loader

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

Умар ибн Хаттоб иккинчи рашид ҳалифа бўлиб, ислом динини ер юзига ёйиш мақсадида Расулуллоҳ (с.а.в) томонларидан олиб борилган тавхидий курашда ул зоти шарифга энг эқин бўлган саҳобалардан бири ҳисобланади. Ҳазрат Умар р.а. машҳур Фил воқеасидан ўн уч йил кейин Маккада дунёга келган. Ҳазрат Умар р.а.нинг ўзидан нақл қилинган бир ривоятга кўра, Катта Фижор жангидан тўрт йил кейин дунёга келган. Отаси Ҳаттоб ибн Нуфайл бўлиб, насаби Каъбда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг насаблари билан бирлашади. Қурайшнинг Одий қабиласига мансуб бўлиб, онаси Абу Жаҳлнинг синглиси ёки амакиваччаси бўлган Хантамадир. Ислом манбаларида Хазрат Умар р.а.нинг мусулмон бўлишидан олдинги хаёти ҳақида кўп маълумот келтирилмаган. Фақатгина болалик пайти отасига тегишли бўлган сурувга чўпонлик қилгани, кейинчалик эса тижорат қилгани ҳақидаги маълумотларни учратишимиз мумкин. У Сурия томонларга борадиган тижорат карвонларида иштирок этарди. Жоҳилия даврида Қурайшнинг обрўли кишиларидан бўлиб, Макка шаҳрининг элчилик вазифаси унинг қўлида эди. Агар бирор қабила билан Қурайш ўртасида жанг чиқиш эҳтимоли юзага келса, қарши томонга элчи сифатида Умар жўнатилар ва қайтишда у келтирган маълумот ва унинг фикрига кўра ҳаракат қилинар эди. Умар қабилалар ўртасидаги турли англашилмовчиликларнинг олдини олишга ва қабилалар орасидаги адоватни кўтариб, бир бирлари билан яраштириб, ўртадаги вазиятни қўлдан келганча тинч йўл билан ҳал этишга ҳаракат қиларди.
Ҳазрат Умарнинг жаҳлдорлиги сабабли, мусулмонларга қаттиқ азият етказган мушриклар орасидан жой олган эди. Ҳаттоки у ўз нафрати туфайли ота боболари топинган бутларни инкор этиб, инсонларни улардан юз  ўгиришга чақираётган Муҳаммад (с.а.в)ни ўлдиришга қарор қилди. Бир куни қиличини олиб, Пайғамбарни ўлдириш учун йўлга тушди, бироқ исломга қарши бу ҳаракатининг ниҳоси унинг мусулмон бўлиши билан ниҳояланди. Ислом тарихшуносларининг маълумотларига кўра, ҳазрат Умарнинг мусулмон бўлиш воқеаси шундай рўй берган:
Умар Расулуллоҳ (с.а.в)ни ўлдириш мақсадида уларнинг хузурларига йўл  олган вақтда йўлда Нуайм ибн Абдуллоҳга дуч келади. Нуайм ундан ғазаб билан қаерга йўл олганини сўраганда у ниятини Нуаймга айтади. Нуайм Умарнинг ниятини билгач, унга аввал оила аъзоларининг ёнига бориб уларнинг аҳволини билишини, улар янги динга кирганлакларини айтади. Бундан  хабар топган Умар ғазаб билан поччасининг уйига йўл олади. Эшик ёнига келган пайт ичкарида Қуръони каримдан суралар ўқилаётган эди. Эшик тақиллагач, ичкаридагилар Қуръон саҳифаларини яширдилар. Ичкарига отилиб кирган Умар поччасининг ерга ётқазиб бўға бошлади, уларни ажратиш учун ўртага тушган синглисининг бурнини бир зарба билан қонатди. Бундан ғазабланган синглиси, нима қилса ҳам кирган динидан қайтмасликларини айтгач, унга нисбатан марҳамат туйғуси уйғониб, ғазабдан босилди ва ўқиётган нарсаларини кўриш истагини билдирди. Унга тақдим этилган Қуръон саҳифаларини ўқиган Умар ўша ернинг ўзида имон келтирди ва Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қаерда эканликларини сўради. Ўша пайтларда мусулмонлар Сафо тепалиги ёнида жойлашган Арқам р.а.нинг уйларига яширинча йиғилиб, ибодат қилаётган эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг Дорул Арқамда эканликларидан хабар топган Умар р.а. дарҳол ўша ерга йўл олди. Эшик тақиллаган пайт келган Умар  эканлигини билган саҳобалар қўрқувга тушдилар. Чунки Умар р.а. қуролланган ҳолда эшик ёнида турарди. Ҳазрат Ҳамза: “Келган Умар экан. Яхши ниятда келган  бўлса ҳеч қандай муаммо йўқ, агар ёмон ниятда келган бўлса, уни ўлдириш биз учун осон”, деди ва эшикни очди. Расулуллоҳ (с.а.в) Умар р.а.нинг икки ёқасидан олдилар ва: “Мусулмон бўл эй Ибн Ҳаттоб! Оллоҳим унга ҳидоят бер!”, дедилар. Умар р.а. дарҳол шаҳодат калимасини келтириб, имон келтирганини айтди. Ривоятларга кўра Умар р.а.нинг имонга келиши Расулуллоҳ (с.а.в)нинг: “Оллоҳим Исломга ё Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Хишом (Абу Жаҳл) билан қувват бер”, деб қилган дуолари сабаб бўлган.
Умар р.а. рисолатнинг олтинчи йилида мусулмон бўлган. У имон келтирганлар орасига қўшилган пайтда мусулмон сони етмиш, саксон кишини ташкил этарди.
Макка мушрикларининг кўрсатган зулмлари сабаб,  мусулмонлар Байтуллоҳга бориб ошкор намоз ўқий олмас, яширин ибодат қилишга мажбур эдилар. Умар р.а. мусулмон бўлгач, тўғри Байтуллоҳга йўл олиб, мусулмон бўлганини айтиб бақирди. У ерда бўлган мушриклар ҳазрат Умарга ташландилар, бироқ енгилмас ҳазрат Умар мушриклар билан курашиб, бир қанча мусулмонлар билан Байтуллоҳда намоз ўқидилар. Шу тарзда Умарнинг имонга келиши ислом ва мусулмонлар учун қувват бўлди. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг: “Умарнинг мусулмон бўлиши бир фатх эди”, деган сўзлари бунинг исботидир. Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятига кўра, мусулмонлигини биринчи бўлиб мушриклар олдида эълон қилган саҳоба Умар р.а. бўлган. Ҳазрат Умар р.а. имон берган куч ва ҳаяжон билан куфрга қарши ошкора кураш олиб борар, ҳеч қандай таҳдид уни қўрқувга солмас эди. Мушриклар ундаги шижоат ва қатъиятни аввалдан  билганликлари учун, унинг жаҳлини чиқаришдан чекинар эдилар.
Мусулмон бўлганидан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ёнларидан айрилмади ва бор кучини Ул зоти шарифни қўриш, мушриклардан ҳимоя қилиш учун сарфлади.
Мадинага хижрат қилиш амр қилингандан сўнг, мусулмонлар яширинча Маккадан Мадинага хижрат қила бошладилар, бироқ ҳазрат Умар р.а. яширинишга эҳтиёж сезмади. Умар р.а. билан бирга йигирмата мусулмон Мадина томон йўлга отланди. Ҳазрат Али р.а. унинг хижрат қилиш воқеасини шундай баён этади: “Умардан бошқа яширинмай хижрат қилган бирор кимсани билмайман. У хижратга хозирлик кўраётганда қиличини тақди, ёйини елкасига осди, қўлига ўқдонини олди ва Каъбага борди. Қурайш катталари Каъбанинг ҳовлисида ўтирар эдилар. У Каъбани етти марта айланиб тавоф қилгандан сўнг, Мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқиди. Ҳалқа ҳалқа бўлиб ўтирган мушрикларнинг ёнидан бирма бир ўтиб, уларга: “Юзлар кирланди. Ким онасини фарзандсиз, фарзандларини етим, аёлини тул қолдиришни истаса шу водийда мени таъқиб этсин”, деди. Уларнинг ҳеч қайсиси унинг йўлини тўсишга жасорат қилолмади”.
Умар р.а Мадинада хаёт кечирган чоғида исломнинг ёйилиши йўлида бўлган барча ходисаларда фаол иштирок этди. Расулуллоҳ (с.а.в) муҳим қарорлар қабул қилиш пайтида маслаҳат сўраган зотлар бошида Умар р.а. туради. Унинг фикрлари ва қарашлари шу қадар исботли эдики, ҳаттоки баъзи оятлар аввал у ишорат қилган фикрларга мос равишда нозил бўлар эди. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрат Умарнинг бу фазилатлари ҳақида шундай деганлари ривоят қилинади: “Оллоҳ ҳақни Умарнинг тили ва қалбига жо этди”.
Умар (р.а.) Бадр, Ухуд, Хандақ, Ҳайбар ва бошқа ғазотларнинг барчасида қатнашди, ва кўп сонли кичик юришларда ҳам иштирок этди ва уларда қўмондон бўлди. Улардан бири хижратнинг еттинчи йилида Ҳавозинларга қарши қилинган юришдир.
Умар р.а. барча масалаларда соф ва адолат йўли билан қарор қиларди. Унинг куфрга нисбатан душманлиги, мушрикларнинг мусулмонларга берган азиятларига чидаб туролмаслиги туфайли баъзи қарорларга кескин қаршилик билдирар эди. Ҳудайбия сулҳида мушрикларнинг сулх моддаларини ўз фойдаларига ўзгартиришларига қарши чиқиши шулардан биридир. Бироқ у Расулнинг Оллоҳ Таоло кўрсатган йўлда ҳаракат қилаётганини кўриб ўзини идора қилди.
Расулуллоҳ (с.а.в) вафот этганларидан сўнг юзага келган вазиятни тўғирлаб, ҳазрат Абу Бакрни ҳалифа этиб сайланишида катта хизмат қилди. Ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг ҳалифалик даврида ҳазрат Умар р.а. ҳалифанинг энг яқин суянчиғи ва ёрдамчиси бўлган. Ҳазрат Абу Бакр р.а. ҳасталаниб, вафот этишларини билгандан сўнг, ҳазрат Умар р.а.ни ўрнига ҳалифа этиб тайинлаш ҳақида ўйлайди ва бу ҳақда баъзи саҳобалар билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикрларини ҳам билади. Барчалари ҳазрат Умар р.а.нинг фазилатда бошқалардан устунлигини таън олсаларда, ҳалифалик учун қаттиққўллик қилишини таъкидлар эдилар. Ҳатто Талҳа р.а ва бошқа баъзи саҳобалар унга “Роббинг сендан “Умарни нега ҳалифа этиб тайинладинг?”, деб сўраса қандай жавоб берасан? Биласанку Умар жуда жаҳлдор одам”, дейдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. уларга: “Шундай жавоб бераман: “Оллоҳим қулларингнинг энг яхшисини уларга ҳалифа қилдим”, деб жавоб беради. Шундан сўнг ҳазрат Усмон р.а.ни чақириб бир қоғозга ҳазрат Умар р.а.ни ҳалифа этиб тайинлаганини ёздиради. Қоғоз қаватланиб, муҳрлангандан сўнг ҳазрат Усмон р.а. ташқарига чиқиб инсонлардан қоғозда ёзилган кимсага байъат қилишларини сўрайди. Ўша ердаги одамлар байъат қилгандан сўнг ҳазрат Умар р.а. II рашид ҳалифа бўлиб, ислом давлати бошига келди.
Ҳазрат Умар р.а. даврида Ислом давлати ва фатхлар
Расулуллоҳ (с.а.в) ҳаётлик чоғларида Арабистон яримороли Ислом ҳокимиятига бўйсундирилган ва инсонлар алоҳида алоҳида мусулмон бўлиб, бутун бир Ислом давлати юзага келганди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) бошқа давлатларга ҳам элчилар жўнатиб, Исломга киришларини таклиф қилган, бироқ Византия империяси мусулмонларга нисбатан қўпол ҳаракат қилгани сабабли, уларга юриш бошлаган эдилар. Абу Бакр р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг вафотларидан сўнг юзага келган Ридда ҳаракатларини бостириб, Византия худудига аскарлар жўнатган ва яна бир тарафдан Эрон давлатига қарши қўшин ҳам йўллаган эди. Ҳазрат Умар р.а.нинг биринчи галдаги вазифаси ушбу сиёсатни давом эттиришдан иборат эди. Ҳазрат Умар р.а. бир томондан Сурия фатхининг тугалланиши учун ғайрат кўрсатса, бошқа томондан Эрон жабҳасидан натижа олиш учун ҳаракат қиларди. Қодисия жангида Эрон қўшини мағлуб бўлиб, Кисро саройларини ислом қўшинига ташлаб ўзи шарқ томонга қочишга мажбур бўлди. Кетма кет юборилган қўшинлар Эроннинг баъзи худудларини жанг билан, баъзи худудларини сулх йўли билан ислом ҳокимияти остига олди. Шимолга юборилган Муғийра ибн Шуба Азарбайжонни сулх йўли билан қўлга олди. Арманистон худуди фатх қилинган ерлар орасида эди.
Сурия фатх этилгандан сўнг ушбу худуддаги қўшин шарқ томонга йўналди. Атрофидаги шаҳар ва шаҳарчалар фатх этилгандан сўнг Қуддус қамалга олинди. Шаҳардаги христианлар бир муддат ислом қўшинига қарши чирансаларда, охирида сулх тузишга мажбур бўлдилар. Бироқ шаҳарни халифанинг шаҳсан ўзига топшириш шартини билдирдилар. Ҳолат Абу Убайда р.а. томонидан ҳазрат Умар р.а.га хабар қилинди. Ҳазрат Умар катта саҳобалар билан масалаҳатлашиб, Мадинадан Жобия томон йўл олди. Жобияда қилинган келишувдан сўнг ҳазрат Умар шаҳсан Қуддусга бориб шаҳарни қабул қилиб олди. Ҳазрат Умар р.а. қисқа муддат Қуддусда қолгач, Мадинага ортга қайтди. Бу орада Эрон худудида вазият чигаллаша бошлаган эди. Ҳазрат Умар р.а худуддаги қўшинни қувватлантириб, Эрон масаласини ноҳоялашга қарор қилди. Ҳижрий 21 йилда бошланган ва доимий равишда қувватлантирилган қўшин Азарбайжон ва Арманистон билан бирга Хуросонга қадар бутун Эрон тупроқларини олди ва Форс жабҳасида юришлар тугатилди. Бошқа томондан Амр ибн Ос тузган режаси асосида Мисрни фатх этган ва мусулмонларни Мисрдан ҳайдаб чиқариш учун Искандарияда тайёргарликни бошлаган Византияликларнинг устига юриш қилиб, у ерни ҳам олган эди. Шу тарзда Суриядан сўнг Мисрда ҳам Византия хокимиятига якун ясалган эди.
Ислом қўшини томонидан фатх этилган худудларда мусулмонларнинг одилона ҳаракатларидан таъсирланган халқлар қабила қабила бўлиб исломга кираётган эдилар. Асрлар давомида Византия ва Эрон давлатларининг зулми остида эзилган ва хорланган миллатлар исломга муҳаббат қўйиб, мусулмон бўлар, ўз динидан воз кечмаганлари эса ҳеч қандай зулм ва хатарсиз ўз ўлкаларида истиқомат қилишар эди.
Ҳазрат Умар бир томондан исломни дунёга ёйиш учун  ҳаракат қилса, яна бир томондан давлат ишларини йўлга қўйиш учун бор қувватини сарф этарди.
Ҳазрат Умар р.а.дан аввал аскарлар ва уларга тарқатиладиган пуллар ҳеч қаерда қайд этилмас, бу ҳолат кўплаб англашилмовчиликларга сабаб бўлар эди. Илк даврларда бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди аслида. Бироқ борган сари Ислом давлатининг сарҳадлари кенгайиб, мусулмонлар ортгани сари давлат ишларини пухталик билан юритиш ва ҳар бир чиқим ва киримни қайд этишга эҳтиёж туғилди. Ҳазрат Умар р.а. биринчи бўлиб аскарлар тотмонидан келиб тушадиган ўлжаларни ва уларга тарқатиладиган улушни қайд этувчи “девон” ташкилотини тузди. Сурия ва Ироқда ташкил этилган девонлар солиқларни тўплаш билан алоқадор ишларни юритар эдилар.
Ҳазрат Умар р.а. шаръий хукмларни чиқариш вазифасини волийларга алоқадор бўлмаган ҳолда иш юритувчи қозиларни тайин этган илк кимсадир. У Куфа қозилигига Сурайҳ ибн ал Ҳорисий, Миср қозилигига эса Қайс ибн Абул Ос Саҳмийни тайинлади. Унинг Мадинадаги қозиси Абу Дардо р.а. эди. Ўша даврнинг энг  машҳур қозиларидан бири Абу Мусо ал Ашъарийдир. Ҳазрат Умар  ўзи  тайинлаган қозиларга вазифаларини қандай адо этишларига доир таълимотлар берар, уларга кўрсатилган чегарадан ташқари чиқмай иш  кўришларини уқдирарди.
Ҳазрат Умар р.а.нинг умри давомида ва айниқса халифалик даврида ҳеч қачон оғишмаган жиҳати унинг адолати эди. У мавқеъ, мансаб, насаб ва ҳеч қандай жиҳатига кўра одамларни бир бирларидан ажратмас, ҳақ йўлида барчага бирдек хукм чиқарар эди. Бу борада унинг ёнида бир қул ва унинг хўжайини орасида ҳеч қандай фарқ йўқ.
У ҳар доим мамлакатда нуқсонсиз адолат хукм суриши, муҳтож ва фақир кимсаларнинг манфаатлари учун, энг чекка масканлардаги вазиятдан вақтида хабардор бўлиш учун бор иконини ишга солди. У муҳтож кимсаларни ҳеч қачон динига кўра ажратмаган, ҳристиан ва яхудий бўлган фақирларга ҳам қўлидан  келганча ёрдам берган.
Давлатнинг асос вазифаларидан бири инсонларни илмли қилишдир. Ҳазрат Умар р.а. фатх этилган мамлкатларда мактаблар очтирган, у ерларга мударрислар тайинлаган ва Қуръонни ўқиш ва унга амал қилиш учун керакли таълим берилишини ҳар жиҳатдан таъминлаган. Исломни мусулмонларга ўргатиш  учун саҳобаларни ва олимларни турли худудларга жўнатган.  Қуръон, ҳадис ва фиқх илмини ўргатувчи ушбу мударрисларга катта миқдорда маошлар белгилаган.
Ҳазрат Умар  мамлакатнинг  ҳар тарафига масжидлар қурдирган. Унинг ҳалифалик даврида тўрт мингта масжид барпо этилгани ривоят  қилинади. Биринчи бўлиб тақвимдан фойдаланишга ҳазрат Умар р.а. даврида эҳтиёж туғилган ва бунга Ҳижрат асос  қилиб  олинган. Шу тарзда давлат  ишларида вақт билан боғлиқ ҳолда юзага келган  муаммолар бартараф қилинган.
Ислом давлати мустақил ва кенг сарҳадли давлат бўлишига қарамай, қўлланадиган пуллар чет мамлакатларники эди. Ироқ ва  Эрон худудларида Форс  дирҳамлари, Сурия ва Миср томонларда эса Византия динорлари амал қиларди. Бу ҳолат кейинчалик иқтисодий босим таҳликасини юзага келтириши мумкин эди. Ҳазрат Умар ҳижрий 17 йилда пул бостириб бу муаммони ҳал этди.
Ҳазрат Умар р.а. Ислом худудларининг хавфсизлигини таъминлаш, ташқаридан келиши мумкин бўлган таҳликаларнинг олдини  олиш  мақсадида мудофаа қалъаларини ташкил қилган.
Ҳазрат  Умар р.а. жамият билан боғлиқ масалаларда бирор  қарорга келиш учун, аввало, мусулмонлар билан кенгашар, уларнинг фикрларини сўрар эди. У “халқ фикрини билмасдан чиқарилган қарор муваффақиятсизликка юз тутади”,  дер эди. Кенгаш тартиби шундай ўтқазиларди: Аввал мусулмонларнинг кўп қисмини йиғиб, масала ҳақда уларнинг фикрларини билар,  уларнинг ортидан Қурайшликларнинг тушунчалари билан ўртоқлашар, охири саҳобаларнинг фикрларини сўрар эди.  Шу тарзда энг одилона қарор юзага келарди.              
Ҳазрат Умар  р.а мусулмонлардан ўзининг ишларида бирор хатони сезсалар дарҳол огоҳлантиришларини сўрардилар. Бошқа динларга мансуб бўлган кимсалар билан алоқадор бўлган ишларда эса уларнинг эътиқодларини билар, сўнг уларнинг диндорлари билан кенгашардилар. Бу хусусият Умар  р.а.нинг адолат борасида кенг қамровли эканликларини билдиради.
Ҳазрат Умар р.а давлат бошқарувига тайинлаган одамларига қаттиққўл эдилар ва уларнинг ноҳақлик қилишларига ҳеч қачон кўз юмиб кетмасдилар. Халққа жуда меҳрибонлик билан муносабатда бўлар, улардаги яширин ва ошкора барча муаммоларни ҳал этиш учун кечани кеча, кундузни кундуз демай ҳаракат қиларди. У ўзининг бу хусусиятини шу сўзлари билан изоҳларди: “Фират соҳилида бир туя халок бўлса, Оллоҳ уни Умардан сўрайди, деб қўрқаман”.  
Ҳазрат Умар р.а. марказдан  олисда бўлган худудлардаги халқларнинг  фикрларини билиш  мақсадида у ерларга сафарлар уюштирар, халқнинг аҳволини яқиндан ўрганиш учун улар билан суҳбатлар қурар эди. У инсонлар дардларини узоқ диёрларда бўлганлиги сабаб халифага етказа олмасликларидан қўрқар эди. Баъзи ўлкаларга шу мақсадни кўзлаб борган, бироқ кўплаб мамлакатларга саёҳат реажалаштирган бўлсада, бунга унинг умри етмади. Ислом тарихида адолат тимсоли сифатида ўрин олган Умар р.а. ҳақидаги қуйида келтирилган ривоят унинг ушбу сифатига бўлган яққол далилдир.
Бир  куни Аслам билан Ҳарро тарафларда (Мадинанинг ташқари худуди) айланиб юраркан, узоқдан гулхан ёруғига кўзлари тушди ва Асламга: “ўша ерда чорасиз қолган кимса борга ўҳшайди. Юрақол унинг ёнига  борамиз”, деди. У ерга борганларида бир аёл икки боласи билан қозон тагига ёқилган олов атрофида ўтиришар  эди. Ҳазрат Умар уларга: “Нурли оилага салом”, деди. Аёл алик олгандан сўнг ҳазрат Умар уларнинг ёнларига бориш учун изн олдилар ва болаларнинг нима сабабдан йиғлаётганини сўрадилар. Аёл болаларнинг очликдан йиғлаётганларини айтгач, ҳазрат Умар ҳайрат билан қозонда  нима  пишираётганини сўрадилар. Аёл қозонда сув қайнаётганини, болаларга овқат ҳозир пишади, деб уларни овутаётгани ва уларни шу тариқа ухлаб  қолишларини кутаёганини айтди ва “Оллоҳ бунинг ҳисобини ҳали Умардан сўрайди”, деб қўшиб қўйди. Ҳазрат Умар р.а. ундан: “Умар бу ҳолатни қаердан ҳам билсин?”, деб сўраган эди аёл шундай дед жавоб берди: “Агар билмас экан нима учун халифа бўлди”. Шундан сўнг ҳалифа дарҳол ўрнидан туриб Аслам билан бирга озиқ овқат омборига борди ва емаклар билан тўлдирилган қопни Аслам кўтаришни истади. Бироқ ҳазрат Умар р.а. унга: “Қиёмат куни менинг юкимга сен шерик бўлолмайсан. Шунинг учун қўй, ўз юкимни ўзим ташлай”, деди ва қопни елкасига ортганча аёл ва унинг  болалари  томон йўл олди. У ерга боргач таомни  шахсан Умар р.а.нинг ўзлари  пиширдилар ва уларни тўйдирдилар. Аслам бу ҳақда: “У оловни пуфларкан, ёноқларидан чиққан  тутунни кузатиб  турардим”, дейди. Ҳазрат Умар р.а. у ердан кетаётганда аёл унга: “Сиз халифаликка Умардан кўра лойиқроқсиз”, деди. Ҳазрат Умар аёлга: “Умарни дуо қил, бирор кун унинг зиёратига борсанг у ердан  мени топасан”, деди. Бу воқеа унинг инсонпарварлиги ва адолатпешалигига мингдан бир мисол ҳалос.
Илми: ҳазрат Умарнинг фиқҳ илмидан ташқари яна бир хусусияти бор. У давлат сиёсати билан шуғулланган ҳолда, унинг асоси бўлган илмни ривожлантиришга ҳаракат қиларди. Фиқҳ усулининг ривожланишини ҳазрат Умар р.а. бошлаб берган. Ундан саҳиҳ (senet)вексел билан ривоят қилинган фиқҳий хукмларнинг бир неча минги бор. Ҳазрат Умарнинг фиқҳий хукмлари Ислом хуқуқида катта аҳамиятга эга бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг хадисларидан бошқа бирор нарса унинг бу хукмларидан устун эмас.
Ҳазрат Умар р.а. ҳадис ривоят қилиш борасида жуда эҳтиёткор эди. У Пайғамбаримиз (с.а.в)дан хадис  ривоят қилган баъзи кимсаларни сўроқ қилиб, улардан ушбу хадислари учун гувоҳ истаган эди. Ҳазрат Умар  р.а.нинг ўзидан беш юз ўттиз тўққизта ҳадис ривоят қилинган. Хусусан Қуръони Каримнинг таъвил ва тафсирида ҳам катта илмга эга эди. Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинишича, ундан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг  ҳаётлик чоғларида кимларнинг фатво  берганлари сўралганда: “Абу Бакр ва Умардан бошқа бирор кимсанинг фатво берганини билмайман“,  деб жавоб берган эди.
Шаҳсияти: ҳазрат Умар р.а. ишонган ва эътиқод қилган бирор нарсасини ўрнига қўйиш учун қаттиқ харакат қиларди. У мусулмон бўлишдан  аввал илк имон  келтирганларга нисбатан қўпол ва жаҳлдор бўлган бўлса, мусулмон бўлгандан сўнг бу адоватни мушрикларга қарши йўналтирди. У ҳақ йўлида барчага бирдек турарди. Бунга  мисол сифатида у бирор нарсани таъқиқласа аввало ўз  оиласида бошлаганини келтириш  мумкин. У оила аъзоларини бир жойга йиғиб, уларга шундай дерди: “Фалон ишларни маън қилдим. Инсонлар сизларни қузғун гўштни кўзлагани каби кузатадилар. Оллоҳга қасамки, қай бирингиз бунга амал  қилмасангиз бошқалардан кўра кўпроқ жозоланасизлар”.
Қаттиққўл бўлишига қарамай, инсонларга нисбатан жуда камтарлик ва тавозеъ билан муносабатга  бўларди. Катта катта мамлакатларни қўлга олган ва кучли қўшинга эга бўлган давлат раҳбари бўлиш уни бошқа инсонлар каби тавозеъли ва оддий, содда хаёт кечиришига тўсиқ бўлолмади. Қимматбаҳо ва чиройли кийимлар кийишдан қочар, бошқа инсонлар каби оддий ва қийин  юмушларни ҳам ўзи бажарарди. Танимаган одам унинг халифа эканига асло  ишонмасди. Чунки уст боши кўпинча ямоқларга тўла бўларди.  
Ҳазрат  Умар гўзал  нутқ сохиби  бўлиб, ўз нутқи билан инсонларни таъсирлантира оларди. Унинг волийларга ёздирган таълимотлари ва мактублари араб тили учун бир намуна сифатида кўрсатилади.
Ҳазрат Умар р.а. шеъриятга қизиқар ва шеър завқини туйган  саҳобалардан саналади. Кўплаб араб шеърларини ёд олган ва оз бўлсада ўзи ҳам шеър  ёзган. Ҳазрат  Умар р.а. ибодат  қилаётган вақтида бутун борлиғи билан Роббига йўналарди. Халифа бўлгандан сўнг кундузи ишлари кўп бўлгани сабабли, нафл намозларини кечалари ўқир ва оила аъзоларини бомдод намозига: “ва намозни оилангга амр эт”(Тоха сураси 20/132) оятини ўқиб уларни уйғотарди. У ҳар йили ҳаж қилишдан чекинмас, хаж фарзини бажариш учун Маккага келган хожиларни шахсан зиёрат қиларди. Робби олдидаги маъсулиятини ўйлаб шундай эзилардики, қиёмат куни ҳисобдан жазосиз қутулса, бундан беҳад севинишини айтарди. У ўлим тўшагида ётган пайти бу қўрқувни шу мазмундаги байт билан баён этган: “Мусулмон бўлишим, намозларимни ўқиб, рўза тутганим мустасно, ўз нафсимга зулм қилганлардан бўлдим”.
Ҳазрат Умар  р.а.нинг шахсий хаётлари  жуда содда эди. Ҳазрат Умар р.а. Византия ва Эронни қўлга олган, уларни мағлуб этган давлат  раҳбаридир. Шунга қарамай ямоқдор кийимлар, эскирган, йиртиқ оёқ кийимлар билан хаёт кечирган оддий бир инсондир. Уни баъзан тул аёлга сув ташиб бераётганини, баъзан куннинг иссиғида хордиқ чиқариш учун масжиднинг пастки қисмидаги тупроқ устида ухлаётганини кўришарди. Мадинадан Маккага неча марта зиёрат учун борган бўлсада, ҳеч қачон ёнига чодир олмаган ва йўлда дам олиш учун тўхталганда бир чойшабни бутоқларнинг   устига ёпиб, фақирона тарзда дам олишни  ўзига лозим  кўрарди.
Кунларнинг бирида Аҳнаф ибн Қайс  бир қанча арабларнинг обрўли кишилари билан бирга ҳазрат Умар р.а.нинг зиёратларига бордилар; ҳалифани ҳирқасининг этагини белига йиғиб олган ҳолда югуриб югурганини кўрдилар. Умар р.а. Аҳнафни кўришлари билан: “Буёққа кел, давлат мулкига оид бўлган бир туя қочиб кетди, уни бизга тутишда ёрдам бер, молда қанча инсоннинг хаққи борлигини биласан”, деди. Шу аснода бир одам Умар р.а.га нима учун ўзини бу қадар қийнаб, туяни тутишни бирор қулга топширмаётганини сўраганда, у: “Мендан ҳам яхшироқ қул бор эканми?”, деб жавоб қайтарган эди.  
Шу тарзда кун кечирганига оид бу мисоллардан маълум бўладики, ҳазрат Умар р.а. умматнинг масъулиятини ҳар он ўзида ҳис этган. Ҳазрат Умар р.а. рўзғорини тижорат билан ўтказарди. Шу билан бирга Ислом манбаларида қайд этилишича, Расулуллоҳ (с.а.в) унга Мадинадаги баъзи ерларни ҳам берганлар. Ҳайбар фатхидан сўнг қўлга киритилган ерлар жанг қатнашчилари ўртасида тақсимлаб берилган эди. Бироқ ҳазрат Умар р.а. ўзига берилган улушни эҳсон сифатида шартнома қилиб берган эди. Шартномада: “Бу ер сотилмайди, эҳсон қилинмайди ва мерос йўли билан олинмайди. Келган фақирларга, қариндошларга, қулларга, Оллоҳ йўлида йўловчи ва мусофирларга ҳизмат қилади. Вақфни юритган кишининг ўлчовли ейишида ва едиришида сақланиш йўқ”. Исломдаги илк вақф шартномаси шундай юзага келган. Ҳалифа бўлганидан сўнг саҳобалар билан маслаҳатлашиб, ҳазрат Алига давлат хизматидаги фаолияти учун оилсанинг яшашига етарли тарзда маош белгилаб берган. Ҳижрий 15 йилда мусулмонларга маош берилиши бошланган пайтдан барча саҳобалар каби ҳазрат Умарга ҳам беш минг дирҳам маош тайинланган эди. Бу маблағ жуда оддий ва фақирона хаёт кечириш учун етарди холос. Ҳазрат Умар р.а. таом сифатида асосан шуларни ердилар: нон (буғдойдан бўлса кепакли), баъзан гўшт, сут, сабзавотлар.
Ҳазрат Умар р.а.нинг фазилат жиҳатдан устунлигига оид кўплаб саҳих хадислар ривоят қилинган. Ҳазрат Умар р.а. дин борасида шу қадар мустаҳкам эдики, ҳеч нарсага ҳеч қачон бу борада ён бермасди, ҳаттоки шайтон ҳам унга дуч келишдан қўрқарди. Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ёнига борди. Расулуллоҳ (с.а.в)дан савол сўраш учун келган аёллар ҳазрат Умар р.а.нинг овозини эшитишлари билан дарҳол туриб парданинг ортига ўтдилар. Ҳазрат Умар ичкарига кирганларида Расулуллоҳ (с.а.в) унга қараб кулардилар. Ҳазрат Умар: “Оллоҳ мотамда кулдирсин ё Расулуллоҳ”, деди. Унга жавобан Расулуллоҳ (с.а.в): “Менинг ёнимга келганлардан ҳайратдаман. Сенинг овозингни эшитишлари билан парда ортига яширинаяптилар”, деган эдилар, ҳазрат Умар р.а.: “Ё Расулуллоҳ, уларнинг яширинишларига сиз лойиқроқсиз”, деди. Кейин эса аёлларга юзланиб, “Эй нафсларининг душманлари! Расулуллоҳ (с.а.в)дан яширинмайсизлару, мендан яширинасизларми?”, деб танбеҳ бердилар. Аёллар: “Ҳа. Сен Расулуллоҳ (с.а.в)дан кўра қўпол ва жаҳлдорсан”, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в): “Нафсим етти қудрат қўлида бўлган Оллоҳга қасамки, шайтон бир йўлда сени учратса, йўлини ўзгартириб бошқа йўлдан кетарди”, дедилар.
Бошқа ривоятга кўра Расулуллоҳ (с.а.в) у ҳақда шундай деганлар: “Кўкда Умарни хурмат қилмайдиган бирор бир фаришта йўқ. Ер юзида Умардан қочмайдиган бирор бир шайтон йўқ”.
Расулуллоҳ (с.а.в), хақни таниш ва унга амал қилиш борасида Умар р.а.нинг устунлик жиҳатини қуйидаги сўзлари билан ифода этганлар: “Сиздан олдинги умматларда баъзан илҳом соҳиблари учрарди. Агар менинг умматларим орасидан шундай кимсалар чиқса, Умар ибн Хаттоб албатта улардандир”.
Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) Умарни кўрсатиб шундай деган эдилар: “У сизларнинг орангизда яшаган муддатгача, сизлар билан фитна орасида мустаҳкам ёпилган бир эшик бўлади”.
Ҳазрат Умар р.а. шундай дейди: “Роббимга уч нарсада мувофиқ тушдим: Мақоми Иброҳимда, ҳижобда ва Бадрнинг асирларида”. Дарҳақиқат, ушбу уч оят Умар р.а.нинг фикрларига уйғун ҳолда нозил бўлган эди. Ҳазрат Умар р.а. бошқаларини зикр этмаган. Масалан, мунофиқларнинг жаноза намозларини ўқимаслик учун Расулуллоҳ (с.а.в)га нозил бўлган оят шулар жумласидандир.
***
Ҳазрат Ҳамза р.а. мусулмон бўлгач, Макка мушрикларининг кўнглига ғулғула тушди. Чунки Қурайшнинг таниқли қаҳрамонларидан бири мусулмон бўлиб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг сафларидан жой олган эди. Бу ходиса мушриклар учун кутилмаган пайтда бошларига оғир тошнинг келиб тушишидек гап эди. Умар бу пайтларда ҳали мусулмон бўлмаган эди. Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в)ни кўрган жойида ўлдириш нияти билан уйидан чиқди. Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в)ни Масжидул Ҳаромда намоз ўқиётган жойларида топди ва намозларининг битишини сабрсизлик билан кута бошлади. Ҳабиби Акрам (с.а.в) ал Ҳаққа сурасини ўқирдилар.
Умар ибн Хаттоб Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ўқиётганларини завқ ила тинглар, умрида бундай гўзал сўзларни эшитмаганди. Бу ҳақда кейинчалик ҳазрат Умар р.а.нинг ўзлари шундай деганлар: “Тинглаётган бу сўзларимнинг гўзаллигидан, мукаммаллигидан ва чуқур маънодорлигидан ҳайратланиб, нима мақсадда келганимни унутгандим. Бу ходисадан сўнг қалбимда исломга нисбатан муҳаббат уйғонди”.
Ушбу воқеанинг ҳазрат Умар р.а.нинг мусулмон бўлишларида катта таъсири бўлган. Чунки Қуръон оятлари уларнинг қалбини юмшатиб, мусулмон бўлишлари учун замин ҳозирлаган эди.
Ҳазрат Хамза р.а. мусулмон бўлганларидан уч кун кейин Абу Жаҳл мушрикларни тўплаб деди:
-    Эй Қурайш аҳли! Муҳаммад бутларимизга тил текказди. Биздан
аввал яшаб ўтган ота боболаримизнинг жаҳаннамда азобланаётганини ва бизнинг ҳам ўша ерга боришимизни айтиб бизларни ҳақорат қилди. Уни ўлдиришдан бошқа чорамиз  йўқ. Уни  ўлдирган одамга юзта қизил туя ва ҳисобсиз олтин бераман.
    Бир онда Умар ибн Ҳаттобнинг қалбидан Исломга бўлган истак йўқолиб, ўрнидан  отилиб турди ва деди:
-    Бу ишни Хаттобнинг ўғлидан бошқа қиладиган кимса йўқ.
-    Тўғри айтасан эй Умар, ҳақиқатан бу ишни сендан бошқа бирор
кимса қилолмайди, деб уни мушриклар тўдаси олқишлади.
    Шундан сўнг Умар қиличини осиб, йўлга тушди. Йўлда Нуайм ибн Абдуллоҳни учратди. Нуайм ибн Абдуллоҳ ундан сўради:
-    Эй Умар бундай ғазаб ва шиддат билан қаерга йўл олдинг?
-    Миллат орасига нифоқ солган, оғани инидан айирган кимсани
ўлдириш учун кетяпман.
-    Эй Умар оғир иш учун отланибсан, унинг асҳоби атрофида парвона
каби айланиб, унга бирор зарар келишидан хавфсираб тиш тирноқлари билан уни асрайди. Барибир зарар етказа олмайсан.
    Бу гапни эшитган Умар баттар ғазабланиб, қиличига ёпишди:
-    Сен ҳам ўшаларданмисан? Агар ўшалардан бўлсанг, аввал сени
бирёқлик қиламан.
    Нуайм ибн Абдуллоҳ жавоб берди:
-    Сен мени қўй, ўз синглинг ва куёвинг Саиднинг ёнига бор.
Уларнинг мусулмон бўлганларига анча бўлди. Сен аввал ўз яқинларингга сўзингни ўтказ.
-    Йўқ уларнинг мусулмон бўлишлари мумкин эмас.
-    Менга ишонмасанг, бориб ўзларидан сўра.
Кутилмаган хабардан эсанкираган Умар дарғазаб бўлиб синглиси ва
куёвининг уйи томон йўл олди. Ўша пайтларда Тоҳа сураси янги нозил бўлган, куёви Саид билан синглиси Фотима сура оятларини ёздирган, ҳазрат Ҳаббоб ибн Арот исмли саҳобани уйларига чақириб, бирга ўқиётган эдилар. Умар ибн Хаттоб эшик ортида туриб уларнинг овозларини эшитди, сўнг эшикни зарб билан тақиллатди. Унинг белида қилич ва ғазаб билан турганини кўрган синглиси ва куёви дарҳол оятларни ва ҳазрат Ҳаббобни яширдилар ва эшикни очдилар. Ичкарига отилиб кирган Умар улардан сўради:
-    Нимани ўқиётгандингиз?
-    Ҳеч нарса  ўқимадик, деб жавоб берди синглиси билан куёви.
-    Йўқ ҳозиргина эшитдим ўқиётганингизни, эшитганларим рост экан,
сиз  ҳам ўшанинг сеҳрига алданипсиз.
    Ҳазрат Саиднинг ёқасидан олиб, ерга ағдарди. Эрини қутқармоқчи бўлган синглисининг юзига зарб билан мушт туширди. Бурнидан қон отилган синглисини кўргач,  унга раҳми келди. Фотиманинг оғиз бурни қонга бўялган эди. Шунга қарамай унинг қалбидаги имон кучи дарғазаб акасидан қўрқмай гапиришга ундади:
-    Эй Умар! Нима учун Оллоҳдан уялмайсан, оятлар ва мўжизалар
билан юборган Пайғамбарига ишонмайсан? Бошимизни олсанг ҳам биз исломдан қайтмаймиз.
    Сўнг шаҳодат калимасини ўқиди. Умар ибн Хаттоб синглисининг имони ва жасорати қаршисида бирдан юмшаб ерга ўтирди. Майин овоз билан:
-    Боя ўқиётганларингизни менга ҳам кўрсатинг?
-    Покланмагунингча уни сенга кўрсатмайман. 
Умар ибн Хаттоб ғусл олди. Шундан сўнг Фотима оятлар ёзилган
саҳифаларни келтирди. Умар ибн Ҳаттоб чиройли ўқирди. Тоҳа сурасининг оятларни гўзал овоз билан ўқий бошлади. Қуръони каримнинг фасоҳати ва балоғати унинг қалбини юмшатди. (Тоҳа сураси 6 оят)маъносидаги оятларни ўқиди ва чуқур ўйга ботди.  Сўнг шундай деди:
-    Эй Фотима! Бу битмас ва туганмас борлиқнинг бари сизлар
топинган Оллоҳникими?
-    Ҳа шундай, ёки бунга шубҳанг борми?
-    Эй Фотима бизнинг бир минг беш юзга яқин олтиндан, кумушдан,
бронзадан, тошдан ясалган ва безак берилган ҳайкалларимиз бор. Ҳеч биттасининг ер юзида бирор нарсаси йўқ.
    Ҳайрати янада ортди ва ўқишда давом этди: Allahü teâlâdan başka ibâdet edilecek, tapılacak hak bir ilâh, birma’bûd yoktur. En güzel isimler O’nundur) [Tâhâ: 8]. Сўнг шундай деди:
-    Ҳақиқатан нақадар тўғри сўзлар. 
Панада бу сўзларни эшитиб турган Хаббоб, яширинган жойидан дарҳол
чиқди ва такбир келтиргандан сўнг хушхабарни айтди:
-    Сенга хушҳабар бор эй Умар! Расулуллоҳ (с.а.в) Оллоҳ таолога
шундай дуо қилгандилар: “Ё Раббий! Бу динни Абу Жаҳл ёҳуд Умар билан қувватлантир”. Саодат сенга насиб этди.
    Бу оят ва бу дуо Умар ибн Ҳаттобнинг қалбидаги душманликни ўчириб юборди. Шундан сўнг:
-    Расулуллоҳ (с.а.в.) қаердалар? Мени Расулуллоҳ (с.а.в)нинг
ҳузурларига олиб боринглар!, деди.
    Энди унинг қалби Расулуллоҳ (с.а.в)ни кўриш истаги билан ёнарди. Бу пайтда Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Арқам р.а.нинг уйларида саҳобаларга насиҳат бераётган эдилар. Умар ибн Ҳаттобнинг келганини эшитган саҳобалар дарҳол эшик тирқичидан унга боқдилар. Қиличи ёнига осилган, ҳайбат билан турарди. Саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в)нинг атрофларини ўраб олдилар. Шунда ҳазрат Хамза р.а. дедилар:
-    Умардан чекинадиган нима ҳам бор. Яхшилик билан келган бўлса
ҳуш келибди. Бордию мақсади ёмонлик бўлса, у қиличига қўл узатмасдан калласини оламан.
    Пайғамбаримиз Расули Акрам (с.а.в) буюрдилар:
-    Йўл беринглар! Ичкарига кирсин.
Жаброил алайҳиссалом сал олдин Умар ибн Хаттобнинг имон
келтириш мақсадида келишини ва унинг йўлда эканини ҳабар қилган эди. Расулуллоҳ (с.а.в) уни табассум ила қарши олдилар. Умар ибн Ҳаттоб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қаршиларида тиз чўкди. Расули Акрам (с.а.в) унинг қўлидан тутиб буюрдилар:
-    Имонга кел, эй Умар!
У эса тоза қалб билан шаҳодат калимасини келтирди. Саҳобаларнинг
қувонч билан келтирган такбирлари кўкка юксалди.
    Ҳазрат Умар р.а. мусулмон бўлгандан кейинги ҳоллари ҳақида шундай дейдилар: “Мусулмон бўлган пайтимда асҳоби киром мушриклардан яшириниб ибодат қиларди. Бу ҳолдан қаттиқ эзилдим ва Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўрадим:
-    Ё Расулуллоҳ! Биз хақ йўлда эмасмизми?
-    Оллоҳга қасамки, ҳох ўлик бўлинг, ҳох тирик муҳаққақ ҳақ
йўлдадирсиз.
-    Ё Расулуллоҳ! Модомки биз ҳақ, мушриклар эса ботил йўлда
эканлар нима сабабдан динимизни яширмоқдамиз? Валлоҳи биз Ислом динининг куфрга қарши эканини айтишга ҳақлироқ ва лойиқроқмиз. Оллоҳ таолонинг дини Маккада шубҳасиз ғолиб келажак. Қавмимиз бизга нисбатан инсоф билан муносабат қилсалар қандай яхши, агар улар бизнинг йўлимизга тўғоноқ бўлишни истасалар улар билан курашамиз. Ё Расулуллоҳ! Сизни ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Оллоҳга қасамки, ортга чекинмай ва қўрқмай исломни англатмаган бирор мушрик тўдаси қолмагай. Энди у ерга борайлик.
    Расулуллоҳ (с.а.в)дан изн олгач, икки саф бўлиб ташқарига чиқдик ва Ҳарами Шарифга томон йўл олдик. Сафларнинг бир бошида Ҳамза, бир бошида мен кетардим. Жадал қадамлар билан Масжидул Ҳаромга кирдик. Қурайш мушриклари бир менга, бир Ҳамзага боқарди”.
    Ҳазрат Умар р.а.нинг шаҳдам қадамлар билан келишларини кўрган Абу Жаҳл олдинга чиқиб деди:
-    Эй Умар! Бу  не ҳол?.
Ҳазрат Умар р.а. ҳеч қандай гап сўзсиз шаҳодат калимасини
келтирдилар. Абу Жаҳл нима дейишини билмай ҳайратдан донг қотди ва секин жойига ўтирди. Ҳазрат Умар р.а. ушбу мушриклар тўдасига карата шундай дедилар:
-    Эй Қурайш! Мени билган билади. Билмаганлар билиб олсинларки,
мен Ҳаттоб ўғли Умарман. Аёлини тул, фарзандларини етим қолдиришни истаганлар қимирласин. Қимирлаганни қиличим билан тилим тилим қилиб ерга суркайман.
    Шундан сўнг Қурайш мушриклари бир зумда тарқалиб, у ердан узоқлашдилар. Шу тарзда илк марта Ҳарами Шарифда ошкора намоз ўқилди.
    Ҳазрат Умар р.а. ноҳақликка нисбатан қанчалик қаҳрли бўлсалар, адолат қаршисида шу қадар шафқатли эдилар. Шунинг учун адолати билан машҳур бўлганлар.
    Бир куни ҳазрат Умар р.а. от сотиб олиш учун бордилар. Танлаган отини синаб кўриш мақсадида от минувчига бердилар. Отга минган кимса отни чоптираётган пайт от қоқилиб кетиб, ағанади. Ҳазрат Умар р.а. отни эгасига қайтиб бермоқчи бўлганларида отни эгаси қайтиб олмади. Охири вазият қози Шурайҳ ҳазратларига арз этилди. Қози сўради:
-    От эгасининг изни билан югуртирилдими?
Ҳазрат Умар р.а. жавоб бердилар:
-    Йўқ, мен уни синаб кўриш мақсадида югуртирдим.   
Шундан сўнг қози қуйидагича хукм қилди:
-    Агар от эгасининг изни билан тажриба қилинганда эди, соҳибига
қайтариб бериларди. Бироқ сиз унинг эгасидан рухсат олмаганингиз учун қайтариб бера олмайсиз ва отни  олишга мажбурсиз.   
    Ҳазрат Умар р.а.:
-    Ҳақ ва адолат ҳусусида бўйнимиз қилдан ингичкадир, деб отнинг
ҳаққини адо этдилар.
    Ҳазрат Умар р.а. охири пушаймонлик билан тугайдиган иш қилмасдилар.
    Уларнинг ҳалифалик даврида мусулмонлар Исломни Эрон худудига қадар ёйдилар. Эронлик машҳур қўмондон Хурмузон таслим бўлмаслик учун қаттиқ чиранди, бироқ ҳаёти таҳликада эканини билгач таслим бўлди. Ҳазрат Умар р.а ҳузурларига келтирилган Хурмузондан сўрадилар:
-    Бизга айтадиган бирор гапинг борми?
-    Бор фақат аввал ўламанми, қоламанми шу ҳақда билмоқчиман?
-    Сўзла, сенга ҳеч қандай зарар етмайди.
-    Эй буюк ҳалифа, авваллари биз Эронликлар сиз Арабларни ўлдирар,
мажбурлаб молларингизни тортиб олардик. Мана энди замон айланиб Оллоҳ сизларга Пайғамбар юборди. Шундан сўнг бизнинг устунлигимиз ниҳоя топди. Сизлар азиз, бизлар эса разил бўлдик.
    Ҳазрат Умар р.а. Анас ибн Молик р.а.дан сўрадилар:
-    Нима қиламиз буни?
-    Ўлдирмаймиз. Чунки унинг ортида катта оломон турибди. Балки
улар кейинчалик  имонга келиб мусулмон бўларлар, деб жавоб бердилар ҳазрат Анас р.а.
-    Бироқ у Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қийматли биродарларини шаҳид
этди. Уни соғ қўйиб юборишимиз тўғри бўлармикан?
-    Эй Умар! Уни ўлдирмаслик лозим. Чунки “Сўзла, сенга мендан
бирор зарар етмайди”, деб сўз бергандингиз.
    Ҳазрат Умар р.а. ким томонидан айтилмасин ҳақиқатни дарҳол қабул қилардилар. Ҳазрат Анас ибн Молик р.а.нинг ушбу сўзларидан сўнг уни ўлдириш фикридан воз кечдилар. Бир қанча саҳобаларни шаҳид этилишига сабаб бўлган Хурмузоннинг ҳаётини сақлаб қолдилар. Оз вақтдан сўнг Хурмузон мусулмон бўлди. Унинг воситасида бир қанча кимса имонга келди. Ҳазрат Умар р.а. эски душманига ҳаттоки маош тайин этдилар. Чунки адолат шуни талаб этарди. Адолат уларнинг шаҳсий фикри ва хиссиётларидан устун эди.
    Ҳазрат Умар р.а. Шомни зиёрат қилиш учун борганларида қўшин қўмондони Абу Убайда ибн Жарроҳ р.а. уларни катта оломон билан кутиб олдилар. Ҳазрат Умар р.а. ҳизматчиси билан бирга навбатма навбат бир туяга миниб келаётгандилар. Шаҳарга киришда навбат хизматчига келди ва ҳалифа туядан тушди. Ўрнига хизматчи ўтирди. Туянинг юганидан тутиб, оёқ кийимини ечдилар ва дарадан ўтдилар. Узоқдан қараган одам туядаги одамни ҳалифа, пиёдани эса хизматчи деб ўйларди. Буни кўрган Абу Убайда ибн Жарроҳ р.а. шундай дедилар:
-    Эй мўминлар амири! Бутун Шом халқи мусулмонларнинг
ҳалифасини кўриш мақсадида тўпланишди. Сизга қараб турибдилар. Буни қандай изоҳлайсиз? Улар сизни энди қул деб ўйлаб, менсимайдилар.
    Ҳазрат Умар р.а. шундай деб жавоб бердилар:
-    Эй Абу Убайда! Сенинг бу сўзларингни эшитганлар инсоннинг
шарафи унинг бирор воситага минишида ва безакли кийим кийишида экан деб ўйлайди. Биз оз вақт олдин бечора ва ҳақир бир қавм эдик. Оллоҳ бизларни мусулмонлик ила шарафлантирди. Агар биз бундан бошқа шараф аҳтарадиган бўлсак, Оллоҳ таоло бизни ҳор қилиб, ҳамма нарсадан паст қилиб қўяди.
    Шундан сўнг ҳолатларини ўзгартирмай шаҳарга кирдилар. Ҳақиқатан унинг бу ҳолати шарафини туширмади, аксинча унинг хурмати халқ орасида янада ортди.
    Ҳалифа ҳазрат Умар р.а. Шомга кетаётган эдилар. Шомда вабо ҳасталиги тарқалгани ҳақида ҳабар келди. Ҳалифа билан бирга кетаётганларнинг баъзилари Шомга кирмай ортга қайтиш таклифини айтсалар,  баъзилари, “Оллоҳ таолонинг тақдиридан қочмайлик”, дедилар. Ҳалифа эса шундай буюрди:
-    Оллоҳ таолонинг тақдиридан яна унинг қадарига қочамиз, шаҳарга
кирмаймиз. Бирортангиз сурувингизни икки ердан қай бирига юборишингиз Оллоҳ таолонинг тақдири билан бўлади.
    Сўнг Абдураҳмон ибн Авф ҳазратларини чақириб сўрадилар:
-    Сен қандай фикрдасан?
-    Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитганман: “Вабо
тарқалган ерга кирманглар ва вабо тарқалган бир ердан бошқа жойга кетманглар!”.
    Ҳазрат Умар р.а.:
-    Алҳамдулиллаҳ, менинг фикрим ҳадиси шарифга уйғун бўлди, деб
Шомга кирмай ортга қайтдилар.
    Ҳазрат Умар р.а. ҳалифа бўлгач, ҳазрат Абу Бакр р.а.га тайинланган маош миқдорида пул олардилар. Шу тарзда бир қанча муддат давом этди. Кейинчалик ҳазрат Умар р.а.нинг яшаш шароити оғирлашиб, олаётган маоши оиланинг тирикчилигига етмади. Бу вазиятни кўрган катта саҳобалар тўпланиб, маслаҳатлашдилар. Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. шундай таклифни билдирдилар:
-    Ҳалифанинг ўзига айтиб унинг маошини кўпайтирайлик. 
Мажлисда иштирок этаётган ҳазрат Али р.а. шундай дедилар:
-    Бу таклифни қабул қилади деб ўйламайман. Шундай бўлсада,
иншааллоҳ  таклифни қабул қилишидан умид қилиб бориб айтамиз.
    Ҳазрат Усмон р.а. эса шундай дедилар:
-    Умарнинг ҳақ ва  адолат йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслигини яхши
биламиз. Бу таклифимизни ўзимиз эмас, уни ҳафа қилмай ётиғи билан тушунтирадиган бирортасига айттирайлик. Қизи Ҳафсага айтайлик у таклиф қилсин.
    Ҳазрат Усмон р.а.нинг бу таклифи барчага маъқул келиб, ҳаммалари биргаликда ҳазрат Ҳафса р.а.нинг ҳузурларига йўл олдилар. Бориб ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида айтдилар. Исмларини айтмасдан таклифларини ҳазрат Умар р.а.га билдиришини сўрадилар. Ҳазрат Ҳафса р.а. отасининг ҳузурига бориб дедилар:
-    Саҳобаларнинг баъзилари сизнинг маошингизни кам ҳисоблаяпти.
Шунинг учун маошингизни кўпайтиришни таклиф қилмоқдалар.
    Ҳазрат Умар р.а. ғазаб билан таклифни кимлар билдириётгани ҳақида сўраган эдилар, қизлари Ҳафса р.а. шундай деб жавоб бердилар:
-    Фикрингизни билмай туриб уларнинг ким эканликларини
айтмайман.
    Ҳазрат Умар р.а. шундай жавоб бердилар:
-    Агар ким эканликларини билсам, уларга керакли жазони бераман.
Оллоҳ таолога дуо қилсинларки,  ўртада сен борсан, - сўнг қизи Ҳафса р.а.дан сўрадилар, -  сен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг уйларида эканингда Оллоҳ Расулининг кийган энг қиммат уст бошлари нима эди?
    Ҳафса р.а. онамиз жавоб бердилар:
-    Икки дона рангли уст бошлари бор эди. Элчиларни кутиб олиш ва
жума ҳутбаларини ўқиш пайтида киярдилар.
-    Хўш унда ейдиган энг яхши таомлари нима эди?
-    Ейишимиз нон ва арпа нони эди.
-    Сенинг ёнингда  қолган пайтларида ерга тўшаш учун нимадан
фойдаланардинглар?
-    Қаттиқ матодан тикилган кўрпамиз бор эди. Ёзда остимизга ёзар,
қишда эса ярмини остимизга ёзиб, ярми билан устимизни ёпардик.  
Шундан сўнг ҳазрат Умар р.а. дедилар:
-    Эй Ҳафса! Мени ёнимга сени юборганларга бориб айт! Расулуллоҳ
(с.а.в) ўзларига етарли миқдорни белгилаб, қолганини эҳтиёжмандларга берар эдилар. Қолгани билан кун кечирардилар. Валлоҳи мен ҳам ўзимга етарли миқдорни белгиладим,  қолганини эҳтиёжмандларга бераман. Ва шу билан кун кечираман. Расулуллоҳ (с.а.в), мен ва ҳазрат Абу Бакр бир йўлни таъқиб этувчи уч киши кабимиз. Уларнинг биринчиси ўз насибасини олди ва йўлнинг сўнггига борди. Иккинчиси ҳам айни йўлни таъқиб этди ва Унга қовушди. Сўнг учинчиси йўлга отланди. Агар у ҳам аввалгилар таъқиб этган йўлдан борса ва улар каби яшаса, уларга қовушади ва оҳиратда бирга бўлади. Агар аввалгилар кўзлаган йўлдан бормай, бошқа йўлдан кетса, улар билан топиша олмайди.  
    Мусулмонлар яшаётган ерларига тижорий мақсадда мусофир бўлиб келган ғайримусулмон  халқларни ҳам ўз чегаралари доирасида ҳимояларига олар эдилар. Уларга зарар келмаслиги учун турли тадбирларни қўллардилар. Бунга оид тарихда ҳисобсиз мисоллар мавжуд. Масалан ҳалифа ҳазрат  Умар р.а. даврида бир тижорат карвони келиб Мадинадан ташқарида қўноқ олдилар. Чарчоқдан дарҳол уйқуга кетдилар. Бу пайтда барча уйқуда, бироқ ҳалифа ҳазрат Умар р.а. шаҳар айланардилар. Айланиб юрган вақтида уларга кўзи тушди. Шунда ҳазрат Умар р.а. Абдураҳмон ибн Авф р.а.нинг уйларига келиб уларни уйғотдилар ва  шундай дедилар:
-    Бу кеча бир карвон келди. Барчаси ғайридин. Бироқ бизнинг
худудимизда тунадилар. Ашёлари кўп ва қимматбаҳо. Қароқчилар ва йўловчиларнинг уларни тўнаб кетишларидан кўрқяпман. Кел, бориб уларни қўриймиз.
    Абдураҳмон ибн Авф р.а. жавоб бердилар:
-    Жуда яхши бўларди, яхши ўйлабсан, ҳозир келаман. Тонгга қадар
навбатма навбат карвонга қўриқчилик қилдилар. Бомдод пайти масжидга бордилар. Карвондаги бир йигит ўша пайтда уйғонган эди. Уларни кузатиб орқаларидан борди. Суриштириб, уларга қўриқчилик қилган одам ҳалифа Умар ва унинг дўсти эканини билди. Келиб шерикларига шундай деди:
-    Эй биродарлар! Тонгга қадар икки мусулмон бизни пойлаб,
ашёларимиз ўғирланишига монъе бўлганидан ҳабарингиз борми?
-    Мусулмонларнинг бизни молимизга қўриқчилик қилишдан бошқа
ишлари йўқми? Устига устак бизлар христиан эканимизни билсалар.
-    Ким қўриқчилик қилганини биласизларми?
-    Ким экан.
-    Мусулмонларнинг ҳалифаси Умар.
-    Сен адаштиргансан. Ҳалифанинг тун ярмида бу ерда  қандай иши
бўлиши мумкин. У бундай пайтда саройида қуш патидан ясалган ётоғида дам олаётган бўлади.
-    Сизлар каби аввал мен ҳам ишонмадим.
-    Сўнг қандай ишондинг?
-    Эрта тонг ҳаммаёқ ойдинлашгач, бу ердан кетдилар. Мен ҳам
қизиқиб уларнинг ортидан бордим. Масжидга кирдилар. Йўлда учратган бир  одамдан унинг ким эканини сўрадим. “Ҳалифамиз Умар” деб жавоб берди.
    Унинг сўзларини диққат билан тинглаган шериклари чуқур ўйга ботди ва ўртада сокинлик хукм сурди. Ҳеч ким ҳеч нарса дея олмас, нима дейишларини ҳам билмас эди. Узоқ муддат хукм сурган жимликдан сўнг, ораларидан бир одам сўзлади: 
-    Энди нимага турибмиз, бу ҳол Ислом динининг ҳақиқий дин
эканига далил сифатида етмайдими?
Қолганлар ҳам унинг сўзига қўшилди. Рим ва Эрон қўшинини тор мор этган, адолати билан шуҳрат қозонган буюк ҳалифанинг бу марҳамат ва шафқатини кўриб, ислом динининг хақ дин эканини англадилар ва барчалари мусулмон бўлдилар. 

Орқага Олдинга