loader

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу

    Мусъаб ибн Умайр р.а. улуғ саҳобалардан бўлиб, куняси Абу Муҳаммаддир. Ҳам отаси, ҳам онаси томонидан Қурайшнинг аслзода ва бой оиласига мансуб бўлиб, чиройли кийиниб юрадиган, келишган йигит эди. Ота онаси уни еру кўкка қўймас, онаси чиройли кийинтириб, хушбўйлар сурар эди. Маккаликлар унга ҳавас қилар ва яхши кўрар эдилар. Ҳаттоки бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам шундай марҳамат қилган эдилар: “Маккада Мусъаб ибн Умайрдан кўра чиройли кийинган, келишган ва неъматлар ичида сузиб юрувчи бошқа бирор йигитни кўрмадим”. Ўрта бўйли, нозик ва юмшоқ табиатли, жуда заковатли эди. Хушмуомала бўлиб, ақли соғлом бўлгани учун бутларнинг фойда ёки зарар бера олмасликларини билар ва уларга топинишдан нафратланарди. Барча бойликларга ва фароғатли ҳаёт кечиришига қарамай қалбида қандайдир бўшлиқ ҳис этарди.   
    Мусъаб Маккада ўша давр ҳолатига кўра бой ва ҳашамат ичида ҳаёт кечираркан, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ислом динига даъват қилаётганларидан ҳабар топди ва суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в) илк марказ сифатида танлаган Исломга даъватнинг илк маркази бўлган Арқам ибн Абул Арқамнинг уйларига бориб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларида дарҳол исломни қабул қилдилар. Исломни қабул қилган он ҳаёти бутунлай ўзгарди. Эски бойлик ва ҳашамат ўрнини фақирлик эгаллади.  Маккада аянчли вазият тус олгани учун, ота онасидан мусулмон бўлганини яширишга мажбур бўлдилар. Бироқ  Пайғамбаримиз (с.а.в)ни яширин зиёрат қилишни ҳам қолдира  олмасдилар. Чунки Усмон ибн Талҳа яширин намоз ўқиганини кўриб вазиятдан Мусъаб р.а.нинг онаси ва қариндошларини ҳабардор қилганди. Шундан сўнг қариндошлари уни тутиб, уйга қамаб қўйдилар. Оиласининг суюкли ўғилларига етказмаган азиятлари қолмади. Уни динидан қайтариш учун ертўлага қамаб, неча кунлаб оч ва сувсиз қолдирдилар. Арабистоннинг энг иссиқ кунларида қуёш тиғига қўйиб кўп азоб бердилар. Бироқ берилган оғир азоблар бу кучли имон соҳибини динидан қайтара олмади. Ҳар сафар бор кучи билан:
-    Оллоҳдан бошқа топинадиган ва ибодат қиладиган бирор илоҳ
йўқ! Муҳаммад алайҳиссалом Унинг Пайғамбаридир, дер эдилар.
    Ҳабашистонга ҳижрат қилган илк гуруҳга қўшилгунга қадар қамоқда ушланган ҳазрат Мусъаб р.а. ҳижратга имкон бўлиши билан динини тинч ҳаётда давом эттириш учун Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Бир муддат у ерда қолиб турли етишмовчиликларга дуч келдилар. Сўнг қайтиб Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларига келдилар. Бу ҳақда ҳазрат Али р.а. шундай дейдилар: “Расулуллоҳ билан бирга ўтирган эдик. Шу пайт Мусъаб ибн Умайр келди. Устида ямоқли кийимдан бошқа уст боши йўқ эди. Расулуллоҳ унинг ҳолатини кўргач муборак кўзлари ёшга тўлди ва:
-    Қалбини Оллоҳ таоло нурлантирган шу инсонга боқинглар.
Ота онаси уни энг яхши неъматлар билан боқарди. Оллоҳ учун буларнинг барчасини тарк этди. Оллоҳ ва Расулининг севгиси уни кўриб турган ҳолингизга келтирди”, деб марҳамат қилдилар.  
 Ҳабашистондан қайтганда эса  ҳазрат Мусъаб р.а. умуман ўзгарган, ўша назокатли ва келишган, бой йигит ўрнини қалби ислом ва имон билан тўла, иродаси метин бир инсон эгаллаган эди. Онаси ундаги матонат ва қатъий қарорни кўргач, уни фикридан ўзгартиришга ҳаракат қилишни тўҳтатишга мажбур бўлди. Бу орада биринчи Ақоба Байъати бўлиб ўтган ва мадиналиклардан бир гуруҳ инсонлар мусулмон бўлган эдилар. Ўзларига исломни ўргатиш ва мадиналикларни исломга даъват қилиш учун Расулуллоҳ (с.а.в)дан муаллим сўрадилар. Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в) бу муҳим вазифани ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а.га топширдилар. Ҳазрат Мусъаб р.а. ҳам имомлик қилар, ҳам Қуръон ўргатар, ҳамда бошқа инсонларни исломга даъват қилар эдилар. Шундай қилиб Мадинага илк ҳижрат қилган саҳоба ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. бўлдилар.
Бир куни ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. бир боғда атрофига мусулмонларни тўплаб динни ўргатар эдилар. Шу пайт Авс қабиласининг раисларидан бўлган Усайд қўлида найза билан дарғазаб ҳолда кириб келиб деди:
-    Сиз бизнинг юртимизга нима учун келдингиз? Одамларни
алдаяпсиз. Яшаш мақсадингиз бўлса, бу ердан дарҳол жўнаб қолингчи.
    Унинг ғазабнок ҳолатини кўрган ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а.:
-    Қани бироз ўтир, сўзимизни тингла. Мақсадимизни  англа, ёқса
қабул қиласан, бўлмаса қаршилик қиласан, деб ғоятда хушмуомалалик билан жавоб бердилар.
    Усайд тинчланди ва:
-    Тўғри айтасан, деб найзасини ерга қадаб ўтирди. Ҳазрат Мусъаб
р.а. унга исломни ўргатдилар ва Қуръони каримдан оятлар ўқидилар.
    Қуръони каримнинг тенгсиз балоғоти ва тотли услубини тинглаган Усайд ўзини тута олмай:
-    Бу қандай гўзал ва қандай яхши сўз. Бу динга кириш учун нима
қилиш керак, деб сўради.
    Истарали, хушмуомала муаллим жавоб берди:
-    Ла илаҳа илаллаҳ, Муҳаммадур Расулуллаҳ, дейишинг кифоя.
Мусъаб ибн Умайр р.а.нинг ушбу сўзларидан сўнг шаҳодат калимасини
келтириб мусулмон бўлган ҳазрат Усайд р.а. қувончдан жойида тура олмай:
-    Мен бориб дўсту биродарларимга ҳам айтай, деб кетдилар.
Авс қабиласининг раиси Саъд ибн Муознинг ва қабиласининг ёнига
боргач, мусулмон бўлганини айтдилар. Буни кўрган Саъд ғазабланди ва Мусъаб ибн Умайрнинг ёнига югурди. Ёнига боргач, ғазабнок ҳолда қўполлик билан сўзлай бошлади. Ҳазрат Мусъаб р.а. унга ғоятда юмшоқ муомала қилдилар ва ўтириб бироз тинглашини айтдилар. Саъд бундай хушмуомала қаршисида лом мим деб қаршилик билдира олмай ўтирди ва тинглай бошлади. Мусъаб ибн Умайр р.а. унга ҳам исломни ўрнатдилар ва Қуръони каримдан бироз оятлар ўқидилар. Қуръони каримни тинглаган Саъднинг юзи ўзгариб бораверди. У ҳам ўша жойда мусулмон бўлди. Дарҳол қабиласининг ёнига бордилар ва уларга дедилар:
-    Эй қавмим? Мени қандай инсон деб биласизлар?
-    Сен бизнинг улуғимизсан.
-    Ундай бўлса Оллоҳ ва Расулига имон келтиришингиз керак.
Имон келтирмагунингизча сизнинг аёлингизу эркагингиз билан сўзлашиш менга ҳаром бўлсин.
    Шундан сўнг қавмининг бари бирдан исломни қабул қилди. Ўша куни ҳазрат Саъд р.а.нинг қабиласидан имон келтирмаган бирор кимса қолмади. Ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а.нинг ғайратлари ва улкан хизматлари натижасида ислом дини Мадинада тез суръат билан ёйилди. Ҳаттоки ислом кирмаган уй ва имон келтирмаган бирор киши қолмади.   
Баъзи манбаларга кўра Мадинада илк Жума намози ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. имомликларида ўқилгани қайд этилади. Аснорийлар Расулуллоҳ (с.а.в)дан изн олиб Саъд ибн Ҳайсама р.а.нинг уйларида илк бора Жума намозини ўқидилар. Шу билан Мадинаи Мунавварада ўқилган илк жума намози шу бўлди.  
Бир йилдан сўнг Маккага ҳаж мавсумида ёнида етмиш киши билан келган ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)га исломнинг Мадинада тез ёйилгани ҳақидаги ҳушҳабарни айтар эканлар шундай деган эдилар: “Мадинада Ислом кирмаган ва у ҳақда суҳбат бўлмаган уй қолмади”. Расули Акрам (с.а.в) бошчилигида барча мусулмонлар бу ҳушҳабардан жуда қувондилар. Ўғлининг Маккага келганидан ҳабар топган она уни яна қамаб қўймоқчи бўлди. Бироқ ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. қатъий имонда собит турдилар ва онасининг фикрини ўзгартиришнинг уддасидан чиқдилар. Онаси  унинг даъватини қабул қилиб исломга кирмаган бўлса, у ҳам онасининг сўзига кириб динидан воз кечмаган эди. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларида икки ой қолган Мусъаб ибн Умайр р.а. ҳижратдан ўн икки кун аввал Мадинага бордилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Мусъаб ибн Умайр, Саъд ибн Абу Ваққос  ва Абу Аюб ал Ансорий р.а.лар ўрталарида биродарлик ришталарини боғладилар. Бадр жангида муҳожирларнинг туғи ҳазрат Мусъаб р.а.нинг қўлларида эди. “Расулуллоҳнинг байроқдори” деган ном қозондилар. Ухуд жангида ҳам байроқ унинг қўлида эди. Бу жангда ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларидан бир зумга ҳам айрилмай, Расули Акрам (с.а.в)га хужум қилганлар билан олишар эдилар.
Жанг асносида мусулмонларнинг чекинганини кўрган ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. отларини чапга ўнгга сурар ва баланд овоз билан:  "Muhammed ancak bir peygamberdir. Ondan once birçok peygamberler gelip geçmiştir" (Ali imrân, 3/144) оятини ўқир эдилар. Бу оятнинг Ухуд кунига қадар нозил бўлмагани ва ўша куни ушбу оят нозил бўлгани ҳазрат Мусъаб р.а.нинг Оллоҳ наздидаги мартабасини кўрсатади.
Иккита зирҳ кийиб олгандилар. Шу ҳолатлари билан Расулуллоҳ (с.а.в)га ўҳшардилар. Мушрик қўшинидан Ибн Камия исмли мушрик Пайғамбаримиз (с.а.в)га хужум қилган пайти ҳазрат Мусъаб унинг қаршисига чиқдилар. Бу мушрик бир қилич зарби Мусъаб ибн Умайр р.а.нинг  ўнг қўлини кесиб юборди, дарҳол байроқни чап қўлига олдилар ва жангда давом этдилар. Бироқ ортидан чап қўлини ҳам кесиб юборди. Шундан сўнг бутун вужудлари билан байроқни муҳофаза қилишга уриндилар ва юқоридаги оятни ўқишда давом этдилар. Шу ҳолатларида ҳам вужудини Пайғамбаримиз (с.а.в)га қалқон қилган ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а.нинг устига ҳужум қилган Ибн Камия оҳири бир ўқ отди ва ўқ  зарби ила шаҳидлик шарбатини ичдилар. Ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. зирҳ кийиб Пайғамбаримиз (с.а.в)га ўҳшаганлари учун мушриклар уни шаҳид этгач “Муҳаммадни ўлдирдик”, деб ўйлаб жанг асносида миш миш тарқатдилар.
Ҳазрат Мусъаб р.а. шаҳид бўлгач унинг суратида бир фаришта келиб байроқни олди. Ҳазрат Мусъаб р.а. шаҳид бўлиб ерда ётар эканлар Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Мусъаб р.а. қўлларида байроқ кўтарган ҳолда кўрдилар  ва “Олға эй Мусъаб! Олға!”, деб буюрдилар. Бироқ у одам ортига қараб “Мен Мусъаб эмасман”, дегач Расули Акрам (с.а.в) унинг Мусъаб р.а. номидан жанг қилаётган Оллоҳнинг фаришталаридан эканини англадилар. Ухуд жангида улуғ саҳобалардан бир қанчаси шаҳид бўлди. Ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. ҳам улар орасида эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг чуқур қайғуга ботганлари кўринишларидан маълум эди. Мусъаб р.а.нинг муборак вужудлари ёнида ўтириб Ухуд шаҳидлари ҳақида нозил бўлган ушбу оятни ўқидилар:  "Mü'minlerden öyle er kişiler vardır ki, Allah'a verdikleri sözde sadakat ettiler. Kimi adağını ödedi şehid oldu. Kimi de (şehid olmayı) bekliyor. Onlar verdikleri sözü asla değiştirmediler" (el-Ahzab 33/23). Сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) саҳобаларга шаҳидларга яқинлашиб салом беришларини буюрдилар ва берилган саломларга шаҳидлар тарафидан алик олинишини ифода этдилар.
    Ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. шаҳид бўлган чоғларида қирқ ёшларда эдилар. Бир пайтлар бой ва фароғат ичида умр кечирган ушбу ҳурматли инсонга етарли кафан ҳам топилмаган эди. Расулуллоҳ (с.а.в) шаҳид ёнига келганларида ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. эски ҳирқа ичида сочлари ёйилган, вужудлари эса қилич ва ўқ зарбидан тилиниб кетган ҳолда ётар эдилар. Расули Акрам (с.а.в) ғамгин ҳолда дедилар: “Сени Маккада кўрганимда сендан гўзалроқ кийинган, сендан кўра чиройлироқ бирор кимса йўқ эди. Энди эса кафан сифатида ўралган ҳирқадан бошинг ташқарида қолди”. Сўнг бу улуғ саҳобий учун бир қабр очдилар ва Уҳуд шаҳидлари орасига дафн этдилар.
    Оллоҳ йўлида жон фидо этган ушбу азиз шаҳид саҳобий ҳақда асҳоби киромдан ҳазрат Ҳаббоб р.а. шундай дейдилар: “Биз Расулуллоҳ билан бирга Мадинага ёлғиз Оллоҳ ризоси учун ҳижрат қилдик. Энди мукофотини Оллоҳдан кутамиз. Дўстларимиз орасида бу неъматлардан тотмай оҳиратга кетганлар ҳам борки, Мусъаб ибн Умайр улардан биридир. У Уҳуд куни шаҳид бўлганди, уни ўрашга ҳатто кафан ҳам топа олмагандик. Шаҳиднинг биргина ҳирқасини топиб, бу азиз шаҳидни ўрашга ҳаракат қилдик. Бироқ бошини ўрасак оёғи, оёғини ўрасак боши очилиб қоларди. Бу ожизлик қаршисида Расулуллоҳ (с.а.в) бизларга шаҳиднинг бошини ўрашимизни, оёқлари устига изҳир деган хушбўй ўтдан қўйишимизни буюрдилар”. 

Орқага Олдинга