Нуайм ибн Масъуд р.а. заковатли, қалби имонга лиммо лим йигит... Душманга қарши буюк жасорат кўрсатган, ҳарбда ҳийла қўллашни яхши билган қаҳрамон... Ҳар қандай муаммога ақл билан ечим топа оладиган ўғлон...
Ҳазрат Нуайм р.а. Ҳандақ жанги арафасида ислом ила шарафландилар. Асл исми Нуайм бўлиб, Ғатафон қабиласидандирлар. Мусулмон бўлишдан аввал пул ва кайфи сафога ўч бир кимса эди. Орзу ва истакларини амалга ошириш учун Нажид чўлларидан чиқиб Ясрибга келар, Баъни Қурайза яҳудийлари билан тез тез алоқа қилиб турарди. Макка водийлари ислом нури ила ойдинлаган пайтларда у кайфу сафо ичида эди. Завқ ва кўнгилхушликларига янги ислом динининг монеъ бўлишидан қўрққани учун иложи борича бу диндан узоқ юришга ҳаракат қилди. Бироқ Оллоҳ таоло унинг кўнглини Аҳзоб куни исломнинг нурига ҳозирлади. У Ҳандақ ғазотида ўзига янги бир саҳифа очди. “Ҳарб ҳийладир”, ҳадиси шарифининг шоҳасар ҳикояси қаҳрамони бўлди. Исломга кириши воқеаси шундай рўй берди:
Ҳижратнинг бешинчи йили эди. Мадинадаги мусулмонларни ташқаридан Қурайш ва Ғатафон қабилалари, ичкаридан Баъни Нодир ва Баъни Қурайза яҳудийлари қамал қилиб, бу янги динга нуқта қўймоқчи бўлдилар. Расули Акрам (с.а.в) ўша кунларда Мадинадаги Баъни Қурайза яҳудийлари билан ярашув сулҳи имзолаган эдилар. Баъни Нодир қабиласининг катталари Баъни Қурайзани гиж гижлай бошладилар. Бу сафар фалокат мусулмонлар бошига келишини айтдилар. Тузган сулҳларини бекор қилишларини талаб қилдилар. Улар ҳам Макка ва Нажиддан икки қўшиннинг келаётганини кўргач сулҳни буздилар. Бу ҳабар мусулмонларнинг орасига чақмоқ каби тушди. Қурайш билан Ғатафон қабилалари Мадинани ўраб олган, халққа келаётган озиқ овқат йўлини ёпиб қўйган эдилар. Баъни Қурайза яҳудийлари ҳам ичкаридан мусулмонларнинг ортида уларга қарши ҳозирлик кўраётган эдилар. Атроф фитна билан қопанганди. Мунофиқлар бекор турмай, ичларидан кечаётган ҳисларини ошкор қилиб шундай дердилар: “Муҳаммад бизга Кисро ва Қайсарининг ҳазиналарига эга бўлишимизни ваъда қилганди. Мана энди ҳолимиз. Қўрқувдан ҳатто ҳожатга чиқа олмайдиган аҳволга тушдик”. Қалблари имондан нари бўлган мунофиқлар вазиятни шу тарзда бузишга ҳаракат қилардилар. Баъни Қурайза бўладиган босқинда аёлларига, болаларига ва уйларига зарар келмаслиги учун гуруҳ гуруҳ бўлиб кета бошладилар. Қамал йигирма кунга яқин давом этди. Ҳар икки тарафда ҳам очлик ва ночорлик бош кўтарди. Отлари ва туялари ўла бошлади. Совуқдан аскарлар қирила бошлади. Расули Акрам (с.а.в) тинимсиз Роббига сиғинар ва: “Оллоҳим! Сендан менга ваъда қилган ёрдамингни истайман!... Оллоҳим! Сендан менга ваъда қилган ёрдамингни истайман!...”, деб дуо қилардилар. Ушбу дуони кечаю кундуз тинмай қилар эканлар Ғатафон қабиласидан Нуаймнинг кўнглига бир учқун тушди. Тонгга қадар ухлай олмади. Ичидан бир овоз унга тинимсиз равишда: “Ҳайф сенга эй Нуайм!... Сени Нажиддек узоқ жойдан келтирган сабаб нима? Сен каби ақлли бир одамга сабабсиз жанг қилиш ярашадими? Сен у билан на олинган ҳақни қайтариб олиш учун, на тажовузга учраган бир номусни асраш учун курашяпсан. Сен ҳеч қандай сабабсиз у билан курашишга келдинг!...”, дер эди. Туни бўйи ўз ўзи билан курашган Нуайм тонг отмай Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ (с.а.в) унга:
- Нуайм ибн Масъуд сенмисан?, дедилар. У эса:
- Ҳа менман, деб жавоб берди.
- Бу пайтда келишингга сабаб нима?, деб сўрадилар Расулуллоҳ
(с.а.в). Шунда Нуайм шаҳодат калимасини келтириб шундай деди:
- Ё Расулуллоҳ! Мен мусулмон бўлдим. Бироқ қавмимнинг бундан
ҳабари йўқ. Менга истаганингизни буюринг!...
Икки олам сарвари (с.а.в) унга: “Қавмингга бор ва душманимизнинг ғайрат ва кучини заифлаштир. Чунки ҳарб ҳийладир”, деб марҳамат қилдилар.
Нуайм ибн Масъуд р.а. Фаҳри Коинот (с.а.в)ни мамнун этиш учун қабилалар орасига ғулғула солдилар. Ҳар қабилага қабул қила оладиган тарзда фикрлар бердилар. Аввал Баъни Қурайзага бордилар ва уларга: “Бу ер сизнинг юртингиз. Молларингиз, аҳли аёлларингиз, болаларингиз бор. Бошқа ерга кетадиган ҳолингиз йўқ. Бироқ Қурайш билан Ғатафон ундай эмас. Жангда ғолиб келса ўлжага эга бўладилар. Мағлуб бўлсалар ҳеч нима ютқазмай тинчгина юртларига қайтадилар”, деб уларнинг фикрини ўзгартирдилар. Ҳаттоки уларга нариги тарафларнинг оқсоқолларидан етмиш кишини гаров учун сўрашларини тавсия қилдилар. У ердан чиқиб Қурайш ва Ғатафонга келдилар. Уларга эса: “Баъни Қурайза Муҳаммад билан келишиб олиб, Қурайш ва Ғатафон оқсоқолларидан бир қанча одамни алдаб чақириб унга таслим қилмоқчи”, дедилар. Баъни Қурайзани синаш учун Абу Жаҳлнинг ўғли Икрима юборилди. Икрима уларнинг ёнига борганида: “Бу ерда кутишдан чарчадик, эртага жанг қилишга қарор қилдик”, деди. Улар эса: “Эртага шанба. Биз бу кунда ҳеч қандай иш қилмаймиз. Бундан ташқари сиздан ва Ғатафон оқсоқолларидан етмиш кишини бизга гаров учун бермагунингизча сизларга қўшилиб жанг қилмаймиз”, деган жавобни бердилар. Икрима ортига қайтди ва эшитганларини айтди. Уларнинг ҳам бари бир овоздан: “Вой пасткаш маймунлар! Валлоҳи биздан гаров учун қўй сўрасалар ҳам бермаймиз”, дедилар. Нуайм р.а. шу тарзда душманлар орасига нифоқ солдилар. Уларнинг ораларидаги келишувни осонгина буздилар. Ярим тунда шиддатли шамол кўтарлиб, бўрон чодирларни остин устун қилди. Қозонларини ағдариб, оташларини сўндирди. Паришон ҳолда зулматда чекинишга мажбур бўлдилар. Тонг отгач мусулмонлар душманларнинг қочиб кетганларини кўрдилар ва: “Қулига ёрдам берган Оллоҳга... Аскарини азиз қилган... Қабилаларни ёлғиз енгган Оллоҳга ҳамд бўлсин!... ”, дедилар.
Ўша кундан бошлаб ҳазрат Нуайм ибн Масъуд р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг энг ишонган инсонларидан бирига айландилар. Берилган вазифани ҳеч қандай нуқсонсиз адо этдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) билан бирга жангларга қатнашдилар. Ул зоти шарифнинг ёнларида байроқ кўтардилар. Макка фатҳи куни Абу Суфён ибн Ҳарб мусулмон аскарларини томоша қилиб турганда, Ғатафоннинг туғини кўтариб келаётган одамни кўрди ва ёнидагилардан унинг кимлигини сўради. Улар: “Нуайм ибн Масъуд”, дедилар, шунда Абу Суфён шундай деди: “”Ҳандақ жангида бизга қилгани нима эди... У Муҳаммаднинг энг катта душмани бўла туриб, энди нега унинг ёнида қавмининг байроғини кўтариб бормоқда...?”.
Оллоҳ доимо мўминларга ёрдам беради, Унга қалбимизни таслим этсак бас. Динда муҳлис бўлиб яшайлик. Жамол воқеасида вафот этгани ривоят қилинган ҳазрат Нуайм ибн Масъуд р.а.нинг шафоатларини тилаб қоламиз.