loader

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари бўлиб, исмларии Фазл, кунялари Абу Муҳаммад, лақаблари “Радифур Расул” эди.
Насаблари Фазл ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳишом ибн Абдулманоф ибн Қусайдир. Бадрдан аввал Исломни қабул қилганликларига қарамай, буни яширдилар. Макка фатҳидан бир муддат аввал оталари ҳазрат Аббос розияллоҳу анҳу билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар. Ҳижрат қилганларидан сўнг бироз вақт ўтиб Макка фатҳ этилди.
Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илк марта иштирок этган ғазотлари Макка фатҳи бўлди, сўнг Ҳунайн ғазотида қатнашдилар. Бу ерда улкан жасорат кўрсатдилар. Ҳунайнда мусулмонлар тарқалиб кетаётган чоғда ҳазрат Фазл розияллоҳу анҳу буюк жасорат ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан жилмадилар ва Ҳавозин қабилаларига қарши урушдилар.
Видо ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ул зотнинг туяларига миндилар. Шунинг учун уларга “Радифур Расул” яъни “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узанги дўсти” лақаби берилди.
Фазл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларида кўп бўлганлар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хасталик чоғларида энг сўнгги ҳутбаларида ҳазрат Фазл ҳақида сўзлаганлар.
Фазл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини ювиш пайтида иштирок этганлар ва муборак вужудлари ювилган сувни тўкканлар.
Фазл келишган, басавлат инсон эдилар. Умму Мактум исмли бир қизлари бор эди. Бу қизлари Ҳасан билан турмуш қурганлар. Кейинчалик улардан ажрашиб, Абу Мусо ал-Ашъарийга турмушга чиққанлар.
Фазл розияллоҳу анҳудан йигирма тўртта ҳадис ривоят қилинган. Булардан учтаси муттафақун алайҳдир. Ровийлари орасидан шуларни санаш мумкин: улуғ саҳобалар Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Қусам ибн Аббос, Аббос ибн Убайдуллоҳ ва бошқалар.
Фазл розияллоҳу анҳунинг вафотлари тўғрисида турли маълумотлар бор. Бир қисм ровийлар Сурияда юзага келган вабодан хасталаниб вафот этганларини, бир қисми эса Ажнодин жангида шаҳид бўлганларини айтадилар. Бу ривоятлардан иккинчиси ҳақиқатга кўпроқ яқинлиги таҳмин қилинади.

Орқага Олдинга