loader

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Ислом оламида иймон кучи билан буюк сабр ва матонатга эришган шахсдир. У зотнинг дин йўлидаги мислсиз фидокорликлари Исломнинг нақадар буюклигини кўрсатиб берди. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг яна бир шарафи шуки, у зот жонини Ислом йўлида фидо қилган илк шаҳидларнинг фарзандидир.
 У зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг: “Жаннат уч кишига муштоқдир: Али, Аммор ва Салмон”, деган марҳаматларига эришган, ҳаётлигида жаннат билан муждаланган саҳобадир. Оталари Ёсир асли Ямандаги Қаҳтони қабиласининг Анс деган уруғидан бўлиб, йўқолган укаларини ахтариб Маккага келиб қолган эдилар. Сўнгра у баъни Махзум қабиласидан бўлган Абу Хузайфа ибн Муғийранинг ҳимоясига кирадилар. Абу Хузайфанинг Сумая исмли жорияси бўлиб, кейинчалик Ёсир у билан турмуш қурадилар. Бу турмушдан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу дунёга келадилар.
Абул Якзон куняси билан танилган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу  Арқам розияллоҳу анҳунинг уйида Сухайб розияллоҳу анҳу билан бирга ўттизинчи мусулмон бўлиш шарафига эришдилар.
Орадан кўп ўтмай оталари Ёсир ва оналари Сумая ҳам мусулмон бўлдилар. Исломнинг илк кунлари мусулмонлар учун жуда оғир кечди. Мушриклар Исломга кирганларга таҳдид қилар, ҳимоясиз мусулмонларни турли хил қийноқларга солишарди. Ёсир ва унинг оиласи ҳам ана шу азоблардан бебаҳра қолмади. Қалби қорайган, золим мушриклар Ёсир ва унинг оиласига инсон тасаввурига ҳам сиғмайдиган азобларни беришди. Куннинг жазирама ҳолга келган вақтида уччаласини чўлнинг қизиган қумларига кўмдилар. Баданларига қизиб турган темир босдилар. Бироқ мушрикларнинг бу тадбирлари бесамар кетди. У золимлар бу иймон соҳибларини диндан қайтара олмадилар.

* * *
Фахри Коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳар куни Ёсир оиласидан хабар олардилар. Уларга маънавий куч, руҳий тиргак бўлар эдилар.
Бир зиёратларида Аммор розияллоҳу анҳу Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга:
– Ё Расулуллоҳ! Бу қаттиқ азоблар жонимиздан ўтди, – дедилар.
Икки жаҳон сарвари соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларга:
– Сабр қил, эй Абул Якзон! Сабр қилинглар, эй Ёсир оиласи! Сизга ваъда қилинган жой жаннатдир, – дея марҳамат қилдилар.
Уларга қилинган ваъда дардларини аритиб, азобларини камайтирди.

* * *
Кунларнинг бирида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аммор розияллоҳу анҳунинг ёнларига келдилар. Уларнинг танасига чўғ босаётганларини кўрдилар. Муборак қўллари билан бошини силаб:
– Ё Раб! Бу оташни Иброҳимга салқинлатганинг каби Амморга ҳам зарарсиз айла, – деб дуо  қилдилар.
Қандай даҳшатли ва қалбни ўртовчи ҳодиса! Бироқ илоҳий ирода шундай, тақдир шундай ёзилган. Аллоҳ қулларида мана шундай ғайратни кўришни истаган... Улар қиёматга қадар мусулмонлар учун ўрнак бўлиб қолаверади.  
Аллоҳ Қуръони каримда шундай дейди:
أَمْ حَسِبْتُمْ أَن تَدْخُلُواْ الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَعْلَمِ اللّهُ الَّذِينَ جَاهَدُواْ مِنكُمْ وَيَعْلَمَ الصَّابِرِينَ

“Ёки сизларнинг ичингиздан (Унинг тоати йўлида) жидду жаҳд қилганлар ва (қийинчиликларга) сабр қилувчиларни Аллоҳ билмай (синамай) туриб жаннатга кираверамиз, деб ўйладингизми?” (Оли Имрон сураси, 142-оят)
أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ

“Одамлар: “Иймон келтирдик”, – дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?!” (Анкабут сураси, 2-оят)

* * *
Ёсир розияллоҳу анҳу оиласи мушриклар томонидан қийноқларга солинмайдиган бирор кун йўқ эди. Охири мушриклар Сумая розияллоҳу анҳони икки туянинг орқасига боғлаб, икки тарафга судратишди. Абу Жаҳл ва унинг одамлари қамчи билан уриб азобладилар. Ўша куни Аммор ибн Ёсирнинг ота-онаси шаҳидлик шарбатини ичдилар. Жасадлари жазирама чўлда қолиб кетди. Руҳи поклари эса жаннатга учди. Исломнинг илк шаҳидлари бўлмиш Ёсир оиласи қиёматга қадар мўминларга сабр бардошнинг намунаси бўлиб қолдилар.

* * *
Аммор розияллоҳу анҳу ўзига қилинаётган зулм ва жафоларга чидашга ҳаракат қилардилар. Бир куни яна у зотни ақлга сиғмайдиган азоблар билан қийнадилар. Бутларнинг номини тилга олмагунча қўйиб юбормасликларини айтдилар. У эса ўлимдан ва бу оғир азоблардан қутулиш мақсадида мушриклар истагандек Лот ва Уззо номини зарурат юзасидан айтишга мажбур бўлдилар.
Мушрикларнинг қўлидан чиқиб, дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келдилар. Йиғлай-йиғлай бошларидан кечирганларини айтиб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам улардан:
– Бу сўзларни айтаётганда қалбингда нима туйдинг? – деб сўрадилар. Аммор розияллоҳу анҳу эса:
– Қалбимда Аллоҳга нисбатан муҳаббатда ушоқчалик ҳам ўзгариш сезмадим, – деб жавоб бердилар.
Бу жавобдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Амморни бошидан оёғига қадар иймон эгаллади. Иймон суякларига ҳам етиб борди, – дея марҳамат қилдилар.
Аммор розияллоҳу анҳунинг кўз ёшларини муборак қўллари билан артдилар. Қалбда иймон бўлгач, заруратдан гапиришнинг иймонга ҳеч қандай зарари йўқлигини, яна шу ҳолга тушса, такрор шу калималарни айтиши мумкинлиги ҳақида ояти карима билан хушхабар бердилар:
مَن كَفَرَ بِاللّهِ مِن بَعْدِ إيمَانِهِ إِلاَّ مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالإِيمَانِ وَلَـكِن مَّن شَرَحَ بِالْكُفْرِ صَدْراً
فَعَلَيْهِمْ غَضَبٌ مِّنَ اللّهِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”. (Наҳл сураси, 106-оят)

* * *
Аммор розияллоҳу анҳу аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилган мўминдир. Масжиди Набавиянинг қурилишида фидоийлик билан хизмат қилдилар.
Аммор розияллоҳу анҳу Бадрдан сўнг барча жангларда қатнашиб, буюк қаҳрамонлик кўрсатдилар. Ямома жангида қулоғидан айрилган ҳолда ҳам душманларга қарши мардларча курашишда давом этдилар.
Тарқалиш арафасида турган қўшинга:
– Эй мусулмонлар! Жаннатдан қочаяпсизларми? Мен Аммор ибн Ёсирман! Бу тарафга келинг! – деб чақириб, қўшинни тўплади.
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Куфага ҳоким қилиб тайинландилар.
 Али розияллоҳу анҳу давридаги Жамал ва Сиффин жангида тўқсон уч ёшда шаҳид бўлдилар. Али розияллоҳу анҳу томонидан ўқилган жаноза намозидан сўнг ўша ерга дафн қилиндилар.

* * *
Аммор розияллоҳу анҳу баланд бўйли, қорачадан келган, кўзларининг ранги жигарранг ва кенг елкали киши эдилар. Жудаям содда ва соф ҳаёт кечирдилар. Ҳеч қачон намозларини қазо қилмадилар. У зотдан олтмиш иккита ҳадис ривоят қилинган.

* * *
Имом Бухорийда келтирилган бир ҳадисда шундай ривоят қиладилар:
– Уч нарсани ўз нафсида мужассам қилган кимса, кучли иймонга соҳиб бўлади:
1. Ўз зарарига бўлсада инсофдан кечмаслик;
2. Барчага салом бериш;
3. Ўзи фақир бўлсада садақа бериш.

* * *
Аммор розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар:
– Бир куни Арқамнинг уйи олдида Суҳайб ибн Синонани учратдим. Ундан сўрадим:
– Бу ерда нима қиляпсан?
– Сен нима қиляпсан? –  деб жавоб қайтарди у менга.
– Мен ичкарига кириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сўзларини тинглаб, динига кириб мусулмон бўлмоқчиман.
– Мен ҳам шу мақсадда бу ерга келдим.
Уй ичига биргаликда кирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам шу ерда эканлар. Бирга мусулмон бўлдик ва кечгача шу ерда қолдик. Оқшом пайти уйларимизга қайтдик.
* * *
Имом Мужоҳид раҳматуллоҳу алайҳнинг маълумотига кўра, Маккада мусулмон бўлганини илк ошкор қилганлар, аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам, кейин Абу Бакр, Билол, Ҳаббоб, Суҳайб, Аммор ва Сумая розияллоҳу анҳумлардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ошкора даъват қилгунларига қадар, мушриклар ҳимоясиз мусулмонларни азобларди. Саҳобаларнинг обрўлиларига қавмларининг ҳимояси сабабли ошкора зарар етказолмасдилар. Фақатгина мусулмонларнинг ҳимоясиз ва фақирларини топиб, уларга азият етказардилар.
Улар орасида мушриклар томонидан энг қаттиқ азобларга дучор қилинганлари Билол, Суҳайб, Ҳаббоб ва Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумлардир.

* * *
Мушриклар Аммор розияллоҳу анҳуни ёлғиз ҳолда ушлаб, Рамза ҳудудига, яъни, бир қояга олиб боради, кийимларини ечиб олиб темирдан кийим кийдиради ва куннинг энг жазирама пайтида қизиган тошларни олиб келиб босади, баъзан устига чўғ босиб, оч ва сувсиз ташлаб, шундай шар қўядилар:
– Муҳаммаднинг динидан қайт, Лот ва Уззога топин ва қутилиб қол!
У зот бу азобларга сабр қилиб:
– Роббим Аллоҳ, Пайғамбарим Муҳаммад алайҳиссаломдир, – деб Ислом динидан қайтмасдилар.
Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Амморнинг отаси Ёсирнинг дўсти эди. У эса ёрдам қилиш ўрнига мушриклар билан бирга қўшилиб бу мусулмон оилага турли хил тазйиқлар ўтказиш билан банд эди.

* * *
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳулари Макка даврида чеккан азиятлари туфайли Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар орасида бор эдилар. Сўнг яна Маккага қайтиб, бир муддат у ерда қолгач, Мадинага ҳижрат қилиб, Мунзир ибн Абдулмубашшир розияллоҳу анҳунинг меҳмони бўлди.
Аммор розияллоҳу анҳу Мадинаи мунавварага келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга ибодат ва истироҳат учун қулай жой лозим экани ҳақида айтдилар. Исломда масжид қурилиши учун илк ташаббус у зотдан чиқди ва шу сабаб Қубо масжиди барпо этилди.  
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу юксак ахлоқли зот эдилар. Оз гапирар, кўпинча маҳзун ҳолда юрардилар. Ҳалол, покиза бўлиб, зуҳд ва тақво соҳиби эдилар.

* * *
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Масжиди Набавиянинг қурилишида фаол иштирок этдилар. Масжиди набавияга тамал тоши қўйилгач, девор учун ғишт ташиб келтириларди. Қуриган ғиштларни Масжиди Набавияга қадар саҳобалар устларига ортиб ташир эдилар. Ҳамма биттадан ғишт ташиса, Аммор розияллоҳу анҳу буюк фидокорлик кўрсатиб:
– Бири ўзим учун, бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам учун, – деб иккитадан ғишт ташиб, барчани ғайрат билан ишлашга даъват этардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аммор розияллоҳу анҳунинг ёнларига келиб, муборак қўллари билан белларини силадилар ва шундай марҳамат қилдилар:  
– Эй, Сумаянинг ўғли! Сенинг икки ажр савобинг, бошқаларнинг эса бир ажри бор. Сенинг дунёдаги энг охирги ризқинг бир қултум  сут бўлади.  

* * *
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг илк қатнашган жанглари Бадр бўлиб, ундан кейинги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг барча ғазотларда иштирок этдилар.
Ҳар бир жанг уларнинг шижоат ва жасорат каби янги бир қирраларини намоён этарди. Жанг пайти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан айрилмасдилар. Бадр жангида Аллоҳнинг душмани Абу Жаҳлнинг боши икки мужоҳид томонидан олинди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аммор розияллоҳу анҳуга дедилар:
– Аллоҳ таоло онангнинг қотилини ўлдирди.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг, Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида бўлиб ўтган барча  жангларда айни жасорат билан иштирок этдилар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Ямомада муртадларга қарши курашган тенги йўқ йигитни кўрдим. Душман сафларини тор-мор этар, бир томондан қўлида қилич ила олишар, иккинчи томондан бундай деб ҳайқирарди:
– Бизнинг  пайғамбаримиз Муҳаммад-ул аминдир! Пайғамбарларнинг охиргисидир! Ундан кейин пайғамбар келмайди! Аксини айтганларнинг барчаси ёлғончи, сохтакордир!
У бу сўзларни Мусайлама каззобнинг тарафдорларига қарата айтарди. Шу пайт қилич зарби келиб бошидан ўтди ва кескир қилич бир қулоғини кесиб кетди.
 
* * *
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу даврларида Куфага ҳоким этиб тайинландилар. Халифа ҳоким этиб тайинлашга йўллаган буйруғида шундай ёзгандилар:
– Сизларга Аммор ибн Ёсирни ҳоким, Ибн Масъудни устоз ва ёрдамчи қилиб тайинладим. Буларнинг иккиси ҳам асҳобнинг энг таниқлиларидир. Иккиси ҳам Бадр жангида қатнашган. Уларни тингланг ва сўзларига итоат қилинглар.

* * *
Аммор розияллоҳу анҳу Куфани бир йилу тўққиз ой мукаммал тарзда бошқардилар. Халифа Умар розияллоҳу анҳу уларни Мадинага чақириб олгач, сўрадилар:
– Хафа бўлдингми?
– Ҳоким этиб тайинланган пайтим суюнмаган, олинган пайтим хафа бўлайми? – деб халифага жавоб қайтардилар.

* * *
Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида фитна ва қарама-қаршиликлар бошлангач, халифа бунинг сабабларини ўрганиш мақсадида Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуни Мисрга юбордилар. Буюк саҳоба фитна-фасодни йўқотиш учун кўп уриндилар. Бироқ бунинг олдини ололмадилар.
Кейинчалик Сиффин муҳорабасига қатнашди. Жанг пайти ёнидагилардан сўради:
– Ичиш учун бирор нарсангиз борми?
Қизил ҳалқали меш ичида сут олиб келдилар. Буни кўрган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг сўзлари ўз тасдиғини топмоқда. Бир неча йиллар илгари менга шундай бир мешдан ичадиган сут менинг бу дунёдаги сўнгги ризқим бўлишини айтган эдилар.
Сўнг сутни “Бисмиллоҳ”ни айтиб сўнгги томчисига қадар ичдилар. Аллоҳга ҳамд айтдилар.
Аммор розияллоҳу анҳу ушбу жангда шаҳид бўлдилар. Ўша пайтда тўқсон тўрт ёшда эдилар.

* * *
Али розияллоҳу анҳу Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлганини эшитиб қаттиқ эзилдилар ва шундай дедилар:
– Аллоҳ таоло Амморни ўз раҳматига олсин. У Расулуллоҳнинг атрофларида бир нечагина киши бор пайтда мусулмон бўлганди. У шубҳасиз мағфиратга эришади. Чунки Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аммор оиласини Аллоҳ мағфирати ила севинтиргандилар.

* * *
Абу Воил шундай дейди:
– Аммор ибн Ёсир бизга қисқа хутба ўқиди. Ўқиб бўлгач, унга ҳутбани жуда қисқа қилганини айтдик. Бунга жавобан у шундай деди:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг: “Бир кимсанинг намозни узун, ҳутбани қисқа қилиши унинг фиқҳни билишидан далолатдир. Намозни узун, ҳутбани қисқа қилинглар”, деганларини эшитганман.

Орқага Олдинга