Пайғамбаримиз (с.а.в) 36 ёшга тўлган пайтларида Хижоз тупроқларида дахшатли қурғоқчилик ва очлик хукм сураётган эди. Ҳижоз халқи учун ҳар ўтаётган кун очарчиликнинг зарбидан асрга татигулик бўларди. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг амакилари Абу Толиб катта оиланинг бошлиғи эдилар. Оиласи базўр кун кўрар, яхши яшашлари учун етарли бойлиги ҳам, келадиган мўмайгина даромади ҳам йўқ эди. Шунинг учун фақирликда кун кечирар, рўзғор ташвишидан оиланинг барча аъзолари бирдек ташвишга тушган эдилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в) кичик ёшларидан бошлаб ҳар доим ёнида юрган суюкли амакисининг бу ташвишини енгиллатиб, қандай қилиб бўлсада рўзғорда унга ёрдам беришни истардилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз (с.а.в) амакилари орасида энг бойи бўлган ҳазрат Аббос р.а.нинг ёнига бордилар ва уларга шундай таклифни билдирдилар:
- Амаки, биласизки акангиз Абу Толибнинг фарзандлари кўп.
Инсонлар бошига келган очарчиликни ҳам кўзларингиз билан кўриб турибсиз. Келинг Абу Толибнинг ёнига борайлик, унинг оила юкини бироз енгиллатайлик. Боқиб бериш учун ўғилларидан бирини мен ёнимга олай, бирини сиз қарамоғингизга олинг. Фарзандларини битта биттасини олиб боқишнинг ўзи ҳам амакимнинг анча ташвишини енгиллатади.
Ҳазрат Аббос р.а. таклифга рози бўлгач, Абу Толибнинг ёнига бордилар ва унга дедилар:
- Халққа келган очарчилик аригунга қадар фарзандларингизнинг
бир қисмини ўз қарамомоғимизга олиб боқиб бермоқчимиз ва шу тариқа сизга бироз бўлсада ёрдам бермоқчимиз.
Абу Толиб уларга:
- Ўғилларимдан Укайл ва Толибни менга қолдириб,
истаганингларни олишинглар мумкин, деди.
Шундай қилиб, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Алини, ҳазрат Аббос р.а. эса ҳазрат Жаъфарни ёнларига олдилар. Бир куни Абу Толиб ўғли Жаъфар билан шаҳар ташқарисида юрган пайти Пайғамбаримиз (с.а.в)ни кўрдилар. Ҳазрат Али р.а. билан бирга намоз ўқир эдилар. Абу Толиб ўғли Жаъфарга:
- Бор, сен ҳам укангнинг ёнига туриб намозни бошла, деди.
Жаъфар р.а. бориб ҳазрат Алининг ёнида намозга турдилар. Намоздан
сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) уни шундай дуо қилдилар: “Ҳақ таоло сенга икки қанот берсин. Жаннатда улар билан учасан”. Оллоҳ таоло бу дуони қабул қилди. Ҳазрат Жаъфар р.а. Муто ғазотида шаҳидлик шарбатини ичдилар. Оллоҳ таоло уларга икки қанот берди, улар Фирдавс Жаннатида учмоқдалар. Шунинг учун Жафари Таййор деган ном билан шуҳрат топганлар.
Қурайш мушрикларининг саҳобаларга қилган зулм ва зўравонликларидан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) бир қисм асҳобларини Ҳабашистонга ҳижрат қилишлари учун изн бердилар. Гуруҳ ҳазрат Жаъфар р.а.нинг бошчиликларида йўлга отланди. Ҳабашистонда жуда яхши кутиб олиниб, у ерда тинч яшай бошладилар. Макка мушриклари бундан ҳабар топгач бир ерга йиғилдилар. Ҳабашистон хукмдори Нажошийга иккита элчи юборишга қарор қилдилар. Жуда қимматбаҳо хадиялар ҳозирладилар. Нажошийнинг дин уламоларига ва давлат арконига алоҳида совғалар ажратилди. Бу вазифа Абдуллоҳ ибн Робия ва Амр ибн Осга топширилди. Элчиларга Нажошийнинг ҳузурида нималарни сўзлашлари уқдирилди. Уларга мушриклар шундай дедилар:
- Ҳукмдор билан суҳбатлашишдан аввал, унинг хос ҳизматчилари,
қўмондонларининг ҳар бирига ҳадияларни улашинглар, сўнг Нажошийнинг ҳадиясини тақдим этинглар. Шу ишни қилгач у ердаги мусулмонларни сизга таслим этишларини сўранглар. Нажошийнинг мусулмонлар билан суҳбатлашишига имкон берманглар.
Макка мушриклари томонидан жўнатилган элчилар Хабашистонга келдилар ва давлат арконининг ҳадияларини бергач, Макка муҳожирларини уларга таслим этишлари ҳусусида ёрдам беришларини сўрадилар. Сарой хизматчилари буни қабул қилдилар, шундан сўнг Маккалик элчилар Нажошийнинг ҳадияларини тақдим этдилар ва Нажошийга шундай дедилар:
- Эй хукмдор! Орамиздан бир қанча кимсалар сизнинг юртингизда
яшамоқдалар. Улар ўз миллатларининг динини тарк этишларига қарамай, сизнинг динингизга ҳам кирмабдилар. Ўзларича кашф қилиб олган бир динлари бор. На биз, на сиз бу дин ҳақида билмаймиз. Бизни булар мансуб бўлган миллатнинг катталари, ота боболари ва қариндош уруғлари юборди. Истаклари уларни ортга қайтаришингиздир. Чунки улар буларнинг ҳолларини сиздан кўра яхшироқ билади ва танийди.
Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Робеъларнинг асл мақсадлари Нажоший уларнинг сўзларига кириб, қабиладошларини ортга қайтариб юбориши эди. Элчиларнинг гапи битгач, Нажошийнинг қўл остидагилари сўз олдилар:
- Бу элчилар жуда тўғри сўзлаяпти. Буларнинг қавмлари улар билан
алоҳида шуғуллана олади, уларнинг нима қилаётганларини, қай амали тўғрию, қайси бири хато эканини улар яхши биладилар. Шунинг учун сиз бу одамларни келган элчиларга таслим этинг, уларни мамлакатларига ва қавмларига олиб борсинлар.
Хукмдор Нажоший бу сўзлардан қаттиқ ғазабланди ва шундай деди:
- Валлоҳи мен бу одамларни асло сизларга топширмайман. Менга илтижо қилиб, мамлакатимга келган одамларга ҳиёнат қилмайман. Улар мени бошқалардан афзал кўриб, менинг юртимга келибдилар. Шунинг учун келган муҳожирларни
саройимга таклиф қилиб, бу келган элчиларнинг сўзларига нисбатан жавобларини тинглаб, уларнинг фикрларини биламан. Агар элчиларнинг гапи рост чиқса, муҳожирларни ўз қавмларига қайтараман. Ундай бўлмаса уларни қўриб, менинг юртимда қанча яшамасин уларга яхшилик қиламан.
Нажоший аввалдан самовий китобларни яхши билар эди. Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий келишига оз қолганини, қавми уни ёлғончи қилиб ишонмай, Маккадан ҳайдаб чиқаришлари ҳақида ўқиганди. Нажоший Маккалик элчилардан сўради:
- Улар ишонаётган зот ким?
- Муҳаммад.
Нажоший бу исмни эшитиши биланоқ унинг пайғамбар эканини
англади, бироқ ошкор этмади. Яна элчиларга савол берди:
- Унинг дини ва мазҳаби нима? Нимага даъват этмоқда?
- Унинг мазҳаби йўқ.
- Мазҳаби ва динини билмайман, бироқ шуниси аниқки улар менга
илтижо билан келиб, паноҳ истадилар. Энди мен уларни сизларга қандай қилиб таслим этаман. Мажлис қуриб, уларни сизлар билан юзлаштираман. Барчангизнинг ҳолатингиз аниқ бўлсин, уларнинг ҳам динини билай.
Нажоший Макка мушриклари билан юзлаштириш мақсадида мусулмонларни саройга таклиф этди. Мусулмонлар аввал ўзаро маслаҳат қилдилар ва Ҳабаш хукмдорига ёқадиган шаклда сўзлаш хусусида гаплашиб олдилар. Ҳазрат Жаъфар р.а. шундай дедилар:
- Бизларнинг бу хусусдаги билимларимиз Расулуллоҳнинг бизларга
буюрганларидан иборатдир, деймиз. Натижа нима билан якунланса ҳам розимиз. Буни барча мусулмонлар қабул этди. Фақатгина ҳазрат Жаъфар р.а.нинг сўзлаши ҳусусида қарор бердилар. Нажоший ҳам олимларни тўплади. Катта девон ташкил қилинди, сўнг муҳожирлар келтирилди. Мусулмонлар келгач, салом бердилар, бироқ сажда қилмадилар. Нажоший мусулмонлардан сўради:
- Нима учун сажда қилмадингиз?
- Биз Оллоҳдан ўзгага сажда қилмаймиз. Пайғамбаримиз (с.а.в)
бизни Оллоҳдан ўзгага сажда қилишдан қайтариб, “Сажда фақат Оллоҳ таолога хосдир”, деб буюрганлар.
Сўнг Нажоший деди:
- Эй хузуримга келган жамоа! Менга айтинглар, ўлкамга нима учун
келдингиз? Тужжор эмассизлар, бирор истаган нарсангиз йўқ. Пайғамбарингиз ҳақида менга сўзлаб беринглар?
Ҳазрат Жаъфар р.а. шундай жавоб бердилар:
- Эй хукмдор! Мен аввал учта сўз айтаман, агар тўғри бўлса
тасдиқланг, нотўғри бўлса мени ёлғончи денг. Аввало амр қилинг, бу одамлардан фақат биттаси сўзласин, қолганлари сукут сақласинлар!
Маккаликлар номидан Амр ибн Ос деди:
- Мен гапираман.
Шундан сўнг Нажоший деди:
- Эй Жаъфар аввал сен сўзла!
Ҳазрат Жаъфар р.а. сўзлай бошладилар:
- Менинг сўрайдиган учта саволим бор. Шу одамдан сўранг. Бизлар қўлга олиниб, хўжайинларига таслим этиладиган қуллармизми?
Нажоший сўради:
- Эй Амр улар қулларми?
- Йўқ улар қул эмас, озод инсонлар.
Ҳазрат Жаъфар р.а. иккинчи саволни бердилар:
- Қизиқ биз ноҳақ бировнинг қонини тўкдикмики, қони
тўкилганлар қавмига таслим қилинсак?
Нажоший Амр ибн Осдан сўради:
- Улар ноҳақ бировнинг қонини тўкдиларми?
- Йўқ бир томчи ҳам қон тўкмадилар.
Бу сафар ҳазрат Жаъфар р.а. Нажошийга хитобан шундай дедилар:
- Бошқаларнинг молларини ноҳақ тортиб олганимиз учун
бирортасининг ёнида тўлашимиз керак бўлган молларимиз борми?
Нажоший Амр ибн Осдан сўради:
- Эй Амр! Агар уларнинг тўлашлари керак бўлган катта қисмдаги
қарзлари бўлса менга айтинглар мен тўлай.
- Йўқ бир қуруш ҳам қарзлари йўқ.
- У ҳолда сиз булардан нима истайсиз?
- Улар билан биз бир динда эдик, улар динини ташлаб Муҳаммадга
ишондилар ва унинг динига кирдилар.
Нажоший ҳазрат Жаъфар р.а.га шундай деди:
- Сизлар нима сабабдан ўз динингиздан воз кечиб бошқа динга
кирдинглар? Қавмингизнинг ҳам, менинг ҳам динимдан фарқли бўлган динингиз ҳақида менга маълумот беринг.
Ҳазрат Жаъфар р.а. жавоб бердилар:
- Эй хукмдор! Биз жоҳил бир миллат эдик. Бутларга топинар, ўлган
ҳайвон гўштини ер, ҳар қандай ёмон ишни қилардик. Қариндошларимиздан муносабатни узар, қўшниларимизга ёмонлик қилардик. Кучлиларимиз заифларимизни эзарди. Оллоҳ таоло бизларга тўғри, ишончли, ҳаёли ва тоза қалбли ҳамда насли тоза бир Пайғамбар юборгунга қадар биз шундай вазиятда эдик. У Пайғамбар бизни Оллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ишонишга, Унга ибодат қилишга, биз ва оталаримиз топинган тош ва бутлардан воз кечишга даъват этди. Тўғри сўзли бўлишни, омонатга хиёнат қилмасликни, қариндошлик ҳақларини адо этишни, қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишни, гуноҳлардан ва қон тўкишдан сақланишни бизларга буюрди. Ҳар қандай аҳлоксизликни, ёлғон сўзлашни, етимларнинг молини ейишни, номусли аёлларга тил текказишни ва туҳмат қилишни бизларга таъқиқладилар. Оллоҳ таолога шерик қўшмай ибодат қилишни, намоз ўқишни, закот бериш ва рўза тутишни амр этди. Бизлар эса қабул қилдик ва имон келтирдик. Унинг Оллоҳ таолодан келтирган амрларига тобеъ бўлдик. Оллоҳ таолога ибодат қилдик. Унинг бизга ҳаром қилганини ҳаром, ҳалол қилганини ҳалол деб қабул қилдик. Шу сабаб қавмимиз бизга душман бўлиб, зулм қилди. Бизни динимиздан қайтариб, Оллоҳга ибодатдан возкечтириб, бутларга топинтириш учун турли қийноқларга солдилар. Бизни оғир ҳолда қолдирдилар. Бизни яна бутларга топинтириш учун турли азобларга дучор этиб, борган сари турли азиятлар етказавердилар. Биз билан динимиз орасига кириб, бизни динимиздан айиришни истадилар. Биз эса юртимизни, уйимизни ташлаб сизнинг юртингизга паноҳ сўраб келдик. Сизни бошқалардан кўра афзал кўрдик. Сизнинг ҳимоянгиз ва меҳмондўстлигингиз учун шу ерда яшаб юрибмиз. Сизнинг ёнингизда зулмга ва ноҳақликка учрамасликдан умидвормиз.
Нажоший ҳазрат Жаъфар р.а.га деди:
- Сен Роббингнинг сўзларидан бирортасини биласанми?
- Ҳа биламан.
- Ундан бироз ўқиб бер.
Ҳазрат Жаъфар р.а. Мариям сурасининг илк оятларини ўқий
бошладилар. Улар ўқиган сари Нажоший йиғларди. Кўзларидан оққан ёшлар соқолини намларди. Роҳиблар ҳам йиғладилар. Нажоший ва роҳиблар шундай дедилар:
- Эй Жаъфар! Бу гўзал каломдан яна озроқ ўқиб бер!
Ҳазрат Жаъфар р.а. Қаҳф сурасидан оятлар ўқидилар. Нажоший бундан таъсирланиб деди:
- Валлоҳи булар айни манбадан сочилган нурлардир. Ҳазрат Мусо
ва ҳазрат Исолар ҳам шу мақсадда келганлар.
Сўнг Нажоший Қурайш элчиларига юзланиб деди:
- Кетинглар? Валлоҳи мен уларни сизларга ҳеч қачон таслим
этмайман ҳамда уларни ҳар қандай хавфдан ҳимоя қиламан.
Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Робиа ва Амр ибн Ос Нажошийнинг хузуридан чиқдилар. Амр ибн Ос Нажошийнинг хузуридан мақсадига етолмай қайтгач, шериги Абдуллоҳ ибн Робиага деди:
- Уларни Нажошийга шундай қарши қилайки, Нажоший бу ердан
қувиб чиқарсин. Улар Мариям ўғли Исони қул сифатида билганликлари ҳақида айтаман.
Эртасига Нажошийнинг ёнига бориб:
- Эй хукмдор! Улар Мариям ўғли Исо ҳақида оғир сўзлар
айтадилар. Улардан ҳазрат Исо ҳақида динининг нима дейишини сўранг, деди.
Шундан сўнг Нажоший муҳожир мусулмонларга одам юборди. Мусулмонлар яна бир ерга тўпланиб маслаҳатлашдилар. Бир бирларидан сўрадилар:
- Исо алайҳиссалом ҳақида сўрашса нима деб жавоб берамиз?
Ҳазрат Жаъфар р.а. шундай дедилар:
- Ҳазрат Исо ҳақида Оллоҳ таолонинг буюрганини,
Пайғамбаримизнинг бизларга келтирганларини айтамиз.
Нажошийнинг ҳузурига чиққач у сўради:
- Cизлар Мариям ўғли Исо ҳақида нима биласизлар?
Ҳазрат Жаъфар шундай деб жавоб бердилар:
- Биз ҳазрат Исо ҳақда Пайғамбаримиз бизга Оллоҳ таолодан
келтирганларини айтамиз. Унинг Оллоҳнинг қули ва Расули бўлиб, дунёдан ва эркаклардан воз кечиб Оллоҳга ўзини бағишлаган тақводор қиз бўлган ҳазрат Мариямдан отасиз дунёга келганини қабул қиламиз. Оллоҳ таоло ҳазрат Одамни тупроқдан яратгани каби ҳазрат Исони ҳам отасиз яратган деймиз.
Нажоший қўлини ерга узатиб ердан битта сомон чўпи олди ва деди:
- Қасамки Мариям ўғли Исо сиз айтганингиздан ортиқ эмас. Орада
ҳатто манашу чўпчалик ҳам фарқ йўқ.
Нажошийнинг сўзларини эшитиб ўтирган хукумат арконлари ва қўмондонлари ўзаро пичирлашиб минғирлай бошладилар. Буни кўрган Нажоший уларга:
- Қасамки, сизлар нима десангиз денг, мен улар ҳақида фақат яхши
фикрдаман, - cўнг мумсулмон мухожирларга қараб давом этди, - сизлар ва сизлар эргашган зотни табриклайман. Мен шунга ишондимки, у Оллоҳнинг Расулидир. Зотан бизлар уни Инжилда кўрган эдик. У Расул ҳақида Мариям ўғли Исо ҳам ҳабар берган. Валлоҳи агар У бу ерларда бўлганда эди, Унинг оёқ кийимларини олиб юрардим ва оёқларини ювардим. Боринглар, ўлкамнинг қўл тегмаган, ҳар қандай тажовуз ва ҳавфдан ҳоли, ишончли жойида хузур ҳаловатда яшанглар. Сизларга ёмонлик қилганни халок қиламан. Менга тоғ қадар олтин берсалар ҳам, сизлардан бирортангизни хафа қилдириб қўймайман.
Шундан сўнг Нажоший Қурайш элчилари келтирган хадияларни кўрсатиб:
- Менинг буларга эҳтиёжим йўқ. Бошқалар кўз тиккан бу мол
мулкни Оллоҳ менга қайтариб берар экан, халқни менга бўйсундираркан мендан хадия олмади, деб қимматбаҳо ҳадияларини ўзларига қайтариб берди.
Нажоший исломни танлаб саҳобаларни жуда қувонтирган эди.
Бир куни Нажоший эски уст бош кийиб саройидан чиқди. Бошида тожи ва подшоҳлик уст боши йўқ эди. Тупроқ устига ўтирди. Роҳиблар бундан ҳайратландилар. Сўнг ҳазрат Жаъфар р.а.ни ва қолган саҳобаларни чақирди. Улар келдилар. Подшоҳни бу вазиятда кўриб жим қолдилар. Нажоший ҳазрат Жаъфар р.а.га шундай деди:
- Мен атрофга хабарчилар йўлладим. Менга хушҳабар келтирдилар.
Оллоҳ таоло Расулига ёрдам қилди, Бадр жангида душманларини ҳалок этди. Кофирлардан Шайба, Утба ибн Робия, Абу Жаҳл, Умая ибн Ҳалафларнинг барчаси ҳалок бўлибди ва бир қанчалари асир олинибди.
Ҳазрат Жаъфар ҳушҳабардан севиниб шукр келтиргач деди:
- Эй подшоҳ! Бундай эски кийимлар кийганингиз сабаби нима?
Нажоший шундай деб жавоб берди:
- Инжилда Оллоҳ таоло қулларига берган неъматини бошқасига
ҳабар қилган кимсанинг тавозеъли бўлиши ҳақида буюрган. Энди Оллоҳ таоло суюкли Расулига зафар эҳсон айлади. Мен эса бу ҳақда сизларга ҳабар бериш учун шундай қилдим.
Ҳазрат Жаъфар р.а. билан бирга кетган мусулмонлар бир неча йилдан сўнг Хабашистондан Мадинага келдилар. Шу тариқа икки марта хижрат қилдилар. Қайтишлари ҳижратнинг еттинчи йилида Худайбиядан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) Ҳайбарда эканликларида содир бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрат Жаъфар р.а. билан кўришгач унинг пешонасидан ўпиб бағирларига босдилар ва шундай марҳамат қилдилар:
- Мен Ҳайбар фатҳи ёки Жаъфарнинг келшидан қай бирига
суюнишни билмаяпман. Сизларнинг ҳижратингиз икки марта бўлди. Сизлар ҳам Ҳабаш ўлкасига, ҳамда менинг юртимга ҳижрат қилдинглар.
Ҳазрат Жаъфар р.а. Ҳабашистондан қайтгандан икки йил ўтиб Муто сафари режалаштирилди. Ислом қўшини қисқа пайт ичида ҳозирлик кўрди. Расулуллоҳ (с.а.в) муборак туғларини ҳазрат Зайд ибн Ҳорисага бердилар ва буюрдилар:
- Зайд ибн Ҳорисани жиҳодга чиқадиган қўшинга қўмондон этиб
тайинладим. У шаҳид бўлса ўрнига Жаъфар ибн Абу Толиб бўлсин, у ҳам шаҳид бўлса ўрнига Абдуллоҳ ибн Равоҳа бўлсин. У ҳам шаҳид бўлса мусулмонлар келишиб ораларидан истаган бирортасини ўзларига қўмондон этиб сайласинлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шаҳсан ўзлари кузатган қўшин йўлга чиқди. Шом тупроқларидан Маон деган жойга боргач бироз дам олдилар. Мужоҳидлар Машориф деган қишлоққа етгач яқинлашиб келаётган душман аскарларини кўргач дарҳол Мутога чекиниб жанг ҳозирлигини кўра бошладилар. Икки томон ўртасида шиддатли жанг бошланди. Мусулмонларга бош бўлган ҳазрат Зайд ибн Ҳориса р.а.нинг қўлларида Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг туғлари ҳилпирарди. Рим аскарларининг ўқидан муборак вужудлари яраланиб қон оқа бошлади, бироқ қаҳрамонларча туриб жанг қилишдан чекинмадилар ва шаҳид бўлдилар. Шундан сўнг ҳазрат Жаъфар р.а. дарҳол туғни кўтардилар ва қўлларида байроқ билан душман орасига отилдилар. Душман аскарлари ҳазрат Жаъфар р.а.нинг ҳайбатларидан қўрқиб ўзаро шундай суҳбат қилдилар:
- У билан ким олишади?
Ҳазрат Жаъфар р.а. душман қўшини ўртасини ёриб анча ичкарига
кирган эдилар. Бир пайт бир душман аскари ҳазрат Жаъфар р.а.нинг қўлларига қилич билан қаттиқ зарба туширди. Ўнг қўлларидан ажраган ҳазрат Жаъфар р.а. туғни чап қўлларига олдилар. Бироздан сўнг иккинчи қўлларидан ҳам айрилгач туғни ерга туширмаслик учун ҳаракат қилдилар ва шаҳид бўлдилар. Шаҳид бўлганларида муборак вужудларида етмишдан ортиқ ўқ, қилич яраси бор эди. Ҳаммаси муборак вужудлирининг ўнг қисмида эди. Сўнг туғни Абдуллоҳ ибн Равоҳа р.а. олиб улар ҳам шаҳид бўлганларидан сўнг ҳазрат Ҳолид ибн Валид байроқни олдилар.
Римликлар билан бўлиб ўтган бу жангда қўмондонларнинг шаҳид бўлганини Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз (с.а.в)га билдирди. Пайғамбаримиз (с.а.в) масжиддаги мусулмонларга ҳабар бердилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) жуда маҳзун бўлдилар. Саҳобалар дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Сизни ҳафа кўриш бизларни янада қаттиқ азобга солаяпти.
Шундан сўнг шаҳидларнинг Жаннатда гўзал таҳту равонлар устида ўтирганлари ўзларига кўрсатилгунга қадар давом этишини баён қилдилар.
Ҳазрат Жаъфар р.а.нинг аёллари ҳазрат Асмо бинти Умайс шундай дейдилар:
“Ўша куни нонга ҳамир қоргач, болаларимни ювинтирдим, хушбўйлар сурдим. Расулуллоҳ (с.а.в) ташриф буюрдилар ва дедилар:
- Эй Асмо! Жаъфарнинг фарзандлари қаерда? Уларни менинг
ёнимга олиб кел!
Болаларни олиб келдим. Уларни суйиб эркаладилар ва муборак кўзларидан ёш оқди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўрадим:
- Эй Оллоҳнинг Расули! Нима учун йиғлаяпсиз? Сизга Жаъфар ва унинг шерикларидан бирор ҳабар келдими?
Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
- Ҳа улар бугун шаҳид бўлдилар.
Буни эшитгач йиғлай бошладим. Пайғамбаримиз (с.а.в) оғзимдан бирор
ножоиз сўз чиқмаслигини тайинлаб уйларига кетдилар”.
Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) қизлари ҳазрат Фотима р.а.нинг уйларига бордилар. Улар ҳам йиғлардилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Жаъфар р.а.нинг оилалари учун таом ҳозирлашни буюрдилар. Уч кун ҳазрат Жаъфар р.а.нинг оиласига таом берилди ва бу суннат бўлди.
Расулуллоҳ (с.а.в) ҳамон қайғуга ботган ҳолда ўтирганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, ҳазрат Жаъфар р.а.нинг кесилган икки қўллари ўрнига Оллоҳ таоло томонидан ёқутдан икки қанот эҳсон қилингани ва ўша қанотлар билан Жаннатда учиб юрганлари тўғрисида ҳабар қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрат Жаъфар р.а.нинг оиласига
- Эй икки қанотли масъуд кимсанинг фарзандлари, деб хушҳабарни
етказдилар.
Шундан сўнг ҳазрат Жаъфар р.а.га Таййор “Қуш” номи берилди.
Жарир ибн Абдуллоҳ
Жарир ибн Абдуллоҳ ал Бажалий р.а. кўринишлари фариштали, истараси иссиқ инсон эдилар. Жоҳилия даврида “Яманнинг Каъбаси” деб ном олган Зулхалоса саждагоҳини бузган қаҳрамондирлар. Яман шаҳридаги Бажила қабиласининг раиси бўлиб, Абу Амр куняси билан танилганлар. Жарир р.а. хижратнинг ўнинчи йили Рамазон ойида қавмидан икки юз киши билан бирга Мадинага келиб Ислом билан шарафландилар. Улар баланд бўйли, нуроний юзли ва жудаям келишган бир зот эдилар. Ҳазрат Умар р.а. улар ҳақда шундай дейдилар: “Жарир ибн Абдуллоҳ бу умматнинг Юсуфидир”. Уларнинг исломга киришлари ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларга аввалдан ҳабар берган эдилар. Бир куни хутба ўқиётганларида: “Сизларнинг ёнингизга манашу тарафдан ҳайрли бир кимса келмоқда. Юзида фаришта нишонаси бор”, деб марҳамат қилдилар. Жарир р.а. исломга киришлари ҳақида шундай дейдилар: “Мадинага етиб келгач туямни чўккалатдим. Йўл халтамдан енги уст бошимни олиб кийдим ва Масжидга кирдим. Ўша пайт Расулуллоҳ (с.а.в) хутба ўқиётган эдилар. Уларга салом бердим. Жамоат мени зимдан кузатарди. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) мендан: “Эй Жарир нима мақсадда келдинг?”, деб сўрадилар. Мен эса: “Ё Расулуллоҳ! Сизга байъат қилиш учун келдим. Шартларингиз нима?”, дедим. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) менга хитобан: “Эй Жарир! Сени Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва мен Оллоҳнинг Расули эканимга шаҳодат қилишга ва оҳират кунига, тақдирга, фарз намозларини ўқишга, фарз бўлган закотни беришга, ҳар бир мусулмонга ҳайриҳох бўлиб, яхшилик қилишга, самимий бўлишга, кофир ва мушриклардан узоқда бўлишга ва бошлиқларингизга итоат қилишга даъват қиламан”, деб буюрдилар. Мен эса бу шартларни қабул қилиб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муборак қўлларини тутдим ва байъат қилдим. Шерикларим ҳам айни шартларни қабул қилиб, барчалари Ислом билан шарафландилар”.
Жарир р.а. мусулмон бўлганларидан сўнг Расули Акрам (с.а.в) уларни ҳар кўрганларида табассум қилганларини айтадилар. Улар Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларида жуда оз муддат бўлганликларига қарамай табассум ва илтифотларига сазовор бўлдилар. Бир куни икки Жаҳон Сарвари (с.а.в) масжидда асҳоблари билан бирга ўтирган эдилар. Жарир ибн Абдуллоҳ р.а. ичкарига кирдилар. Уларга жой очилмаганини кўрган Пайғамбаримиз (с.а.в) ридоларини ечиб отдилар ва: “Эй Абу Амр! Ол уни, устига ўтир!”, деб буюрдилар. Жарир р.а. олиб ўтирдилар ва: “Эй Оллоҳнинг Расули! Сиз менга илтифот кўрсатганингиз каби Оллоҳ ҳам сизга илтифот қилсин”, деб ташаккур билдирдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) жамоага юзланиб: “Сизларнинг ёнингизга бир жамоанинг обрўли кишиси келганида унга илтифот қилиб, хурмат кўрсатинглар”, деб буюрдилар.
Жарири Бажалий р.а. яна кунларнинг бирида Расулуллоҳ (с.а.в) ёнларида эдилар. Ташқаридан яланг оёқ, оёқ кийимларини бошларига қўйиб олган, яланғоч бир қанча кимсалар келди. Фаҳри Коинот (с.а.в) уларнинг фақир ва йўқсилликларини кўргач паришон бўлдилар. Ичкарига кирдилар ва Билол р.а.га азон айтишни буюрдилар. Намоздан сўнг жамоатга юзланиб: (Ҳашр сурасининг 18 ояти)ни ўқидилар. Сўзларида давом этарканлар: “Инсон дирҳамидан, диноридан, уст бошидан, буғдойидан, ҳурмосидан садақа бериши лозим”, деб буюрдилар. Инжу каби сўзларни диққат билан тинглаган саҳобаларнинг барчаси бирор нарсалар келтира бошладилар. Бир қанча емаклар тўпланди. Ансордан бир одам ҳамён келтирди. Расули Акрам (с.а.в)нинг муборак юзларидан кумуш каби нур порларди. Севинчларини шу сўзлар билан ифода қилдилар: “Кимки Исломда гўзал бир йўл очса ўша йўлдан кетганларнинг савоби унга ҳам берилади. Кимки ёмон йўл очса ўша ўша йўлда қилинган гуноҳларнинг барчаси унга ҳам оид бўлади”. Расули Акрам (с.а.в) Жарир р.а.ни кўргач “Зулҳулоса нима бўлади?” деб сўрадилар. Жоҳилия даврида бу жой “Яманнинг Каъбаси” сифатида танилган эди. Бу саждагоҳнинг сақланишига рози эмасдилар. Байтуллоҳга рақиб кўрсатилишидан доимо қалблари нотинч бўлган икки Жаҳон сарвари саждагоҳни бузиш учун бир гуруҳ ҳозирладилар. Ҳазрат Жарир р.а.ни гуруҳга қўмондон этиб тайинладилар. Улар эса қабиласидан 200 киши билан бу саждагоҳни йиқдилар. Абу Артот ва Ҳусайн ибн Робиани Мадинага ҳушҳабар бериш учун жўнатдилар. Бироз муддатдан сўнг Жарир ибн Абдуллоҳ р.а. Мадинага қайтди. Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в) уларни кўргач: “Йиқдингми уни?” дедилар. Жарир р.а.: “Сизни ҳақ дин билан Пайғамбар қилиб юборган Оллоҳга қасамки, унинг устидагиларни тутиб ўлдирдик. Зулҳулосани эса оташ ичида ёқдик”, дедилар. Шундан сўнг Фаҳри коинот (с.а.в) Жарир р.а.ни табрикладилар. Жарир р.а. видо ҳажида Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ёнларида бўлдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) Мадинага қайтгач ҳазрат Жарир р.а.ни Ҳамериларнинг амири Зулқола билан яҳудий бўлгани ривоят қилинган Яман қиролларидан Зу Амрни исломга даъват қилиш учун жўнатдилар. Ҳар иккиси билан ҳам кўришган Жарир р.а. уларнинг исломга киришларига сабаб бўлдилар. Биргаликда Мадина томон йўл олдилар. Бироқ, бахтга қарши, йўлда суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг дорул бақога рихлат айлаганликлари ҳабарини олдилар. Зулқола билан Зу Амрнинг зиёратлари амалга ошмай ортларига қайтдилар. Жарир р.а. эса Мадинага келдилар. Улар тўрт ҳалифа даврида ҳам яхши лавозимларда фаолият олиб бордилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. уларни Ҳасъам ва Бажила қабилалари билан алоқа қилганларнинг ёнига жўнатдилар. Исёнларни бостирган Жарир р.а. янги буйруқ келгунига қадар Нажрон худудида кутдилар. Ироқда бўлиб ўтган турли жангларда қатнашдилар, сўнг Ҳолид ибн Валид р.а.га ёрдам бериш мақсадида Ямомага кетдилар. Ҳазрат Умар р.а.нинг ҳалифалик даврида Жалула жангларига қатнашган Жарир р.а. ўша ерга жойлашдилар. Ҳазрат Усмон р.а.нинг даврида Куфа волийси Муғийрага боғлиқ равишда бир муддат Хамадонда волийлик қилдилар. Кейинчалик, Саид ибн Ос қўмондонлигидаги Озарбайжон фатҳида иштирок этдилар. Ҳазрат Усмон р.а. Фирот чегарасидаги бир қисм ерларни уларга бердилар. Қарқисия шаҳрида узлатга чекинган ва юзга яқин ҳадиси шариф ривоят қилган Жарир ибн Абдуллоҳ р.а. 674 милодий йилда вафот этдилар. Оллоҳ таолодан шафоатларини сўраб қоламиз. Омин.