loader

Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳу

    Усмон ибн Талҳа Маккада Каъба назоратчиси вазифасини бажарарди. Ота-боболари ҳам жоҳилия даврида шу иш билан шуғилланишган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан аввал Усмон ибн Талҳани шахсан ўзлари Иймонга даъват қилдилар. Усмон эса:
– Ё Муҳаммад! Сен қавминг динига қарши чиқиб янги бир динни чиқардинг. Мени сенинг динингга киришимни умид ҳам қилма, – деб иймон келтирмади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон келтирган мўминлар билан бирга Каъбага кирмоқчи бўлганларида Усмон уларни Каъбага киритмаслик учун қўполлик қилди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу ҳаракатини  жимгина кузатиб шундай дедилар:
– Эй Усмон! Умид қиламанки, бир кун келиб сен менга, “Бу калитни қаерга истасангиз ўша ерга қўйинг, кимга истасангиз беринг”, – деб айтасан!
***
    Усмон ибн Талҳа Уҳуд жангида мушриклар сафида эди. Отаси, ака-укалари ва қариндошлари жангда ҳалок бўлгач, назоратчилик вазифаси унинг ёлғиз ўзига қолди. Макка фатҳидан олти ой аввал Амр ибн Ос ва Ҳолид ибн Валид билан бирга Мадинага келиб мусулмон бўлишди. Фатҳдан аввал иймонга келган муҳожирларнинг даражаларига эришдилар.
Усмон ибн Талҳа Макка фатҳида қатнашдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлдилар. Каъбанинг калитини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга топширдилар ва биргаликда ичкарига кирдилар. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ракаъат намоз ўқидилар.
Байт ул-шарифдан чиқрканлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан оят ўқидилар:

إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُم بَيْنَ النَّاسِ أَن تَحْكُمُواْ بِالْعَدْلِ إِنَّ اللّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُم بِهِ إِنَّ اللّهَ كَانَ سَمِيعاً بَصِيراً {58}

“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Сўнгра Каъба эшигининг калитини ҳазрат Усмон ибн Талҳага ва амакиваччаси ҳазрат Шайбага бердилар ва шундай дедилар:
– Сиздан кетиши мумкин бўлган омонатни энди абадий, боқий – деб олинглар! Буни золим бўлмаган ҳеч бир кимса сиздан ололмайди.
    Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмон ибн Талҳага:
– Сенга бир пайтлар айтган сўзларим бугун амалга ошмадими? – дедилар. Улар эса:
– Ҳа, шоҳидлик бераманки, сиз ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг Расулисиз, – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни шундай ҳутба ўқидилар:
– Ваъдаси, сўзи ҳақ бўлган, қулига ёрдам берган, Ўзидан бошқа қуллик қилишга ҳақдор бирор илоҳ бўлмаган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Диққат қилинглар! Жоҳилия даврида қийматга эга турли хил одат ва қон даъвоси оёғим остидадир. Булардан Каъбага хизмат қилиш ва ҳожиларга сув тарқатиш мустасно. Шу бугундан эътиборан Каъбани назорат қилиш вазифаси Усмон ва унинг авлодларига қолади.
Усмон ибн Талҳа Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотида қатнашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг Маккаи Мукаррамага қайтдилар. Каъбадаги вазифаларини давом эттирдилар.
Тўрт халифа даврида ҳам ғазотларда иштирок этдилар. Муовия халифалиги даврида 662 йили Маккада вафот этдилар.

Орқага Олдинга