loader

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу

    Зайд ибн Собит ибн ад Даҳҳок ибн Зайд ибн Лавзан ибн Амр ибн Абдий Авф (ёки  Абд Авф) ибн Ғанам ибн Молик ибн Нажжор ал Ансорий ал Ҳазражий. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг катта саҳобаларидан бўлиб, ансорнинг Ҳазраж қабиласининг бўғини бўлган Баъни Нажжор қавмига мансубдирлар. Онаси ан Навор бинти Молик бинти Муовия бинти ан Нажжордир. Зайднинг куняси Абу Ҳорижа бўлиб, бироқ Абу Саид ва Абу Абдур Раҳмон деган ном билан танилган эди. Зайд ҳижратдан ўн бир йил аввал дунёга келган. Отаси Собит Баос куни ўлдирилган вақтда Зайд олти ёшлардаги бола эди. Расулуллоҳ (с.а.в) Мадинага келган вақтларида Зайд ҳамон кичик ёшлардаги бола эди. Манбалар унинг бу пайтда ўн бир ёшларда бўлганини ҳабар қилади. Бироқ Расулуллоҳ (с.а.в) Бадр жангида қатнашмоқчи  бўлган бир қанча ўспиринни ёшлари кичик бўлгани сабабли ортга қайтардилар. Зайд ҳам уларнинг орасида бор эди. Зайд ибн Собит р.а. жуда ақлли, кучли ва ҳотираси ўткир саҳоба эдилар. Улардаги бу қобилиятни фаҳмлаган Пайғамбаримиз (с.а.в) Зайд р.а.га иброний ва сурёний тилларини ўрганишни буюрдилар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в)га турли жойлардан ушбу тилларда ёзилган мактублар келар ва уларни ўқиб мазмунига тушуниш ва керак бўлганда уларга жавоб қайтарилар эди. Оллоҳнинг Расули (с.а.в) ўқиш ва ёзишни билмаганликлари сабабли буларни бошқаларга ўқитишга мажбур   бўлардилар. Бироқ мактуб ичида ёзилганлардан бошқаларнинг ҳабар топишини истамас эдилар. Шундан сўнг Зайд р.а. дарҳол ишга тушдилар ва қисқа пайтда ҳам иброний, ҳамда Сурёний тилларида ўқиш ва ёзишни ўргандилар. Шундан сўнг келган мактубларни Зайд р.а.нинг ўзлари ўқиб,  лозим бўлганда жавоб ёзадиган бўлдилар. Бу орада асл лавозими бўлган ваҳий котиблигини ҳам олиб борардилар. Ривоятларга кўра Зайд р.а. ёшлари кичик бўлгани сабаб Бадр ва Уҳуд жангларида қатнаша олмаганлар. Қатнашган илк жанги Ҳандақ бўлиб, жангга ҳозирлик кўриш учун мусулмонлар Мадина атрофида Ҳандақ қазир эканлар, ҳазрат Зайд р.а. чиққан тупроқларни ташиш билан эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) унинг тупроқ ташиётганини кўрганларида: “Қандай яхши болакай”, деб марҳамат қилгандилар. Ибн Абдул Бар “ал истиаб”да зикр қилган, бироқ саҳих деб қабул қилмаган бир ҳабарга кўра, Табук сафарида Баъни Малик ибн ан Нажжорнинг байроғини Умора ибн Ҳазм р.а. кўтариб борардилар. Расулуллоҳ (с.а.в) туғни ундан олиб Зайд ибн Собит р.а.га бердилар. Шундан сўнг Умайра: “Эй Оллоҳнинг Расули! Мен ҳақимда бирор ножўя гап эшиттингизми?”, деб сўраганларида Расулуллоҳ (с.а.в): “Йўқ бироқ, Қуръонда унинг сендан кўра устунлиги бор, Зайд Қуръонни сендан кўпроқ ёдлаган”, деб жавоб бердилар.
Зайд ибн Собит р.а. олим саҳобалардан эдилар. Фақатгина Қуръони Каримни ёд олиш билан чекланиб қолмай мерос илмини ҳам жуда яхши ўрганган эдилар. Ҳаттоки асҳоб орасида бу илмни улардан кўра яхшироқ биладиган саҳоба йўқ эди. Расулуллоҳ (с.а.в) асҳобларига, “Фароизни энг яхши билувчи Зайддир”, дер эдилар. Имом Шофеъ фароиз илми ҳусусида ҳазрат Зайд р.а.нинг ҳадисларига амал қилганлар. Ҳазрат Умар р.а. ҳам, ҳазрат Усмон р.а. ҳам Мадинадан кетган пайтларида Зайд ибн Собит р.а.ни ўринларига вакил қилиб қолдирар эдилар. Ҳазрат Усмон р.а. уларни жуда яхши кўрардилар. Ҳазрат Зайд ибн Собит р.а.нинг ўзлари ҳам ҳазрат Усмон р.а.нинг тарафдорларидан бўлиб, ҳазрат Усмон р.а. уларга байтулмолни бошқариш вазифасини юклагандилар. Ярмуқ куни ҳам ўлжаларни Зайд р.а. тақсимлагандилар.
Ҳазрат Зайд ибн Собит р.а.нинг вафот этган йиллари хусусида аниқ бир маълумот бўлмасада, ҳижрий 45 йили 54 ёшда вафот этганликлари таҳмин қилинади. Бу ҳақда Зайд Тан, Ибн Умар, Абу Саид, Абу Ҳурайра, Анас, Саҳл ибн Ҳунайф ва Абдуллоҳ ибн Язид ал Ҳатамий р.а. каби саҳобалар ривоят қилганлар. Тобеъинлардан эса Саид ибн ал Мусаяб, Қосим ибн Муҳаммад, Сулаймон ибн Ясар, Абон ибн Усмон, Буср ибн Саид ва Зайд р.а.нинг икки ўғиллари, Ҳорижа билан Сулаймон ва бошқалар ривоят қилганлар.

Орқага Олдинга