loader

Сумома ибн Усал розияллоҳу анҳу

    Ҳижратдан сўнг Мадинада Ислом дини тез суръатда ёйилаётган бир пайт эди. Ислом қуёши борган сари инсонларни ҳидоят нури ила ёритарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдаги қабилаларга элчилар жўнатар, Ислом динига даъват қилардилар ва улардан келган элчиларни қабул қилардилар.
Бир куни Сумома ибн Усал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратларига келди. Сумома Басра кўрфази яқинида яшайдиган Ямома қабиласининг раиси бўлиб, асл мақсади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида экан, уларга ташланмоқчи бўлди. Бироқ саҳобалар ўртага тушиб унга қаршилик кўрсатдилар. Шу аснода Сумома қочиб қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлга олиниши ва жазоланиши учун амр бердилар.
Ҳижратнинг олтинчи йили бошларида Сумома ибн Усал Каъба зиёрати учун йўлга чиқиб Мадина яқинларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суворийлари уни қўлга олиб, Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордилар. Саҳобалар унинг ким эканини билмас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:
– Сизлар унинг ким эканини биласизми? Бу Сумома ибн Усалдир. Унга яхши муомалада бўлинглар ва ранжитманглар.
Сумома масжидга қамаб қўйилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига келганларида аёлларига шундай буюрдилар:
– Сизларда нима егулик бўлса тўплаб Сумомага жўнатинглар.  
Шу тарзда Сумомага егуликлар келтирилиб унга яхши муомалада бўлинди.  Бироқ қамаб қўйилган жойдан ҳеч қаерга чиқарилмади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиққанларида дедилар:
– Эй Сумома, ёнингда нима бор, кўнглингдан нима кечяпти, мендан нима кутяпсан?
    Сумома жавоб берди:
– Қалбимда яхшиликка умид бор. Чунки сиз кечиримлисиз. Агар мени ўлдирсангиз бир қотилни ўлдирган бўласиз. Ўлдирмай афв этсангиз яхшиликни билувчи, неъматга шукр қилувчи бир одамга эҳсон этган бўласиз. Агар мени тўлови эвазига озод этсангиз – мана молим, истаганингизча олаверинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч кун келиб айни саволни такрор бердилар ва айнан шу жавобни олдилар. Шундан сўнг юксак марҳаматларини кўрсатиб, Сумоманинг хаёлига ҳам келмаган нарсани буюрдилар:
– Энди Сумомани озод этинглар!
Амрни эшитган саҳобалар уни дарҳол озод этдилар.
***
 Сумома озод этилгач, қалбларида Исломга нисбатан муҳаббат уйғонди. Дарҳол шаҳодат калимасини келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бердилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам  Сумома розияллоҳу анҳуга бориб ғусл олишни буюрдилар. Сумома розияллоҳу анҳу бориб ғусл олиб, масжидга келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шундай дедилар:
– Аллоҳга қасамки, оқшом ёнингизга келган пайтим мен учун сизнинг юзингиздан кўра ғазабга солгувчи бирор юз йўқ эди. Бироқ тонг отгач сизнинг шаҳрингиз мен учун энг севимли шаҳар бўлди. Оқшом сизнинг динингиз мен учун энг ёмон дин эди. Тонг отгач энг севимли динга айланди.
    Сумома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида мусулмон бўлгач уларга:
– Ё Расулуллоҳ! Мен Каъбани зиёрат қилиш учун борганимда суворийларингиз мени қўлга олишдилар. Энди нима қилай? Зиёрат учун бораверайми? – дея сўрадилар.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга зиёрат учун ижозат бердилар.
***
 Сумома розияллоҳу анҳу Маккага таблия билан кирганлари боис мушриклар томонидан қўлга олиндилар. Мушриклар уларнинг бошини олмоқчи бўлишди, бироқ шу пайт бир одам:
– Қўйиб юборинглар уни! Сизлар озиқ-овқат борасида Ямома халқига муҳтожсиз. Унга бирор нарса бўлса ҳаммамиз оч қоламиз, – деди.
    Шундан сўнг мушриклар Сумома розияллоҳу анҳуни қўйиб юбордилар. Мушриклардан бири уларга шундай деди:
– Демак сен диндан чиқтинг?     
Сумома розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар:
– Йўқ мен диндан чиқмадим, аксинча, ҳақ дин бўлган Исломни қабул қилдим. Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва Ул зотнинг келтирганларига Иймон келтирдим. Қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ Расулининг рухсатисиз озиқ-овқат ололмайсизлар.
***
Сумома розияллоҳу анҳу Каъба зиёратини қилгач, Ямомага қайтдилар. Ямома халқининг Маккага озиқ-овқат юборилишини тақиқлаб қўйдилар.
Мушриклар бундан қаттиқ изтироб чекдилар. Шу сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб ёзиб қийналаётганларини арз этишди ва озиқ-овқат юборилишига изн беришларини сўрашди. Ҳатто Абу Суфён Мадинага келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:
– Эй Муҳаммад, оламларга раҳмат қилиб юборилганингни айтасан. Маккада ўз қабиланг одамлари қийналишмоқда. Бунга нима дейсан? – дедилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларининг бу талабларидан сўнг Сумома розияллоҳу анҳуга мактуб жўнатдилар. Сумома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини дарҳол бажо келтирдилар.
***
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг Сумома ибн Усал розияллоҳу анҳу ва уларнинг тарафдорларидан ташқари бутун Ямома халқи диндан чиқиб муртад бўлдилар.
Бу пайтда Сумома ибн Усал розияллоҳу анҳу Ямомада эдилар. Халқини пайғамбарлик даъвоси билан чиққан ёлғончи Мусайламага эргашишдан, уни қўллаб-қувватлашдан воз кечтиришга ҳаракат қилиб шундай дедилар:
– Эй Баъни Ҳаниф! Исломдан қайтиш жуда жирканч бир ишдир. Бундан сақланинг ва узоқда туринг. Охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Ул зотдан сўнг пайғамбар ҳам келмайди, шерик ҳам бўлмайди. Сўнг Мўминун сурасининг илк уч оятини ўқидилар:

    قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ {1} الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ {2} وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ {3}
“Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар” (Мўминун сураси, 1–3-оятлар).
– Эй Ямома халқи! Мана бу Аллоҳ таолонинг каломидир, дедилар.
Ямома халқи Сумома розияллоҳу анҳунинг насиҳатларини тингламадилар. Улар каззоб Мусайлама тарафида эдилар.
Бу пайтда Аъло ибн Ҳадрамий қўмондонлигидаги Ислом қўшини Баҳрайн томон кетаётган эди. Йўл-йўлкай Ямома тарафга ҳам кириб ўтди. Сумома розияллоҳу анҳу бундан хабар топдилар. Ўша ерда бўлган мусулмонлар билан бирга Аъло ибн Ҳадрамийнинг қўшинига қўшилишди.
Таъмим қабиласидан ҳам кўплаб аскарлар келиб, Аъло розияллоҳу анҳунинг қўшинлари яхшигина қувватланди. Ушбу қўшин билан Ҳотам қўмондонлигидаги муртадлар қўшини жанг қилди.
Ниҳоят бир кеча мушрик ва муртадлар сарҳуш бўлган бир вақтда Ислом қўшини уларнинг устига ҳужум қилдилар. Мушрик ва муртадлар тарқалиб кетди. Бир қисми ўлдирилди ва бир қисми асир олинди. Қолганлари қочиб қутулдилар. Мусулмонлар ғалаба қозондилар. Сумома розияллоҳу анҳу ушбу жангдан қайтаётган вақтларида қароқчилар томонидан шаҳид этилди.

Орқага Олдинга