loader

Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу

Суҳайбнинг отаси Намр қавмига мансуб Синон, онаси Қуайд қизи Салмодир. Барчалари бирга Убулла шаҳрида яшардилар. Бобоси Мўсул яқинидаги бу шаҳарнинг ҳокими эди.
Бир куни византияликлар шаҳарга ҳужум қилди. Кўплаб одамлар билан бирга кичик Суҳайбни ҳам асир олиб кетдилар. Узоқ муддат румликлар қўлида қолди. Шунинг учун Суҳайби Румий деган ном билан танилди. Уни маккалик Абдуллоҳ ибн Жадъан сотиб олди. Бир муддатдан сўнг яхши ҳаракатлари учун озод этди.
***
Каъбаи муаззаманинг жанубидаги баландликда Арқам розияллоҳу анҳунинг уйлари жойлашган эди. Каъбага жануб тарафдан келувчилар ушбу уй ёнидан ўтишарди. Уй баландликда жойлашгани учун у ердан туриб Каъбани бемалол томоша қилиш мумкин эди. Арқам розияллоҳу анҳу Макканинг обрў-эътиборли зотларидан бўлгани сабабли, каттаю кичик уларни ҳурмат қиларди. Ушбу сабаблар туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар бу ерда тўпланар, ишончли жой бўлгани учун ибодатларини ҳотиржам адо этардилар. Мусулмон бўлишни истаганлар ҳам бу уйга келиб Иймон билан шарафланар эдилар. Шунинг учун бу уйга “Дорул-Ислом ва Дорул-Арқам номлари берилганди.
***
Аммор ибн Ёсир Арқам розияллоҳу анҳунинг уйлари ёнида Суҳайб ибн Синонни учратиб қолди ва ундан сўради:
– Бу ерда нима қиляпсан?
– Ўзинг нима қиляпсан?
– Мен уй ичига кириб Муҳаммаднинг сўзларини тинглаб айтган динларига кирмоқчиман.
– Мен ҳам айнан шу мақсадда келдим.
Иккиси ҳам бир мақсадда келганларини билгач, биргаликда ичкарига кирдилар. Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ичида эдилар. Иккиси ҳам мусулмон бўлди ва оқшомга қадар қолдилар. Шомдан сўнг уйларига кетдилар.
***
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга даъват бошланишидан аввал ҳам Суҳайб ибн Синон билан суҳбатлашар ва бир-бирларини яхши кўришарди.
Суҳайб ибн Синон Абдуллоҳ ибн Жадъаннинг озод қули эдилар. Мусулмон бўлганини ошкор қилишдан қўрмаган етти саҳобийдан бири эдилар. Суҳайб мусулмон бўлганларини эълон қилганларида Макка мушриклари томонидан турли қийноқларга солиндилар.
    Золим мушриклар ҳеч кими йўқ бечораларга турли азоблар берардилар. Суҳайбнинг ҳам Маккада қавм-қариндошлари бўлмагани учун мушриклар томонидан етказилган турли уқубатларга дучор бўлдилар. Уларни сўзлай олмайдиган ҳолга келгунларича калтаклар, темирдан бўлган кийим кийдириб жазирма кун қуёшига тутар, устларига ҳарсанг бостирар эдилар.
***
Ҳаббоб ва Аммор ва Суҳайб бирга кетаётганларида Қурайш мушрикларидан бир нечтасига дуч келишди. Золим мушриклар уларни кўргач:
– Мана Муҳаммадга эргашганлар, деб масхаралаб, турли маломат ёғдирдилар.
    Суҳайб уларга жавобан дедилар:
– Ҳа, Аллоҳ таолонинг Пайғамбарига эргашган, Улар билан бирга бўлишдан завқ олган кимсалар бизмиз. Муҳаммадга биз ишондик, сиз ишонмадингиз. Биз Унинг сўзлаганларининг, билдирганларининг барчасини ҳақиқат деб қабул қилдик. Сиз ёлғончига чиқардингиз. Бутун устунлик ва фазилатлар Исломда, бутун иллат ва фалокатлар мушрикликдадир. Мусулмонликда пастлик, мушрикликда устунлик йўқдир.
Суҳайбнинг бу сўзларидан сўнг иймонсизлар уларга ташландилар. Суҳайбни шу даражада калтаклашдики, сўзлай олмайдиган ва нима деётганини билмайдиган ҳолга келдилар.
Шунга қарамай, Суҳайб барча қийноқларга бардош берардилар. Берилаётган азоблар Суҳайб учун ҳақ йўлда сабр саботга рағбат бўларди. Иймонлари борган сари ортар, золим мушрикларнинг уларни ҳақ йўлдан қайтариш учун қилаётган ҳаракатларининг бари чиппакка чиқарди.
***
Суҳайб розияллоҳу анҳу Маккада ўз меҳнатлари билан катта пул топиб бой бўлдилар. Мадинага ҳижрат қилишлари ҳақида мушриклар хабар топгач, йўлини тўсиб дедилар:
– Сен Маккага фақир ҳолда келдинг. Жуда катта бойлик ва молга эга бўлдинг. Энди ҳам ўзинг кетиб, ҳам шунча бойликни олиб кетасанми? Бунга йўл қўймаймиз.
Суҳайб уларга дедилар:
– Эй мушриклар! Мени яхши биласизлар, ўқ отишга устаман. Агар ёнимга яқинлашсангиз ёнимдаги ўқларнинг барини сизга отаман ва улар қолмагач қиличимни чиқараман. Булар қўлимда экан, менга ҳеч нарса қила олмайсизлар.
    Бироқ Суҳайбнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати, уларга тезроқ етишиш истаги ва Мадинага бориб ибодатларини ҳотиржам адо этиш орзуси шу қадар кучли эдики, ёнидаги моллари ва қолган бойликлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари олдида сариқчақалик қийматга эга эмасди. Шу сабаб вақт йўқотмаслик ва пасткаш мушриклар билан пачакилашмаслик учун дедилар:
– Ёнимдаги ва Маккада қолган молларимни сизларга берсам, кетишимга тўсқинлик қилмайсизларми?
Ҳақ ва ҳақиқатдан бенасиб мушрикларнинг ҳам орзуси айнан шу эди. Дарҳол таклифни қабул этдилар. Суҳайб ёнларида бўлган барча молларини бердилар, Маккадаги молларининг ҳам жойлашган ерини айтиб мушриклар қўлидан қутулдилар ва ҳеч вақосиз, бироқ қалбида буюк иймон ила йўлда давом этдилар.
Макка билан Мадина орасидаги йўлда минг бир заҳматга дуч келдилар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етишиш орзуси ва ҳаяжони ила бутун қийинчиликлардан завқ олиб йўлда давом этдилар.
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Бакр ва Умар, Кулсум бинти Ҳадмнинг уйларида меҳмон эдилар. Олдиларида уй соҳиби келтирган хурмолар бор эди. Суҳайб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида кўзлари оғриётган эди. Йўлда қаттиқ очиққан ва чанқаган эдилар. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида турган тоза хурмолардан ейишни бошладилар. Умар:
– Ё Расулуллоҳ! Суҳайбни қаранг, ҳам кўзи оғрияпти, ҳам хурмо еяпти, дедилар.
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Суҳайбга ҳазил қилиб:
– Кўзларингда роҳатсизлик бор, яна хурмо еяпсан, – дедилар.
Суҳайб бунга:
– Ё Расулуллоҳ! Кўзларимнинг бири соғлом, унинг ҳаққини еяпман, – деб жавоб қайтардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ўша ердагиларнинг барчасига бу жавоб манзур бўлиб табассум қилдилар. Сўнг Суҳайб йўл давомида бошдан кечирганларини айтиб бердилар:
– Ё Расулуллоҳ! Маккадан Мадинага йўлга чиққан пайтим мушриклар йўлимни тўсдилар. Уларга бутун бойлигимни таклиф этдим. Улар буни қабул қилдилар. Барча бойлигимни бериб ўзимни ва оиламни қутқариб ҳузурингизга келдим.
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Суҳайб фойда топибди, Суҳайб фойда топибди, Абу Яҳё фойда топибди! Савдо фойдали бўлибди.
    Сўнг Суҳайб ҳақида нозил бўлганқуйидаги оятни ўқиб бердилар:
    
وَمِنَ النَّاسِ مَن يَشْرِي نَفْسَهُ ابْتِغَاء مَرْضَاتِ اللّهِ وَاللّهُ رَؤُوفٌ بِالْعِبَادِ {207}

“Одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини истаб, жонини берадигани ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибон зотдир” (Бақара сураси, 207-оят).
***
Суҳайб Румий нишонга олишда ва ўқ отишда моҳир эдилар. Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ каби барча ғазотларда қатнашдилар. Буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Бу ҳақда уларнинг ўзлари шундай дейдилар:
– Ҳар доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлдим. Барча байъатларда, ғазотларда ва сафарларда бирга эдим. Ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан менинг орамда бирор душман бўлмади. Ул зотга зарар етмаслиги учун вужудимни қалқон эттим. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этгунларига қадар давом этди.
***
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Суҳайб розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрардилар ва шундай дегандилар:
– Бир кимса Аллоҳга ва охират кунига ишонса, бир она ўз фарзандини севганидек Суҳайбни севсин.
***
Умар  Суҳайб розияллоҳу анҳудан қизиқиб сўрадилар:
– Эй Суҳайб! Ўғлингнинг исми Ҳамза, бироқ Абу Яҳё яъни Яҳёнинг отаси деб танилгансан. Румликсану, бироқ арабман дейсан. Бунинг устига кўп сарф-ҳаражат қиласан. Нима учун?
    Суҳайб шундай жавоб бердилар:
– Менга Абу Яҳё кунясини шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бердилар. Наслим Намр уруғидан, бироқ Румликларнинг қўлига асир тушганмиз.
Кўп ҳарж қилишимга сабаб эса фақат Аллоҳ йўлида сарф қилишимдир. Зеро суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Сизларнинг хайрлиларингиз саломни гўзал бериб, чиройли алик олганларингиз, ҳамда Аллоҳ йўлида кўп сарфлаганларингиздир.
***
Суҳайб жуда сахий ва ҳазилкаш зот эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жуда қадрлар ва хато айтиб қўйишдан қўрққанликлари сабаб ҳадис нақл этмасдилар.
– Нима учун ҳадис нақл этмаяпсан?,  деганларга:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билсам ҳам нақл этмайман. Истасангиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жангларини ва ёнларида бўлган пайтим кўрганларимни барчасини айтиб берай, – дердилар.             
***
Умар Суҳайбни жуда яхши кўрардилар. Умар Абу Лулу деган кофир томонидан яралангач, ўрнига келадиган халифани сайлайдиган шўро аҳлини тайинлаб, янги халифа сайлангунига қадар Суҳайбга ўзларининг ўринларига вакил бўлишларини ва жанозаларини ўқишларини васият қилдилар.
Суҳайб уч кунга қадар жамоат намозларига имомлик қилдилар. Бу муқаддас вазифани сидқидилдан, катта масъулият билан адо этдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг жаноза намозларини ҳам ўқидилар. Шундай оғир паллада кўрсатган матонат ва масъулиятлари билан барчанинг ҳурматига сазовор бўлдилар.
***
Ўрта бўйли, буғдойранг, қирмизи юзли, сочлари қалин ва қора, келишган зот эдилар. Фарзандлари Ҳабиб, Ҳамза, Саъд, Солиҳ, Сайфи, Уббод, Усмон ва Муҳаммадлардир.
Суҳайб барчага яхшилик қилар, кўп таом улашардилар. Эҳсон ва садақа кўп қилар эдилар. Милодий 658 йили 70 ёшда Мадинада вафот этдилар. Қабрлари Баъқи қабристонидадир.

Орқага Олдинга