loader

Уқба ибн Амр розияллоҳу анҳу

    Уқба ибн Амир Мадина ўтлоқларида қўй боқиб юрардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилганлари ҳақдаги хабарни эшитдилар. Энди у ерда қололмасди. Келаётган ўша буюк Пайғамбарни кўришлари лозим эди. Қўйларини ўша ерда қолдириб, тўғри Мадина томон йўл олдилар.
Келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўрадилар. Меҳмон бўлган жойларидан хабар топгач, сокин нафас олдилар. Коинот Сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қаттиқ севиндилар ва бирдан дунё кенгайиб, кўнгиллари ёришиб кетгандек бўлди. Учиб кетишга тайёр, қувончлари ичга сиғмасди. Шу пайтга қадар бунчалик ҳаяжонланмаган, бунчалик севинмагандилар.
Бу ҳақда Уқбанинг ўзлари шундай ҳикоя қиладилар:
– Инсонлардан узоқда, чўлларда кичик сурувларимнинг ортидан юриб кун кечирардим. Маккадан охирги Пайғамбар келаётганларини эшитдим. Бутун мадиналик мусулмонлар қувончли учрашувни билан кутишарди. Мен ҳам сурувларимни ташлаб Мадинага югурдим. Ҳузурларига бордим ва:
– Ё Расулуллоҳ, мен ҳам сизга байъат бераман, – дедим.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Сен кимсан? – деб сўрадилар.
– Уқба ибн Амир ал Жуҳонийман, дедим.
– Сенингча, қай бири яхшироқ? Бадавий байъатими ёки ҳижрат байъатими? – деб сўрадилар.
– Ҳижрат байъати беришни истайман (яъни Мадинада қолиш учун байъат бераман) дедим.
Муҳожирлар билан бирга ёнларида бир кеча қолдим. Эртасига кичик сурувим ёнига қайтдим.
Уқба шундан сўнг ҳар нени тарк этиб, ўзларини батамом илмга бахшида этдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъно билан лиммо-лим тўлган суҳбатларини эшитиш фурсатининг бир онини ҳам бой бермадилар. Ул зоти шарифдан илм ва маърифат меваларини инжу каби териб олардилар.
Уқба соя каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга соядек эргашиб юрардилар. Шунинг учун уларга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг радифи” деган ном берилди.  Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Уқбадаги илму ирфонга бўлган қобилият ва ҳавасни кўриб улар билан алоҳида шуғилландилар.
Уқбага шундай ҳитоб қилдилар:
– Қуръони каримда баъзи суралар борки, Аллоҳ таоло ушбу сураларнинг ўхшашини на Тавротда, на Инжилда ва на Забурда келтирмаган. Сен ҳеч бир кечани уларни ўқимасдан ўтказма. Булар: Ихлос, Фалақ ва Нос сураларидир.
Бу муборак сўзларни қулоқларига сирға каби таққан Уқба шундай дейдилар:
– Ўша кундан бошлаб ҳар кеча бу сураларни ўқимасдан ётмадим.
Уқба билмаган масалаларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашдан тортинмасдилар. Шу тарзда кўплаб илмни ўрганиш имконини топгандилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келдилар, муборак қўлларини тутдилар ва шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ, яхшилик ва ибодатнинг устун бўлганларини айта оласизми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
– Ҳолингни сўрамаганнинг ҳолини сўра. Сенга ҳеч нарса бермаганга сен беришга ҳаракат қил. Сенга ноҳақлик қилганни афв эт.
– Ё Расулуллоҳ! Қутулиш қаердан бўлади?
– Тилингга эҳтиёт бўл, уйинг сенга тор туюлмасин. Сирингни ёйма, гуноҳларинг учун йиғла.
    Булар қийин ишлар, нафсга оғир туюладиган хизматлар бўлиб, мукофоти жаннат эди. Шунинг учун ҳар недан аввал нафсни тарбиялайдиган бу амалларни бажариб, Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш лозим эди.
Ҳазрат Уқбанинг илм олиш ва унга амал қилишдаги бу ғайратлари уларнинг қисқа вақт ичида олим саҳобийлар орасидан жой олишларига сабаб бўлди. Уқба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларидаёқ ижтиҳод қила оладиган даражага етдилар. Ҳаттоки, бир сафар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига мурожаат қилган икки одамнинг даъвоси ҳақда хукм беришни Уқбага топширдилар.
Уқба:
– Хукм чиқаришга сиз лойиқроқсиз, ё Расулуллоҳ! Ота онам сизга фидо бўлсин, – деганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Сен ҳукм чиқар, – дедилар.
– Нимага кўра ҳукм берай, ё Расулуллоҳ? – деб савол берганларида эса
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб бердилар:
– Ўз ижтиҳодингга кўра хукм бер. Агар тўғри хукм чиқарсанг, сенга ўн савоб берилади. Нишонни аниқ ололмасанг, бир савоб қозонасан.
Уқба бир куни ўн икта дўстлари билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан илм ўрганиш мақсадида йўлга чиқдилар. Ёнларида туялари бор эди. Уларни ёлғиз қолдириб кетишни истамадилар. Дедиларки:
– Орамиздан бирортамиз туяларимизни ўтлатса, қолганимиз эса Расулуллоҳ билан суҳбат қилсак. Сўнг ўрганганларимизни унга ҳам ўргатсак.
Гарчи, Уқба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлишни қаттиқ истаётган бўлсаларда, бироқ туяларга ҳам қарайдиган бирор одам лозимлиги сабаб ўз дўстларини нафсларидан устун деб билдилар ва:
– Сизлар бораверинглар, туяларни мен ўтлатаман, – дедилар.
Воқеа ҳақда Уқба шундай ҳикоя қиладилар:
– Дўстларим кетганига орадан бироз вақт ўтган эди ўзимга ўзим дедимки: “Балки алдангандирман. Дўстларим Расулуллоҳдан менинг эшитмаганларимни эшитиб, ўрганмаганларимни ўрганаётган бўлсалар!..”
Сўнг шаҳарга бордим. Йўлда бир гуруҳ саҳобийларни учратдим. Ораларидан бири Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Ким чиройли таҳорат олса гуноҳларидан покланиб, онасидан янги туғилган каби бўлади”, – деб марҳамат қилганларини айтди. Хайратландим. Менинг хайратланганимни сезган Умар ибн Хаттоб дедики:
– Ҳали сен ундан аввалги ҳадисни эшитмагандинг. Ундаги хушхабар бунданда кўпроқ эди.
– Илтимос, уни ҳам айт, – деб сўрадим.
Шундан сўнг у Расулуллоҳнинг: “Ким Аллоҳга ҳеч қандай шерик қўшмай ўлса, Аллоҳ унга жаннат эшикларини очади. У эса истаган эшигидан жаннатга киради. Жаннатнинг саккиз эшиги бордир”, – деб марҳамат қилганларини айтди.
Шу пайт Расулулло келдилар. Мен эса Ул зотнинг рўпараларига ўтирдим ва тинглай бошладим. Бироқ мендан юзларини ўгирдилар. Дедимки:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин. Нима учун мендан юзингизни ўгиряпсиз?
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Сен учун бир кишининг манфаати қийматлироқми, ёки ўн икки кишиникими?
Мен қилган хатойимни тушунган эдим.
Уқба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ҳурмат қилардилар. Ҳаттоки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида туяга минишни ҳурматсизлик ҳисоблардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир жойга кетаётган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туяга минган эдилар.  Уқба эса пиёда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўз ёнларига олишни истадилар:
– Эй Уқба! Туяга минмайсанми?
– Ё Расулуллоҳ! Одобсизлик қилишдан қўрқаман.       
Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илтимосларига биноан, уларнинг амрлари одобдан устундир, – деб уялганча туяга миндилар.  
Уқба мўмин биродарларида кўрган нуқсонларни, айбларни ҳеч қачон ошкор этмасдилар. Бошқаларнинг нуқсонларини суриштирмаганидек, ёнларида бирор одамнинг айблари айтилишидан ҳам ноқулай аҳволга тушардилар.
Бир куни хизматкорлари қўшнининг бир ҳатосини айтди. Уқба хизматкорга ғазаб қилмай, аксинча, насиҳат қилдилар. Сўнг ушбу ҳадиси шарифни ривоят қилдилар: “Ким дунёда бир мўминнинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни унинг айбини беркитади”.
Уқба ҳадис, фароиз (мерос тақсими) ва ҳитобат каби соҳаларни яхши билардилар. Қуръон ўқишдан ва ўрганишдан катта завқ оладиган саҳоба бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга:
– Ё Расулуллоҳ! Ҳуд ва Юсуф сураларини менга ўқиб бера оласизми? – деб илтимос қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқидилар, Уқба жон қулоқлари билан тингладилар. Кейинчалик ўрганган ҳолатларида ўқидилар ва атрофдагиларга ёйдилар.   
Ўзлари Қуръони каримни чиройли қироат қиладиган саҳобийлардан эдилар. Ҳаттоки Умар уларга Қуръони каримни ўқиттирар ва ҳушуъ ила тинглардилар.
Умар уларни чақирдилар ва:
– Эй Уқба! Менга бироз Қуръон ўқиб бер, – деб сўрадилар.
Уқба:
– Амрингиз бош устига, эй амирал мўминин, дедилар ва Қуръондан суралар ўқидилар. Уқбанинг гўзал қироатини ҳушуъ ила тинглаган Умар кўз ёшларини тутиб тура олмадилар ва соқоллари хўл бўлганча йиғладилар.
Уқба ибн Амир ўз қўллари билан кўчирган бир Қуръон китобини қолдирдилар. Яқин даврларга қадар ушбу китоб Мисрдаги ҳазрат Уқба номлари билан аталадиган масжидда муҳофаза қилинарди. Йўқолган маданий хазиналар орасида, афсуски, у ҳам йўқолди.  
Уқбанинг яна бир хусусиятлари аскарлик санътига қизиқишлари эди. Ўзлари эса яхши ўқ отардилар.
Ҳолид ибн Валидга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
– Ҳеч бирингиз ўқ отишдан ортда қолманглар, – деган ҳадисларини ҳотирлатдилар. Улар шу тарзда Ислом аскарларига фатҳлар учун руҳий далда бўлар ва мусулмонларнинг душманга қарши билимли бўлишга катта аҳамият қаратишларини истардилар.
Умар даврларида Шом фатҳида иштирок этдилар. Буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Қўмондон  Абу Убайда халифага ҳушхабарни етказиш учун Уқба ибн Амирни жўнатдилар.
Уқба ибн Амр ҳижратнинг 58 йили Мисрда вафот этдилар. Илмга катта аҳамият берган Уқба розияллоҳу анҳудан 55 ҳадиси шариф ривоят қилинган.
Мисрга волийлик қилган пайтларида ҳазрат Уқба ибн Амир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳутбаларининг мазмуни шундай:
– Эй инсонлар! Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳ таолонинг китобидир. Йўлларнинг энг яхшиси менинг йўлимдир. Сўзларнинг энг қийматлиси Аллоҳ таолони хотирламоқдир. Қиссаларнинг энг қийматлиси Қуръони каримдир. Амалларнинг энг яхшиси фарз бўлган амаллардир. Ишларнинг энг ёмони бу йўлда қилинган ўзгаришлардир. Бидъатларнинг барчаси залолатдир, йўлдан озишдир. Ўлимларнинг энг шарафлиси шаҳидларнинг ўлимидир. Кўрликнинг энг ёмони ҳидоятга эришгач, йўлдан озишдир. Илмнинг энг яхшиси фойдали бўлганидир. Берган қўл олган қўлдан устундир. Оз ва етарли бўлган мол, кўп ва йўлдан оздирувчи бойликдан хайрлидир. Пушаймонликнинг энг ёмони қиёмат куни қилинган пушаймонликдир. Энг катта ҳато ёлғон сўзлашдир. Энг хайрли бойлик кўнгил бойлигидир. Энг яхши озиқ тақводир. Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир. Қалбдан жой олган нарсаларнинг энг яхшиси ҳақиқий иймондир.
Ўлганлар учун дод солиб йиғлаш ва умидсизликка тушиш жоҳилия одатларидандир. Давлат молига кўз олайтириш жаҳаннамдан оташ чўғини ўғирлашдир. Олтин ва кумуш йиғиб закотини бермаслик, инсоннинг ўз вужудига жаҳаннам оташи билан тамға босишидир. Ичкилик ёмонликларнинг онасидир. Даромаднинг энг ёмони судҳўрликдир. Таомларнинг энг ёмони етимнинг молидир. Бахтиёр инсон бошқалардан ўзига дарс ола билган инсондир.
Барчангиз охир-оқибат тупроққа кирасиз. Ҳар иш натижаси билан баҳоланади. Амалларда ҳисобга олинадигани охирги амалдир. Келиши аниқ бўлган нарса узоқ бўлса ҳам яқиндир. Мўминни ҳақорат қилиш фосиқликдир. Мўминнинг ғийбатини қилиш Аллоҳ таолага қарши чиқишдир. Мўминнинг қонига тажовуз қилиш қай даражада ҳаром бўлса, молига тажовуз  қилиш ҳам шу қадар ҳаромдир.
Кимки сабр қилса, Аллоҳ унга кўплаб савоб беради.

Орқага Олдинга