Усома ибн Зайд ибн Ҳориса ибн Суроҳил асҳобнинг улуғларидан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод этган қуллари ва тутинган ўғиллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ўғлидирлар. Кунялари Абу Муҳаммад бўлиб, баъзи ривоятларга кўра, Абу Язид ёки Абу Хорижа деган кунялари ҳам бўлган.
Усоманинг оналари Умму Айман бўлиб (асл исми Барака), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибнинг жориялари ва айни пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энагалари эдилар. Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб вафот этгач кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод этдилар.
Зайд ибн Ҳориса ибн Суроҳил розияллоҳу анҳу эса Ҳадичанинг қули бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турмуш қургач, Зайд розияллоҳу анҳуни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя этадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни озод этиб, Умму Айманга уйлантирадилар. Усома эса мана шу турмушдан дунёга келадилар. Усома билан Айман бир онанинг фарзандлари бўлиб, фақат оталари бошқадир. Усома Ислом даврида, рисолатнинг тўртинчи йилида Маккада дунёга келдилар. Ал-Исобада келтирилишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган пайтларида Усома 18–20 ёшларда эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомани ва уларнинг оталари Зайдни жуда яхши кўрардилар. Cаҳобалар уларни “Расулуллоҳнинг яхши кўрганлари” маъносини берувчи “Ҳиббу Расулуллоҳ” ёки “Ал Ҳиббу Ибнул Ҳубби” деб атардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Усомага доир шундай бир ҳадислари ривоят қилинган:
– Шубҳасиз, Усома ибн Зайд менга инсонларнинг энг суюклиларидандир. Сизнинг ҳам яхшиларингиздан бўлишини умид қиламан. У ҳақда яхши фикрда бўлинглар.
Ойша розияллоҳу анҳу онамиздан шундай ривоят қилинади:
– Усома кичик бола эди. Бир куни оёғи эшикка сиқилиб ерга йиқилди ва юзи шилиниб қонади. Расулуллоҳ менга: “Усоманинг юзини юв”, – деб буюрдилар ва юваётганимда менга ёрдам бердилар, унинг юзларидан ўпибдилар.
Усома ибн Зайд ҳам бир қанча саҳобалар каби кичик ёшдан бошлаб жангларда қатнашишни орзу қилардилар. Шунинг учун Уҳуд жангида ўн беш ёшдан кичик бўлишларига қарамай, ўз тенгдошлари Абдуллоҳ ибн Умар, Зайд ибн Собит, Баро ибн Озиб, Аржир ибн Ҳазм ва Усайд ибн Зухайр розияллоҳу анҳумлар билан бирга жангда қатнашишга изн сўрайдилар. Бироқ ёшлари кичик бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бу истакларини қабул этмайдилар ва жанг бошланишидан аввал уларни Мадинага қайтариб юборадилар. Ҳандақ куни эса уларнинг жанг қилишларига изн бердилар.
Усома Уҳуд жангидан кейинги барча ғазотларда иштирок этиш билан бирга, кичик юришларда ҳам муҳим вазифаларни бажардилар. Ҳунайн ғазотида мусулмонлар тарқалиб, ҳар тарафга чекина бошлаганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида саноқли саҳобалар қолишди, улардан бири Усома ибн Зайддирлар.
Усоманинг ўзларидан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифга кўра, қатнашган юришларининг бирида душман сафида мусулмонларга қарши қилич кўтарган кимсага қилич солмоқчи бўлганларида у шахс шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. Бироқ ҳазрат Усома уни ўлдирдилар.
Қайтишда ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилгач, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, – деган кимсани нега ўлдирганларини сўрадилар. Усома шундай деб жавоб бердилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! У ўлимдан қутулиш учун шундай деди.
Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни саволни қайта-қайта сўрайвердилар. Усома ҳаттоки ўзларининг мусулмонликларидан шубҳага тушадиган ҳолга келдилар ва:
– Аллоҳга қасамки, бундан кейин “Ла илаҳа иллаллоҳ” – деган ҳеч кимсани ўлдирмайман, – дедилар.
Ифк ҳодисасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг баъзилари билан маслаҳатлашиб, Ойша онамиз ҳақларидаги фикрларини билмоқчи бўлдилар. Усоманинг ҳам муносабатларига қизиқдилар. Усома Ойшани мақтадилар ва уларни бундай бир туҳматдан пок эканликларини айтдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мориядан туғилган ўғиллари Иброҳим милодий 629 йилда бир ярим ёшларда экан, энагаси Умму Бурдонинг уйида эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари хасталанганини эшитиб, ҳазрат Иброҳимнинг ёнларига бордилар. Уларни қучоқларига олганларида жон бераётган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларидан ёшлар оқа бошлади. Буни кўриб:
– Сиз ҳам йиғлаяпсизми, ё Расулуллоҳ?! – деган Абдурраҳмон ибн Авфга шундай дедилар:
– Эй Ибн Авф, менинг бу кўз ёшларим ғамим сабаблидир. Мен ўлган одамда бўлмаган ҳислатларни санаб, ўлик учун дод солиб йиғлашни маън этдим. Мен сизларни гуноҳ ва аҳмоқлик бўлган икки ҳайқириқдан қайтардим. Бири неъмат келганда кайфичоғлик, ўйин-кулгу, яъни шайтон мусиқасидан, иккинчиси эса бирор мусибат ёки фалокат келган чоғда бақириб, юз-кўзларини тирнаб, уст-бошини йиртишдан, яъни шайтон саросимасидан, – сўнг шуни қўшиб қўйдилар: – раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаётганларини кўрган Усома ибн Зайд фарёд кўтара бошлаганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бундай фарёд қилмасликни буюрдилар.
Усома шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Сиз йиғлаганингиз учун фарёд кўтардим. Мени кечиришингизни сўрайман.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Йиғлаш раҳмдан аввал келади. Фарёд ва фиғон эса шайтондандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 632 йили хасталандилар. Хаста ҳолатларида Римликларга бир қўшин жўнатишга амр бердилар. Асҳоби киром ҳозирлик кўриш учун тарқалди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомани чақириб буюрдилар:
– Эй Усома! Шомдаги Балқо ҳудудига, Фаластиндаги Дорумга, отанг шаҳид этилган ерга қадар Аллоҳ таолонинг исми ва барокоти ила бор! Уларнинг устидан ғолиб бўл! Сени бу қўшинга бош қўмондон этиб тайинладим. Убноликлар устига кутилмаганда бориб, яшин каби ҳужум қил!
Борадиган ҳудудларинггга сендан олдин хабар етиб бормайдиган даражада тез бор! Ёнингга йўл кўрсатувчиларни олиб, жосус ва сотқинларни ҳайда. Аллоҳ таоло зафар эҳсон этса, уларнинг орасида оз қол!
Шундан сўнг баъзи одамлар:
– Пайғамбар илк муҳожирларга бир болакайни қўмондон этиб тайинлади! – деган гап-сўз қилишди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазабландилар ва минбарга чиқиб жамоатга дедилар:
– Усома ҳақдаги гап-сўзларингиз менга етиб келди. Сиз унинг қўмондонлигини танқид этганингиз каби, аввал отасининг ҳам қўмондонлигини танқид этгандингиз. Ҳақиқат шуки, у қўмондонликка лойиқдир. Шунингдек, отаси ҳам қўмондонликка лойиқ эди.
Журуфда қароргоҳ қуришларини амр этиб, муборак қўллари билан байроқни боғладилар ва Усомага топширдилар. Сўнг масжид минбарига чиқиб шундай дедилар:
– Эй асҳобим! Усоманинг отаси Зайд қўмондонликка қандай лойиқ ва менинг наздимда қандай суюкли бўлса, ундан кейин ўғли Усома ҳам қўмондонликка шундай лойиқдир. Усома мен учун инсонларнинг энг суюклиларидандир.
Усома ибн Зайд ва улар билан бирга жангга кетаётган асҳоби киром Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хайрлашдилар. Усоманинг қўмондонлиги остидаги қўшин ичида Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳум каби улуғ саҳобийлар бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хасталиклари оғирлашди. Бу орада қўшин таййоргарликни тамомлаб, қароргоҳда тўпланди. Якшанба кечаси ўша ерда тунадилар.
Эрта тонгда Усома Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар. Ёнларида Аббос бор эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларига малҳам томизилаётганди.
Усомани кўргач уларни дуо қилдилар ва буюрдилар:
– Аллоҳ таолонинг барокоти ила чошгоҳ вақти йўлга чиқинглар!
Қўшин кетишга ҳозирланиб турган вақт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳақда хабар келди.
Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таналарини ювиш учун ҳаракатни бошладилар. Абу Бакр Сиддиқ шундай дедилар:
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан аввал муборак вужудларини ювиш билан боғлиқ шундай деганларини эшитдим: “Мени аҳли байтим ювсин”.
Аббос ўғиллари ҳазрат Фазл билан бирга келдилар. Кейин эса Али келдилар. Абу Бакр ҳазрат Алига:
– Ё Али! Расулуллоҳни сен юв! – дедилар. Усомага эса: – Уларга хизмат қил, – деб буюрдилар.
Абу Бакр саҳобалар билан бирга эшик ёнида кутдилар. Ансордан Авс ибн Ҳавлни ҳам ёрдам бериш учун ичкарига киритдилар. Усома ибн Зайд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак вужудларини ювиш, кафанлаш ва қабри шарифларига қўйишдек улкан вазифани адо этдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дафнларидан уч кун кейин Абу Бакр асҳоби киромга буюрдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни Усома ибн Зайднинг қўмондонлигида ғазотга юборган эдилар. Вафотлари сабабли бу иш қилинмай қолди. Ҳар ишдан аввал ушбу амрни бажармоғимиз лозим! Бу ишга беписанд қараманг, ғазотга ҳозир бўлинг!
Саҳобалар жангга ҳозирландилар. Шу пайтда Арабистон чўлларида исён бошлангани ҳақида хабар келди. Саҳобалар:
– Усоманинг қўмондонлигида бормайлик, осийлар Мадинага келиб халифани ўлдирадилар, – деб қанча ҳаракат қилмасинлар, Абу Бакр бунга рози бўлмадилар ва шундай дедилар:
– Расулуллоҳнинг амрини ниманинг эвазига бўлса ҳам бажарамиз ва Расулуллоҳнинг яхши кўрган қўмондонини мен бошқасига алиштира олмайман!
Усома от устида, халифа ва саҳобалар пиёда ҳолда Мадинадан ташқарига чиқдилар. Усома Абу Бакрга ё отга минишларини ёки ўзлари ҳам отдан тушиб пиёда юришларини айтганларида Абу Бакр шундай дедилар:
– Мен ҳам отга минмайман, сен ҳам отдан тушмайсан! Аллоҳ таолонинг ризолиги учун менинг оёқларим йўлда чанг бўлсин. Билмайсанми, ҳар бир ғозийнинг босган қадамига яраша кўплаб савоб берилади ва шу қадар гуноҳлари тўкилади.
Абу Бакр саҳобаларни кузатиб хайрлашар эканлар шундай буюрдилар:
– Сизларга биринчи насиҳатим Усомага итоат қилишингиздир. Шомдаги роҳибларни, болаларни ва аёлларни ўлдирманглар!
Сўнг Усомага қараб дедилар:
– Расулуллоҳ амр этган ерга саломат бор!
Абу Бакр хайрлашув ва насиҳатдан сўнг Усомага:
– Умарни менга ёрдамчи этиб қолдирасанми? – деб сўрадилар.
Усома ибн Зайд бунга розилик бердилар. Шундан кейин халифа билан Умар бирга Мадинага қайтдилар. Усома ибн Зайд эса Шомга томон ҳаракат қилдилар. Ҳузоа қабиласига бориб муртадларни ўлдирдилар. Қирқ кундан сўнг зафар билан Мадинага қайтдилар.
Усома ибн Зайд Абу Бакр ва Умар даврларида ҳам бир қанча жангларда иштирок этдилар. Булардан бири каззоб Мусайламага қарши бўлган жангдирки, бу муҳорабада Ҳолид ибн Валид билан бирга эдилар.
Умар халифалик пайтларида Усомага катта эҳтиром кўрсатдилар ва эҳсонлар бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Усомани қанчалик яхши кўрганларини билардилар.
Ҳаттоки Умар ўғиллари Абдуллоҳга бир йиллик маошларини 2000 дирҳам этиб тайинлаган бўлсалар, Усомага 5000 дирҳам тайин этдилар. Абдуллоҳ ибн Умар бу фарқнинг сабабини отасидан сўраганларида Умар шундай жавоб бердилар:
– Унинг ўзи сендан кўра, отаси эса сенинг отангдан кўра Расулуллоҳга суюклироқ эди.
Усома халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид этилиши билан вужудга келган фитналарга аралашмадилар, Алининг даврларида ҳам ҳеч қайси жангга қатнашмадилар. Бундай чекиниш сабабини “Ла илаҳа иллаллоҳ” – деган кимсани ўлдирмасликка онт ичганлари билан изоҳладилар.
Али билан Муовия ўртасида юзага келган ихтилофлар пайтида Усома ибн Зайд Шом атрофида яшардилар. Сўнг Водиул қурога келдилар. Бир муддат шу ерда яшагач, Мадинага кетдилар ва Муовия халифалигининг оҳирги пайтларида Журф деган ерда вафот этдилар. Вафотлари турли манбаларда турлича саналар билан келтирилган бўлиб, ҳижрий 54–58 ёки 59 йилларни ўз ичига олади.
Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абу Усмон ат Ҳиндий, Урво ибн Зубайр, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба, Абу Воил ва бошқалар Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганлар.
Усоманинг йигирма йилга яқин умрлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида кечди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати шарифларини яхши ўрганганлари учун асҳоби киром баъзи масалаларни Усомадан сўрардилар.
Улар ҳар ишда, ҳар масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан ҳаракат қилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча хизматларида бўлиш билан шарафланардилар.
Усома ибн Зайд Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ишончли кишиларидан бўлиб, сирларининг маҳрами эдилар. Нозик масалаларда Усома билан маслаҳатлашардилар. Усома ибн Зайд шундай дейдилар:
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ҳасан ва Ҳусайин муборак қучоқларида ўтиришарди. Шундай марҳамат қилдилар:
– Бу иккиси менинг ўғилларимдир ва каримамнинг ўғилларидир. Ё Роббий! Мен буларни севаман. Сен ҳам сев ва буларни севганларни ҳам сев!
Йўқсил бир кимса вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усома ва ҳазрат Алига майитни ювишни буюрдилар. У ювилди, кафанланди ва дафн этилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
– Бу кимса қиёмат куни юзи ўн тўрт кунлик ой каби порлоқ ҳолда маҳшарга келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома розияллоҳу анҳуга шундай насиҳат қилдилар:
– Олим ва муттақийлар халқ орасига кирган пайтларида борликлари ва кетганларида йўқликлари билинмайди. Чунки изланмайдилар. Ернинг кенглиги уларни қамраб олади. Инсонлар фақат дунё неъматларидан завқ олар эканлар, улар эса Аллоҳга итоатдан завқ оладилар. Инсонлар Пайғамбарнинг суннат ва ахлоқини йўқотганларида, улар муҳофаза этадилар. Улардан бирортаси вафот этса, бутун ер юзи улар учун йиғлайди. Бу олимлар итлар суякка ташлангани каби дунёга ташланмайдилар.
Таомнинг озини ейдилар, инсонлар рағбат этган нарсаларга қиймат бермайдилар. Баъзилар уларни телба бўлиб, ақлдан озган деб ўйлайдилар. Ҳолбуки ақллари жойида. Улар кўзлари билан Аллоҳнинг амрларига боқиб, дунё севгисини ичларидан юлиб отадилар. Дунё одамлари наздида улар ақлсиз бўлиб дунёда яшаётгандек кўринсаларда, аслида ҳақиқат шуки, инсонлар ақлларини йўқотиб, хайратга тушадиган пайтда уларнинг ақллари жойида бўлади. Охират шарафи улар учундир.
Эй Усома, уларни қайси мамлакатда кўрсанг билки, улар ўша ердаги халқнинг омонлигидир (яъни уларнинг борлиги учун Аллоҳ халққа ғазаб қилмайди). Улар яшаётган мамлакатга Аллоҳ таоло азоб етказмайди. Ер юзи улар билан севинади. Жаббор бўлган Аллоҳ таоло улардан рози бўлади. Сен уларга қардош бўл, уларнинг соясида қутулган бўласан! Агар кучинг етса, оч ва чанқаган ҳолда ўлишга урин! Деб насиҳат қилдилар.