loader

Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу

Амр ибн Жамуҳ жоҳилият даврида Ясрибда, яъни, Мадинада эътиборли кишилардан бири бўлиб, у ниҳоятда бой-бадавлат эди. Жоҳилият даврида обрўли кишиларнинг хонадонида бут сақлаб, ҳар тонгда ва оқшомда бутдан бахт сўраш, маросимларда қурбонлик сўйиш, фалокат келганда сиғиниш каби ярамас одатлари бўларди. Амрнинг бути Манот бўлиб, уни сифатли ёғочдан ясаттирган эди. Унга ҳурмат бажо келтиришни канда қилмас, вақти-вақти билан яхши хушбўйликлар суриб қўярди.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Мадинага Исломга даъват қилиш учун келдилар. Натижада, озгина фурсат ичида бир қанча инсонлар мусулмон бўлишди. Шу орада олтмиш ёшдан ўтган Амр ибн Жамуҳнинг ўғиллари Муовваз, Ҳаллод, Муоз ва рафиқаси Ҳинд ундан яширинча Исломга кирдилар. Бироқ Ҳинд розияллоҳу анҳо суюкли умр йўлдошининг ширкда қолишини асло хоҳламасди. Ўз навбатида Амр ибн Жамуҳ эса фарзандлари оталарининг динини ташлаб мусулмон бўлиб кетишларидан қаттиқ қўрқар эди. Бир куни у аёлига:
– Ҳинд, болаларни асло Мусъаб билан кўриштирма, – деди.
– Майли, бироқ у одамнинг сўзларини ўғлингиз Муоздан эшитишни истайсизми? – деди рафиқаси Ҳинд розияллоҳу анҳо.
– Нима?! Муоз ҳали диндан чиқдими?
– Йўқ, Мусъабнинг баъзи мажлисларига қатнашиб, унинг айтганларини эшитди, халос.
– Муозни менга чақир! – деди Амр ибн Жамуҳ.
Муоз отасининг ҳузурига келиб, Фотиҳа сурасини ўқигандан сўнг, ораларида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Бу сўзлар қандай шоҳона ва қандай гўзал! Қуръоннинг ҳамма  сўзлари шунақами?
– Бари бир-биридан гўзал, отажон! Сиз ҳам унга байъат қиласизми? Бутун халқ унга байъат қилмоқда.
– Манот билан маслаҳатлашмагунча бирор нарса қилмайман. У нима деса шуни қиламан.
– Отажон, ахир Манот қуруқ ёғоч бўлса, унинг тили ва ақли бўлмаса, ундан қандай қилиб маслаҳат сўрайсиз?
– Сенга айтдим-ку, ундан изн олмай туриб ота боболарим динидан
воз кечмайман!
Сўнг Амр ёғочдан ясалган бутнинг ҳузурига бориб, ҳурмат бажо келтириб, унинг фикрини сўради. Бутдан жавоб ололмагач, уни ғазабланди деб ўйлади ва ғазабининг босилишини кутишга қарор қилди.
Айни вазиятни кутиб турган фарзандалари эса зудлик билан бутни олиб бориб Салама ўғилларининг ахлатхонасига ташладилар. Қараса, бут йўқ. Амр дарғазаб ҳолда бутни роса излади ва охири топди. Тозалаб хушбўйликлар сурди ва қайта ўз жойига қўйди. Аммо бу иш такрорланаверди. Бир куни  Амр Манотнинг бўйнига қиличини осди ва шундай деди:
– Эй Манот! Бу ишни ким қилаётганини билмайман, агар сенда хайр бўлса мана қилич, ўзингни ҳимоя қил! – деди.
Аммо кўп ўтмай Манотни яна ахлатхонада кўрди ва бу сафар уни ахлатдан қайтиб олмади.
– Аллоҳга қасамки, агар сен тангри бўлганингда ахлат ичида ётмасдинг, – деди ва мусулмон бўлди.

* * *
Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу Исломга кирганларидан сўнг жоҳилият даврида қилган ишларини эслаб кўзёш тўкардилар. Энди у ҳам иймон ва Исломнинг фидокор хизматчиси эди. Уҳуд жангига даъват бошланганда, уч ўғли каби Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу ҳам жанг учун таёргарлик кўрдилар. Ҳолбуки, Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу ўша пайтда кексайиб қолган, бунинг устига бир оёғи чўлоқ эди. Шу сабаб, ўғиллари отасининг узрли эканини айтиб, жангга қатнашмаслигини сўрадилар. Шундан сўнг у зот ўғилларидан шикоят қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб шундай дедилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Ўғилларим менинг оқсоқ эканимни баҳона қилиб, хайрли ишдан қайтараяптилар. Бироқ мен оқсоқ ҳолда жаннатга киришни истайман.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳунинг ўғилларига: “Оталарингизга тўсқинлик қилманг, Аллоҳ таоло унга шаҳидликни ато этади”, деб марҳамат қилдилар.
Қўшин ҳаракатга тушган пайти Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу ортга қайтмайдигандек аёли билан видолашдилар ва шундай дуо қилдилар:
– Аллоҳим менга шаҳидлик бер! Мени шаҳидликдан мосуво этиб оиламга қайтарма!
Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу ўзига истаганидек Уҳудда икки ўғли билан шаҳид бўлдилар.

Орқага Олдинга