loader

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу

    Саъд ибн Убода р.а. иккинчи Ақоба байъатида мусулмон бўлдилар. Улар ушбу байъатда иштирок этиб, Пайғамбаримиз (с.а.в) билан кўришиб, ўз жонларини ва молларини қўриган каби Пайғамбаримиз (с.а.в)га ёрдам беришга сўз берган саҳобалардан эдилар. Ушбу байъатда танлаб олинган ўн икки вакилдан бири ҳам ҳазрат Саъд ибн Убода р.а.дирлар. Жуда бой ва саҳий эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларида ҳазрат Ҳолид ибн Зайд р.а.нинг уйларида етти ой меҳмон бўлдилар. Саъд ибн Убода р.а. ушбу давр мобайнида Пайғамбаримиз (с.а.в)ни йўқлаб, ҳар куни таом юборар эдилар. Ҳижратнинг иккинчи  йилида бўлиб ўтган илк ғазот, яъни Абво ғазотида ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. Мадинада вакил бўлиб қолдилар.  Пайғамбаримиз (с.а.в) Бадр жангидан аввал машварат ҳайъатини тўплаганларида  Саъд ибн Убода р.а. ҳам иштирок этдилар. Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашдилар. Уҳуд жангида Пайғамбаримиз (с.а.в) Ҳазраж қабиласи байроғини ҳазрат Саъд ибн Убода р.а.нинг қўлларига бердилар. Бу жангда душман билан қаҳрамонларча олишдилар.
    Мурайший ғазотида ансор байроғини ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. кўтардилар. 627 йилда бўлиб ўтган Ғарод ғазотида қўшинга  ўнта туяда ҳурмо эҳсон қилдилар. Уларнинг ушбу ҳизматлари учун Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дуо қилдилар: “Оллоҳим Саъдни ва Саъднинг оиласини раҳмат айла!” ва шундай марҳамат қилдилар: “Саъд ибн Убода қандай яхши инсон!”. Ҳазраж қабиласидан бўлганлар дедилар: “Ё Расулуллоҳ! Саъд ибн Убода орамизда энг улуғимиздир. Отаси ҳам шундай эди. Қаҳатчилик ва очлик йиллари халқни тўйдирар, йўлда қолиб кетганларга ёрдам берарди. Мусофирларни меҳмон қилар, бошига мусибат тушган ва эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзарди. Қабилаларни юртларига кўчирарди”. Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Жоҳилиятда энг яхши бўлганингиз Исломда ҳам энг яхшингиздир”.
    Ҳандақ жанги бўлишидан аввал Пайғамбаримиз (с.а.в) маслаҳатлашиш учун Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убода р.а.ларни чақиргандилар. Ушбу мажлис пайтида улар Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг амрларини сўзсиз бажаришга, мушрикларга қарши жанг қилишга ва бу йўлда жонларини фидо этишга ҳозир эканликларини билдирдилар. Уларнинг самимиятларидан, кўрсатган сабот ва душманга нисбатан қарорларидан Пайғамбаримиз (с.а.в) жуда мамнун бўлдилар. Ҳандақ жангида ҳам иштирок этган Саъд ибн Убода р.а. ансорнинг байроғини кўтардилар. Ҳандақ жангидан сўнг бўлиб ўтган Баъни Қурайза ғазоти пайтида бутун қўшинга емак тарқатдилар.
    Ҳудайбия сулҳида ва Байъати Ридвонда ҳам иштирок этдилар. Ҳайбар ғазотидаги қўшин қўмондонларидан бири ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. эдилар. Макка фатҳида ҳам иштирок этдилар. Ушбу фатҳда байроқлардан бирини ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. кўтардилар. Бундан кейин бўлиб ўтган Ҳунайн ғазотида Ҳазраж қабиласининг байроғини кўтардилар.
    Ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. вафот этгунларига қадар ҳам жонлари, ҳам моллари билан ислом ҳизматида ва жиҳодда бўлдилар. Мадина атрофида жуда кўплаб ерлари, боғлари бор эди. Уйлари Мадинанинг чекка маҳалласида эди. Масжиди Набавия уйларига узоқ бўлгани учун ўша ерда бир масжид қурдирган эдилар.
    Ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. саҳий бўлган сулоладан эдилар. Бобоси: “Гўшт, ёғ истаган Дулаймнинг уйига келсин”, деб жар солдирар ва келганларга гўшт, ёғ тарқатардилар. Дулайм вафот этгач, ўғли Убода ҳам ҳудди отаси каби жар солдириб, келганларнинг эҳтиёжларини қондирарди. Ҳазрат Саъд р.а. эса ота боболаридан мерос қолган бу саҳийликни мусулмон бўлганларидан сўнг Ислом йўлида янада орттирдилар. Ҳар доим “Оллоҳим менга саҳийлик қила оладиган даражада бойлик бер”, деб дуо қилардилар. Қалъа шаклида қурилган бир уйи бор бўлиб, ўша ерда истиқомат қилардилар. Бу уйда ҳар куни зиёфат берардилар. Фақирлар ўша ерга бориб қорин тўйдирарди. Асҳоби киром орасидан “асҳоби Суффа” деб аталган ҳеч кими йўқ, фақир мусулмонлардан ҳар куни саксонтасининг қорнини тўйдирардилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳижрат қилганларидан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в)га ҳар кеча гўшт, сут ва сариёғ ёки таом юборардилар. Оналари вафот этгач Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳузурларига келиб шундай дедилар:
-    Ё Расулуллоҳ! Онам вафот этдилар. Унга қандай яхшилик қила
оламан?
    Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилдилар:
-    Сув садақаси яхшидир. Зеро садақа бериш Оллоҳ таолонинг
ғазабини юмшатади, инсонни азобдан қутқаради. Ажали етмаган ҳастанинг шифо топишига сабаб бўлади.
    Шундан сўнг ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. Мадинада бир қудуқ қаздирдилар. “Сикояи ал и Саъд” деб ном берилган ушбу қудуқдан мусулмонлар бемалол фойдаландилар.    
    Араб қабилалари ичида ансордан бўлган Авс ва Ҳазраж қабилаларининг Ислом дини йўлида буюк хизматлари сингган. Жангларда кўплаб шаҳидлар берганлар. Саъд ибн Убода ва Саъд ибн Муоз р.а.лар ушбу қабилаларнинг энг улуғларидан эдилар. Ҳар иккисининг ҳам дин йўлидаги хизматлари ва мусулмонлар учун кўрсатган фидокорликлари сон саноқсиз эди. Бу йўлда фидо қилмаган нарсалари қолмади. Моллари билан, жонлари билан хизмат қилдилар. Саъд ибн Муоз р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳаётлик чоғларида шаҳид бўлдилар. Ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а.нинг  вафотларидан сўнг ансор орасидан ўз ҳиматлари билан энг олдинда бўлган зот ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. эдилар. Улар доимо дин йўлида ҳизмат қилиб, Мадина мусулмонларини Ислом йўлида фидокорлик билан хизмат қилишга даъват этардилар.
    Ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг ҳалифалик даврида Мадинада яшадилар. Сўнг Шом тарафдаги Ҳавронга кетдилар ва умрининг оҳирига қадар ўша ерда яшаб, 635 йили Ҳавронда вафот этдилар. Гута деган жойга дафн этилди.
    Ҳазрат Саъд ибн Убода р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шаҳсан ўзларидан ҳадиси шариф эшитиб ўрганган ва ривоят қилган зотлардандирлар. Ривоятлари машҳур ҳадис китобларидан бўлган Кутуби Ситтанинг тўртинчисидан жой олган.

Орқага Олдинга