Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келганига ўн уч йилга яқин вақт ўтгандан сўнг Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга қарор қилдилар. Улар бу манфур ва қора ниятларини амалга ошириш учун ҳеч нарсадан тап тортмасдилар.
Шунда Аллоҳ таоло ўз Ҳабибига ҳижрат қилиши учун изн берди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бирга ҳижрат қилишларини билдирганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг кўзларидан севинч ёшлари оқди. Чунки Оламлар Сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат этишдек улкан вазифа ҳаммага ҳам насиб этмасди. Ойша розияллоҳу анҳо онамиз шундай ривоят қиладилар:
– Ўша кунга қадар бирор бир кимсанинг севинчдан бунчалик йиғлаганида шоҳид бўлмагандим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр ҳижрат учун йўлга чиққанларидан сўнг мушриклар ёвуз мақсадларини амалга ошириш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонаи саодатларига бостириб кирдилар. Бироқ у ердан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни топа олмагач саросимага тушдилар. Дарҳол ҳар тарафни излай бошладилар.
Маккадан топа олмагач, шаҳар ташқарисидан излашга қарор қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ўлдирган ёки асир олган кишига катта миқдорда мол-мулк ва пул беришни ваъда қилиб, миқдорни 100 туя дея эълон қилдилар.
Бу хабар Суроқа ибн Моликнинг қабиласи Баъни Мудлижга ҳам ёйилди. Суроқа ибн Молик яхши изқувар эди. Шунинг учун бу хабар билан қизиқиб қолди.
***
Сешанба куни эди. Суроқа ибн Молик яшайдиган Қудайд деган жойда Баъни Мудлиж катталари мажлис қилиб ўтирарди. Бу мажлисда Суроқа ибн Молик ҳам қатнашаётганди. Шу пайт Қурайш одамларидан бири келиб Суроқага шундай деди:
– Эй Суроқа! Мен бироз аввал соҳил томон кетаётган уч йўловчини кўрдим. Назаримда улар Муҳаммад ва унинг шериклари бўлса керак.
Суроқа вазиятни тушунди. Ўртада катта мукофот бор эди. Бу мукофотни ёлғиз ўзи олишни истарди. Шунинг учун бошқаларга сездирмай деди:
– Йўқ, сен кўрган кимсалар фалон кишилардир. Бироз аввал ўтиб кетгандилар, биз ҳам уларни кўрдик.
Суроқа ибн Молик бироз вақт ўтгач у ердан турди. Ҳеч кимнинг эътиборини тортмай уйига келди. Хизматкорига оти ва қуролини олиб водий орқасида кутишни буюрди.
***
Мушрикларнинг ботил бир одатлари бор эди. Бир ишни қилишдан аввал ўқлар билан фол очардилар. Суроқа ибн Молик ҳам ёнидаги халтадан фол ўқларини чиқарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шерикларига зарар бера олиш-олмаслигини фол ўқлари ёрдамида билиб олиши мумкин эди.
Суроқа ибн Молик ўқларга қараганда улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дўстларига зарар бера олмаслигини кўрсатди. Суроқа бундан қаттиқ хафа бўлди. Бироқ ўй-фикри ўша ваъда қилинган мукофотни қандай бўлмасин қўлга киритиш билан банд эди.
Юз туяни мақсад қилган Суроқа тушкунликка тушмасдан отига минди. Фолнинг унинг зарарига чиққани ҳам йўлдан қайтара олмади. Отини чоптириб йўлга тушди.
Кутилмаганда Суроқанинг оти қоқилиб ерга йиқилди. Ўзи ҳам пастга қулади. Хайратланиб яна ўқлар билан фол кўрди, бу ишни такрор-такрор бажариб кўрди. Натижа эса бир хил бўлаверди. Шунга қарамай яна йўлида давом этди. Олган бир хабари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрнинг изларини топди.
Ниҳоят Суроқа уларга яқин келди. Ҳаттоки ўша онда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиётган Қуръони каримни ҳам эшитаётган эди. Бироқ Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларига ҳеч қарамасдилар. Абу Бакр ортларига қараб Суроқани кўрдилар ва қўрқувга тушдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга ғорда айтган сўзларини такрорладилар.
Суроқа ёнларига жуда яқин келгач, Абу Бакр йиғлай бошладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан нима сабабдан йиғлаётганларини сўрадилар. Абу Бакр шундай жавоб бердилар:
– Қасамки, ўзим учун йиғламаяпман, сизга бирор зарар етишидан қўрқиб йиғлаяпман.
Суроқа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқ ота оладиган даражада яқинлашиб шундай деди:
– Эй Муҳаммад! Сени бугун мендан ким қутқара олади?
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:
– Мени Жаббор ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳ таоло қутқаради.
Шу пайт Суроқа минган отнинг икта олд оёғи тиззасигача ерга ботди. Суроқа отини чиқариб яна ҳужум қилмоқчи эди отининг оёқлари яна ерга ботди. Бу сафар отини қутқара олмади. Энди қўлидан ҳеч нарса келмай қолди.
Чорасиз қолган Суроқа шафқат ва марҳамат соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлворди:
– Эй Муҳаммад! Бу ишнинг сен сабаб бўлганини англадим. Дуо қил қутулай. Бундан кейин сенга асло зарар бермайман. Ортингга тушганларга сен ҳақингда асло сўз очмайман.
Барча комиллик ва етук ахлоқни ўзларида жам қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу истагини қабул қилдилар ва Аллоҳ таолога шундай дуо қилдилар:
– Ё Роббий! Агар унинг сўзлари самимий бўлса отини қутқар!
Аллоҳ таоло дуони қабул этди ва Суроқа ибн Моликнинг оти бир сакраб чуқурдан оёғини чиқарди. Шу пайтда отнинг оёғи чиққан ердан тутун каби бир нарса кўкка кўтарилди. Бу манзарани кўрган Суроқа хайратдан лол қолди.
Суроқа бўлиб ўтган барча воқеалар ҳақда ўйлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам барча қийинчиликлардан доимо омон чиқар ва қандайдир Буюк куч уларни ҳимоя қилаётганинианглай бошлаганди. Кейин Суроқа шундай деди:
– Эй Муҳаммад! Мен Суроқа ибн Моликман. Мендан асло шубҳа қилма. Сенга сўз бераман. Бундан кейин сенга ёқмайдиган ҳеч бир ишни қилмайман.
Сўнг Қурайш мушрикларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва шерикларини қўлга туширганга юз туя мукофот ваъда қилганларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердилар.
***
Суроқа уларга йўл учунозиқ-овқат ва туя бермоқчи бўлди, бироқ унинг ҳадяларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул қилмадилар ва дедилар:
– Эй Суроқа! Сен Ислом динини қабул қилмагунингча мен ҳам сенинг туя ва сигирингни ололмайман. Сен бизни кўрганингни сир тут ва бизга уларнинг етиб олишларига имкон берма, шунинг ўзи кифоя.
Аллоҳ таоло истаганини қилади. Унга холислик билан ишонилиб, Унинг ризолиги йўлида юрилган сари ақлга сиғмайдиган ҳодисалар юзага келаверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириб, катта мукофот олишни кўзлаган Суроқа энди мунис, ўйчан бола каби бўлиб қолганди. Ҳар нега қодир бўлган Аллоҳ таоло Ҳабибига зарар бера олмаслиги учун Суроқанинг қалбини яхшилик томон буриб қўйди.
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айрилишдан аввал Абу Бакрга Суроқанинг бирор истаги бор ёки йўқлигини сўрашни буюрдилар. Абу Бакр сўраганларида Суроқа шундай деди:
– Сиз билан менинг ўртамда омонлик берувчи бирор хат бера оласизми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам омонлик ҳати беришни амр этдилар. Абу Бакр ҳижратда ёнларида бўлган Амир ибн Фухайрога омонлик хати ёздириб Суроқага бердилар. У эса ушбу номани авайлаб йўл халтасига солди.
Шундан сўнг Суроқа келган ерига қайтди. Бўлиб ўтган воқеаларни ҳеч кимсага айтмади. Абу Жаҳл унинг қўли бўш қайтаётганини кўриб мусулмон бўлган деб ўйлади. Шеърларида унинг шаънига номаъқул сўзлар айтиб барчанинг кўз ўнгида унинг обрўсини туширишга уринди. Суроқанинг ўзи ҳам шеърлар ёзарди. Шунинг учун Абу Жаҳлга шеър орқали шундай мазмунда жавоб қайтарди:
– Эй Абу Жаҳл! Мен Муҳаммадга ҳар яқинлашганимда отимнинг оёқлари ерга ботиб қолаверди. Сен агар бу ҳолатни кўрганингда Муҳаммаднинг аниқ Пайғамбар эканини тушуниб етардинг. Сен қиладиган иш қавмингни унга қарши боришдан қайтаришдир. Мен шунга аниқ ишонаманки, У даъват қилаётган Ислом дини кун келиб ҳар тарафга ёйилади. Шундай кунлар келадики, ҳамма унга қарши чиқишдан қўрқиб, у билан сулҳ тузиб яшашга мажбур бўлади.
***
Суроқа розияллоҳу анҳунинг ўзларидан шундай ривоят қилинади:
– Тоифдан Жирона томон йўлга тушган пайтимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришдим. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида саф-саф бўлиб кетардилар. Ансордан ўттиз қирқ кишилик суворий орасига кирганимда улар найзаларини менга нуқиб:
– Сен нима истайсан? – дедилар.
Мени танимадилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргач уларни танидим. Овозимни эшитадиган даражада яқинлашдим. Ҳижрат асносида Абу Бакрнинг мен учун ёзиб берган омонлик ҳатини икки бармоғим орасида тутиб қўлимни кўтардим ва дедим:
– Ё Расулуллоҳ! Бу мен учун ёздирган хатингиз. Мен Суроқа ибн Моликман.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Бугун берилган сўзда туриш ва ваъдани бажариш кунидир. Ёнимга кел!
Дарҳол ҳузурларига бориб мусулмон бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрайдиган бир саволим бор эди, уни ҳеч эслай олмадим. Сўнг унинг ўрнига бошқа бир масалани сўрадим:
– Ё Расулуллоҳ! Ўз туяларим учун тўлдирган ҳовузларим атрофини ўзгаларнинг йўқолган туялари ўраб олади. Ҳовузимдан уларни ҳам суғорсам менга ажр ва савоб бериладими?
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
– Ҳа, ҳар қандай чанқаган жонзотни суғоришда ажр ва савоб бор.
Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна менга шундай марҳамат қилдилар:
– Эй Суроқа! Сенинг қўллингда Кисронинг билагузукларини кўряпман.
Мен эса:
– Форснинг машҳур Кисро ибн Ҳурмузними? – деб хайрат билан сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳа, Кисро ибн Ҳурмузнинг, – деб жавоб бердилар.
***
Орадан узоқ вақт ўтди. Умар розияллоҳу анҳу даврларида мамлакати фатҳ этилган Кисронинг мўйналари, билагузуклари ва шу каби анжомлари Мадинага келтирилди. Ўша пайтда Суроқа ибн Молик Мадинада эдилар. Умар бу кумуш билагузукларни Суроқага бердилар. Суроқа бу билагузукларни билакларига тақдилар, жуда кенг бўлгани учун билагузуклар тирсакларигача тушди. Суроқа шу пайт Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча йиллар аввал айтган муборак сўзларини хотирлаб ушбу мўжиза қаршисида йиғладилар.
Суроқанинг билакларида бу билагузукларни кўрган ҳазрат Умар шундай дедилар:
– Кисронинг икки билагузугини Баъни Мудлиждан бўлган Суроқа ибн Моликнинг билакларига тақилганини бизга кўрсатгани учун Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин!
Суроқа ибн Молик милодий 645 йили Усмон розияллоҳу анҳу даврларида вафот этдилар.