loader

Арқам ибн Абул Арқам розияллоҳу анҳу

Маккада мусулмон бўлган саҳобалардан бири Арқам ибн Абул Арқам ибн Асад ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Маҳзумнинг куняси Абу Абдуллоҳдир. Отасининг исми Абду Маноф; онасининг исми Умая бинти Хорис. Арқамнинг оиласи Макканинг энг бой ва мўтабар оилаларидан бири бўлиб, Маҳзум қабиласига мансуб эди. Онаси Умая эса Ҳузо қабиласидан эди. Маҳзумийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муҳолифларидан бўлишига қарамай, Арқам уларнинг содиқ саҳобаси бўлган. Ибн Абдулбарродан ривоят қилинишича, Арқам “Золимларга қарши мазлумлар билан бирга курашамиз” деб онт ичган ва ислом тарихида “Ҳилфул Фузул” жамияти деб номланган гуруҳ аъзоларидан эди. Арқам Абу Бакрнинг даъвати билан Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Усмон ибн Мазъун каби саҳобалар бир кунда мусулмон бўлиш шарафига эришишган. Ислом тарихига оид манбаларда унинг исломни илк қабул қилган ўн беш кишидан бири бўлганлиги қайд этилади. Ўғли Усмондан ривоят қилинишига кўра, унинг еттинчи мусулмон эканини билдирувчи шундай гапи бор: “Мен исломда еттинчи бўлган кишининг ўғлиман. Отам ислом динини қабул қилганларнинг еттинчиси эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан илк Бадр ва Ухуд жанглари билан бирга  бўлиб ўтган барча ғазотларда иштирок этди. Мадинага илк хижрат қилганлардан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Талҳа билан унинг ўртасида қардошлик алоқаларини ўрнатдилар. Ҳижратдан сўнг Мадинада Зурайк ўғиллари маҳалласидаги бир уйда яшагани маълум. Ривоятларга кўра унга бу уй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам томонларидан берилган.
Арқам деган номни эшитганимизда ҳаёлга келадиган илк нарса унинг уйидир. Чунки “Арқамнинг уйи” Исломда ўзига хос ўрин олган. Бунинг боиси унинг уйи жойлашган худуд, Каъбанинг ғарбий қисмида Сафо ва Марва орасида, Сафо тепалигининг этагида ҳожилар ҳажни тавоф қиладиган энг серқатнов жойда эди. Арқам илк мусулмонларнинг азиятларга тўла кунларида уйини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ва айниқса ислом динининг хизматига бағшида этди. Бу ҳаракати билан у доимо ҳақ тарафда эканини кўрсатган. Ўша пайтларда Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўз уйларини тарк этиб, Арқамнинг уйига кўчиб ўтдилар. Бу ер исломга даъват учун энг ишончли жой эди. Бир муддат Арқамнинг уйида хавфсиз бўлиб, исломга даъват қилишни давом эттирдилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам қачон бу уйда яшаганликлари мунозарали мавзу бўлиб, 615, 617 йиллар деб таҳмин қилинади. Пайғамбарликнинг тўртинчи йили деб ҳам таҳмин қилувчилар ҳам бор. Арқамнинг уйи исломнинг илк йилларида Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга ва илк мусулмонларга бир муддат яширинишлари учун жой вазифасини ўтади. Исломга муҳаббат қўйганлар ўша ерга йиғилиб, жамоат намозини ўқирдилар. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларга пайдарпай нозил бўлган Қуръони карим оятларини ўқир, диний хукмларни ўргатар ва ўша ерга келганларни исломга даъват қилар эдилар. Шундай қилиб ушбу уй бир қанча инсонларни мусулмон бўлиш бахтига эриштирган жой бўлди. Ҳаттоки, ҳазрат Умар р.а. каби ислом тарихининг муҳим шаҳсларидан бирининг ҳидоятига ҳам саҳна бўлди. У мусулмон бўлгач Расулуллоҳ (с.а.в) бу уйдан кетдилар. Чунки ҳазрат  Умарнинг мусулмон бўлиши, исломнинг қувват олишига ва мусулмонларнинг тинч яшашларига замин яратди. Шундай қилиб, исломнинг илк йилларида мусулмонларга мушриклар зулмидан паноҳ бўлган ушбу уйга “Дорул ислом”, “Байтул ислом” каби номлар берилди. Ҳатто бу уйнинг ислом йўлида вақф этилган илк бино бўлгани ҳақида манбаларда қайд этилади. Ушбу хизматлари учун Арқам ва унинг уйи мусулмонлар томонидан доимо ҳурмат билан тилга олинади.
Уйнинг яна бир ўзига хос хусусияти, исломга илк кирганларнинг навбатини ва айниқса кимнинг исломга киришига ким сабаб бўлганини аниқлашда тарихнинг илк саҳифаси сифатида қўлланган. Ислом тарихчилари уйнинг бу хусусиятига катта аҳамият қаратганлар. Арқам ибн Абул Арқам р.а. бу муборак уйни кейинчалик ўғли ва яқинларига васият қилар экан  шундай деган:  
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм... Бу Арқамнинг Сафодан бироз олдинги уйи ҳақида қилган аҳди ва васиятидирки: Унинг худуди Харами Шарифдан бўлганлиги сабабли, уй ҳам ҳаром ҳисобланади ва унга тегиниш таъқиқланади. Сотилмайди ва уни ҳеч кимга мерос қилиб қолдириб бўлмайди. Ҳишом ибн Ос ва унинг қули (исми қайд этилмаган) бунга гувоҳдир”.
Арқамнинг бу муборак уйида ўғиллари ва набиралари томонидан истиқомат қилиш ва ундан фойдаланиш ҳалифа Абу Жаъфар ал Мансур даврига қадар давом этди (ҳ.158). Ҳалифа Мансур ҳаж зиёратига келганда, Сафо ва Марва орасида сайр қилаётган пайт Арқамнинг набирасига тегишли бўлган туялар уйнинг орқасидаги бир чодирда турган эди.  Ҳалифа уларнинг остки тарафидан ўтди. Орадаги масофа жуда қисқа бўлиб, ҳаттоки ҳалифанинг бош кийимига қўл узатиб олишлари мумкин эди. Ҳалифа Мансур Марвага тушиб, яна Сафо тепалигига чиққан пайт уйга ва уй ичидагиларни бироз кузатди. Ҳалифа Мансур Арқамнинг набираси Абдуллоҳнинг Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан тарафдорларидан эканидан ҳабар топиб, Мадина волийсига Арқамнинг набираси Абдуллоҳ ибн Усмонни занзирбанд этилиб, қамаш тўғрисида амр ёзди. Бу амрни куфалик Сихоб исмли шахс билан волийга жўнатди. Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Арқам занжирбанд этилган пайт ёши саксондан ошган эди. Бу ҳолатдан у қаттиқ ҳафа бўлиб, дили оғриди. Ҳалифа Мансурнинг Мадина волийсига юборган элчиси куфалик Сихоб ибн Абду Роббин Абдуллоҳ ибн Усмон қамалган жойга борди ва унга: “Мен сени қутқараман, фақат менга Дорул Арқамни сотасанми? Чунки ҳалифа шу уйни олишни истайди. Агар сотсанг, ҳалифа билан сен тўғрингда гаплашаман, айбинг ҳам авф этилади”, деди. Абдуллоҳ ибн Усмон: “Бу уй вақфдир, садақадир. Мени бу уйнинг бир қисмидагина ҳаққим бор. Бу уй синглим ва бошқаларга ҳам тегишли”, деди. Сиҳоб: “Сен ўз ҳаққингни бизга бер, у уй билан алоқангни уз”, деди. Абдуллоҳ бу уйдаги ҳаққидан ўн етти минг динор эвазига гувоҳ воситасида воз кечди. Ундан сўнг синглиси ҳам кўп пулга алданиб ўз хаққидан воз кечди. Ҳалифа Мансур шу тарзда бу уйда кимнинг хаққи бўлса барчасига пул бериб, уларнинг уйдаги хақларидан маҳрум қилди. Арқамнинг уйи Ҳалифа Мансурнинг вафотидан сўнг ўғли ҳалифа Маҳдига ўтди ва у аёли Ҳайзуронга эҳсон қилди.  Ҳайзурон Дорул Арқам атрофидаги уйларни ва арсоларни сотиб олиб, барчасини қайтадан қурдирди. Шундан сўнг бу иморат Дорул Ҳайзурон номи билан аталиб, масжид ҳолига келтирилди.
Арқам ибн Абул Арқам хижрий 54 ёки 55 йилда саксон ёшида Муовиянинг ҳалифалик даврида вафот этди. Бадр аҳлининг энг сўнгги вафот этган шахси бўлди. Васиятига кўра жаноза намозини дўсти Саъд ибн Абу Ваққос р.а. ўқиди ва Баъқи қабристонига дафн этилди.   
Ҳазрат Арқамнинг ота боболари Макканинг обрўли, бой раислари бўлиб, улар эскитдан ҳурмат ва эътиборда эдилар. Каъбаи муаззаманинг ғарб томонида ҳашаматли уйлари бўлиб, Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун келганлар, албатта уларнинг уйлари ёнидан ўтардилар. Сафо тепалигида бўлгани учун, узоқдан Каъба кўриниб турарди.
Ҳазрат Арқам мусулмон бўлгандан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в)ни уйига таклиф қилди. Расулуллоҳ (с.а.в) бир куни дўстлари Абу Бакр р.а. билан бирга келиб, Арқамнинг уйини нурга тўлдирдилар. Уйнинг кенг ва ёруғ хонасида бирга намоз ўқиб, ҳотиржам, узоқ суҳбат қурдилар. Суҳбат орасида ҳазрат Арқам деди:
-    Ё Расулуллоҳ! Уйим сизнинг ҳам уйингиздир. Амрингиздадир. Қачон,
қандай истасангиз бемалол ундан фойдаланишингиз  мумкин.
Ўша пайтларда илк мусулмонлар тазйиқ ва таҳдит остида кун кечираётган эдилар. Энг яқин қариндошлари ҳам уларга қаттиқ азоб бераётган эди. Яширин таҳорат олар, яшириниб намоз ўқир эдилар. Чунки бутларга топинувчи мушрикларнинг уларга нисбатан адоват ва нафратлари чексиз эди. Ҳазрат Арқамнинг шу онда қилган бу таклифи Пайғамбаримиз (с.а.в)га жуда маъқул келди. Ҳазрат Арқамнинг шинам ва озода уйи мусулмонлар учун ҳақиқий қутулиш маскани бўлди. Уй шу тарзда Дорул ислом яъни Ислом масканига айланди. Расулуллоҳ (с.а.в) сонлари ҳали ўн, ўнбеш орасида бўлган илк мусулмонлар билан бу уйга кўчиб ўтдилар. Ҳузур ичида ибодат қилиб, Ислом йўлида ҳаракат қилишни бошладилар. Икки олам сарвари (с.а.в) ва уларнинг суюкли биродарлари уч йилгача ушбу илк Ислом қалъасида бўлдилар. Бир қанча оятлар шу ерда нозил бўлди. Бир қанча машҳур кимсалар шу ерда ҳидоятга эришиб, мусулмон бўлдилар. Мусулмонлар сони қирққа яқинлашганда ҳазрат Абу Бакр р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан сўрадилар:
-    Ё Расулуллоҳ! Инсонларни динга ошкор даъват қилиш пайти
келмадими?  
Пайғамбаримиз (с.а.в) жавоб бердилар:
-    Ҳали камлик қиламиз.
Бироқ ҳазрат Абу Бакр р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ўтиниб сўрадилар ва
шундан сўнг барчалари бирга Каъба томон йўл олдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. ўрниларидан туриб, ўша ердагиларга дедилар:
-    Эй Қурайшликлар? Оллоҳ бирдир, Муҳаммад (с.а.в) Унинг Расулидир.
Келинглар биргаликда Исломда яшайлик. Фароғатга эришиб, охират азобидан қутулайлик.
Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам Абу Бакрнинг сўзларини тинглаб ўтирардилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг сўзлари битмай туриб, мушриклар уларнинг устига хужум қилдилар. Ҳам ҳазрат Абу Бакрнинг ҳамда шерикларининг устига бостириб келиб, уларни ура кетдилар. Ҳоинлиги билан танилган Робианинг ўғли Утба оёқ кийими билан ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг юз кўзларига урарди. Ҳамма томондидан қаттиқ зарба олган Абу Бакр р.а. охири ҳолдан тойиб йиқилдилар. Шовқин суронни эшитган Таймўғиллари қабиласи югуриб етиб келди. Нокас мушрикларни ҳар тарафга тарқатиб, қабиладошини қутқардилар. Чунки ҳазрат Абу Бакр манашу қабиладан эдилар. Ўша пайтларда қабила аъзолари ҳоҳ мусулмон бўлсин, ҳох мушрик бўлсин албатта қабиладошлари томонидан ҳимоя қилинарди.
Ҳазрат Абу Бакр р.а.ни қабиладошлари чойшаб ичига солиб олиб кетар эканлар, шундай дердилар:
-    Агар қабиладошимиз ўлса, онт ичамиз, Утбани соғ қолдирмаймиз!
Ҳазрат Абу Бакр р.а.ни мушриклар қўлидан қутқариб олиб келган
Баъни Тайм қабиласи ва оналари оқшомга қадар ётоқлари устида ўтириб кутдилар. Ваниҳоят қоронғи тушгач, ҳазрат Абу  Бакр р.а. кўзларини очдилар ва илк сўзлари:
-    Оллоҳнинг Расули яхшимилар, уларнинг ҳоллари қандай?, бўлди. 
Қабила катталари дашном бердилар:
-    Сен у сабабли шу ҳолга тушдинг, яна кўзингни очмай туриб, Унинг
ҳолини сўраяпсанми?
Онаси Уммул Ҳайр шовқин қилганларни ўғлининг бошидан ҳайдаб юборди ва бутун меҳри ва севгиси ила ўғлини таомлантиришга уринди. Улар эса ҳамон ўша саволни беришда давом этардилар. Уларнинг ўтинчли саволларидан сўнг оналари жавоб берди:
-    Қасам ичаман, менинг ҳабарим йўқ.
-    Ундай бўлса, суриштириб билиб беринг. 
Она ёлворган ўғилнинг юзидан ўтолмай уйдан чиқди. Бироздан сўнг
табассум билан қайтиб келди:
-    Хушҳабар ўғлим! Сен ҳавотирланаётган зот Арқамнинг уйида эканлар.
Ҳазрат Абу Бакрнинг кўзлари қувончдан порлади. Гўёки дунёлар уники бўлганди. Онаси эса қўлида ейиш учун таом узатарди. Абу Бакр р.а.:
-    Бориб ўз кўзим билан Ул зотни кўрмагунимча бўғзимдан не сув на
овқат ўтмайди, дедилар.
Шундан сўнг кун қорайиб, барча уйига тарқалишини кутдилар. Сўнг онаси ҳазрат Абу  Бакр р.а.нинг қўлтиқларидан суяб кўчага чиқдилар. Тўғри ҳазрат Арқамнинг уйига йўл олдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в)ни соғ саломат кўргач икки биродар қучоқлашиб кўришдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)ни ҳидлар ва қўлларидан ўпардилар, уйдаги мусулмонлар эса ҳазрат Абу Бакрни ўпардилар. Бу кўз қувонтирувчи саҳна узоқ давом этди. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шафқат билан боқишларидан раҳмлари келаётганини ҳис этган ҳазрат Абу Бакр р.а. Расулуллоҳ  (с.а.в)га илтимосларини айтдилар:
-    Ё Расулуллоҳ! Отам онам сизга фидо бўлсин. Илтимос мен учун ҳафа
бўлманг. Чунки ўша кофирлар юзимга кўпроқ урдилар ҳалос. Бироқ менинг вафодор онагинам фарзандлари учун жуда марҳаматлидир. Шунинг учун Оллоҳга дуо қилсангиз, онам ҳидоятга эришса ва шу билан Жаҳаннам оташидан қутулса.
Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в) табассум  қилдилар. Сўнг Оллоҳ таолога дуо қилдилар. Уммул Ҳайрга имон ва исломни таклиф этдилар. Бу қалби тоза она ҳеч бир тараддутсиз мусулмон бўлди ва абадий саодатга эришди. Шундай қилиб ҳазрат Арқам р.а.нинг уйлари яна бир карра барокотини кўрсатди. Кўп ўтмай ҳазрат Ҳамза р.а. ҳам мусулмонлар  орасига қўшилгач, мусулмонлар сони 39га етди. Пайғабаримиз (с.а.в)нинг бу боҳодир амакилари мусулмон бўлиши билан мусулмонларнинг кучи юксалди. Чунки ҳазрат Хамза р.а.нинг қиличи кескирлигини барча яхши биларди. Бутун Макка аҳли ҳазрат Ҳамза р.а.нинг жасорати ва қаҳрамонлигидан қўрқарди. Ҳазрат Ҳамза р.а. мусулмон бўлганидан сўнг бир  куни пешин намозини ўқиш учун мусулмонлар ҳазрат Арқамнинг уйларига тўпланган эдилар. Намоз ўқилиб, суҳбат қилиб ўтирардилар. Эшик қаттиқ тақиллади. Бориб қараган одам деди:
-    Ё Расулуллоҳ! Ҳаттобнинг ўғли Умар келибди, қўлида қиличи ҳам бор.
Шундан сўнг баъзилари дедилар:
-    Эшикни очмаймиз!
Баъзилари эса аксини айтдилар. Шунда ҳазрат Ҳамза р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)га қараб дедилар:
-    Кираверсин ё Расулуллоҳ! Шояд яхшилик учун келган  бўлса ҳайр
кўради, ёмон ниятда келган бўлса ўз қиличи билан калласини оламан.
    Эшик  очилди ва бутун ҳайбати ила Ҳаттобнинг  ўғли ичкарига кирди. Икки жаҳон султони ўрниларидан турдилар. Умарнинг олдига келдилар ва унинг елкасидан тутиб силтаганча дедилар:
-    Эй Умар ҳали ҳам воз кечмадингми?
Ҳаттобнинг ўғли иликларига қадар титраб кетди ва бор кучи билан деди:
-    Ла илаҳа иллаллаҳ, Муҳаммадун Расулуллаҳ!
Шу ондан бошлаб ҳазрат Умар р.а. мусулмонлик шарафига эришдилар.
Барча саҳобалар бор  овозлари билан:
-    Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Валлоҳу акбар!, такбирларини айтиб еру
кўкни тиратдилар.
Такбир овозларини ҳаттоки Макканинг энг узоқ жойидагилар ҳам эшитдилар. Чунки мусулмонлар сони қирқтага юксалган эди. Буни билган ҳазрат Умар р.а. дедилар:
-    Эй Оллоҳнинг Расули! Изн берсангиз бориб биргаликда Байтуллоҳда
намоз ўқисак.
Пайғамбаримиз (с.а.в) бу таклифни қабул қилдилар. Манашу кундан бошлаб ҳазрат Арқам р.а.нинг сирларга тўла гўзал уйлари Дорул  Арқам ўз вазифасини якунлади. Чунки ўша кундан бошлаб мусулмонлар ибодатларини очиқчасига ҳар ерда қила бошладилар.
Оллоҳ таолонинг амри билан Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага хижрат қилганларида ҳазрат Арқам р.а. ҳам барча саҳобалар каби Маккадаги гўзал уйлари, ерлари ва қариндошларини тарк этиб Мадина томон йўл олдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинада уларни ҳазрат Зайд ибн Саҳл р.а.билан қардош деб эълон қилдилар. Тирикчилик ўтказишлари учун Баъни Зурайк маҳалласидан бир миқдор ер бердирдилар.
Ҳазрат Арқам р.а. гўзал имон соҳиби бўлиб, аҳлоқли, саҳий бир мусулмон эдилар. Намоз ўқишга катта аҳамият қаратар, бу борада эҳтиёткор эдилар. Бир куни йўловчи уст бошлари билан Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳузурларига бориб салом бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в) алик олгач сўрадилар:
-    Қаерга кетаяпсан?
Ҳазрат Арқам р.а. қўллари билан Байтул Мақдисга ишора қилдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) яна сўрадилар:
-    У тарафга сени боришга ундаган нарса нима тижоратми?
-    Йўқ Ё Расулуллоҳ. Мақсадим тижорат эмас, Байтул Мақдисда намоз
ўқишни истайман ҳолос.
Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в) Макка тарафларига ишорат қилиб дедилар:
-    Масжидул Ҳаромда ўқилган бир ракат намоз бошқа жойларда ўқилган
минг ракат намоздан ҳайрлироқдир.
Мадинада порлаган Ислом қуёши ўз нурлари билан аввал яқин жойларни, сўнгра узоқларни ёрита бошлади. Оллоҳнинг ризоси учун Оллоҳнинг дини бўлган Исломни ёйиш мақсадида жанглар бўлди. Аввал буюк Бадр, сўнг ибратли Уҳуд, кейинроқ Ҳандақ ва бошқа ғазотлар бўлиб ўтди. Ниҳоят Ислом туғилган муборак Макка мушрикларнинг маркази бўлишдан озод қилиниб, фатҳ этилди. У  ердан дунёнинг тўрт тарафига тарқалдилар.
Ҳазрат Арқам р.а.нинг нурли уйлари Дорул Исломда етишган 40 буюк саҳоба бугун ер юзида яшаётган 400 миллион мусулмоннинг юлдузлари, йўлбошчилари, оталари бўлдилар.
Ҳазрат Арқам р.а.нинг уйлари шундай қилиб Ислом тарихида катта аҳамият қозонди. Ушбу муборак уйда бир қанча ояти карималар нозил бўлди.
Ҳазрат Арқам р.а. Бадр, Ухуд ва бошқа ғазотларда қатнашдилар. Барчасида буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Оллоҳ таолонинг Расули даврида Расулуллоҳ  (с.а.в) уларга закот тўплаш вазифасини бердилар. Ҳар доимгидек бу вазифани ҳам гўзал адо этдилар. Тирикчиликлари зироат ва тижорат билан ўтарди.  Ҳеч кимга муҳтож бўлмай яшадилар. Тўғрилик ва диндорлик аҳлоқларининг тамал тошлари эди. Икки ўғиллари бор эди: Абдуллоҳ ва Усмон, қизлари: Мариям, Сафия ва Умаядирлар. Ҳижратнинг 53 йилида 83 ёшларида Мадинада вафот этдилар. Жаноза намозини васиятларига биноан биргаликда мусулмон бўлиш шарафига эришган ҳазрат Саъд ибн Абу Ваққос р.а. ўқидилар. Баъқи қабристонига дафн этилганлар. 

Орқага Олдинга