loader

Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу

      Икрима ибн Абу Жаҳл машҳур ислом душмани бўлган Абу Жаҳлнинг ўғлидир. Аввал исломнинг катта душманларидан эди. Макка фатҳ этилган кун ўлдирилиши амр қилинган олти кишидан бири ҳам Икрима эди. Ўша куни Икрима Яманга қочиш учун кемага чиқди. Йўлда довул туриб кема чўкиш ҳолига келганда, “Жоним омон қолса Муҳаммаднинг оёқларига йиқиламан”, деб ният қилди. Соғ омон довулдан қутулиб Яманга боргач мусулмон бўлишга қарор қилди. Аёли ва амакисининг қизи бўлган Умму Ҳоким Макка фатҳ этилган кун имон келтириб, эри  учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в)дан омонлик (афв) сўради. Яманга бориб унга ҳушҳабарни етказди:
-    Инсонларнинг энг устуни, энг ҳалими ва энг карими бўлган зот
тарафларидан сенга омонлик келтирдим. Сен учун Расулуллоҳ (с.а.в)дан омонлик сўрадим. Асҳобларига “Оллоҳ таоло унга омонлик берсин, ҳеч ким унга зарар етказмасин!”, деб буюрдилар.
    Икрима Маккага қайтиб, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига келди. Расули Акрам (с.а.в) Икриманинг келганини кўргач, у томон юриб келдилар ва қучоқлашдилар. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) ўтирдилар, изн берилгач Икрима ва аёли ҳам ўтирдилар. Аёлининг юзи ёпиқ эди. Шундан сўнг Икрима Пайғамбаримиз (с.а.в)га шундай деди:
-    Завжам мен учун сиздан омонлик олганини айтди. Шу сабаб
ҳузурингизга келдим.
    Расули Акрам (с.а.в) буюрдилар:
-    Завжанг тўғри айтибди, сен омонликдасан.
Шундан сўнг Икрима деди:
-    Ё Расулуллоҳ! Аввал қилган ишларимга пушаймон бўлдим. Менга
исломни ўргатасизми?
    Расулуллоҳ (с.а.в) унга ислом дини ҳақида бироз тушунча бердилар. Икрима эса “Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Пайғамбаримиз унинг қули ва элчиси эканига шаҳодат келтираман”, деб мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) Оллоҳга дуо қилиб, унинг учун афв ва мағфират сўрадилар.
    Ҳазрат  Икрима  р.а. мусулмон бўлгач Расули Акрам (с.а.в.) билан бирга Мадинага кетдилар. У ерга жойлашиб, ҳижратнинг ўнинчи йилида Расулуллоҳ (с.а.в) тарафларидан Ҳавозинга закот йиғувчи қилиб юборилди.
    Расулуллоҳ (с.а.в) вафот этаганларида ҳазрат Икрима р.а. Яманнинг Табола деган жойида эди. Шу сабаб Расули Акрам (с.а.в)нинг дорул бақога рихлатлари чоғида Мадинада бўла олмадилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. ҳалифалик даврида Икрима р.а. қўшин билан ёлғончи Пайғамбарлик даъвосида бўлган Мусайламатул Каззоб устига юборилди. Бироқ ёрдамчи кучларни кутмасдан Мусайламага ҳужум қилганлари учун мағлуб бўлдилар. Шундан сўнг ҳазрат Абу Бакр р.а. ҳазрат Икрима р.а.ни аввал Умон тарафдаги Ҳузайфа р.а.нинг ёнига ёрдамчи куч сифатида жўнатдилар. У ердаги вазифаси битгач Меҳрага йўлладилар. Меҳра ҳалқини исломга даъват қилгандан сўнг ҳазрат Икрима р.а. қўшини билан бирга Яманга юборилди. Ямандаги барча муртадларни йўқ қилдилар. Кейин эса Мадинага қайтдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. Яманнни барча муртадлардан тозалаган ҳазрат Икрима р.а.ни бир қўшин билан бирга Сурия тарафга жўнатдилар. Ажнодинда Византияликлар билан курашдилар. Жанг пайти оғир ярадор бўлдилар. Сўнг Мадинага қайтиб, 636 йилда Ярмуқ жангида иштирок этдилар. Ҳазрат Ҳузайфа р.а. шундай дейдилар: “Ярмуқ муҳорабаси  пайти эди. Жанг шиддати анча пасайган, ўқ ва найза зарбалари билан яраланган мусулмонлар йиқилган қайноқ қум устида жон беришни бошлаган эдилар. Мен шу орада  бор кучим билан ўрнимдан туриб амакимнинг ўғлини излай бошладим. Сўнгги онларини яшаётган ярадорлар орасида бироз айлангач, ниҳоят излаганимни топдим. Қонга ботган амакимнинг ўғли кўз ишоратлари билан зўрға гаплашар эди. Аввалроқ тайёрлаб қўйган сув мешини кўрсатиб дедим: “Сув ичасанми?”. Аниқки чанқаган, сув ичишни ҳоҳлаётган эди. Чунки лаблари сувсизликдан қовжираб қолганди. Кўз ишорати билан “Тезроқ бер, аҳволимни кўрмаяпсанми?”, деган каби менга боқди. Мен мешнинг оғзини очиб сувни унга узатаётган эдим бироз наридаги ярадорларнинг орасидан ҳазрат Икриманинг овози келди:
-    Сув! Сув! Бир томчи бўлса ҳам сув беринглар!
Амакимнинг ўғли Ҳорис бу фарёдни эшитибоқ кўз ва қош ишоратлари билан сувни ҳазрат Икримага олиб боришимни истади. Қайноқ қум устида жон берган шаҳидлар орасидан югуриб ўтиб ҳазрат Икриманинг ёнига бордим ва дарҳол мешни унга тутдим. Икрима ҳазратлари қўлини мешга узатган ҳам эдиларки, ҳазрат Иёснинг инграган овози келди:
-     Бир томчи бўлса ҳам сув беринглар! Оллоҳ ризолиги учун бир
томчи сув беринглар!
Бу фарёдни эшитган ҳазрат Икрима қўлларини мешдан тортди ва уни Иёсга олиб боришимни ишора қилди. Сувни у ҳам ичмади. Мен мешни олиб шаҳидлар орасида айлана айлана ҳазрат Иёсни топган пайтим сўнгги нафасида шаҳодат калимасини айтиб жон берди. Дарҳол ортга қайтдим. Югура югура ҳазрат Икриманинг ёнига келдим. Мешни узатаётган ҳам эдимки, у ҳам шаҳид бўлди. Эй воҳ, деб амакимнинг ўғли  ҳазрат Ҳорис ёнига югурдим. Унинг ёнига келганимда у ҳам оташ каби қумлар устида қоврила қоврила руҳини таслим этганди. Ҳаётимда бир қанча ҳодисага гувоҳ бўлдим. Бироқ ҳеч бири мени бу қадар ҳаяжонга солмаганди. Ўрталарида ҳеч қандай қариндошлик ришталари бўлмасада, уларнинг бир бирларига нисбатан бу қадар фидокор ва меҳрибон мен ҳавас билан қараган энг буюк имон қуввати сифатида ҳотирам ойнасига нақш бўлди”.
Ҳазрат Икрима р.а. шаҳид бўлган пайти танасида етмишдан ортиқ қилич ва ўқ яраси бор эди. Ҳазрат Икрима р.а. ислом билан шарафлангач жуда самимий бир мусулмон бўлдилар. Бу иҳлоснинг нишонаси сифатида жангдан жангга от устида чақмоқ каби елганини мисол қилиш мумкин. Жасоратли ва жуда яхши қўмондон эдилар. Исломга қалбдан боғланган эдилар. Қуръони каримни қўлларига олганларида аввал пешоналарига қўяр, сўнг йиғлай бошлардилар.

Орқага Олдинга