтириб чиқарди. Али розияллоҳу анҳу Ислом давлатининг барпо бўлиш пайтида юзага келган ушбу ихтилофларни бартараф қилиш мақсадида буюк фидокорликлар кўрсатдилар.
* * *
Али розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бирга бўлгани сабаб, тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларининг билимдонларидан эдилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам таърифлари билан айтганда, “Илм шаҳрининг дарвозаси” бўлиб, умматнинг буюк олимларидан бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга издош сифатида инсонларни ҳаққа етаклаш учун, халифалик даврлари ички зиддиятларга тўла бўлса-да, Исломни ўрганиш ва ўргатиш мақсадида бор кучларини сафарбар этдилар.
* * *
Мадинада бошқарувни қўлга олгач, халқнинг таълим олиши учун бир мактаб барпо эттирдилар. Араб тили грамматикасини ўргатиш вазифасини Абу Асвад Ад-Дуолияга, Қуръони каримни ўқитиш ва ўргатиш вазифасини Абдураҳмон Ас-Саламияга, табиий фанларни ўргатишни эса Қумайл ибн Зиёдга топширдилар. Араб адабиётини ўргатиш учун Убода ибн Ас-Самит ва Умар ибн Саламаларни жалб этдилар.
* * *
Давлат идораси ишларини ҳам турига қараб бир-биридан ажратдилар: молия, армия, ҳунармандлар ва қозилик каби йўналишларда ишлар олиб борилди.
Умматнинг молини умматга тарқатар экан, ўта ҳалоллик билан ҳаракат қилардилар. Ўзлари учун бирор улуш ажратаркан, жуда эхтиёткорлик билан иш тутар, бошқаларнинг ҳаққига тажовуз қилмасликда буюк ўрнак бўла оладиган хислатга эга эдилар.
* * *
Али розияллоҳу анҳунинг Куфага борганларини кўрганлар қишнинг совуғида эгнидаги юпқа уст бошдан дағ-дағ титраб масжидга келгани ҳақида айтганлар. Улар давлат бошқарувидагилар ва ҳокимларнинг халққа нисбатан қандай муносабатда бўлишлари ҳақида қуйидагича йўриқнома жорий қилган эди:
1. Халққа нисбатан қалбингизда доимо севги ва назокат бўлсин. Улар билан ҳеч қачон бир жонивордек муносабатда бўлманг ва асло озор берманг.
2. Мусулмонми йўқми, барчаларига бирдек муносабатда бўлинг. Мусулмонлар биродарларингиз, бироқ мусулмон бўлмаганлар ҳам сиз каби инсондир.
3. Авф этишдан уялманг, жазо беришга шошилманг. Буйруғингизни бажаришда хатоликка йўл қўйганлар олдида ғазабга берилиб, ўзингизни йўқотиб қўйманг.
4. Тарафкашлик қилманг, баъзи инсонларни гуноҳидан кечиб юборманг. Бундай ҳаракат сизларни зулм ва разолат ботқоғига етаклайди.
5. Хизматчиларни танлашда золим бошлиқларга хизмат қилмагани, давлат ишларида хиёнат ва жиноятга йўл қўймаганликларига қаттиқ эътибор қилинг.
6. Тўғри, яхши хулқли ва хушмуомала инсонларни танланг ва бошига келадиган балолардан қўрқмай ҳақиқатни айта оладиган инсонларни сайланг.
7. Бирор лавозимга тайинлаётган одамингиз ҳақида суриштирув ишлари олиб боришдан эринманг.
8. Турли йўл билан пора олиш ва ахлоқсизлик қилиш ҳолатига тушмасликлари учун хизматчиларингизга етарли ҳақ беринг.
9. Хизматчиларингиз хатти-ҳаракатини кузатиб юринг, бунинг учун атрофингиздаги ишончли кимсалардан фойдаланинг.
10. Мактуб ва мурожаатларга шахсан ўзингиз жавоб беринг.
11. Халқнинг ишончини қозонинг ва уларнинг яхши яшашларини исташингизга уларни ишонтиринг.
12. Ҳеч қачон берган ваъдангиз ва сўзингиздан қайтманг.
13. Ҳунарманд ва тужжорларга эътиборли бўлинг, уларга керакли ёрдамни кўрсатинг, бироқ солиқ ва мол йиғишларига изн берманг.
14. Қўл меҳнатига ёрдам беринг, чунки бу йўқсилликни камайтириб, хаёт стандартини оширади.
15. Деҳқончилик билан шуғулланувчилар давлатнинг хазина манбаидир, улар хазина каби кўриқланиши зарур.
16. Асосий вазифаларингиздан бири йўқсил, ногирон ва етимларга ёрдам қилиш эканини унутманг. Хизматчиларингизнинг уларни ранжитишига ва ёмон муомала қилишларига асло йўл қўйманг. Уларга ёрдам қилинг, асранг ва ёрдам сўраб сизнинг ёнингизга келганларида ҳузурингизга киришларига эътироз билдирманг.
17. Ноҳақ қон тўкилишидан қаттиқ сақланинг. Ислом ҳукмларига кўра ўлдирилиши керак бўлмаган кимсаларни асло ўлдирманг.
* * *
Али розияллоҳу анҳу ўзлари буюрган сўзларига бир умр амал қилиб ўтган халифа эдилар. Уларнинг халифалик даврида ўтган беш йил турли машаққат ва қийинчиликларга, ўзаро келишмовчилик ва нифоқларга ҳамда уруш-жанжалларга тўла бўлди. Фитналарга қарши тўғри йўлдан чекинмай сабр ила курашди ва охирида шаҳид бўлдилар.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Исломнинг барча гўзалликларини ўз феъл-атворларида мужассам қилган шахс эдилар. Чунки улар доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бўлардилар. Ваҳий келганда котиблик қилардилар, қори, муфассир ва муҳаддис эдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламдан беш юздан ошиқ ҳадис ривоят қилганлар. Аҳкомнинг қабул қилиши ва унга амал қилиш имкониятига қараб ҳадис ривоят қилардилар.
– Халққа улар тушунадиган ва амал қиладиган ҳадис ривоят қилинглар. Аллоҳ ва Расулини рад этилишини истайсизларми? – деб насиҳат қилардилар.
* * *
Али розияллоҳу анҳунинг Фотима розияллоҳу анҳу онамиздан Ҳасан, Ҳусайн, Муҳсин исмли ўғиллари ва Зайнаб, Умму Гулсум исмли қизлари бор эди.
Мадинада мусулмонларнинг турмуши яхшилангач, Али розияллоҳу анҳу хизматкор олишга қарор қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам қизлари ва куёвларини бағирларига босиб:
– Мен сизларга хизматкордан кўра хайрлироғи ҳақида хабар берай: ётишдан олдин ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”ни, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллоҳ”ни ва ўттиз уч марта “Субҳаналлоҳ”ни айтинглар, – деб марҳамат қилдилар.
* * *
Бир куни дастурхонда озгина емак билан таомланишга ўтирган Али розияллоҳу анҳу ва аҳли оиласи таомланаётган пайтларида бир тиланчи келиб қолди. У зот егуликлариларини тиланчига бериб юбордилар. Эртаси куни бир етимга, учинчи куни бир асирга таомларини бердилар. Бу воқеа уч кун давом этгач, қуйидаги ояти карима нозил бўлди:
إِنَّ الْأَبْرَارَ يَشْرَبُونَ مِن كَأْسٍ كَانَ مِزَاجُهَا كَافُوراً {5} عَيْناً يَشْرَبُ بِهَا عِبَادُ اللَّهِ يُفَجِّرُونَهَا تَفْجِيراً {6} يُوفُونَ بِالنَّذْرِ وَيَخَافُونَ يَوْماً كَانَ شَرُّهُ مُسْتَطِيراً {7} وَيُطْعِمُونَ الطَّعَامَ عَلَى حُبِّهِ مِسْكِيناً وَيَتِيماً وَأَسِيراً {8} إِنَّمَا نُطْعِمُكُمْ لِوَجْهِ اللَّهِ لَا نُرِيدُ مِنكُمْ جَزَاء وَلَا شُكُوراً {9} إِنَّا نَخَافُ مِن رَّبِّنَا يَوْماً عَبُوساً قَمْطَرِيراً {10} فَوَقَاهُمُ اللَّهُ شَرَّ ذَلِكَ الْيَوْمِ وَلَقَّاهُمْ نَضْرَةً وَسُرُوراً {11} وَجَزَاهُم بِمَا صَبَرُوا جَنَّةً وَحَرِيراً{12} مُتَّكِئِينَ فِيهَا عَلَى الْأَرَائِكِ لَا يَرَوْنَ فِيهَا شَمْساً وَلَا زَمْهَرِيراً {13} وَدَانِيَةً عَلَيْهِمْ ظِلَالُهَا وَذُلِّلَتْ قُطُوفُهَا تَذْلِيلاً {14} وَيُطَافُ عَلَيْهِم بِآنِيَةٍ مِّن فِضَّةٍ وَأَكْوَابٍ كَانَتْ قَوَارِيرَا {15} قَوَارِيرَ مِن فِضَّةٍ قَدَّرُوهَا تَقْدِيراً {16} وَيُسْقَوْنَ فِيهَا كَأْساً كَانَ مِزَاجُهَا زَنجَبِيلاً {17} عَيْناً فِيهَا تُسَمَّى سَلْسَبِيلاً {18} وَيَطُوفُ عَلَيْهِمْ وِلْدَانٌ مُّخَلَّدُونَ إِذَا رَأَيْتَهُمْ حَسِبْتَهُمْ لُؤْلُؤاً مَّنثُوراً {19} وَإِذَا رَأَيْتَ ثَمَّ رَأَيْتَ نَعِيماً وَمُلْكاً كَبِيراً {20} عَالِيَهُمْ ثِيَابُ سُندُسٍ خُضْرٌ وَإِسْتَبْرَقٌ وَحُلُّوا أَسَاوِرَ مِن فِضَّةٍ وَسَقَاهُمْ رَبُّهُمْ شَرَاباً طَهُوراً {21} إِنَّ هَذَا كَانَ لَكُمْ جَزَاء وَكَانَ سَعْيُكُم مَّشْكُوراً {22}
“Албатта, яхши (солиҳ киши)лар (жаннатда) мизожи кофур (ўсимлигидек хушбўй) бўлмиш қадаҳдан (май) ичурлар. Аллоҳнинг бандалари (жаннатда) ичадиган (бу) чашмани (ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб (оқизиб) олурлар. Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ «юзи» учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз. Бизлар Раббимиз (томони)дан бўладиган, (азобдан юзлар) тиришиб, буришиб қолувчи бир кундан (қиёматдан) қўрқармиз”. Бас, Аллоҳ уларни ўша куннинг ёмонлигидан сақлар ва улар(нинг юзлари)га тароват, (дилларига) сурур бахш этар.
Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар. Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. У жойда қуёш (ҳарорати)ни ҳам, замҳарир (қиш совуғи)ни ҳам кўрмаслар. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узишга осон бўлиши учун) эгиб қўйилган бўлур. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва (ўзи кумушдан ясалган бўлса-да, шаффофликда) шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. Шиша бўлганда ҳам кумушдан, (уларни соқийлар) ўлчаб қўйганлар. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи занжабил бўлмиш қадаҳларда (май) ичирилур. У ердаги чашманинг номи “Салсабил” деб аталур. Уларнинг устида мангу ёш ходимлар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрганингизда сочиб юборилган дурлар деб ўйларсиз.
У жойга қараганингизда, ноз-неъматларни ва катта подшоҳликни кўрурсиз. Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур. Албатта, бу сизлар учун мукофот ва сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз (Аллоҳ наздида) мақбулдир” (Инсон сураси, 5-22 оятлар).
* * *
Али розияллоҳу анҳунинг “Зулфиқор” номли қиличлари бор эди. Қилич икки учли бўлиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳадя қилган эдилар.
Алининг саҳийлиги, инсоний баркамоллиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга бўлган яқинлиги уларнинг мусулмон халқлар тилида достон бўлишига олиб келди.
* * *
Али розияллоҳу анҳунинг ёнида тўрт дирҳами бор эди. Бир куни у зот тангаларининг бирини ошкор, бирини яширин, бирини кундузи, биттасини эса кечаси эҳсон қилдилар. Шунда бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай ояти каримани нозил қилди:
الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُم بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرّاً وَعَلاَنِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ
“Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси 274).
* * *
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган баъзи ҳадиси шарифлар:
Гуноҳ қилган инсон пушаймон бўлиб, таҳорат олиб, намоз ўқиса ва гуноҳи учун истиғфор қилса, Аллоҳ таоло агар хоҳласа, уни кечиради.
* * *
Али розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Ақлли инсонларга хос бўлган жиҳат: охират билан боғлиқ ҳолатлар ва оилавий масалалардан ташқари мавзуларда суҳбатлашмасликдир. Ақлли инсонларга хос хусусият: ўзини тафтиш қилиш, тилини ва қорнини ҳаромдан асрашдир.
* * *
Фарз намозни қолдирган кимса, қазосини ўқимай нафл намозини ўқиса, бекорга вақт сарфлаган бўлади. Ушбу кимса қазосини ўқимагунча, Аллоҳ таоло унинг нафл намозларини қабул қилмайди.
* * *
Молларингиз закотини беринглар. Билингизки, закотни бермаганларнинг намози, рўзаси, ҳажи, жиҳоди ва иймони йўқдир.
* * *
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Али розияллоҳу анҳудан сўрадилар:
– Ё Али, олти юз мингта қўй хоҳлайсанми, олти юз минг олтинми ёки олти юз минг насиҳат истайсанми?
Али розияллоҳу анҳу:
– Олти юз минг насиҳат истайман, – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Шу олти насиҳатга амал қилсанг, олти юз минг насиҳатга амал қилгандек савоб оласан:
1. Барча нафл намозлари билан машғул бўлса-да, сен фарзларни тўлиқ адо эт. Яъни, фарзлардаги рукнларни, вожиб суннатларни, мустаҳабларни адо эт.
2. Барча дунё билан машғул бўларкан, сен Аллоҳ таолони хотирла. Исломга муносиб яша, Исломга муносиб даромад қил, уни Исломга муносиб сарф қил.
3. Одамлар бир-бирларининг айбларини ахтарар экан, сен ўз айбларингни ахтар, ўз камчиликларингни тузатиш билан машғул бўл.
4. Барча дунёни барпо этаркан, сен динингни барпо қил ва зийнатлантир.
5. Барча халққа яқинлашиш учун восита изларкан, халқнинг розилигини кўзларкан, сен Ҳақнинг розилигини кўзла, Ҳаққа яқинлаштирадиган сабаб ва воситаларни изла.
6. Одамлар амалларнинг сонини кўпайтирса, сен уларнинг ихлосли бўлишига эътибор қил.
* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам баъзан бомдод намозидан сўнг Макка водийларига чиқиб кетар, Али розияллоҳу анҳу ҳам оталари Абу Толибдан, қариндошлари ва халқдан яширинча улар билан бирга кетиб, намозларини ўша ерларда ўқиб, шом пайти Маккага қайтардилар. Бир куни Алининг оналари Фотима эри Абу Толибга шундай дедилар:
– Али доим Муҳаммад билан бирга, унинг ёнидан бир зум ҳам айрилмаяпти. Ишқилиб, Муҳаммад томонидан, ўғлимизга кучимиз етмайдиган, сўзимиз ўтмайдиган бир иш келмаса, деб қўрқаман.
– Демак, ўғлимизнинг уйга келмай қўйиши шундан экан-да, – деб, Абу Толиб ўғлининг ёнига йўл олдилар. Уларни Наҳла водийсида намоз ўқиётган ҳолларида топдилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар:
– Эй укамнинг ўғли! Бу қилаётган ибодатинг қайси динга мансуб?
– Эй амаки! Бу Аллоҳнинг динидир. Аллоҳ фаришталарининг динидир. Аллоҳ пайғамбарларининг динидир. Отамиз Иброҳимнинг динидирки, Аллоҳ таоло шу динга мени пайғамбар қилиб юборди.
Эй амаки! Тўғри йўлга даъват қиладиган инсонларимнинг энг ҳақлиси сиз бўласиз. Бу йўлдаги даъватимни қабул қилишга ва менга ёрдам беришга бошқалардан кўра сиз лойиқсиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам амакиси Абу Толибни Исломиятга, тавҳидга, Аллоҳнинг бирлигига ишонишга ва бутларга топинишдан воз кечишга даъват қилдилар. Шунда Абу Толиб шундай дедилар:
– Қилаётган ишларингиз ва айтаётган гапларингизда бирор мужмаллик йўқ. Эй укамнинг ўғли! Менинг оталаримнинг динидан айрилишга кучим етмайди. Бироқ сен юборилган динингни маҳкам тут! – дедилар ва сўзида шундай давом этдилар: – Мен саломат эканман, қилмоқчи бўлган ишингни тамомлагунингга қадар сенга бирор кимса зарар келтирмаслиги учун курашаман.
Абу Толиб ўғили Али розияллоҳу анҳуга ҳеч қандай дашном бермай, ундан сўради:
– Эй ўғлим! Сен қабул қилган дининг қандай дин?
– Отажон! Мен Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдим ва Аллоҳ томонидан келтирганларини тасдиқ этдим. Унга тобеъ бўлдим.
– У сени фақатгина яхшиликка бошлайди. Сен унинг йўлини тутишда бардавом бўл. Ўғлим! Амакингнинг ўғли даъват қилган динга сени ўз истагинг билан киришинг яхши бўлибди.
* * *
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уйларига келиб сўрадилар:
– Эй Ойша, бирор емагинг борми?
Сўзлари тугамай эшик тақиллади. Эшик очилганда Абу Бакр, Умар ва Али розияллоҳу анҳумларнинг келганларини кўрдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўрадилар:
– Шу пайтда келишингизга сабаб нима?
– Ё Расулуллоҳ! Уч кундан бери ҳеч нарса емадик. Қаттиқ очиқдик. Муборак юзингизни кўриб очликни унутиш мақсадида келдик.
Али розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Фотима билан Ҳасан ва Ҳусайнлар ҳам уч кундан бери оч.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
– Уч кундан бери мен ҳам бирор нарса емадим.
Сўнг Али розияллоҳу анҳу дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Кеча йўлдан келаётганимда Муоз ибн Жабалнинг ҳовлисидаги дарахтда ҳурмолар кўрдим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
– Туринглар! Муознинг уйига борамиз. Бизни ҳурмо билан меҳмон қилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва уч улуғ саҳоба Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар.
Абу Бакр:
– Эй Муоз! Бахт қуши бошингга қўнди. Аллоҳнинг Расули уйингга ташриф буюрдилар, – дедилар.
Бироқ буни уйдагилар эшитмади, фақатгина Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг кичик қизи эшитди. Онасига бориб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг эшик олдига келганларини айтди. Онаси ишонмади ва қизига деди:
– Қизим, кеч бўлганда Абу Бакр бизнинг эшигимизда нима қилади?
Яна ўринларига ётдилар. Сўнг Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар чақиришди. Қизча яна онасининг ёнига бориб ишонтиролмади. Бироздан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам “Эй Муоз!” деб чақиргач, қизча бу сафар отасига бориб:
– Отажон, нима қилиб ётибсиз? Бошимизга бахт қуши қўнди. Аллоҳнинг Расули ва уч асҳоби эшик ёнида сизни чақираяпти, – деди.
Муоз розияллоҳу анҳу дарҳол эшик томон югурдилар. Меҳмонларни ичкарига таклиф қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
– Эй Муоз! Уч кундан бери мен ва асҳобим емак емадик. Кеча Али йўлдан ўтаётганда дарахтингда хурмо кўрибди. Бизни хурмо билан меҳмон қиласан деган умид билан келдик.
Муоз розияллоҳу анҳу тушкун ҳолда жавоб қилдилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Бугун хурмоларни териб бир қисмини едик, қолганини эса фақирларга тарқатиб юбордик. Бир дона ҳам хурмо қолмади.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уйда турган катта саватни Али розияллоҳу анҳуга бериб дедилар:
– Эй Али, мана бу саватни қўлингга олиб хурмо дарахтининг ёнига бор. Мендан салом дегин ва Расулуллоҳ сендан хурмо истаяптилар, деб айт.
Али розияллоҳу анҳу буюрилган тарзда бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг саломларини айтгач, дарахт хурмо меваларига тўлди. Али розияллоҳу анҳу саватни хурмо билан тўлдириб қайтдилар. Барчалари еса-да, саватдаги хурмолар камаймади.
* * *
Бир фақир киши Али розияллоҳунинг ёнига келиб ўтирди. Али розияллоҳу анҳу ундан сўрадилар:
– Мендан бирор нарса хоҳлайсанми?
Ҳалиги одам уятдан сўз айтолмай, ишора билан муҳтож эканини билдирди.
Али розияллоҳу анҳу ёнларида бўлган уст-бош ва емакларни унга бердилар. Муҳтож кимса жуда севинди ва чиройли бир байт ўқиди. Али розияллоҳу анҳуга унинг ўқиган байти жуда ёқди ва фарзандлари учун ажратган учта олтинни ҳам унга бердилар.
Фақир киши севинчдан не деярини билмай қолди. Али розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитган ушбу ҳадиси шарифни унга айтди:
– Ҳар кимнинг қиймати сўзлаган чиройли сўзлари, қилган яхши амалларига қараб берилади.
* * *
Юришларнинг бирида Али розияллоҳу анҳунинг оёғига ўқ тегди. Ўқ суякка теккани учун чиқариш имкони бўлмади, табиб чақирдилар. Табиб шундай деди:
– Ўқни чиқара оламан, бироқ оғриғига чидаб бўлмайди. Шунинг учун ҳушидан кетказишим керак.
Али розияллоҳу анҳу табибга шундай жавоб бердилар:
– Ҳушимдан кетказишнинг кераги йўқ, бироз кутинг намоз вақти
киргач ишингизни бажарасиз.
Табиб Али розияллоҳу анҳу айтганидек қилди, намоз ўқиётган вақтида оёғидаги ўқни чиқариб олди. У зот ҳеч қандай оғриқ сезмадилар. Саҳобаларимиз намозни шу тарзда қаттиқ хушу ва ҳузу ила адо этардилар.
* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳо онамизнинг уйларига ташриф буюрдилар. Али розияллоҳу анҳунинг уйда йўқликларини кўргач, қизларидан сўрадилар:
– Амакимнинг ўғли қаерда?
– Отажон орамизда кичик бир келишмовчилик бўлган эди, ташқарига чиқиб кетди.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Али розияллоҳу анҳуни излаб кўчага чиқдилар. Йўлда дуч келган Саҳл розияллоҳу анҳудан сўрадилар:
– Алининг қаерда эканини билмайсанми?
Саҳл розияллоҳу анҳу уларнинг масжидда экани ҳақида хабар қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам куёвларининг ёнига келдилар. Али розияллоҳу анҳу тупроқ устида ётар, ҳирқаси елкасидан пастга тушган, танаси тупроққа беланган ҳолда эди.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг ёнига келиб устидаги тупроқни қоққач:
– Тур, эй Абу Туроб! – дедилар.
Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи вассаллам куёвлари билан бирга уйларига бордилар. Кўнгилсизлик ҳам барҳам топди.
* * *
Али розияллоҳу анҳу бир куни бир жамоани кўнгилхушлик қилаётганини кўриб, улардан бунинг сабабини сўраганида шундай жавоб беришди:
– Бугун бизнинг байрамимиз.
Уларга жавобан Али розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Гуноҳ қилмаган кунларимиз эса бизнинг байрамимиздир.
* * *
Али розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Амалларнинг энг фазилатлиси яхшиликка буюриб, ёмонликдан воз кечиш ва гуноҳ қилганни севмасликдир. Кимки яхшиликка буюрса, мўминнинг сиртини соғломлаштирган бўлади. Кимки ёмонликни ман қилиб, ундан воз кечиришга эришса, мунофиқнинг бурнини ерга ишқалаган бўлади.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Ҳандақ жангида душманнинг бир аскарини ерга қулатдилар. Қиличини олиб энди чопмоқчи ҳам эдики, душман аскари Али розияллоҳу анҳунинг юзига туфурди.
Али розияллоҳу анҳу қиличини қинига солдилар. Уни ўлдириш фикридан қайтдилар. Ўлишини кутаётган аскар у зотнинг бу ишига тушунолмади. Ҳайрат билан удан сўради:
– Қиличингни олгандинг, мени ўлдиришингга ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди, нега бирдан фикринг ўзгарди?
Али розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар:
– Мен қиличимни Аллоҳ учун қўлга олган эдим. Мен Аллоҳнинг Арслониман, нафснинг асири эмас. Агар сени менга қилган ҳаракатингдан сўнг ўлдирганимда нафсим учун ўлдирган бўлардим. Бироқ ҳар ишни Аллоҳ йўлида қилишим керак.
* * *
Али розияллоҳу анҳу ҳайвонларини қудуқдан суғорадиган бир бадавий билан келишдилар. Қудуқдан олиб берадиган бир пақир сув учун бадавийдан бир ҳовуч ҳурмо олишлари керак эди. Али розияллоҳу анҳу сувни қудуқдан чиқаришни бошладилар. Охирги пақирдаги сувни олаётганда қудуқнинг ипи узилиб пақир қудуқнинг ичига тушиб кетди.
Бундан ғазабланган бадавий Али розияллоҳу анҳунинг муборак юзларига бир мушт туширди ва қўлидаги келишилган хурмоларни берди. Али розияллоҳу анҳу пақирни амаллаб қудуқдан чиқардилар. Бадавийга бериб ва у ердан узоқлашдилар.
Бадавий уларнинг чуқур қудуқдан қийналиб пақирни чиқаришларини ҳайрат ила кузатди ва ўзига-ўзи: “Агар унинг дини ҳақ дин бўлмаганида, у пақирни чуқур қудуқ ичидан қийналиб чиқармасди”, деди ва “Шундай инсонга беодоблик қилган бундай қўл менга керак эмас”, деб қўлини кесиб Али розияллоҳу анҳунинг уйига олиб борди.
Али розияллоҳу анҳу эшик ёнида турган бадавийни кўришлари билан уй ичида ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга хабар бердилар. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам бадавийдан нима учун бундай хато қилганини сўрадилар.
Бадавий қилган ишидан қаттиқ ҳижолат эканини айтиб йиғлади ва иймонга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам кесилган қўлни жойига қўйиб дуо қилдилар. Аллоҳнинг изни ила қўл соғлом ҳолига қайтди.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Ҳандақ жангида мушрикларнинг энг кучлилари билан олишди. Уруш шиддатланган йигирма иккинчи кун Амр ибн Абдуд исмли мушрикларнинг энг кучли жангчиси Ҳандақ четига келиб майдонга курашиш учун жангчи истади.
Мусулмонларнинг ҳеч бири унинг даъватига жавоб бермади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан амр кутаётган эдилар. Амр етти марта майдонга одам чақирди. Еттинчисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Али розияллоҳу анҳуни хузурларига чақириб, ўтиришга буюрдилар ва шундай дедилар:
– Эй Али! Менинг отимга мин, қиличимни ол, Амр ибн Абдуднинг ёнига мардларча жасорат ила бор. Унинг ҳайбати ва баланд бўйидан қўрқма. Мен Ҳақ таолодан сенга ёрдам бериши учун дуо қиламан.
Али розияллоҳу анҳу қилични белига осиб, отига миндилар. Ўлжасини кўзлаган арслон каби Амрнинг ёнига бориб шундай дедилар:
– Эй Амр! Эшитишимча сен Каъба қаршисига бориб аҳд қилибсанки, Қурайшликлардан бирор киши сендан иккита нарса сўраса бирини қилармишсан.
– Ҳа шундай сўз берганман.
– Биласан мен Қурайш қабиласиданман. Сендан икки нарса сўрайман ҳеч бўлмаса биттасини қабул қил: Биринчи истагим Аллоҳнинг бирлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг Расули эканини қабул эт.
– Буни қабул қилмайман, яна нима истагинг бор.
– Иккинчи истагим шуки, бу жангни тарк этиб ортингга Маккаи мукаррамага қайт.
– Буни қабул қиламан, фақат Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг бошини олганимдан сўнг.
– Эй аҳмоқ! Менинг бошимни олмай туриб уларнинг бошини қандай қилиб оласан?
– Эй Али! Сен ҳали ёшсан, ўн гулингдан бир гулинг очилмаган. Мен сенинг каллангни олишни хоҳламайман.
– Мен Аллоҳнинг ёрдами ва Расулининг дуоси ила сенинг каллангни олишни истайман.
Али розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларидан сўнг, Амр отидан тушиб улар томон юрди. Али розияллоҳу анҳу ҳам отидан тушдилар. Бир бирларига ташландилар. Али розияллоҳу анҳу фурсат топиб, Амрнинг оёғини бир қилич зарби билан кесиб юбордилар. “Энди иш битди”, деб ўйлаб, ортларига ўгирилган ҳам эдики, Амр унга кесилган оёқлари билан ташланди.
Али розияллоҳу анҳу дарҳол ортга қайтиб Амрни ўлдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам такбир айтдилар ва шундай марҳамат қилдилар:
– Алининг Амр ибн Абдуд билан бир марталик тўқнашиши, умматимнинг қиёматга қадар қилган нафл ибодатидан кўра ҳайрлироқ.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Ҳайбар қалъасининг фатҳида қалъа дарвозасини қўпориб, ундан қалқон сифатида фойдаланганлар. Бу жангда Али розияллоҳу анҳунинг кўзлари оғриб қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларни ҳузурларига чақиртириб, кўзларига пуфладилар ва Аллоҳга дуо қилиб шифо сўрадилар. Алининг кўзлари тузалиб, оғриқдан асар ҳам қолмади.
Ушбу жангда яҳудийларнинг машҳур паҳлавони Марҳаб:
– Ҳайбар халқи мени яхши билади. Мен барча жангларни Ҳайбар эли фойдасига ҳал қиладиган қаҳрамон Марҳабман. Мен арслонлар билан гоҳ қилич, гоҳ ўқ билан олишиб енгганман, – деб мусулмонлардан олишиш учун жангчи чақирди.
Унга жавобан Али розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Мени онам Арслон деб атардилар. Мен ўрмонларнинг ҳайбатли арслони кабидирман. Сенинг курагингни ерга теккизувчи эр киши менман, – мазмунидаги шеърни ўқиб, Марҳабнинг қаршисига бордилар.
Бу шеър Марҳабга кечаси кўрган тушини эслатди. Тушида уни бир арслон келиб тилка-пора қилганини кўрган эди. Али розияллоҳу анҳу Марҳаб билан тўқнашган пайти, унинг устига шундай қилич солдиларки, қилич Марҳабнинг қалқонини ва темирдан ясалган дубулғасини иккига бўлиб юборди. Улар билан бирга Марҳабнинг боши ҳам иккига бўлиниб кетди. Марҳабнинг бошига тушган қиличдан шу қадар қаттиқ овоз чиқдики, ҳатто Ҳайбар қароргоҳида бўлган Умму Салама онамиз:
– Марҳабнинг тишларига қадар кесиб ўтган қилич овозини мен ҳам эшитдим, – деган эдилар.
Али розияллоҳу анҳу шу куни яҳудийларнинг энг номдорларидан саккизтасини ўлдирдилар.
* * *
Ҳайбар ғазотидан қайтган Алига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Эй Али, агар халқ Исо ҳақидаги уйдирмаларини сўзламаган бўлганларида эди, сен ҳақингда кўп гаплар айтган бўлардим. Шунда ҳамма барокат олиш мақсадида ҳоки пойингни олар, таҳорат сувингни шифо учун хасталарга берар эди.
Сени шаҳид этадилар. Охиратда ҳовузимнинг устидаги халифам бўласан. Жаннатга биринчилардан бўлиб кирасан. Сени севганлар нурдан бўлган минбарларнинг устида бўладилар, – деб хушхабар бердилар
Бу гапларни эшитган Али розияллоҳу анҳу шукур намозини ўқидилар.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач, Маккада ўтган ўн уч йиллик ҳаёларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хизматларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳурмат ва севгисини қозондилар. Маккалик мушрикларнинг барча азоб ва жафоларига чидаб, сабр билан Пайғамбаримизнинг ёнларидан бир зумга-да айрилмадилар.
Масжиди Набавияни барпо этишда ҳам катта ғайрат кўрсатдилар. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ва бошқа ғазотларда қатнашиб, ғайритабиий куч ва шижоат кўрсатдилар. Уҳуд жангида ўн олти жойидан яраланди. Кўп жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам байроқни Али розияллоҳу анҳуга топширар эдилар.
* * *
Али розияллоҳу анҳу Ҳудайбия сулҳида ва сулҳ шартларининг ёзилишида котиблик қилдилар. Ҳайбар ғазотида қатнашиб буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Аммо Табук ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг буйруқларига биноан Мадинада қолиб жангга қатнаша олмадилар.
Кейинроқ Яман муҳорабасида қўшинга қўмондон бўлиш вазифаси топширилди. Маккаи мукаррама фатҳ бўлган вақтда Каъбадаги бутларни қулатиш Али розияллоҳу анҳуга юкланди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафот этганларида Али розияллоҳу анҳу у зотнинг муборак жасадларини ювиб, кафанладилар. Бу муборак вазифа Аббос, Усома ибн Зайд, Фазл ва Қусам розияллоҳу анҳумларга ҳам насиб этди.
* * *
Али розияллоҳу анҳу шаҳид қилинадиган кун бомдод намозига кетаётган чоғида қуйидаги мазмундаги байтни ўқиб борардилар:
– Ўлимга ҳозир бўлки, ўлим албат кечикмас, ўлим келгач ортиқ фарёдинг фойда бермас.
* * *
Рамазони шарифнинг ўн еттинчи куни, жума тонгида, бомдод намозига кетаётган пайтда Ибн Мулжам томонидан қилич билан яраландилар. Шу жароҳат сабаб вафот қилдилар.
Али розияллоҳу анҳунинг қизлари, Умар розияллоҳу анҳунинг аёли бўлган Умму Гулсум бўлган фожеани эшитгач, шундай дедилар:
– Отам ҳам эрим Умар каби бомдод намози пайти суиқасдга учради.
АЛИ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ ҲИКМАТЛАРИДАН:
* * *
Авф этиш фазилатдир. Беқарорлик йўқотишдир. Ёлғончилик хиёнатдир. Инсоф роҳат, ёмонлик эса беадабликдир. Кулиш эҳсондир.
* * *
Тўғрилик қутқаради, ёлғон фалокат олиб келади. Қаноат инсонни бой қилади, жойига сарфланмаган бойлик йўлдан адаштиради. Дунё ва шаҳват алдаб қўяди. Ҳасад қалбни қорайтиради, нафрат эса чўктиради.
* * *
Ақлли кимса гуноҳларини тавба ила яширади. Сахий – ёмонлик қилганга яхшилик билан жавоб қайтарган кимсадир. Олим айтган ва билганига амал қилган инсондир, у илмга тўймайди.
* * *
Али розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Мусулмонлар охиратга ишонадилар. Китобсиз кофирлар эса уни инкор қилади. Қайта тирилиш бўлмаганида эди, ишонмайдиганлар ҳеч нарсасиз қолар, мусулмонлар эса бундан ҳеч қандай зарар кўрмасдилар. Бироқ кофирлар айтганидек бўлмагач, улар сўнгсиз азобга мубтало қилинурлар.
* * *
Инсоннинг кексайиб, Роббини таниб вафот этиши, кичиклигида ўлиб жаннатга киришидан кўра хайрлироқдир.
* * *
Али розияллоҳу анҳу кичик қўшин гуруҳига тайинланган сардорга шундай дер эдилар:
– Сенга Аллоҳдан қўрқишингни тавсия этаман. У ҳам дунёга, ҳамда охиратга Моликдир. Сени Аллоҳга яқинлаштирадиган нарсадан айрилма. Чунки дунёда қилган ёмон амалларингни охиратда қаршингдан топасан.
* * *
Қул ёлғиз Роббидан умид қилиши ва гуноҳлари билан фақатгина ўзини қўрқитиши керак.
* * *
Жоҳил билмаганини сўрашдан орланмасин. Олим ечим топа олмаган бирор масалада “Энг тўғрисини Аллоҳ таоло билади”, дейишдан тортинмасин.
* * *
Сиз учун қўрқадиган нарсаларимнинг бошида нафснинг истагига бўйсуниш ва узун-узун орзуларга берилиш туради. Биринчиси Ҳақ йўлидан узоқлаштиради, иккинчиси охиратни унуттиради.
* * *
Амалларнинг энг қийини учта: нафснинг ҳаққини бера олиш, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳни зикр қилиш, қариндошлар билан яхши муносабатда бўлишдир.
* * *
Тақво – хатода давом этишни ташлаш ва алданмасликдир.
* * *
Қалблар қалбларга ўхшайди. Хайрлиси эса яхшиликка тўла бўлганидир.
* * *
Менга бир ҳарф ўргатганнинг хизматкори бўламан.